Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (qalampir.uz 25.03.2026й): Жорий йилнинг 1 апрелидан Тошкент вилоятида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловлар миқдори оширилади.
Изоҳ: Вилоят Халқ депутатлари кенгаши тасдиқлаган янги тарифларга кўра, аҳоли учун тўловлар қарийб 40 фоизга (бир кишига 10 864 сўм), юридик шахслар учун эса 20 фоизга яқин кўтарилади. “Тоза ҳудуд” ва бошқа хизмат кўрсатувчи корхоналар учун белгиланган бу янги нархлар, шундоқ ҳам кундалик эҳтиёжларини қондиришда қийналаётган оддий халқнинг ҳамёнига навбатдаги юклама бўлиши шубҳасиз. Бу каби тарифларнинг ошишини расмийлар кўпинча ёқилғи-энергия ресурслари нархининг кўтарилиши ва техникаларни янгилаш зарурати билан изоҳлашади. Бироқ масалага чуқурроқ назар ташланса, бу жараёнлар замирида давлатнинг улкан ташқи қарзлари ва халқаро молиявий институтлар олдидаги мажбуриятлари ётганини кўриш мумкин. Маълумки, Ўзбекистон энергетика ва коммунал хизматлар соҳасини модернизация қилиш учун Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки каби ташкилотлардан миллиардлаб доллар қарз олган. Бу кредитларнинг асосий шартларидан бири – соҳани “ўзини-ўзи қоплаш” даражасига олиб чиқиш, яъни харажатларни бюджетдан эмас, балки бевосита халқ чўнтагидан ундиришдир. Шу маънода, тарифларнинг ошиши олинган қарзларни аҳоли ҳисобидан қайтаришнинг яширин механизмидир. Энг ачинарлиси, бу жараёнда улкан қарзларни олиб ўзлаштириб юборган ҳукумат эмас, балки халқ балогардон бўлмоқда. Ислом нуқтаи назаридан қараганда, бундай иқтисодий сиёсат одамларга нисбатан зулм ҳисобланади. Исломда давлатнинг вазифаси халққа хизмат қилиш ва жамиятнинг умумманфаатларини (чиқинди, сув, йўл ва бошқалар) адолат билан таъминлашдир. Бошқарувнинг асл мақсади одамларнинг яшаш шароитини оғирлаштириш эмас, балки уларга енгиллик яратиш бўлиши керак. Ислом Иқтисодий низомида рибо (фоиз) асосида қарз олиб, унинг юкини аҳоли зиммасига юклаш қатъиян ман этилади. Давлат бюджети (Байтулмол) ресурслари халқнинг ҳаётий эҳтиёжларини қоплашга йўналтирилади. Ҳақиқий адолат раҳбарнинг уммат олдидаги масъулиятини илоҳий омонат деб билишида ва бойликни маълум доиралар манфаати учун эмас, балки барча одамларга етиб боришини таъминлашдадир.
Хабар (sharqtongi 27.03.2026й): Расул Кушербаев ўзининг навбатдаги видеомурожаатида интернетдаги тақиқланган материалларга билиб-билмай «лайк» босганлик учун белгиланган жавобгарликни бекор қилиш ташаббуси билан чиқди.
Изоҳ: Кушербаев Тожикистонда бу амалиёт тўхтатилганини мисол қилиб келтирар экан, Ўзбекистонда ҳам шундай қадам ташлаш вақти келганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу таклифни президент номига юборилгани ва Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан бу борада мулоқот қилингани айтилади, видеода. Шубҳасиз, бундай абсурд жазо чораларининг бекор қилиниши халқимиз учун катта енгиллик бўлади. Зеро, оддий бир виртуал тугмани босиш ёки эҳтиётсизлик туфайли кимнингдир “ёқтириш” белгисини қўйиши минглаб юртдошларимизнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатди, оилалар бошига ташвиш солди. Бундай мантиқсиз чекловларнинг олиб ташланиши жамиятдаги босимни камайтиради ва инсонларга виртуал оламда эркинроқ нафас олиш имконини беради. Айниқса, Қуръон ҳатм қилган қориларнинг рағбатлантирилиши ва Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан бир қаторда, бу қадам давлат ва халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган хайрли амалдек кўринади. Бироқ бунинг замирида глобал сиёсий жараёнлар билан боғлиқ бўлган мақсадлар ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Марказий Осиё минтақасидаги режимлар сўнгги йиллардаги халқаро вазиятни, хусусан, Эрондаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Ташқи кучларнинг режимларни ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларида айнан халқнинг ички норозилиги, айниқса, эътиқодий ва фикрий босимлардан келиб чиқадиган нафрат асосий қуролга айланади. Шу сабабли, ҳукуматлар халқнинг диний ҳиссиётларини ҳаддан ташқари қисиш келажакда хавфли портлашни юзага келтириши мумкинлигини англаб етаётган бўлиши мумкин. Кушербаев каби фаоллар орқали янграётган “юмшатиш” чақириқлари аслида тузумнинг яшовчанлигини таъминлаш учун эҳтиёт чораси сифатида кўрилаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яъни халққа берилиши таклиф этилаётган қисман енгилликлар орқали жамиятдаги катта норозилик тўлқинларини сўндириш ва жараённи “назорат қилинувчи эркинлик” доирасида ушлаб туриш кўзда тутилган бўлиши мумкин. Шунга кўра, ушбу бемаъни жазо чорасини олиб ташлаш халқ учун фойдали бўлишига қарамай, кўпроқ сиёсий вазият тақозоси билан қилинган мафкуравий ҳимоя воситаси, дейилса тўғри бўлади. Бироқ мусулмон халқимизнинг ўз эътиқоди талабига биноан яшашини фақат Халифалик давлатигина тўлиқ таъминлайди.
Хабар (gazeta.uz 28.03.2026й): 2026 йил 27 март куни Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган [ЎРҚ-1126] сонли қонун қабул қилинди.
Изоҳ: Ушбу ҳужжат билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда еттита қонунга, жумладан, “Давлат божи тўғрисида” ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларга жиддий ўзгартиришлар киритилди. Марказий банк ҳузурида беш аъзодан иборат Ислом молияси кенгаши ташкил этилиб, унга исломий молия стандартларини ишлаб чиқиш ва низоли масалалар юзасидан хулосалар бериш ваколати топширилди. Ушбу қонун тафсилотларига шариат нуқтаи назаридан қараганда, асл мақсадлар аён бўлади. Қонунга кўра, исломий банк фаолияти Марказий банк томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Лицензия давлат назорати демакдир. Марказий банк эса халқаро рибовий (судхўрлик) тизимнинг маҳаллий филиали вазифасини ўтайди. Қизиқ, қандай қилиб рибони ҳаром деб билган Ислом ҳукмлари, рибони иқтисоднинг асоси деб биладиган Марказий банкдан рухсат олиши мумкин?! Бу ерда исломий банк бошиданоқ капиталистик тузумнинг банк тизимига бўйсунган ҳолда иш бошлайди. Агар Марказий банк пул сиёсатини ўзгартирса, исломий банк ҳам шунга мослашишга мажбур бўлади. Қонунга кўра, Исломий молия фаолиятидан олинган даромад фоизли даромад деб эътироф этилмоқда. Бу давлатнинг тизимни қандай кўришини исботлайди: “Сиз уни нима деб аташингиздан қатъий назар, биз учун бу барибир рибо ва биз уни фоиз сифатида солиққа тортамиз”. Бу эса исломий банк муомалаларининг номи шунчаки чиройли кўриниш эканини тасдиқлайди. Шунингдек, бу қонун мусулмонларнинг “ёстиқ тагидаги” маблағларини ва хорижий сармояни жалб қилиш учун ишлатилган “мафкуравий қопқон”дир. Қонун матнида исломий сўзларнинг ишлатилиши воқеликни ўзгартирмайди. Бу қонуннинг энг хавфли оқибати мусулмонлар онггида Ислом ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишидир. Чунки одамлар “исломий банк”ни Исломдаги иқтисодий низомнинг бир қисми, деб ўйлайдилар. Бугун мусулмонларга “ҳалол” деб тақдим қилинаётган бундай шубҳали нарсалар аслида мана шу капиталистик тузум татбиқи оқибатидир. Агар Ислом ва унинг иқтисодий низомини татбиқ қиладиган давлатимиз бўлганда эди, мусулмонларнинг луқмаси пок, ҳаром нарсалар улардан нари қилинган, ҳалол ва ҳаром масалаларида кўнгиллари хотиржам бўларди.
Хабар (qalampir.uz 28.03.2026й): Ўзбекистонда футболчилар даромад солиғидан озод этилди.
Изоҳ: Президентнинг янги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб уч йил давомида Суперлига ва Про-лига футболчилари даромад солиғи тўлашдан озод этилди. Шу билан бирга, давлат бюджетидан Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 700 миллиард сўм ажратилиши, Суперлиганинг ҳар бир клубига миллиардлаб субсидиялар берилиши ва давлат ташкилотлари раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларни ўзлари бошқараётган спорт федерацияларига йўналтириш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилди. Бу каби имтиёзлар пакети мамлакатдаги умумий иқтисодий манзара фонида қатор саволларни туғдиради. Мамлакатда миллионлаган камбағал-йўқсиллар қўл учида кун кўраётган, мактаб ва шифохоналар етишмаётган бир вақтда, даромади миллионлаб сўмни ташкил этувчи футболчиларга бундай эътиборни қандай тушуниш мумкин?! Бюджет маблағларининг бундай тақсимланиши соҳалар ўртасидаги яққол номутаносибликни кўрсатмайдими?! Масалан, мактаб ўқитувчилари ёки ҳамшираларнинг кичкина маошидан ҳам даромад солиғи ундирилса-ю, юқори маош олувчи спортчиларнинг бундан озод қилиниши ҳеч ақлга сиғмайди. Бироқ бу билан ҳаммадан тенг солиқ ундирилсин демоқчи эмасмиз, балки ҳукуматнинг солиқ имтиёзини танлаб бераётганига эътибор қаратмоқчимиз. Ҳақиқатдан, нега айнан фақат футболчиларга бундай имтиёз бериляпти ва камига бюджетдан миллиардлаб маблағлар ажратиляпти, деган ўринли савол туғилади. Буни Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатига чиққани ва ёш авлодни спорт турлари, хусусан, футболга қизиқишини рағбатлантириш билан боғлаш мумкин. Зеро, мусулмон ёшларни ўз динини ўрганиш ва унга кўра яшашдан чалғитишнинг энг синалган “самарали” усулларидан бири спортдир. Эътибор берилса, бу президент қарори бўлишига қарамай, жамоатчилик орасида кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти ва кўпроқ салбий қарши олиняпти. Президент мазкур қарори кўпчиликка ёқмаса ҳам уни барибир қабул қилгани юқоридаги фикрни янада қувватлайди. Қолаверса, спорт орқали мамлакат имижини яхшилаш, бошқачасига айтганда, сохта обрў қозониш ҳам мақсад қилинган. Ҳолбуки, мусулмонларнинг моли бундай бемаъни сарфланиши, адолатсиз солиқлар солиниши, ёшларни спортга йўналтириш баҳонасида Исломга қизиқишларини сўндиришга интилиш юртимиз ва халқимизни янада хор ва қолоқ аҳволга солади холос.
Хабар (uzdiplomat 30.03.2026й): Иқтисодчи эксперт: Ўзбекистон иқтисодиётида хавотирли сигналлар чалинмоқда.
Изоҳ: “Uzdiplomat” телеграм канали орқали иқтисодий таҳлилчи Тўлқин Бобоқуловнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазият ва давлат бошқарувидаги инқирозга бағишланган чиқиши эълон қилинди. Иқтисодий таҳлилчи, жумладан, олинган ташқи қарзларнинг самарасизлиги, улар ҳақидаги маълумотларнинг очиқ эмаслиги ва бошқа сабаблар туфайли одамларда қаттиқ норозилик бўлаётгани ҳақида гапирди. Масалан, у олинган қарзларнинг қарийб ярми бюджет дефицитини ёпишга йўналтирилаётгани жуда хатарли эканлигини таъкидлади. Чунки бу, қўполроқ қилиб айтганда, фақат “еб-ичиш” учун олинган қарзга ўхшайди, давлатни саноатлашган қудратли давлат даражасига олиб чиқмайди. У қарзларни сарфлашда иккинчи ўринда турадиган энергетика соҳасига ҳам тўхталиб ўтди. Миллиардлаб маблағ сарфланса-да, бу соҳа ҳамон одамларнинг энг кўп эътирозларига сабаб бўлаётганини ҳам айтиб ўтди. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда кам сонли мутахассислар ташқи қарзнинг шиддат билан ўсиб бораётгани, бунинг хатарли оқибатлари ҳақида бонг урмоқдалар ва уларнинг хавотирлари жуда ўринлидир. Бироқ улар барибир капиталистик иқтисод низоми таъсиридан чиқиб кета олмаяптилар. Жумладан, ушбу эксперт ҳам ташқи қарз олишга мажбурмиз, демоқда. Бу ўринда у олинган қарзлардан оқилона фойдаланиш кераклигини, яъни давлат иқтисодини юксалтиришга сарфланиши лозимлигини айтмоқда. Аммо халқаро капиталистик система Ўзбекистонга ўхшаш заиф давлатчаларга саноатлашган кучли давлатга айланишга ҳеч қачон йўл бермаслигини бу мутахассислар ё тушунмайди ё гапиришдан қўрқишади. Шунингдек, бундай қарзлар ортида сиёсий ва иқтисодий қарам қилиш сиёсати ётгани учун ҳам улардан тамоман воз кечиш лозимлигини эса, капиталистик иқтисод низомидан таъсирланган бу каби мутахассислар ҳамон тушуниб етганлари йўқ ёки яна ўша қўрқув сабабли гапиришга журъатлари етмаяпти. Бироқ қўрқув ёки билмаслик капиталистик иқтисод низомининг фасод ва нотўғри эканлигини халқимизга тушунтириб, ундан воз кечиш ҳамда Ислом ва унинг иқтисодий низомини татбиқ қилиш лозимлигини тушунтириш борасидаги вожиб ишни, юртимиздаги молия ва иқтисод соҳаси мутахассислари бўйнидан соқит қилмайди. Агар билмасалар ўргансинлар, агар қўрқсалар, ҳеч бўлмаганда чирик тузум тегирмонига сув қуйишни бас қилсинлар.
Хабар (gazeta.uz 31.03.2026й): Ўзбекистонда рақамли маркировка талабларини бузганлик учун жарималарни ҳисоблаш механизми компания айланмасига боғлангани ва у 20 фоизгача етиши мумкинлиги тадбиркорлар орасида кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Изоҳ: Бизнес-омбудсман ўринбосари Жамшид Уруновнинг таъкидлашича, битта сотувчининг эҳтиётсизлиги ёки техник хатоси туфайли бутун бошли бренднинг чораклик тушумидан катта миқдорда жарима ундирилиши амалда “100 фоиз банкротлик” деганидир. Солиқ кодексининг 227-1-моддасида кўзда тутилган ушбу жазо чоралари ҳатто Coca-Cola каби гигант корхоналар учун ҳам оғирлик қилиши, чакана савдо ва ритейл соҳасини эса бутунлай фалаж қилиб қўйиши мумкинлиги расмий даражада тан олинди. Ушбу вазият атрофидаги муҳокамалар ҳукумат ичида ягона позиция йўқлигини, аксинча, идоралараро зиддиятли “спектакл” кетаётганини кўрсатмоқда. Бир томондан, Солиқ қўмитаси ва Прокуратура “жазосизлик бўлмаслиги керак” қабилида қатъий туриб, бизнесни бўғишда давом этмоқда. Иккинчи томондан эса, Бизнес-омбудсман ва Бош вазир ўринбосари каби масъуллар тадбиркорларни ҳимоя қилаётгандек кўриниб, жарималарни қайта кўриб чиқишни таклиф қилишмоқда. Бироқ бу баҳсларнинг замирида бир муҳим ҳақиқат яширин: расмийларнинг ҳеч бири Россиянинг “Честный знак” тизимидан нусха кўчирилган ва Алишер Усмоновга алоқадор “CRPT Turon” компаниясига эксклюзив топширилган бу тизимнинг ўзини бекор қилиш ҳақида гапирмаяпти. Ҳукумат ичидаги бу “тортишувлар” аслида жамоатчиликдаги норозиликни сўндириш ва асл монополияни панада қолдириш учун хизмат қилувчи манёврдир. Ҳукуматнинг яширин мақсади – маркировка орқали ҳар бир сотилган маҳсулотдан хусусий оператор фойдасига “рақамли бож” ундириш ва бозорни тўлиқ назоратга олишдир. Оғир жарималар эса, тадбиркорларни қўрқувда ушлаб туриш ва тизимга сўзсиз бўйсундириш учун қурол сифатида ишлатилмоқда. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар ниқоби остида бизнесни маълум бир гуруҳларга қарам қилиб қўйиш схемаси изчиллик билан давом этаётганидан далолат беради. Айнан шу капиталистик демократия тузумининг татбиқи натажаларидандир. Бу каби иқтисодий зулм ва сунъий тўсиқларнинг ҳақиқий ечими эса, фақатгина Исломнинг адолатли иқтисодий низомида мужассам. Исломда давлатнинг вазифаси тадбиркорни арзимаган хато учун хонавайрон қилиш ёки унинг мулкини ноҳақ йўл билан ўзлаштириш эмас, балки ҳалол меҳнат ва савдо учун шароит яратиб беришдир. Халифалик тикланганда айнан шундай бўлади, иншаАллоҳ.
Хабар (dunyo.info 31.03.2026й): Швеция пойтахти Стокгольмда Скандинавия давлатлари — Швеция, Норвегия ва Данияда истиқомат қилаётган юртдошлар билан Ўзбекистон делегациясининг маърифий учрашуви бўлиб ўтди.
Изоҳ: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Рамазон ҳайити арафасида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг фойдаланишга топширилиши юртдошлар учун “муҳим байрам совғаси” экани алоҳида таъкидланди. Ушбу расмий хабарнинг мазмунига диққат билан қаралса, ташрифнинг асл мақсади диний маърифат эмас, балки хориждаги ўзбекистонлик мусулмонлар устидан сиёсий назорат ўрнатиш экани кўринади. Хабарда айтилганидек, делегация ташрифи “давлат раҳбари ташаббуси билан юртдошларнинг аҳволини ўрганиш” ниқоби остида ўтмоқда. Аслида, муфтий ва диний қўмита раҳбариятининг Скандинавияга бориши – Европанинг нисбатан эркин муҳитида яшаётган мусулмонларнинг фикрий йўналишини назорат қилиш ва уларни ҳукумат белгилаб берган “расмий дин” қолипида ушлаб туришга қаратилган “юмшоқ куч” амалиётидир. Давлат диний идорадан мусулмонларнинг сиёсий ва диний қарашларини назоратга олувчи мафкуравий тарғиботчи сифатида фойдаланмоқда. Хабарда алоҳида урғу берилган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиши ҳақидаги гаплар эса, хориждаги мусулмонлар учун шунчаки кўзбўямачиликдир. Юрт ичида мусулмонлар ҳали ҳам соқол, ҳижоб ва фарзандларига исломий таълим бериш масаласида тизимли тўсиқларга дуч келаётган бир пайтда, Стокгольмнинг ҳашаматли залларида “диний ислоҳотлар” ҳақида ҳисобот бериш иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Агар ҳукумат чиндан ҳам мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истаса, Европадаги меҳмонхоналарда мажлислар ўтказишдан кўра, юрт ичида мусулмонларнинг ўз динига эмин-эркин амал қилишини таъминлаган бўлмасмиди?! Бу ташрифлар халқаро ҳамжамият ва мусулмонлар кўзида “халқпарвар давлат” қиёфасини яратиш учун саҳналаштирилган навбатдаги спектаклдан бошқа нарса эмас. Мусулмонлар дунёнинг қайси бурчагида бўлмасинлар, ўз эътиқодлари, қадр-қимматлари ва инсоний ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган ҳолда фақат Халифалик давлати соясидагина хотиржам яшай оладилар.
Салоҳиддин
04.04.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми