Рухсат ва Азимат
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Рухсат ва Азимат
Зоҳид Толиб Наимга
Савол: Ҳурматли шайхимиз, улуғ олим Ато ибн Халил Абу Рошта. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ушбу саволим сизга сиҳат-саломатлик ва офиятда бўлган вақтингизда етиб боришини умид қиламан. Аллоҳ таолодан мўмин бандаларига ер юзида Халифалик ва тамкинни тезлаштиришини, умуман мусулмонлардан, хусусан Ғазодаги биродарларимиздан ғам-кулфатларни аритишини сўраб қоламан.
«Исломий шахсия» китобининг учинчи жузъи, 64-бетида шундай дейилган: «Азиматга амал қилиш, яъни (ҳаром қилинган нарсани) ейишдан тийилиш аслида мубоҳдир. Лекин бу мубоҳ амал муқаррар равишда ҳаромга, яъни жоннинг ҳалокатига олиб борадиган бўлса, «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳаромдир» деган шаръий қоидага асосан ҳаромга айланади. Бу ерда азиматга амал қилиш ҳаром бўлиб, ҳалокат юз бериши аниқ бўлган вақтинчалик сабаб туфайли рухсатга амал қилиш вожибга айланади».
Бу борадаги саволим: Рухсатни тарк этиб, азиматга амал қилиш ҳаромми? Азиматни тарк этиб, рухсатга амал қилиш вожибми? Бу ҳолат «Бир нарсага буюриш унинг зиддидан қайтариш эмас, бир нарсадан қайтариш эса унинг зиддига буюриш эмас» деган қоидага зид келмайдими? Бу ҳолатда, овқатдан тийилишни «ҳаром» деб баҳолаш тўғрими ёки бу «вожибни тарк қилиш»ми? Шунингдек, бундай ҳолатда (ҳаромни) еган киши «вожибни бажарди ва ҳаромдан четланди» деб баҳоланадими? Аллоҳ биздан ва сиздан солиҳ амалларни қабул қилсин ва сиздан рози бўлсин. 23.06.2024й.
(Зоҳид Толиб Наим)
Жавоб: Ва алайкумуссалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Эзгу дуоларингиз учун Аллоҳ сизни мукофотласин, биз ҳам сиз учун Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб дуо қиламиз. Сиз «Исломий шахсия» (3-жузъ) китобидан сўраган мавзу «Азимат ва рухсат» бобида келган бўлиб, унинг тўлиқ матни қуйидагича:
«Бу – рухсат ва азиматнинг шаръий ҳақиқати жиҳатидандир. Аммо рухсатга ёки азиматга амал қилиш жиҳатидан эса, киши истаганига амал қилиши мубоҳдир; хоҳласа рухсатни, хоҳласа азиматни олади. Чунки рухсат ҳақидаги нусуслар шунга далолат қилади…
Айтиладики: Расулуллоҳ ﷺ: «Аллоҳ азиматлари бажарилишини суйганидек, рухсатлари бажарилишини ҳам суяди», деганлар. (Ибн Ҳиббон ривояти). Бу талаб бўлиб, «мандуб» эканига далилдир. Музтар (чорасиз қолган) киши агар ҳалок бўлишдан қўрқса, ўлимтик гўштини ейиши вожиб бўлади ва уни ейишдан тийилиши ҳаромдир. Томоғига овқат тиқилиб қолган ва фақат хамр (ароқ) топа олган киши, агар ҳалокатдан қўрқса, хамр билан ўша тиқилган нарсани ўтказиши вожиб бўлади ва тийилиб ҳалок бўлиши ҳаромдир. Рўзадор агар ўта машаққат туфайли ҳалокат ёқасига келса, оғзини очиши вожиб, рўзадорликда давом этиши ва ҳалок бўлиши ҳаромдир ва ҳоказо. Булар рухсатга амал қилиш фарз эканига далолат қилади. Шунинг учун ҳам рухсат гоҳида фарз, гоҳида мандуб, гоҳида мубоҳ бўлиши мумкин.
Бунга жавоб шуки: Гап рухсат ҳақида унинг «рухсат» экани жиҳатидандир. Рухсат «рухсат» эканлиги жиҳатидан, юқоридаги далиллар билан қатъий мубоҳдир. Демак, «рухсат»нинг ташриъий жиҳатдан ҳукми — «ибоҳа» (мубоҳлик)дир.
Расулуллоҳ ﷺнинг: «Аллоҳ рухсатлари бажарилишини суяди» деган ҳадисларига келсак, унда мандубликка далолат йўқ, балки мубоҳликка далолат бор. Чунки ҳадисда Аллоҳ рухсатларни ҳам, азиматларни ҳам бажарилишини суяди, деб айтилмоқда. Улардан бирининг талаби иккинчисидан устун эмас. Ҳадис матни шуки:«Аллоҳ азиматлари бажарилишини суйганидек, рухсатлари бажарилишини ҳам суяди» Шу боис ҳадисда рухсатга амал қилиш мандуб бўлишига далил йўқ.
Ўлимтик гўштини ейиш масаласига келсак, бу ерда «музтар» деганда фақат ҳалокати муқаррар бўлган киши эмас, балки ҳалокатдан қўрққан киши ҳам тушунилади ва унга ейиш мубоҳдир, вожиб эмас. Аммо агар ҳалокат юз бериши аниқ бўла туриб емаса, у ҳолда ейишдан тийилиш ҳаром, ейиш эса вожиб бўлади. Бу унинг «рухсат» бўлгани учун эмас, балки «вожиб»га айлангани учундир. Яъни, азиматга амал қилиш (ейишдан тийилиш) аслида мубоҳ эди, лекин бу мубоҳ амал муқаррар равишда ҳаромга (жоннинг ҳалокатига) олиб боргани учун «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» қоидасига биноан ҳаромга айланди. Рухсатга амал қилиш эса ҳалокатнинг аниқлиги сабабли вожибга айланди. Бу рухсатнинг ўз ҳукми эмас, балки «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» қоидаси татбиқ қилинган ҳолатлардан биридир. Бу фақат рухсатга хос эмас, балки барча мубоҳларга тегишлидир. Мисол учун, тиқилиб қолганнинг хамр(маст қилувчи ичимлик)) ичиши, ҳалокат даражасига етганнинг оғзини очиши ва бошқалар. Шунга кўра, рухсат ўзи ва ташриъий жиҳатдан рухсат эканлиги билан унинг ҳукми мубоҳдир, бироқ уни тарк этиш ва азиматга амал қилиш муқаррар ҳаромга олиб борса, у ҳолда мубоҳ ҳукми ҳаромга айланади» матн тугади.
Сизнинг саволларингиз: «Рухсатни тарк этиб, азиматга амал қилиш ҳаромми? Азиматни тарк этиб, рухсатга амал қилиш вожибми? Бу ҳолат «Бир нарсага буюриш унинг зиддидан қайтариш эмас, бир нарсадан қайтариш эса унинг зиддига буюриш эмас» деган қоидага зид келмайдими? Бу ҳолатда, овқатдан тийилишни «ҳаром» деб баҳолаш тўғрими ёки бу «вожибни тарк қилиш»ми? Шунингдек, бундай ҳолатда (ҳаромни) еган киши «вожибни бажарди ва ҳаромдан четланди» деб баҳоланадими?» тугади.
Сизнинг саволларингизга жавоблар:
- «Исломий шахсия» (3-жузъ) китобида белгиланганидек, рухсатга рухсат сифатида амал қилиш мубоҳдир. Бу рухсатнинг асл ҳукмидир. Албатта, бу бирор муайян ҳолатда рухсат мандуб ва азиматдан афзал экани ёки азимат муайян бир ҳолатда мандуб ва рухсатдан афзал экани ҳақида тафсилий далил келмаган ҳолатларга тегишли… Бу каби ҳолатларни биз «Усулга эришишни осонлаштириш» китобида батафсил баён қилганмиз. Унда 42-44-бетларда қуйидагилар келтирилган:(Рухсат – рухсат сифатида ташриъий жиҳатдан – унинг ҳукми мубоҳликдир. Шунинг учун ким азиматга амал қилишда давом этса, унга жоиз, агар рухсатга амал қилса ҳам жоиздир.
Нега азимат ва рухсат мубоҳлик ҳукмида тенг эканига келсак, Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар: «Аллоҳ азиматлари бажарилишини суйганидек, рухсатлари бажарилишини ҳам суяди». Бу ҳадис – иккиси ҳам Аллоҳга итоат қилишда адо этилиши жиҳатидан тенг эканини баён қиляпти.
Бу – рухсат ёки азимат маълум бир ҳолатда уни адо этиш Аллоҳга маҳбублироқ эканини баён қилувчи нусус келмаган тақдирда шундай бўлади.
Масалан, Аллоҳ таоло шундай дейди:
﴿أَيَّامٗا مَّعۡدُودَٰتٖۚ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضاً أَوۡ عَلَىٰ سَفَرٖ فَعِدَّةٞ مِّنۡ أَيَّامٍ أُخَرَۚ وَعَلَى ٱلَّذِينَ
يُطِيقُونَهُۥ فِدۡيَةٞ طَعَامُ مِسۡكِينٖۖ فَمَن تَطَوَّعَ خَيۡرٗا فَهُوَ خَيۡرٞ لَّهُۥ وَأَن تَصُومُواْ خَيۡرٞ لَّكُمۡ﴾ [البقرة: 184]
«.. сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади.(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискиннинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса(лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир.» (Бақара : 184)
Бу оятдан шу нарса тушуниладики, узр сабабли оғиз очишга рухсат берилган, аммо машаққатсиз рўза тута оладиган киши учун рўза тутиши оғиз очишидан афзалдир. Масалан, рухсат масофасида самолёт ёки қулай автомобилда сафар қилаётган киши каби. Бундай ҳолатда у, хоҳ рўза тутсин, хоҳ оғиз очсин, иккиси ҳам жоиз, лекин бу ҳолатда рўза тутиши афзалдир. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
﴿وَأَن تَصُومُواْ خَيۡرٞ لَّكُمۡ﴾.
«… рўза тутишингиз, сизлар учун яхшироқдир»
Шунингдек, Расулуллоҳ ﷺдан саҳиҳ ривоят қилинганки, у зот сафарда рўза тутиб, рўза уни қаттиқ қийнаган кишини кўрганларида, шундай деганлар: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас». Бу ҳадисдан, сафари машаққатли бўлиб, уни зўриқтирадиган киши учун оғиз очиши афзал экани тушунилади.
Биринчи ҳолатда, оятдан рўза тутиш афзал экани, яъни азиматни олиш афзал экани тушунилади. Иккинчи ҳолатда эса, ҳадисдан оғиз очиш афзал экани, яъни рухсатни олиш афзал экани тушунилади.
Агар муайян ҳолатларда азимат билан рухсат ўртасида қай бири афзал эканини кўрсатувчи хос нусус келмаган бўлса, у ҳолда рухсат ёки азиматни олишда ҳар иккиси ҳам мубоҳликда тенг ҳисобланади. Бунга эса, мавзу бошида келтирилган Расулуллоҳ ﷺнинг ҳадиси далил бўлади.
- Музтарликда ҳаромни ейиш ёки ичишга рухсат ҳолатида, юқорида баён қилганимиздек, яъни: (ўлимтик гўштини ейиш масаласига келсак, бу ерда «музтар» деганда фақат ҳалокати муқаррар бўлган киши эмас, балки ҳалокатдан қўрққан киши ҳам тушунилади). Бунда, рухсатнинг ҳукми бошқа барча рухсатлар каби мубоҳ бўлади.
- Агар ҳаром қилинган нарсани емаслик ёки ичмаслик натижасида ҳалокат муқаррар бўлса:
а- Азиматга (ҳаромни ейишдан тийилишга) амал қилиш: Бу ҳолатда «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» қоидаси қўлланади. Чунки, азиматнинг ҳукми ҳаромни емаганда ёки ичмаганда ҳалокатдан қўрққан музтар кишига нисбатан мубоҳ эди. Лекин ҳаромни емаслик ёки ичмаслик натижасида ҳалокат муқаррар бўлган кишига нисбатан эса, бу ҳолатда аслида мубоҳ бўлган азимат унинг ҳаққида ҳаромга айланади. Худди бошқа ҳар қандай мубоҳ амалга «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» қоидаси қўлланилса, ҳаромга айлангани каби. Ушбу қоидага биноан, ҳаромга олиб борадиган мубоҳ иш ҳам ҳаром бўлади. Шу тариқа, ушбу қоида тақозосига кўра, қоида қўлланишидан олдин мубоҳ бўлган азиматнинг ҳукми ҳаромга айланади. Чунки у жонни ҳалок қилиш бўлган ҳаром ишга восита бўлмоқда…. Зеро, жонни ҳалок қилиш ҳаром эканига далиллар ворид бўлган….
б- Шунингдек, ҳаром қилинган нарсани емаганда ёки ичмаганда ҳалокатдан қўрққан кишига ейиш учун рухсатнинг ҳукми рухсатларнинг аслий ҳукми бўйича мубоҳ эди…. Бироқ, ҳалокат муқаррар бўлса, унинг ҳукми вожибга айланади. Чунки жонни ҳалокатдан қутқариш вожибдир. Агар ҳалокат аниқ бўлган ҳолатда жонни қутқариш фақат ҳаромни ейиш ёки ичиш билан амалга ошса, бу муайян ҳолатда фарз бўлган жонни сақлаб қолиш ҳаромни ейиш ёки ичишга боғлиқ бўлиб қолади. Демак, жонни сақлаб қолиш вожибини фақат ҳаромни ейиш ёки ичиш орқали адо қилиш мумкин бўлганда, «Вожибни адо этиш учун зарур бўлган амал ҳам вожибдир» қоидасига кўра, ўша ҳаромни ейиш вожибга айланади. Шу тариқа, бу муайян ҳолатда рухсатга амал қилиш ҳам фарз бўлиб қолади.
- Юқорида келтирилган масала «Бир нарсага буюриш унинг зиддидан қайтариш эмас, бир нарсадан қайтариш унинг зиддига буюриш эмас» деган қоидага зид келмайди. Чунки муайян ҳолатда, яъни ҳалокат муқаррар бўлганда азиматга амал қилишни ҳаром деб айтишнинг далили «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» қоидасидир. Шунингдек, рухсатга амал қилишни вожиб дейишнинг далили эса, ушбу қоидадир: «Вожибни адо этиш учун зарур бўлган амал ҳам вожибдир». Демак, ҳаромни ейиш ёки ичишни вожиб деб айтиш – ейиш ва ичишдан тийилишнинг ҳаромлигига боғлиқ эмас, балки : «Вожибни адо этиш учун зарур бўлган амал ҳам вожибдир» шаръий қоидасига боғлиқдир. Худди шундай, ҳаромни ейиш ёки ичиш билан азиматни олишни ҳаром деб айтиш – рухсатни олиш фарз эканига боғлиқ эмас, балки «Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир» шаръий қоидасига боғлиқ. Бу ердаги баҳс амр ва наҳйнинг далолатига оид луғавий баҳс эмас, балки унинг тафсилотларига тааллуқли шаръий далилларга асосланган баҳсдир. Демак, рухсатга амал қилиш вожиб деган гап азиматдан қайтаришдан олинган луғавий далолат бобидан эмас. Шунингдек, азиматга амал қилиш ҳаром деган гап ҳам рухсатга буюришдан келиб чиққан луғавий далолат бобидан эмас.
Умид қиламанки, масала мана энди ойдинлашди.
Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта 06 ражаб 1446ҳ
26 декабр 2025м
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми