ИСЛОМИЙ ДАЪВАТНИ ЁЙИШ
بسم الله الرحمن الرحيم
ИСЛОМИЙ ДАЪВАТНИ ЁЙИШ
ВАЗИФАЛАР ВА СИФАТЛАР
(5-бўлак)
Пайғамбар ва расуллар пайғамбар этиб танланганлари ва уларга ваҳй юборилгани сабабли жаннатда бошқаларга берилмайдиган юксак мартаба ва олий даражаларда бўлурлар. Бироқ ҳар қандай мусулмон киши пайғамбар ва расуллардан ўрнак олган ҳолда, уларнинг ишини давом эттирса, яъни ҳидоят нурини таратиш, шариат аҳкомларини ўргатиш ва даъватни етказиш маcъулиятини адо этса, уларнинг жаннатдаги мартабасига яқин даражага эришади. Зеро, даъват билан машғул бўлаётган ушбу мусулмон киши ҳам уларнинг шу масъулиятини адо этиш ва даъватини етказиш билан машғул бўлмоқда. Ҳақ Таоло «Фуссилат» сурасида марҳамат қилади:
وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ
– “Аллоҳнинг динига даъват этган ва ўзи ҳам эзгу амал қилиб, – „Шак-шубҳасиз мен ҳам мусулмонларданман“, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?” (41:33)
Демак, Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таолонинг пайғамбар ва расуллари Ҳақ Таолога итоат этиш сари йўналаётган карвоннинг етакчи ва раҳнамолари бўлса, кейинги сафда Уларнинг амали билан машғул бўлган кишилар, яъни даъват етказувчилар туради. Уларнинг ортидан эса мусулмонлар оммаси боради. Мусулмонларнинг ўзлари ҳам карвондан тақволарига қараб ўрин эгаллайдилар.
Тилга олинган фикрлардан хулоса шуки, Аллоҳ Таоло бутун борлиқни ҳикмат билан яратиб, уни Ўз қонуни билан ҳаракатлантирди. Пайғамбар ва расулларга Ҳаққа даъват этишни буюрди. Ҳақ Таолога итоат этиши ва бўйинсунишига қараб айрим махлуқотларни айримларидан афзал қилди.
Шунинг учун ҳар бир мўмин мусулмон киши, хусусан, даъват етказувчилар ҳақни сўзламоқлари ва унга амал қилмоқлари, ҳар қандай шароитда ҳам ҳақдан оғишмай, унда изчил даъват этмоқлари вожибдир. Акс ҳолда, улар бу карвондаги мавқеъларини йўқотадилар. Зеро, улар карвондаги ушбу мавқеъда мустаҳкам турмоқлари ва карвоннинг сарбонлигида давом этмоқлари учун фақат Ҳақ Таолога итоат этишлари ва шу итоатга аҳд қилишлари лозимдир. Аллоҳнинг пайғамбар ва расуллари юрган ҳамда ўрнак қилиб қолдирган тўғри ва чароғон йўл ҳам айнан шундайдир.
Парвардигори олам «Аъроф» сурасида марҳамат қилади:
لَقَدْ جَاءتْ رُسُلُ رَبِّنَا بِالْحَقِّ
– “Ҳақиқатан, Парвардигоримизнинг расуллари (элчилари) ҳақ (йўл)ни олиб келдилар”. (7:43)
Исломга амал қилувчи, Аллоҳга даъват этувчи, холис мусулмонлар пайғамбарлар юрган айнан шу йўлдан бормоқлари вожибдир. Ҳақ Таоло «Аъроф» сурасида эслатади:
وَمِمَّنْ خَلَقْنَا أُمَّةٌ يَهْدُونَ بِالْحَقِّ وَبِهِ يَعْدِلُونَ
– “Биз яратган зотлар орасида одамларни ҳақ (дин) билан ҳидоят қиладиган ва ҳақ (қонун) билан адолат қиладиган бир жамоа ҳам бордир”. (7:181)
Даъват етказувчи киши асло унутмасинки, душманлар ёки нодонлар ҳақни сўзлашдан, ҳаққа амал қилишдан ва ҳаққа даъват этишдан чалғитишга уринадилар. Ҳар хил нотўғри таклифлар ва йўлдан оздирувчи ишларни «тақдим» этадилар. Даъват етказувчи уларнинг бундай алдовларига учмасин!
Маҳмуд Абдуллатиф Увайза
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми