Энди миллиардер эмас, триллионер
Энди миллиардер эмас, триллионер
بسم الله الرحمن الرحيم
Қатор ОАВ яқинда бир хабар тарқатди. Унда айтилишича, баъзи миллиардерлар яқин йилларда триллионерга айланишлари мумкин. Хабарда, жумладан, шундай дейилади: “Америкалик тадбиркор, SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 2027 йилга бориб дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин. Бу ҳақда Informa Connect Academy (ICA) таҳлилчилари ҳисоботига таяниб The Guardian ёзди. Тадқиқотчилар Маскнинг бойлиги ҳар йили ўртача 110 фоизга ошаётганини ҳисобга олган. Бундан ташқари, америкалик тадбиркор Bloomberg маълумотларига кўра, аллақачон 251 миллиард доллар билан сайёрамизнинг энг бой одамига айланган. ICA таҳлилчилари 2028 йилда иккинчи триллионер Ҳиндистон конгломерати Adani Group асосчиси ва раиси Гаутам Адани бўлишини тахмин қилмоқда. Forbes USA уни Осиёнинг энг бой одами деб ҳисоблайди. Унинг бойлиги ўсиш суръати йилига 123 фоизни ташкил қилади. Nvidia бош директори Женсен Хуанг ва индонезиялик магнат Пражого Пангесту ҳам тўрт йил ичида ўз бойлигини триллион долларга етказиш имкониятига эга. Француз бизнесмени, LVMH компаниялар гуруҳи президенти ва бош директори Бернард Арно ва Facebook бош директори Марк Цукерберг 6 йилда бу маррага етиши мумкин”.
Ҳа, капиталистик иқтисод тузуми шароитида бугунги миллиардерлар эртага триллионерларга айланиши мумкинлигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Аслида, ана шу миллиардер, олигарх кабиларни айнан капиталистик тузум пайдо қилган. Чунки, аввало, капиталистик демократиянинг тўрт эркинликларидан бири бўлган мулк эркинлиги ҳар қандай йўл билан бойликка эришишни ҳалол қилиб беради. Шунингдек, унинг иқтисод низоми бойликларнинг одамлар ўртасида тўғри тақсимланишига эътибор бермайди. Бундан ташқари, ушбу низом бойликни хазина қилиб босиб ётишга ҳам рухсат беради. Натижада бойлар – худди бугунги кундагидек – янада бойиб, камбағаллар эса қашшоқлашиб бораверади. Буни дунё бойликлари бир ҳовуч бойлар қўлида тўпланиб бораётгани ҳақидаги даҳшатли ҳисоботлар тасдиқлаб турибди. Масалан, жорий йилнинг январ ойида ўтказилган Давос саммити муносабати билан Oxfam хайрия ташкилоти ўзининг анъанавий ҳисоботини эълон қилди. Бу галги ҳисобот аввалгиларидан-да даҳшатли ва хавотирли эканлиги кўриниб турибди. Ҳисоботда айтилишича, дунёнинг энг бадавлат беш миллиардерининг бойлиги шу ўн йиллик бошидан буён реал кўринишда икки баравардан кўпроққа ошган ва инсониятнинг энг камбағал 60 фоизининг бойлиги эса ўзгаришсиз қолган. Ушбу беш супермиллиардер соатига 14 миллион доллар тезлик билан бойликларини кўпайтиришган бўлса, дунёнинг 52 давлатидаги 800 миллион ишчи яшашнинг қимматлиги туфайли бир ойлик иш ҳақи эквивалентидаги даромадни йўқотган. Уларнинг маоши ҳатто инфляция даражасида ҳам эмас. Бугунги кунда дунёдаги миллиардерлар 2020 йилга нисбатан реал кўринишда 3,3 триллион долларга бойроқ ва уларнинг активлари қиймати инфляция даражасидан уч баробар тезроқ ўсиб бормоқда. Дунёдаги энг йирик 10 та компаниянинг бозор қиймати Африка ва Лотин Америкасидаги барча мамлакатларнинг умумий ялпи ички маҳсулотидан ошади…
Бундан кўриниб турибдики, одамлар ўртасидаги иқтисодий мувозанат аллақачон бузилган, тенгсизлик ақл бовар қилмас даражага етган. Ушбу ҳисоботда айтилганидек, энг қўрқинчлиси, бундай тенгсизлик нормал ҳолат сифатида қабул қилинадиган бўлиб қолишидир. Яъни одамлар умидсизликка тушиб, капиталистик иқтисодий низомнинг мана шундай аянчли оқибатларига кўникиб, унга қарши курашмайдиган аҳволга келиб қолишлари – мана шу энг хатарлисидир.
Афсуски, бизнинг жамиятимизда ҳам иқтисодий тенгсизлик ортиб боряпти. Гарчи юртимиздаги табиий ресурсларни талон-тарож қилаётганлар, иқтисодиётни монополлаштириб олиб, улкан даромад олаётганларнинг бойликлари ҳисоби оммадан сир тутилса-да, одамлар уларни зимдан танийдилар. Улар яхши биладиларки, бу бой капиталистларнинг бойлиги ортиб боряпти-ю, одамлар аввалгидан-да қашшоқлашиб кетяпти. Юқоридаги ҳисоботда келтирилган одамларнинг даромади инфляция даражасида ҳам эмаслиги, яъни бугун топган пулининг эртага қадри йўқолаётгани ҳам дард устига чипқон бўляпти…
Ҳеч шубҳасиз, айнан капиталистик иқтисод низоми бутун оламни зулмат домига тортиб, одамларнинг ҳаётини чидаб бўлмас даражада қийинлаштириб юборяпти. Бунга чек қўйишга эса бирор давлат ёки ташкилот қодир бўлолмаяпти, бўлолмайди ҳам. Чунки уларнинг барчаси ўртага ташлаётган ечимлар ана шу иқтисод низомининг ўзидан олиняпти. Бу эса умуман нотўғри. Чунки капиталистик иқтисод низомини ислоҳ қилиш эмас, балки ундан тамоман воз кечиш керак. Айнан у барча муаммоларнинг манбаидир. Унинг ўрнига алтернатив сифатида бошқа низом, аниқроғи илоҳий низом татбиқ қилиниши лозим. Бу – Ислом ва унинг Иқтисод низоми бўлиб, ҳозирги иқтисодий тенгсизлик фақат у орқали бартараф этилади. Зотан, одамлар орасида иқтисодий мувозанатни тиклашга ундан бошқаси қодир эмас. Масалан, Ислом бойликлар фақат бир сиқим бойлар қўлида тўпланиб қолишини ман қилади. Аллоҳ таоло айтади:
كَيْ لاَ يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ
– “Токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун”. (Ҳашр:7)
Шунингдек, бойликни хазина қилиб тўплашни ҳам ман қилади.
وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ
– “Олтин-кумушни (хазина қилиб) босиб уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб “хушхабарини” етказинг”. (Тавба:34)
Ушбу оятда бойликни хазина қилиб тўплаш назарда тутилган бўлиб, молни буюрилгани бўйича тасарруф қилмасдан устма-уст тўплайвериш қораланган, унга риоя қилмаган одамга эса Аллоҳ таоло аламли азоб ваъдасини берган. Аммо уйланиш, уй, автомобил каби нарсаларни сотиб олиш учун пул йиғиш хазина қилиб тўплашга кирмайди.
Исломдаги Иқтисод низоми мана шу каби адолатли ечимлар орқали одамлар ўртасидаги иқтисодий мувозанатни тўғрилайди. Бинобарин, ишсизлик, камбағаллик, иқтисодий кризис каби муаммоларга чек қўяди.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
19.09.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми