Марказий Осиё мусулмон халқларига интеграция сўзини ишлатиш уларнинг устидаги зулм эътирофидир
Марказий Осиё мусулмон халқларига интеграция сўзини ишлатиш уларнинг устидаги зулм эътирофидир
بسم الله الرحمن الرحيم
Мирзиёев иқтидорга келгач, Марказий Осиёда интеграция масаласи яна жонланди. Унинг ташаббуси билан МО давлатлари ўртасида Маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди. Сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Хўжанддаги уч томонлама учрашув якунида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолади. Ушбу ҳужжат, шунингдек, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Сўнг уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласи тантанали равишда очилди. Бу эса қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янги рамзига айланиши қайд этилди.
Аввалроқ Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан давлат чегаралари хусусида келишувга эришгандан кейин Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз режим жорий этиш ва минтақага ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар учун ягона виза – “Марказий Осиё Шенгени”ни яратиш ташаббусини илгари сурган эди. Унинг фикрича, бу минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшади. Аслида Жапаровнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз режим ва ягона виза – “Марказий Осиё Шенгени”ни жорий этиш ташаббуси янги ғоя эмас. Олдин ҳам бир неча бор бундай ташаббус илгари сурилган, лекин улар турли сабабларга кўра тўхтаб қолган. Жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги 2018 йил – “Silk Visa” ташаббуси, 2019 йил – Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида визасиз ҳаракатни кенгайтириш ғояси ва 2021 йил – Марказий Осиё давлатлари ўртасида виза масалалари муҳокамаси ва ҳоказо.
Аҳамият қиладиган бўлсак, интеграция борасида минтақа Ғарбдан ўрнак олаётганини кўришимиз мумкин. Чунки “шенген” айнан Еропа Иттифоқининг лойиҳаси ҳисобланади. Энди гап минтақамизнинг бирлашиши ҳақида кетар экан, шуни эътироф этиш лозимки, аввало бу – минтақа халқлари учун кўп йиллардан бери орзиқиб кутилаётган ҳодиса ва қанчаликдир даражада мақтовга сазовор ишдир. Бироқ бу ишни мустамлакачи кофирлар истамай келаётгани ва агар йўлга қўйилса ҳам уларнинг манфаатига хизмат қиладиган шаклда бўлишини режа қилади. Чунки Россияга ўхшаш мустамлакачилар ҳеч қачон биз мусулмонларни чинакамига бирлашиб, фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришимизга йўл бермайди. Буни тушуниш учун минтақамиз халқларининг воқелиги ва тарихига назар ташлаб кўрамиз. Тарихий ҳақиқат шуки, бу ерлар илгари Ислом диёри, яъни шариат ҳукмлари татбиқ қилинган, ҳозирги сохта чегаралардан холи ягона минтақа бўлиб, аслида Халифалик давлатининг ерларига кирар эди. Халқлари эса мусулмон бўлиб, илгари ҳам, ҳозир ҳам Ислом умматининг бир қисми ҳисобланади. Зеро Ер юзидаги барча мусулмонларнинг тобелиги (фуқаролиги) бир, давлати ягона бўлган. Бугунги чегара, виза каби машмашалар бўлмаган. Мисол учун, Ҳаж ёки Умра зиёратини ният қилган инсон от ёки туяда бемалол бориб ибодатини қилиб келаверар эди. Шунингдек, мусулмонларнинг турли миллат ёки элатлиги уларнинг бир Уммат бўлиб, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлмасин аралашиб яшашларига тўсиқ бўлмаган. Мусулмонлар бир-бирлари билан муносабатларини миллатидан келиб чиқиб эмас, балки Ислом асосида шакллантирганлар. Ҳа, тарихимиз мана шундай гўзал эди.
Бироқ кофир Ғарб Халифалик давлатини қулатганидан кейин аҳвол тубдан ўзгариб, жоҳилият даврига қайтиб қолдик, динсизлик ҳукмрон бўлди. Мустамлакачи кофир давлатимизни қулатиш билан чекланмай, эътиқодий бирлигимизни ҳам буткул парчалаб ташлаш мақсадида зеҳнларимизни миллатчилик ва ватанпарварлик тушунчалари билан заҳарлаб, мусулмонлар юртларини майда давлатчаларга бўлиб ташлади. Ғарб зеҳнларимизни шундай даражада заҳарладики, миллатчиликни ҳам, ватанпарварликни ҳам ўзимиз тарғиб қилиб, ўзимиз ҳимоя қиладиган бўлдик. Динимиз бир бўлса-да, муносабатларимиз миллатчилик, маҳаллийчилик устига қуриладиган бўлди. Мисол учун, қуда-андачиликда қирғиз қирғиз билан, ўзбек ўзбек билан, қозоқ қозоқ билан қудалашадиган бўлиб қолди. Бундан ҳам ёмони, орамизда миллий низолар чиқарилиб, бир-биримизни қонларимизни бемалол тўкадиган даражада тубанлашдик. Зеҳнларимиз мана шундай жирканч тушунчалар билан заҳарланган ҳолда қолар экан, қандай қилиб чин маънода бирлашишимиз мумкин ахир?! Ҳолбуки, кофир Ғарб бу жирканч тушунчаларни Халифалик давлатимизни, чинакам бирлигимизни парчалаб ташлаш учун зўр бериб сингдирган эди-ку!
Фикрлаб кўринг, Ўзбекистон ўзбек миллатчилиги асосида пайдо қилинган давлат, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам шундай. Атиги бир аср олдин МОда бу миллий давлатчалар йўқ эди. Минтақада истиқомат қилувчи халқлар орасида миллат-миллат бўлиб ажралиб олишлар бўлмаганди. Бу ер ўзбекларга, бу ер қирғизларга, бу ер қозоқларга, бу ер туркманларга, бу ер тожикларга тегишли, деган гап-сўзлар умуман бўлмаган. Бу сунъий чегаралар ва миллий давлатлар биринчи жаҳон урушида кофир Англия билан бир иттифоқда бўлиб, Усмоний Халифалигига (Турк султонлигига) қарши урушган лаънати рус мустамлакачилари томонидан пайдо қилинган. Кофирлар бизларни бўлиб, парчалаб энди бирлашиб олишимизга йўл бериши мумкин бўлмаган ишдир. Улар биздан сунъий чегараларни ёки миллатчилик ва ватанпарварлик каби заҳарли тушунчалардан халос бўлиб ҳақиқий бирликка эришишимизни ҳеч ҳам исташмайди. Балки минтақамиз табиий бойликларини осонгина ташиб кетиш учун ўзаро муносабатларимиз яхши бўлишидан манфаатдор бўлишяпти холос. Мисол учун, АҚШ Хўжандда имзоланган “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” ва Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида чегара нуқтаси бўйича имзоланган шартномани олқишлайди. Бундай қадамлар минтақа интеграцияси ва барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, деб баёнот берди АҚШ элчихонаси. Яъни мусулмонлар қотили, Аллоҳ ва Росули ﷺнинг душмани, бугунги кунда иккинчи Рошид Халифалик давлатининг тикланишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилаётган Америка Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида чегара нуқтаси бўйича имзоланган шартномадан нима учун мамнун бўляпти?! Юқорида айтилганидек, манфаатдор бўлгани учун, албатта. Биринчи навбатда, Америка Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцияни қўллаб-қувватлашидан мақсад – уларни бирлаштирган ҳолда Россияга қарамлигини имкон қадар пасайтиришдир. Бошқача айтганда, МОни ўрисдан узоқлаштириш орқали минтақадаги табиий бойликларнинг катта қисмига ўзи эгалик қилишни режа қиляпти.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, чинакам бирлашишни амалга ошириш учун, аввало, минтақа мусулмон халқларининг зеҳниятини миллатчилик, ватанпарварлик каби тор ва хатарли тушунчалардан тозалаш, мустамлакачи ўрис чизиб берган сунъий чегараларни парчалаб ташлаш зарур. Ва энг асосийси, минтақа давлатларининг раҳбарлари бугунги куфр демократик қонунлари ўрнига Исломдан ечим олишга ва муаммоларни мусулмонлар эътиқодидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилишга аҳамият қаратишлари лозим. Шундагина ушбу минтақа халқлари яна тарихдагидек бир уммат сифатида ягона давлатда, ягона байроқ соясида бирлашиш нақадар муҳим эканлигини англаб етади ва шунга қараб ҳаракат қилади. Акс ҳолда юқорида айтганимиздек, миллатчилик, ватанпарварлик каби тор, саёз тушунчалардан Россияга ўхшаган мустамлакачи давлатлар минтақани ўз таъсири остида ушлаб қолиш учун унумли фойдаланади ва раҳбарларнинг мазкур уринишлари самарасиз бўлиб қолаверади. Демак, Ислом омилисиз юзага келадиган ҳар қандай бирлашиш – мўрт бирлашиш бўлиб, минтақа у ёки бу мустамлакачи давлат қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишда давом этаверади. Аллоҳ айтади:
وَٱعۡتَصِمُواْ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِيعٗا وَلَا تَفَرَّقُواْۚ
– “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (Оли Имрон:103)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
18.04.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми