АҚШ ва Индонезия ўртасидаги асосий мудофаа ҳамкорлиги
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
АҚШ ва Индонезия ўртасидаги асосий мудофаа ҳамкорлиги
Савол: 2026 йил 13 апрелда АҚШ ва Индонезия Мудофаа вазирлари АҚШ билан Индонезия ўртасида Асосий мудофаа ҳамкорлиги (Major Defense Cooperation Partnership — MDCP) тузилганини эълон қилди. Бундан аввалроқ Америка самолётларига Индонезия ҳаво ҳудудидан тўлиқ учиб ўтишга рухсат берувчи махфий ҳужжат ҳақида АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан хабар сиздирилган эди. Хўш, ушбу келишувнинг мазмун ва оқибатлари нималардан иборат? Бу келишувнинг Индонезия ва АҚШ муносабатларига таъсири қай даражада? Шунингдек, Индонезиянинг Хитой билан бўлган муносабатларига қанчалик таъсир қилади?
Жавоб: Ушбу масала ойдинлашиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
1- 2026 йил 13 апрелдаги қўшма баёнотда шундай дейилган: «АҚШ Мудофаа вазири ва Индонезия Мудофаа вазири АҚШ ва Индонезия ўртасида Асосий мудофаа ҳамкорлиги (Major Defense Cooperation Partnership — MDCP) ташкил этилганини эълон қилдилар… Бу АҚШ ва Индонезия ўртасидаги икки томонлама мудофаа алоқаларининг мустаҳкам ва салоҳиятга эга эканлигини тасдиқлайди. Шунингдек, бу келишув (MDCP) келажакда икки томонлама мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун йўналтирувчи асос бўлади. Ушбу эълон билан икки давлат Ҳинд-Тинч океани минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасидаги умумий икки томонлама мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлайдилар… Бу келишув (MDCP) ўзаро ҳурмат ва миллий суверенитет асосида амалга ошириладиган учта асосий йўналишга таянади: Биринчи йўналиш: Ҳарбий модернизация ва салоҳиятни ошириш; Иккинчи йўналиш: Профессионал ҳарбий таълим ва тайёргарлик; Учинчи йўналиш: Машғулотлар ва оператив ҳамкорлик».
2- Қўшма баёнот эълон қилинишидан икки кун олдин, Ҳиндистоннинг «Sunday Guardian» газетаси ўз сайтида (2026 йил 12 апрелда) АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан Америка ҳарбий самолётларининг Индонезия ҳаво ҳудуди орқали тўлиқ учиб ўтишини таъминлашни кўзда тутувчи махфий ҳужжат тузилганини фош қилинди. Бу келишув Индонезия президенти Прабово Субианто ва президент Дональд Трамп ўртасида февраль ойида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг тузилган. Бу АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги оператив таъсирини кенгайтиришда муҳим қадам ҳисобланади… Прабово 2026 йил 18-20 февраль кунлари „Тинчлик кенгаши“ (Board of Peace — BoP) саммитида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф давомида, Трамп билан ўтказилган икки томонлама учрашувда, Америка самолётларининг Индонезия ҳаво ҳудудидан тўлиқ ўтишига рухсат берувчи таклифга розилик берган. Бу тафсилотлар АҚШнинг махфий ҳужжатида келтирилган» («Sunday Guardian», 12/04/2026).
3- Газета махфий ҳужжатга таяниб қўшимча қилади: «Ушбу мажбуриятни амалга ошириш учун АҚШ Мудофаа вазирлиги 26 февраль куни Индонезия Мудофаа вазирлигига „Американинг ҳаво ҳудуди узра парвозларини фаоллаштириш (Operationalizing U.S. Overflight)“ деб номланган ҳужжатни тақдим этди. Ҳужжатда расмий келишув таклиф этилган бўлиб, унга кўра Индонезия Америка ҳарбий самолётларига фавқулодда операциялар, инқирозга қарши чоралар ва икки томонлама келишилган ҳарбий машғулотларни амалга ошириш учун ўз ҳаво ҳудудидан ўтишга рухсат беради. Шунингдек, ҳужжатда „Америка самолётлари хабардор қилингандан сўнг дарҳол ўтиши мумкинлиги ва бу рухсат то АҚШ томонидан бекор қилингунига қадар амалда бўлиши“ белгиланган».
4- Сўнгра, Индонезиянинг шарқдан ғарбга 5000 километрдан зиёд масофага чўзилган, Ҳинд ва Тинч океанлари ўртасидаги ҳаётий муҳим ҳаво йўлларини ўз ичига олган улкан архипелаги билан боғлиқ яна бир масала бор. Ушбу ҳудудга кириш айнан шу жиҳатдан Вашингтон учун стратегик аҳамиятга эга. Индонезиянинг барча ҳаво ҳудудлари бир хил мақомга эга эмас. БМТнинг денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясининг (UNCLOS) 53-моддасига биноан, белгиланган архипелаг денгиз йўллари (ALKI) — яъни Зонд бўғози, Ломбок бўғози — Макасар бўғози ва Ару денгизи йўллари — кемалар ва самолётлар учун муайян ўтиш ҳуқуқларини беради. Индонезия бу ҳуқуқларни тўхтатиб қўя олмайди. Бироқ, бу йўллар шимолдан жанубга қараб чўзилган. Гуам, Филиппин, Австралия ёки Диего-Гарсияни боғлайдиган АҚШ оператив йўллари эса асосан шарқдан ғарбга, Индонезиянинг 2002 йилдаги 37-сонли қонунига кўра ҳали бирор архипелаг йўлагининг қисми ҳисобланмайдиган ҳаво ҳудуди орқали ўтади. Ушбу келишувнинг хатари ҳам айнан шунда!! У Американи қизиқтириб келган шарқдан ғарбга йўналиш олиш йўлакларига кириш ҳуқуқини беради. Зеро, АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2014 йилдаги «Денгиз чегаралари» номли ҳисоботида бу йўллар халқаро ҳуқуққа кўра очиқ бўлиши кераклигини илгари сурган эди!
5- Қолаверса, «инқирозга жавоб бериш» атамаси шу даражада кенг маънолики, у ўз ичига гуманитар ёрдамни ҳам, зарба берувчи кучлар тўпламини ҳам олиши мумкин. «Фавқулодда операциялар» эса табиий офат оқибатларини бартараф этишдан тортиб, Жанубий Хитой денгизи ва унинг ташқарисидаги ҳарбий ҳаракатларгача бўлган ҳар қандай нарсани англатиши мумкин.
Шундай қилиб, «тўлиқ кириш» ёки «тўлиқ учиб ўтиш» тизими шароитида Индонезия бу операцияларни ҳар бир парвозни алоҳида-алоҳида ажратиб, назорат қила олмайди. Агар Америка самолёти Индонезия ҳаво ҳудуди орқали учинчи давлатга қарши ҳарбий операция ўтказиш учун ўтаётган бўлса, Жакарта буни хоҳлайдими, йўқми ёки олдиндан хабардор қилинадими, йўқми, барибир воситачига айланиб қолади. Учинчи давлат эса Индонезиянинг мақсадлари ёки келишув бандларидаги тафсилотларга эътибор бериб ўтирмайди, балки Индонезия ҳудудини Америка қўшинлари учун ўтиш йўлаги сифатида кўради.
6- Хитойнинг ушбу махфий ҳужжат ва АҚШ-Индонезия мудофаа ҳамкорлиги шартномасига нисбатан позициясига келсак, Хитой Халқ Озодлик Армиясининг миллий нашри «Global Times» газетаси ўзининг X (Твиттер) саҳифасида шундай ёзди: Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Гу Цзякундан 2026 йил 17 апрель, жума куни Индонезиянинг АҚШ армиясига ўз ҳудуди узра учиб ўтишга рухсат бериш таклифини ўрганиб чиқаётгани ва Вашингтон билан Жакарта ўртасидаги ҳарбий алоқалар ҳақида сўралаганда, у ўз фикрини билдирар экан, шундай деди: «Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) низоми ва Жануби-Шарқий Осиёда дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага аъзо давлатлар минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун умумий масъулиятга эга эканлиги ҳамда аъзо давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи ҳар қандай сиёсат ёки фаолиятда, „жумладан ўз ҳудудларидан фойдаланишда“ иштирок этмасликлари кераклиги аниқ белгилаб қўйилган». Гу шунингдек: «Биз давлатлар ўртасидаги мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учинчи томон манфаатларига қаратилмаслиги ёки унга зарар етказмаслиги, шунингдек, минтақавий тинчлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслиги кераклигига қатъий ишонамиз», деб қўшимча қилди.
7- Ҳинд-Тинч океани минтақасида Япония, Жанубий Корея, Филиппин, Таиланд ва Австралия АҚШ билан ўзаро мудофаа шартномаларига эга. Бу дегани, АҚШ ўз шериги ҳужумга учраган тақдирда уни ҳимоя қилишга мажбур. Шу билан бирга, Сингапур мудофаа шартномаси бўйича расмий иттифоқчи бўлмаса-да, Вашингтоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги хавфсизлик бўйича энг яқин шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. 2005 йилдаги Стратегик асослар тўғрисидаги келишувга биноан АҚШ Сингапурни хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «асосий шерик» сифатида тан олган. Кейинчалик, 2015 йилда Сингапур ва АҚШ биологик хавфсизлик, кибермудофаа, гуманитар ёрдам, табиий офатларни бартараф этиш ва стратегик алоқалар соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини белгиловчи кенгайтирилган қўшма мудофаа ҳамкорлиги келишувини имзолади. («Channel News Asia», 20/04/2026).
8- MDCP шартномасининг мазмунини синчиклаб ўрганиш қуйидагиларни кўрсатади:
А) Ушбу шартнома Американинг денгиз соҳасига янада кўпроқ кириб боришига ва Индонезия ҳамда унинг қўшнилари, айниқса Малайзия ва Сингапур ўртасидаги муҳим сув йўли бўлган Малакка бўғози устидан назоратни кучайтиришига йўл очади. Бу эса жаҳон савдоси ва энергия ташиш учун энг муҳим йўлак бўлган Малакка бўғозида Америка ҳукмронлиги ошишини англатади. Дарвоқе, Малакка бўғози Хитой, Япония ва Жанубий Корея учун энергия манбаларининг асосий артериясидир. Маълумот учун, Хитой импорт қиладиган хом нефть ва газнинг катта қисми Индонезия, Малайзия ва Сингапур ўртасидаги айнан шу тор йўлак орқали ўтади. АҚШ сўнгги пайтларда ушбу «заиф нуқта»ни (муҳим йўлакни) ёпишга шошилмоқда ва бу Дональд Трамп даврида юз бераётгани тасодиф эмас.
Б) Ушбу келишув Индонезияда Америка ҳарбий техникаларини, хусусан, ҳарбий кемаларини таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва янгилаш учун кенг қамровли иншоотлар тақдим этиш ёки шунақа иншоотлар барпо этишга йўл очади. MDCP келишуви ҳақидаги қўшма баёнотда оператив тайёргарликни ошириш учун техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва янгилаш соҳасида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Таъкидлаш жоизки, Қўшма Штатлар илгари Шимолий Сулавесидаги Битунг шаҳрида ўз ҳарбий кемаларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун денгиз базаси ташкил этишга қизиқиш билдирган эди.
Ж) Келишув ҳар бир ҳолат учун алоҳида рухсат олиш тизими ўрнига, хабардор қилиш (шунчаки маълум қилиш) тизимини жорий этади. Бу эса Америка ҳарбий кучларининг ҳаракатланиши учун қўйилган ижроий (процедуравий) чекловларни сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, келишув АҚШнинг Тинч океанидаги Ҳарбий ҳаво кучлари ва Индонезия ҳаво операциялари марказлари ўртасида тўғридан-тўғри «қайноқ алоқа» (hotline) ҳамда параллел дипломатик ва ҳарбий алоқа каналлари орқали мувофиқлаштириш механизмларини белгилайди. Ушбу хабардор қилиш тизими, яъни ҳар бир ҳолат учун рухсат олмасдан, шунчаки ўтиш ҳақида маълум қилиш, Америка ҳарбий самолётларига Индонезия ҳаво ҳудудидан осонлик билан ва кечикишларсиз ўтиш имконини беради. Бу эса Америка самолётларининг Австралиянинг Дарвин шаҳридаги базасидан Индонезия ҳаво ҳудуди орқали Хитой ва Тайванга, шунингдек, Филиппин ва Японияга етиб бориши учун жуда муҳим аҳамиятга эга!
Д) Ушбу келишув Индонезия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар жорий йил давомида ривожланиб борганини кўрсатади, жумладан:
Биринчидан: Индонезия Трамп бошчилигидаги АҚШ раҳнамолик қилаётган “Тинчлик кенгаши”га аъзо бўлди: [Индонезия Ғазодаги тинчликпарварлик миссияси учун 8 минг аскари тайёрлигини эълон қилди. Индонезия икки йиллик вайронкор урушдан сўнг, ўтган 10 октябрдан бери «Исроил» ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш битимида «барқарор» турган Ғазо учун Трамп томонидан илгари сурилган Тинчлик кенгаши ташаббусига расман қўшин юбориш мажбуриятини олган биринчи давлат бўлди. RT, 16/02/2026].
Иккинчидан: Худди шу ойда АҚШ ва Индонезия ўртасида ўзаро савдо келишуви имзоланди: [Индонезия ва АҚШ Индонезия товарларига қўйилган Америка божларини 32 фоиздан 19 фоизга туширишни кўзда тутувчи савдо келишувини имзолади. Жакарта ўз навбатида пальма ёғи — унинг энг муҳим экспорти — ва бошқа қатор товарлар учун божхона имтиёзларига эга бўлди. Келишув Вашингтонда, бир неча ойлик музокаралардан сўнг Индонезия Иқтисодиёт вазири Эйрланга Хартарто ва АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир томонидан имзоланди. Бунинг эвазига Индонезия барча тармоқлардаги аксарият Америка маҳсулотлари учун божхона тўсиқларини олиб ташлайди. Жакарта АҚШ савдо манфаатларига зарар етказадиган хорижий компанияларга қарши чоралар кўришга ҳамда нодир элементлар секторини ривожлантиришни тезлаштириш учун Америка компаниялари билан ҳамкорликда муҳим металлар ва энергия ресурсларига Америка инвестицияларини жалб қилишни енгиллаштиришга рози бўлди. Президент Прабово келишувни якунлаш ва АҚШ-Индонезия Тинчлик кенгаши раҳбарларининг биринчи учрашувида иштирок этиш учун Вашингтонга борди ва президент Трамп билан «Америка-Индонезия иттифоқининг янги олтин даври сари келишувни амалга ошириш» деб номланган ҳужжатни имзолади. Оқ уйнинг таъкидлашича, бу ҳужжат ҳар икки давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги ва ўсишини мустаҳкамлайди. «Asharq Al-Awsat», 20/02/2026].
Учинчидан: Ҳиндистоннинг «Sunday Guardian» газетаси ўз сайтида (2026 йил 12 апрель) шундай маълумотни очиқлади: «АҚШ Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатида, Индонезия президенти Прабово Субианто ва президент Дональд Трамп ўртасида февраль ойида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, Америка ҳарбий самолётларининг Индонезия ҳаво ҳудуди орқали тўлиқ ўтишини таъминлашни кўзда тутувчи келишув имзолангани айтилади. Бу АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги оператив таъсирини кенгайтиришда муҳим қадам ҳисобланади… Бу тафсилотлар АҚШнинг махфий ҳужжатида келтирилган» («Sunday Guardian», 12/04/2026).
Тўртинчидан: Юқорида биз баён қилиб ўтган MDCP келишувининг имзоланиши. 2026 йил 13 апрелдаги қўшма баёнотда шундай дейилган: «АҚШ Мудофаа вазири ва Индонезия Мудофаа вазири АҚШ ва Индонезия ўртасида Асосий мудофаа ҳамкорлиги шериклиги (Major Defense Cooperation Partnership — MDCP) ташкил этилганини эълон қилдилар… MDCP учта асосий йўналишга таянади: (1) Ҳарбий модернизация ва салоҳиятни ошириш; (2) Профессионал ҳарбий таълим ва тайёргарлик; (3) Машғулотлар ва оператив ҳамкорлик».
Ушбу тўрт банд Индонезия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ҳақиқий воқелигини кўрсатиб беради ва «Сиёсий тушунчалар — Узоқ Шарқ масаласи» (158-159-бетлар) китобида келган қуйидаги фикрларни тасдиқлайди: [«Америка Голландияни Индонезиядан чиқариб юборишга муваффақ бўлгач, унинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қилди. Лекин индонезияликлар узоқ йиллар давомида унга қаршилик кўрсатдилар ва бир мустамлакадан қутулиб, бошқасига киришни рад этдилар. Шундан сўнг Америка Индонезияга қарши тўсиқлар қўйишни ва унга қарши инқилоблар уюштиришни бошлади… Бундай сиқувлар натижасида Индонезия ҳукмдорлари босимга таслим бўлиб, Америка кредитлари ва ҳарбий ёрдамларини қабул қилдилар. Шу тариқа Индонезия Америка таъсири остига кирди ва Сукарно давридан бошлаб Американинг тобеларидан бирига айланди… У (Америка) мамлакат устидан, хусусан, армия ва мамлакат иқтисодиёти устидан назоратни қўлга олди ва бу ҳолат бугунги кунгача давом этмоқда.»]
Шунингдек, биз аввалроқ, яъни ҳозирги президент сайланганидан сўнг, 2024 йил 11 ноябрдаги саволга жавобда шундай деган эдик: («Юқоридагиларни мулоҳаза қилиб кўрилса, Индонезиянинг янги президенти Прабово 2024 йил 20 мартда сайловдаги ғалабаси эълон қилинганидан то 2024 йил 20 октябрдаги инаугурациясигача ва ундан кейин ҳам… ўзидан олдингиларнинг йўлидан кетаётгани, балки Америкага янада қаттиқроқ боғлангани ҳамда Индонезияда ҳамон Америка таъсири ҳукмрон экани маълум бўлади!»). Шу тариқа Индонезия Америка таъсирига қарам давлатга айланди.
Ваҳоланки, Индонезия ўзининг географик жойлашуви ва аҳолиси билан катта давлат бўла туриб, энг муҳими эса — ушбу юртда оммалашган буюк Ислом билан… Рошид Халифаликни барпо қилиш орқали ҳаётнинг барча соҳаларида Исломни татбиқ қилиб бутун дунёга яхшилик ёйиш билан таъсир кўрсатишга қодирдир… Сўнгра у ушбу буюк фарзни адо этиб, Оламлар Роббисини рози қилган бўларди… Бусиз Индонезия режими Американинг асири ва унга тобе бўлиб қолаверади, унинг буйруғини бажариб, қайтариғидан қайтади ва натижада дунёсию охиратини бой беради. Бу эса очиқ-ойдин зиёндир.
﴿إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ﴾
«Албатта, бунда қалби бор ва ўзи ҳозир бўлиб (ихлос билан) қулоқ тутган киши учун эслатма бордир». (Қоф сураси, 37-оят).
14 Зул-қаъда 1447ҳ
1 май 2026м
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми