Қонли чегаралар режаси ва Дарфурнинг бўлиниб чиқиш жинояти
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Қонли чегаралар режаси ва Дарфурнинг бўлиниб чиқиш жинояти
Муҳаммад Жомеъ (Абу Айман)
Ҳизб ут-Таҳрир – Судан вилояти
расмий нотиғи ёрдамчиси
Дарфурнинг йирик шаҳарлари шубҳали тарзда қулаб, Тезкор қўллаб-қувватлаш кучларининг истилоси олдида армия бўлинмалари чекинди. Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари шаҳарларни эгаллаб, охирги вилоят – Шимолий Дарфур ва унинг маркази Фаширни қаттиқ қамалга олди. Армия эса уларни бу ҳудуддан қувиб чиқара олмади. Шу пайтда тўсатдан Жанубий Дарфур пойтахти Ниялада, Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари назорати остида параллел ҳукумат тузилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди ва унда Америка малайлари, жумладан Абдулазиз Ҳилу, иштирок этиши, уни қўллаб-қувватлаши, ҳатто унда ноиб сифатида фаолият юритиши мумкинлиги айтилмоқда…
Бунинг барчаси Ҳизб ут-Таҳрир доим такрорлаб келаётган ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Яъни аниқ ва тўлиқ шаклланган режа мавжуд бўлиб, унга кўра, Дарфур Тезкор қўллаб-қувватлаш кучларига Американинг ҳимояси ва қўллови остида топширилмоқда. Мазкур режа Суданни парчалашга қаратилган бўлиб, Америка уни армия ва Тезкор қўллаб-қувватлаш қўмондонлари орасидаги ўз малайлари орқали амалга оширмоқда. Худди шундай ҳолат илгари ҳам кузатилган: Жануб ажратиб олинганида Америка ўз малайлари — Башир ва Жон Гаранг орқали буни амалга оширган эди
Қонли чегаралар» режаси илк бор шу номдаги ҳисобот орқали эълон қилинган. Мазкур ҳисоботни АҚШнинг нафақадаги генерали Ралф Питерс Яқин Шарқнинг янги харитаси билан бирга тайёрлаган бўлиб, 2006 йилда у Америкадаги ҳарбий ихтисослашган Armed Forces Journal журналида чоп этилган. Режада генерал минтақани сунний, шиа ва курд давлатларига бўлиб кўрсатган. Шу билан бирга, Саудиядан мустақил равишда ташкил этилиши ва муқаддас жойларни қамраб олиши мўлжалланган «Исломий давлат» деб аталувчи тузилма ҳам назарда тутилган. Шунингдек, «Катта Иордания қироллиги» деб аталган давлат ва яна бир қатор кичик давлатчалар ҳам кўрсатилган. Унинг иддаосича, агар минтақа мазҳаб ва ирқ асосида бўлиниб, ҳар бир мазҳаб ёки миллат бошқалардан ажралган ҳолда алоҳида мустақил сиёсий давлатда яшаса, шу орқали ҳудуддаги зўравонликка барҳам бериш мумкин.
Аммо айтиш мумкинки, мусулмон диёрларини парчалашга қаратилган мустамлакачи давлатларнинг режалари қадимдан мавжуд бўлиб, унинг бошида Британия ва Франция турган. Хусусан, 1916 йилда Халифалик қулатилгандан кейин Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Марк Сайкс ва Жорж Пико ўртасида тузилган «Сайкс–Пико шартномаси» орқали Ислом диёрлари бўлиб ташланган эди. Кейинчалик Америка ҳам бу мустамлакачилик пойгасига қўшилиб, мусулмонларни заифлаштириш ва уларнинг бойликларини талон-торож этиш мақсадида «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» қоидасини амалга ошира бошлади. Бу мақсадга эришиш учун ўз тақдирини ўзи белгилаш, автономия, федерация каби даъволарни илгари сурди ҳамда кичик ирқлар ва миллатлараро масалалардан фойдаланди. Сўнгги йиллардаги энг машҳур режалардан бири — сионист мутафаккир ва АҚШ президенти катта Бушнинг маслаҳатчиси Бернард Луис режаси бўлиб, унда 1980-йилларда барча мусулмон мамлакатларини бўлиб ташлаш назарда тутилган. Унга кўра, Судан тўрт қисмга бўлиниши керак эди: Ну́ба давлати (пойтахти Асвон), Марказий Судан давлати, Дарфур давлати ва Жанубий Судан давлати. Афсуски, бу режа амалга ошган ягона ҳудуд Судан бўлиб, у Жанубий Суданнинг ажралиши билан рўёбга чиқди.
Америка ўз малайи Башир ҳукмронлиги даврида Дарфурнинг ажралиши учун замин тайёрлади. Бу мақсад «Дарфурда тинчлик учун Давҳа ҳужжати» деб аталган келишув орқали амалга оширилди. Мазкур ҳужжат 2011 йил 14 июлда Судан ҳукумати ва Ҳуррият ва Адолат ҳаракати ўртасида имзоланган. Ундаги энг хавфли жиҳат Хартум ҳукумати билан Дарфур ҳаракатлари ўртасида “бойлик ва ҳокимиятни бўлиш” деб аталган масала ҳамда Дарфурнинг маъмурий мақомини белгилаш эди. Яъни, у ягона минтақа сифатида қоладими ёки бир нечта вилоятларга бўлинадими, шуни ҳал этиш учун референдум ўтказиш назарда тутилган. Давҳа келишувига кўра, Дарфурда минтақавий ҳокимият ташкил этилди ва у Суданнинг қолган қисмларидан фарқли махсус мақомга эга қилинди. Афсуски, бу ҳолат аввалроқ Жанубда ҳам содир бўлиб, охир-оқибат унинг ажралиб чиқиши билан якунланган эди.
Суданни парчалаш режаси амалга оширилаётганини тасдиқлайдиган муҳим далиллардан бири қулатилган президент Башир ва унинг маъмуриятининг бу борадаги баёнотларидир. 2017 йил 25 ноябр куни Россиянинг «Спутник» сайти Баширнинг Россияга сафари чоғида айтган сўзларини эълон қилган. Унда Башир шундай деган: «Суданга қарши Америка босими ва тил бириктируви жуда катта… Ана шу босим натижасида Судан жануби ажратиб ташланди, яъни Судан бўлинди». У, шунингдек, қуйидагича қўшимча қилган: «Ажралиб чиқиш Америка босими ва тил бириктируви натижасида рўй берди. Американинг режаси эса Суданни йўқ қилиш ва уни бешта давлатга бўлиб ташлашдан иборат».
Анадолу агентлиги 2017 йил 13 апрел куни қуйидаги хабарни тарқатган: Судан ташқи ишлар вазири Иброҳим Ғандур пайшанба куни аэропортда ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди: «Жанубнинг бўлиниб чиқиши аслида тил бириктирув эди, аммо биз уни қабул қилдик». У бу сўзларни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга жавобан айтган. Лавров эса бир кун олдин, чоршанба куни америкалик ҳамкасби Рекс Тиллерсон билан ўтказилган матбуот анжуманида шундай баёнот берган: «Обама маъмурияти Умар Башир ҳукуматидан Суданни икки қисмга бўлишга рози бўлишини талаб қилган, эвазига эса уни Халқаро жиноят судига топширмасликка ваъда берган». Лавров қўшимча қилиб «Ўшанда Обама маъмурияти Россия ҳукуматидан ҳам Судан президентининг ажралишга розилигини таъминлашни талаб қилган эди. Шунга қарамай, улар Баширнинг Халқаро жиноят суди олдида судланаётганини кўришни ҳам исташган», деди. Лавров яна қуйидагича таъкидлади: «Жанубнинг бўлиниб чиқиши Обама маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган Америка лойиҳаси эди».
2018 йил 21 ноябр куни Судан ташқи ишлар вазири Дардирий Муҳаммад Аҳмад France24 телеканалига берган интервьюсида шундай деди: «Юртимиз минтақадаги энг йирик муаммо, яъни Жанубий Судан масаласини ҳал этишда Америкага ёрдам берди».
Шу боис, 2023 йил 15 апрель куни уруш шубҳали тарзда бошланди. У аслида битта марказдан бошқарилиб, қўмондонлари Америка таъсирига бўйсунувчи икки куч ўртасида юз берди. Кейин воқеалар шиддат билан ривожланди: армия ҳеч қандай ишончли сабабсиз Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари олдида чекина бошлади. Натижада Дарфурнинг барча шаҳарлари эгалланди, ҳозир эса энг сўнггиси қамал ҳолатида турибди. Ортидан мамлакат жисмидан айри ҳолда алоҳида ҳукумат тузилди. Бу эса ушбу ифлос режанинг аввалдан қасд қилинган ниятини очиқ-ойдин тасдиқлайди.
Барча далил ва гувоҳликлар шуни кўрсатадики, Америка малайлари Суданда бу ифлос режани амалга ошириш йўлида кескин ҳаракат қилмоқда. Улар бу мақсадда айни урушдан, шунингдек, мамлакат аҳолисининг ушбу ифлос режадан бехабарлигидан фойдаланмоқда.
Судан аҳли, айниқса куч-қудрат эгалари бўлмиш армия офицерлари, Умматнинг раҳнамолари ва обрўли зиёлилар учун ушбу ифлос режага қарши мустаҳкам тўсиқ бўлиб туриш вожибдир. Бу эса фақат мазкур режани фош этиб, Уммат манфаатларини ҳимоя қиладиган асосий лойиҳани қабул қилиш билан амалга ошади. Асосий лойиҳа эса, улуғ Ислом лойиҳаси бўлиб, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этишни назарда тутади. Зеро, ечим, шифо ва қутулиш ҳам фақат Халифалик орқали рўёбга чиқади. Кимки ундан бошқа ишлар билан банд бўлиб, динни қоим қиладиган ва шариатни татбиқ этадиган рошид халифага шаръий байъат бермасдан вафот этса, гуноҳкор бўлади. Росулуллоҳ ﷺ айтдилар:
«وَمَنْ مَاتَ وَلَيْسَ فِي عُنُقِهِ بَيْعَةٌ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»
«Кимки бўйнида байъат бўлмасдан вафот этса, жоҳилият ўлимида вафот этган бўлади». (Имом Муслим ривоят қилган).
Роя газетасининг 2025 йил 27 август, чоршанба кунги 562-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми