Токио саммити: Мусулмон ўлкаларидаги “ўлжа” тақсимотининг навбатдаги босқичи

Токио саммити: Мусулмон ўлкаларидаги “ўлжа” тақсимотининг навбатдаги босқичи
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бугун Марказий Осиё глобал кучларнинг стратегик манфаатлари тўқнашадиган минтақалардан бирига айланиб улгурди. Бир томонда Россия ва Хитойнинг кўп йиллик таъсири, иккинчи томонда эса Ғарбий лагернинг Япония каби “иқтисодий ҳамкорлари”ни жалб қилиш орқали бўлса-да минтақага суқулиб кириши кузатилмоқда. Аммо йиллар давомида ўтказилаётган ушбу ҳашаматли саммитлар ва имзоланаётган миллиардлаб инвестиция келишувлари ортида аслида нима ётипти?
Биз тарихда дунё сиёсатини белгилаган, инсониятни зулматдан нурга олиб чиққан Исломнинг азиз фарзандлари эдик. Хўш, нега бугун бизнинг юртларимиз мустамлакачи давлатлар учун шунчаки бойлик талашиладиган майдонга, халқимиз эса арзон ишчи кучига айланиб қолди?
Жорий йил 20 декабрь куни Токиода “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Япония Бош вазири Санаэ Такаичи раислигида ўтган тадбирда минтақанинг бешта давлати президентлари иштирок этди ва якунда транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ҳамда “яшил” энергетикани кўзда тутувчи “Токио декларацияси” қабул қилинди. Япония томони яқин беш йил ичида минтақадаги лойиҳаларга 3 триллион иена (тақрибан 20 миллиард доллар) миқдорида инвестиция жалб қилиш мажбуриятини олди.
Мазкур воқеликнинг геосиёсий манзараси шуни кўрсатадики, Япониянинг Марказий Осиёдаги фаоллашуви аслида АҚШнинг стратегик манфаатларига хизмат қилувчи изчил сиёсатнинг бир қисмидир. Япония бу ерда Ғарб лагернинг иқтисодий ва технологик вакили вазифасини бажариб, Россия ва Хитойнинг таъсирини чеклашга уринмоқда. Ушбу "инвестиция"лар аслида минтақанинг ишлаб чиқариш қувватини эмас, балки стратегик хом-ашё қарамлигини кучайтиришга қаратилган. Япониянинг JOGMEC (Нефть, газ ва металлар бўйича миллий корпорацияси) аллақачон Ўзбекистон ва Қозоғистон билан уран ва камёб металларни қазиб олиш бўйича ўнлаб меморандумлар имзолаган. Масалан, 2023 йил июль ойида Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан имзоланган келишув литий ва бошқа муҳим ресурсларни қидиришни кўзда тутади. Бу инвестициялар аслида Япониянинг юқори технологияли саноати учун зарур бўлган хом-ашёни ташиб кетишга хизмат қилувчи инфратузилмани яратишга йўналтирилган.
Шунингдек, Токио декларациясидаги "транспорт йўлакларини диверсификация қилиш" банди Ғарбнинг Россияни четлаб ўтувчи "Ўрта йўлак" (Middle Corridor) лойиҳасини молиялаштиришга ишора қилади. Бу эса мусулмон ўлкаларини бир мустамлакачининг панжасидан қутқариб, Ғарб назоратидаги логистика занжирига боғлаб қўйишдир. Бундан ташқари, ваъда қилинган маблағларнинг катта қисми Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан "боғланган кредитлар" кўринишида берилади. Бу тизимга кўра, лойиҳани фақат Япония компаниялари амалга ошириши ва ускуналар Япониядан сотиб олиниши шарт, натижада пул Япониянинг ўзига қайтиб кетади, мусулмон юртлари зиммасида эса триллионлаб қарз қолади.
Инсоний ресурслар масаласида ҳам аҳвол аянчлидир. Саммитда тилга олинган "кадрлар тайёрлаш" аслида минтақамиз ёшларини Япониянинг инқирозга юз тутаётган иқтисодиёти учун тизимли тайёрлаш демакдир. Япониянинг "Малакали ишчи" (Specified Skilled Worker — SSW) дастури доирасида Ўзбекистон (2022 йил) ва Қирғизистон (2022 йил октябрь) билан имзоланган меморандумлар асосида минглаб ёшлар паст малакали ишларга жалб қилинмоқда. Япония Ташқи ишлар вазирлиги (MOFA) маълумотларига кўра, бу ёшлар асосан қарияларни парваришлаш, биноларни тозалаш ва озиқ-овқат саноатидаги конвейер ишларига жойлаштирилмоқда. Аҳолисининг 29 фоизи 65 ёшдан ошган Япония учун бундай "арзон ишчи кучи" сув ва ҳаводек зарур. Умматнинг энг кучли қатлами ўз юртини обод қилиш ўрнига, кексайиб бораётган куфр жамиятига хизмат қилиш учун экспорт қилинмоқда.
Тарихда бу минтақа Ислом диёри бўлган ва асрлар давомида Шариат ҳукмлари билан бошқарилган даврда дунё сиёсатида қудратли марказлардан бири эди. Ўшанда мусулмонлар оғзидаги ошини олдириб қўядиган “ўлжа” эмас, балки адолат тарқатувчи етакчилар эдилар. Бугун эса Ислом тузуми ҳаётимизда татбиқ этилмаётгани сабабли, илгари дунёга устозлик қилган юртларимиз очкўз мустамлакачилар учун шунчаки объект ва хом-ашё манбаига айланиб қолди. Токи Ислом ўлкалари ўзларининг асл фикрий пойдевори бўлган Шариатга қайтмас эканлар ва сиёсатларини Ислом мезонлари асосида қурмас эканлар, улар катта кучларнинг геосиёсий ўйинларида арзон ишчи кучи ва хом-ашё омбори бўлиб қолаверадилар. Ҳақиқий иззат ва мустақиллик – мустамлакачиларнинг лойиҳаларида эмас, балки Исломнинг адолатли низомига қайтишда, яъни Халифалик давлатини тиклашдадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَٰكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ
– “Азизлик Аллоҳники, Пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар билмайдилар”. (Мунафиқун:8)
Салоҳиддин
29.12.2025й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб