Тақлидий иймондан ақлий иймонга: Мусулмоннинг уйғониш йўли ва унинг аҳамияти

Тақлидий иймондан ақлий иймонга: Мусулмоннинг уйғониш йўли ва унинг аҳамияти
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бугунги кунда кўплаб мусулмонларни бир савол қийнайди: нега биз мусулмон бўла туриб, аксар одамларнинг ҳаёти, қилаётган ишлари Исломга мувофиқ эмас? Нега жамиятда коррупция, ёлғон ва адолатсизлик ҳукм сурмоқда? Бунинг жавоби шуки, асл муаммо – иймонимизнинг қайси аҳволда эканидадир. Кўпчилигимиз учун иймон – бу фикрлаб, изланиб, далилларига ақлимиз қаноатланиб қабул қилинган танлов эмас, балки ота-она ва атроф-муҳитдан ўтган “мерос”, бошқача айтганда тақлид бўлиб қолди. Бундай тақлидий иймон эса, инсоннинг нуқтаи назарига, амалларига ва ҳаёт тарзига таъсир кўрсата олмайди.
Ҳақиқий иймон – бутун борлиқнинг Яратувчиси борлигига қатъий ишонишдир. Бу ишонч ақлий далиллар асосида юзага келган бўлсагина қатъий бўлади. Масалан, саҳродаги бир аъробийдан "Роббингни қандай танидинг?" деб сўралганда, у шундай жавоб берган: “Туянинг тезаги туядан дарак берса, оёқ изи йўловчидан дарак берса, шунча юлдузлари бор осмон ва йўллари бор Ер Буюк ва барча нарсадан хабардор Зотдан дарак бермайдими?!”. Бу жумла содда ва тушунарли, шу билан бирга чуқур ва ёрқин фикр натижаси ҳамдир. Фақат мана шундай ақлга асосланган ақидагина инсонда: “Мени буюк Аллоҳ яратди, У зот қандай яшашим учун Ўз шариатини туширди ва ўлганимдан кейин бу ишларимдан ҳисоб бераман”, – деган тушунчани шакллантиради ҳамда ўз ҳаёти ва амалларига жиддийлик билан қарашни сингдиради.
Бундай ҳақиқий иймон нима учун зарур? Унинг ҳаётимиздаги аҳамиятини тўртта асосий жиҳат билан ифодалаш мумкин:
1. Иймон – амалларнинг пойдеворидир:
Инсоннинг ҳар бир қилган иши унинг иймонидан келиб чиқади. Агар инсон “Аллоҳ мени кўриб турибди ва қилаётган ҳар бир ишимдан охиратда ҳисоб бераман” деган аниқ ақидага эга бўлса, у ҳеч қачон пора олмайди, зулмга шерик бўлмайди ва ёлғон статистикалар билан халқни алдамайди. Тақлидий иймон эса, қийинчилик келганда ёки манфаат тўқнашганда тезгина синиб қолади.
2. Иймон – қўрқув ва қулликдан озод қилувчи куч:
Бугунги кунда одамлар нима учун зулмга сукут сақламоқда? Чунки уларда “ризқим қийилади” ёки “золимдан жабр кўраман” деган қўрқув бор. Ҳақиқий иймон эса ризқ берадиган ҳам, жонни оладиган ҳам фақат Аллоҳ эканини ўргатади. Саҳоба Рабий ибн Омир Форс қўмондони Рустамга айтганидек: “Аллоҳ бизни бандаларни бандаларга қуллик қилишдан қутқариб, Бандаларнинг Роббисига банда қилиш учун юборди”.
3. Иймон – ҳаётдаги ғояни белгилайди:
Иймонсиз ёки иймони заиф инсон учун ҳаёт – фақат еб-ичиш ва мол-дунё тўплашдан иборат бўлиб қолади. Аммо ақлий иймон соҳиби учун бу дунё – охиратнинг экинзоридир. У ҳар бир дақиқасини Аллоҳнинг розилиги учун сарфлайди, жамиятдаги муаммоларга бефарқ бўлмайди.
4. Иймон – сиёсий уйғониш калитидир:
Бизнинг иймонимиз Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қонун чиқаришга ҳақли эмаслигини тақозо қилади. Демократиядаги “инсон ўзига ўзи қонун чиқаради” деган даъво бизнинг иймонимизга зиддир. Шунинг учун иймонни тафтиш қилиш – бу шахсий ибодат эмас, балки умматнинг халоскори бўлган тузумга қайтиш демакдир.
Бугунги кунда Ғарб маданияти бизга “сўз эркинлиги” деган ялтироқ тушунчани ичига заҳарли ўралган қанд сифатида тақдим этмоқда. Демократиядаги сўз эркинлиги – бу куфр, ҳаром ва уят каби чегараларни бузиб, хоҳлаган гапни гапиришдир. Аммо Исломда бундай “эркинлик” йўқ. Мусулмон киши нимани гапиришини унинг Роббиси белгилаб беради. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) тилларини ушлаб туриб: “Мени мана шу балоларга гирифтор қилди”, – дер эдилар.
Энг муҳими, мусулмонлар учун ҳукмдорларни муҳосаба қилиш ва ҳақни айтиш ғарбча “сўз эркинлиги” эмас, балки Исломдаги энг улуғ фарзлардан бири – Амр бил маъруф ва наҳий анил мункардир. Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифалик вақтида: “Агар мен хато қилсам, нима қиласизлар?” деб сўраганда, бир саҳобий: “Агар қийшайсанг, сени мана шу қиличимиз билан тўғрилаймиз!” – деган эди. Пайғамбаримиз ﷺ айтганларидек:
“Албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Акс ҳолда Аллоҳ сизларга Ўз томонидан азоб юборади, сўнг дуо қиласизлар, аммо дуоларингиз ижобат қилинмайди”.
Бироқ бугунги кунда ушбу ҳадис ҳақида айрим уламоларнинг фикрларини ўрганиш жуда муҳимдир. Саййид Қутб ўзининг машҳур “Фи зилолил Қуръон” тафсирида ушбу ҳадис ва шунга ўхшаш оятларни шарҳлаб, шундай дейди: “Ҳақиқий мункар – бу инсоннинг инсон устидан ҳоким бўлиши (яъни инсонлар чиқарган қонунлар билан яшаш). Ҳақиқий маъруф – бу инсонларнинг фақат Аллоҳга банда бўлишидир”. У кишининг фикрича, агар жамиятда Аллоҳнинг ҳокимияти тан олинмаса, у ерда ҳеч қандай “яхшилик” (маъруф) қолмайди.
Машҳур ҳуқуқшунос ва олим Абдулқодир Авда ўзининг “Ислом жиноят қонунчилиги” асарида таъкидлайди: “Мункарни қайтариш” фарзининг энг юқори даражаси – бу шариатни четлаб ўтиб ҳукм юритаётган ҳукмдорларни муҳосаба қилиш ва ботил қонунларни бекор қилишдир.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий ҳам ўз ваъзларида жамиятдаги муаммоларнинг илдизи ҳақида гапириб: “Агар сиз Аллоҳнинг ҳукми турганда бошқа ҳукмга рози бўлсангиз, демак, сиз энг катта ёмонликка (мункарга) шерик бўлибсиз. Бундай умматнинг дуоси ижобат бўлмайди, чунки улар Аллоҳнинг ҳаққини ҳимоя қилмадилар”, деб таъкидлаган.
Бугунги кунда ҳам ушбу ҳадисдаги “Маъруф” – бу Аллоҳ рози бўладиган ягона низом, яъни Ислом эканини, “Мункар” эса Аллоҳни четга суриб қўйган, инсонлар томонидан ўйлаб топилган барча ботил тузумлар эканини англаш лозим. Демак, ушбу ҳадисга амал қилиш шунчаки хатоликларни тузатиш эмас, балки ҳақиқий, тубдан ўзгариш ясаш учун Исломни ҳаётга қайтаришга ҳаракат қилишдир.
Ҳақиқий, ақлий далилга асосланган иймон мусулмонни айнан мана шу мақсад сари етаклаши шарт. Агар иймонимиз бизни Аллоҳнинг шариати четга суриб қўйилганига бефарқ қолаётган бўлса, демак, бу иймон ҳали ҳақиқий англанган ақидага айланмабди. Чунки Исломдан бошқа тузумларнинг соясида яшаш ва уларга сукут сақлаш – энг катта мункарга рози бўлишдир.
Ҳақиқий уйғониш – демократик ёлғонларга алданиш эмас, балки Исломнинг адолатли бошқарувини қайта тиклаш орқали энг катта “Маъруф”ни барпо этиш ва куфр демократик низомларидек “Мункар”ни ҳаётимиздан улоқтиришдир. Ҳар бир мусулмон англаши керакки, иймон биздан шунчаки “яхши одам” бўлишни эмас, балки Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун курашувчи шахс бўлишни талаб қилади.
Аммо шуни унутмаслик керакки, бу улкан фарз фақатгина якка тартибда эмас, балки Аллоҳнинг буйруғи ва Пайғамбарлик манҳажи асосида тузилган (тўғри фикрат ва тариқатига эга), ақидаси соф ва ғоя-мақсади аниқ бўлган сиёсий жамоат билан биргаликда амалга оширилади. Зеро, бугунги кунда дунё миқёсида Исломий ҳаётни қайта бошлаш учун Халифаликни тиклаш йўлида фикрий ва сиёсий кураш олиб бораётган жамоат – умматнинг умид чироғидир. Ушбу жамоат сафида бўлиш, улар билан бирга “Маъруф”ни талаб қилиш ва “Мункар” тузумларни рад этиш – ҳар бир онгли мусулмон зиммасидаги шаръий бурчдир.
Фақатгина мана шундай уюшган ҳаракат ва ақлий иймон бирлашгандагина мусулмонлар яна дунёга адолат тарқатувчи етакчи умматга айланадилар.
Бугунги кунда бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Исломий ҳаётни қайта бошлаш учун фикрий ва сиёсий кураш олиб бораётган, куфр тузумларининг маккорликларини фош қилиб келаётган жамоат – Ҳизб ут-Таҳрирдир. Ушбу жамоат сафида бўлиш, у билан биргаликда “Маъруф”ни (Ислом низомини) талаб қилиш ва “Мункар” (инсонлар чиқарган қонунлар)ни ҳаётимиздан ҳайдаб чиқариш учун ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги шаръий бурчдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ ۚ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
– “Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган бир жамоат бўлсин”. (Оли Имрон:104)
Салоҳиддин
05.01.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ