Картадаги “дахлсиз” қолдиқ ортида нима бор?
Картадаги “дахлсиз” қолдиқ ортида нима бор?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Жорий йилнинг 15 апрелидан бошлаб Ўзбекистон банк-молия тизимида гўёки “инқилобий” ва “инсонпарвар” янги тартиб кучга кирди. Uzcard тўлов тизими ва иштирокчи банкларнинг расмий хабарларига кўра, эндиликда фуқароларнинг банк карталаридан қарздорлик ва бошқа мажбуриятлар учун маблағларни автоматик (акцептсиз) ечиб олишда қатъий чеклов ўрнатилди. Унга кўра, карта баланси ҳеч қачон “нол”га туширилмайди ва унда камида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 баравари, яъни 1 236 000 сўм миқдоридаги маблағ дахлсиз қолдирилади (gazeta.uz).
Ушбу янгилик Humo тизимида ҳам тез орада жорий этилиши кутилмоқда. Расмий доиралар бу қарорни “инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси, фуқароларнинг энг зарур эҳтиёжларини ҳимоя қилиш йўлидаги улкан қадам сифатида тақдим этмоқда. Бироқ ушбу “саховат”нинг парда ортидаги асл моҳияти, иқтисодий тузоқлари ва сиёсий манипуляцияларини синчковлик билан таҳлил қилсак, манзара мутлақо бошқача экани аён бўлади. Бу қарор халқнинг мушкулини осон қилиш эмас, балки тизимли инқирозни вақтинчалик бўяб кўрсатишга қаратилган қадамлардир.
Энг аввало, белгиланган 1 236 000 сўмлик сумманинг моҳиятига эътибор қаратсак. Бугунги Ўзбекистон бозоридаги ижара, нарх-наво, тинимсиз ошаётган коммунал тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон нархлари билан солиштирганда, бу сумма инсоннинг муносиб яшаши учун эмас, балки фақат “ўлиб қолмаслиги” учун белгиланган чегара экани кўринади. Ҳукумат воқеликни умуман эътиборга олмай, инсоннинг яшаш харажатларини шунчалик паст баҳоламоқда. Демак, бу ерда мақсад фуқаронинг моддий фаровонлигини таъминлаш эмас, балки унинг нафратини жиловлаш, охирги нонидан айрилган одамнинг кўчага чиқиб норозилик билдиришининг олдини олишдир. Бу сумма инсонни тирик сақлаб туриш ва эртага яна ишга бориб, банк учун янги фоизлар ишлаб топишини таъминлаш учун берилган “энергетик қувват” холос.
Ушбу тартибнинг иқтисодий зарари қарздорнинг зиммасига янада оғирроқ юк бўлиб тушади. Капиталистик банк мантиғига кўра, қарздорлик тўлиқ ёпилмас экан, вақт банк фойдасига ишлайверади. Картада “дахлсиз” қолган 1,2 миллион сўм эвазига кредитнинг асосий қисми ёпилмай қолади, бу эса ўз навбатида жами қарздорлик муддатини узайтиради. Банк тўланмаган сумма учун фоизлар, муддати ўтган қарздорлик учун пеня ва жарималар ҳисоблашни бир сонияга ҳам тўхтатмайди. Натижада, бугун қўлингизда қолган “хавфсиз” бир миллион сўм эртага икки ёки уч миллион сўмлик қўшимча қарз занжири бўлиб бўйнингизга қайтади. Бу “енгиллик” аслида халқни сурункали қарздорлик ботқоғига янада чуқурроқ ботириш учун ўйлаб топилган механизмдир. Банклар учун “бир марталик фойда”дан кўра, қарздорларни йиллар давомида “соғиб туриш” анча манфаатлироқдир.
Бу каби тажрибани ўзбек режими ва униниг молиявий тизимлари капиталистик Ғарб давлатларининг энг шафқатсиз ва айёр методларидан ўзлаштирган ҳолда жорий этмоқда. Ғарб капитализмида, айниқса АҚШ ва Германия каби давлатларда “истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ниқоби остида инсонни тизим ичида мажбурий ушлаб туришнинг айни шундай моделлари мавжуд. Масалан, Германияда “Pfändungsfreigrenze” деб аталган, мусодара қилиниши тақиқланган минимал яшаш суммаси бор. Бироқ Ғарб бу тизимни қўллаётганда “қулни узоқроқ ишлатиш учун унинг қорнини тўйдириб туриш керак” деган мантиқ билан яшаш минимумини бироз юқорироқ белгилайди. Ўзбек режими эса ушбу моделнинг фақат банкларни қутқарадиган ва халқни алдайдиган ташқи кўринишини олди-ю, унинг ичидаги энг кичик ижтимоий имтиёзларни ҳам бахиллик билан кесиб ташлади. Натижада, Ғарбнинг “капиталистик қулдорлик” модели бизда инсонни фақат нафас олишига имкон берадиган даражада – энг қашшоқ ва шафқатсиз кўринишда намоён бўлмоқда. Бу – Ғарб капиталистик зулмининг маҳаллий шароитга мослаб янада аёвсизлаштирилган нусхасидир.
Бу чоранинг асосий мақсади – банк тизимининг касодга учраши олдини олишдир. Сўнгги йилларда мусулмон халқимиз орасида эътиқодий қарашлари учун ҳам, ҳаётий воқелик сабабли ҳам банк тизимига нисбатан ишончсизлик кайфияти кескин ошди. Одамлар маош ёки бошқа тўловлар тушиши билан картадаги пулни дарров нақдлаштириб олишга одатланди, чунки картада пул турса, банк уни қарздорлик баҳонаси билан “шипириб” олиши ҳаммага маълум. Нақд пулнинг банк тизимидан чиқиб кетиши эса, банкларнинг янги кредитлар бериш ва айланма маблағ яратиш имкониятини бўғиб қўйди. Эндиликда “пулингизнинг бир қисми дахлсиз” деган ваъда билан ҳукумат халқни ўз пулини картада сақлашга, яъни банк тизими ичида қолдиришга ишонтирмоқчи. Бу эса банкларга миллионлаб одамларнинг картасидаги “дахлсиз” бир миллионлардан йиғиладиган миллиардлаб маблағларни бепул ишлатиш, уларни қайтадан кредит сифатида чиқариш имконини беради.
Бундан ташқари, хабардаги техник “тузоқ”, яъни мижоз бир марталик код (OTP) билан тасдиқлаган ҳолатларда маблағ тўлиқ ечилиши мумкинлиги ҳақидаги банд банклар учун катта имконият қолдиради. Банклар эндиликда турли мобил иловалар, психологик босимлар ёки хизматларни чеклаш орқали мижозларни ўша “дахлсиз” пулларини ҳам ўз қўллари билан топширишга мажбур қилади. “Биз мажбуран ечмаяпмиз, мижознинг ўзи рози бўлиб тасдиқлади” деган “ҳуқуқий” баҳона билан банклар ўз жавобгарлигини соқит қилади. Бу эса ҳукуматнинг “биз сизни ҳимоя қиляпмиз” деган ваъдаси шунчаки қоғоздаги баландпарвоз сўзлар эканини яна бир бор исботлайди.
Халқимиз англаши керак бўлган энг аччиқ ҳақиқат шундаки, бу янги тартиб инсонни қадрлаш эмас, балки уни бошқариладиган қарздорга айлантириш тизимидир. Ҳақиқий иқтисодий енгиллик картадаги арзимас қолдиқ билан эмас, балки инсонни қарзга ботирмайдиган адолатли иқтисодий сиёсат билан юзага келади. Ҳозирги ҳолат эса, худди занжирбанд ва букчайиб ўтирган одамнинг занжирини бир неча сантиметрга узайтириб қўйиб, “биз сизга енгиллик бердик” дейишга ўхшайди. Занжир барибир бўйинда, қул барибир тутқунликда қолмоқда. Халқимиз бу каби “саховат”лар замирида ётган иқтисодий манфаатларни англаши ва ҳукуматнинг бу манипуляциясига алданмаслиги керак. Кредит каби капиталистик босим занжирини чиройли мато билан ўрашгани унинг моҳиятини ўзгартириб қўймайди. Тўғри ечим – банкнинг “марҳамати”да эмас, балки капиталистик демократия тузуми ва унинг иқтисодий низомининг ўзини инкор этишдадир.
Зеро, инсонни хўрловчи мазкур капиталистик тузум ҳаётдан улоқтирилмас экан, ҳеч қандай “ислоҳот” халққа нажот бўла олмайди. Бу тузум ўз табиатига кўра судхўрлик, адолатсизлик ва инсон меҳнатини эксплуатация қилишга асосланган. Қайси соҳада бўлмасин, олиб борилаётган ўзгаришлар, аслида, оддий халқнинг оғирини енгил қилиш учун эмас, ҳокимият тепасидаги бир тўп амалдорлар ва уларнинг ортида турган мустамлакачи кофир хўжайинларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади. Улар учун халқ фақатгина солиқ ва фоизлар тўловчи ресурс холос. Банк тизимини қутқаришга қаратилган ҳар бир қадам мустамлакачиларнинг молиявий занжирларини янада мустаҳкамлайди ва маҳаллий ҳукмдор-корчалонларнинг уларга бўлган садоқатини таъминлайди.
Инсониятга ҳақиқий адолатни ўрнатувчи ва инсонни инсонга қуллик қилишдан қутқарувчи ягона низом бу – Ислом низомидир. Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилувчи Халифалик давлати тикланмас экан, халқ мана шундай иқтисодий тузоқлар ва сиёсий майнавозчиликлар ичида қолаверади. Халифалик давлатида иқтисод судхўрлик (рибо) устига эмас, балки бойликни адолатли тақсимлаш устига қурилади. Аллоҳ таоло айтади:
أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ ۚ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِّقَوْمٍ يُوقِنُونَ
– “Жоҳилият (динсизлик) ҳукмини истайдиларми? Ишончи комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?” (Моида:50)
Салоҳиддин
27.04.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми