Эроннинг музокаралар стратегияси: ўзгарувчанлик ва собитқадамлик ўртасида
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эроннинг музокаралар стратегияси: ўзгарувчанлик ва собитқадамлик ўртасида
«Форс» ахборот агентлиги 2026 йил 2 май куни Эрон Покистон орқали Американинг 9 банддан иборат таклифига жавобан 14 банддан иборат таклиф тақдим этганини эълон қилди. Унда Эроннинг “қизил чизиқлари” ва урушни тугатиш бўйича аниқ “йўл харитаси” акс этган. Эроннинг «Тасним» агентлиги 2026 йил 3 май куни хабар беришича, Америка таклифи икки ойлик ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олган, Эрон таклифи эса, барча масалаларни 30 кун ичида ҳал қилишга урғу берган.
Эрон таклифи қуйидаги асосий нуқталарга эътибор қаратган:
- Урушни ҳар томонлама ва узил-кесил тугатиш;
- Ҳарбий тажовуз қайта содир бўлмаслигини кафолатлаш;
- Америка кучларини Эрон атрофидан олиб чиқиб кетиш;
- Денгиз қамалини бекор қилиш;
- Эроннинг музлатилган активларини (маблағларини) озод қилиш ва товон пули тўлаш;
- Барча фронтларда, шу жумладан Ливанда урушни тўхтатиш;
- Ҳурмуз бўғози учун янги механизм жорий этиш.
Бундан аввал, 2026 йил 8 апрель куни «Тасним» агентлиги Эрон томонидан тақдим этилган 10 банддан иборат таклифни эълон қилган эди, улар қуйидагилар:
- Американинг тажовуз қилмаслик бўйича кафолатлар бериш борасидаги дастлабки мажбуриятни зиммасига олиши;
- Ҳурмуз бўғози устидан Эрон назоратининг давом этиши;
- Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш;
- Барча бирламчи санкцияларни бекор қилиш;
- Барча иккиламчи санкцияларни бекор қилиш;
- Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ижросини тўхтатиш;
- Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бошқарувчилар кенгаши қарорларини бекор қилиш;
- Уруш туфайли Эронга етказилган зарарлар учун товон пули тўлаш;
- Америка жанговар кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш;
- Барча фронтларда, шу жумладан, Ливанда урушни тўхтатиш.
Агентликнинг қайд этишича, «Трамп Эрон шартларини келгуси музокаралар учун бошланғич асос сифатида қабул қилган».
Икки таклиф ўртасидаги бандларда айрим ўзгаришлар кўзга ташланади: аввалги таклифда Эрон «Ҳурмуз бўғози устидан Эрон назоратининг давом этиши»ни талаб қилган бўлса, эндиликда у «Ҳурмуз бўғози учун янги механизм жорий этиш» шаклига ўзгарди. Бу эса муайян ён бериш сифатида кўрилмоқда.
Биринчи таклифда «Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш» банди бор эди, бироқ иккинчи таклифда бу банд ҳақида ҳеч нарса эълон қилинмади! Кўриниб турибдики, бу ерда ўзгариш юз берган ва уни атайлаб тилга олмасликка ҳаракат қилинган. Ваҳоланки, музокараларнинг асосий мавзуси айнан шу масала бўлгани учун ундаги ўзгаришларни билиш зарур, токи ён бериш даражаси қанчалик эканлиги англаб етилсин.
Аввалги таклиф «Америка жанговар кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш»ни ўз ичига олган эди. Кейингиси эса «Америка кучларини Эрон атрофидан олиб чиқиб кетиш»ни ўз ичига олди. Яъни, Америка кучларининг бутун минтақадан эмас, балки фақат Эрон атрофидан олиб чиқиш назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳам ён бериш мавжудлиги кузатилмоқда.
Шунингдек, «Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ижросини тўхтатиш» ва «Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бошқарувчилар кенгаши қарорларини бекор қилиш» каби икки банднинг тақдири номаълумлигича қолди. Маълумки, бу икки бандни амалга ошириш осон эмас, чунки уларда Британия ва Франция каби бошқа тарафлар ҳам бор. Уларнинг Эронга нисбатан ҳамда уларни Эрон мавзусига шерик қилишни истамаётган Америкага нисбатан позициялари фарқлидир. Америка улардан ва бошқа Европа давлатларидан фақат ўз хизматчисидек фойдаланишни истайди, худди улардан Ҳурмуз бўғозини куч билан очиш учун Эронга қарши ҳаракат қилишни талаб қилганидек.
Зеро, Американинг мақсади — 2015 йилги Эрон ядровий дастури бўйича келишувда иштирок этган бошқа тарафларни четлатиш, Эрон масаласида якка ҳукмрон бўлиш ва у билан якка тартибда икки томонлама келишув тузишдир. Бу сиёсат Трампнинг биринчи президентлик даврида, 2018 йили АҚШнинг мазкур келишувдан чиққанини эълон қилиши билан бошланган эди.
Кўриниб турибдики, Эрон бу икки талабидан воз кечган ёки уларга ўзгартириш киритилган. Америка эса Халқаро Атом Энергияси Агентлигини (МАГАТЭ) Эроннинг ядровий ҳаракатларини кузатиб, унинг устидан босим ўтказувчи “қурол” сифатида сақлаб қолмоқчи. Зеро, Эрон 2015 йилдаги келишувда бунга рози бўлган эди. Ушбу келишув Эрон учун таҳқирли бўлиб, унинг ядровий дастурини чеклаган, уран бойитиш даражасини 3,67% миқдорида белгилаган ва уни халқаро назорат остига қўйган эди. Айнан шу келишув Эрон учун бугунги барча муаммоларга сабаб бўлди: тафтиш гуруҳлари ядровий реакторларга тўсатдан кириб келади, нима содир бўлаётганини кузатади ва Америка таъсири остида бўлган ушбу агентлик орқали билвосита Америкага ҳисоботлар юборади. Агентлик Эроннинг марказдан қочма қурилмалар (центрифугалар) сонини кўпайтириш ва бойитиш фоизини ошириш орқали ўз ядровий дастурини ривожлантириш устида ишлаётганини пайқаб қолган.
Маълум қилинишича, 2026 йил 11 апрель куни Покистонда Америка ва Эрон делегациялари ўртасидаги биринчи учрашувда, 4 ойдан 6 ойгача давом этадиган ҳар томонлама музокараларга тайёргарлик сифатида 45 кунлик «доиравий келишув»ни имзолашга яқин келинган эди. Бироқ, Эрон Американи ўша келишувлардан чекинганликда ва «ҳаддан ташқари юқори» деб баҳоланган талабларни ўртага ташлаганликда айбламоқда. Бу эса 2026 йил 21 апрелда Покистонда ўтилиши режалаштирилган иккинчи босқич музокаралари ҳамда 25 апрелдаги делегациялар учрашувининг бекор бўлишига олиб келди.
Американинг «Axios» сайти 2026 йил 27 апрелда америкалик мулозим ва хабардор манбаларга таяниб хабар беришича: «Эрон покистонлик воситачилар орқали Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ва урушни тугатишга қаратилган янги таклиф тақдим этди, бунда ядровий дастурга оид музокаралар кейинги босқичга қолдирилади. Ушбу таклиф Эрон Ташқи ишлар вазири Ароқчининг Покистонга ташрифи чоғида муҳокама қилинган бўлиб, унда Ҳурмуз бўғози инқирози ва Американинг Эрон портларини денгиз орқали қамал қилишини ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланган». Баъзилар буни Эроннинг юқори доиралари томонидан бошқарилаётган музокаралар стратегиясидаги бурилиш деб ҳисобламоқда. Бу стратегия бошқа мавзуларга ўтишдан олдин Америка билан уруш ҳолатини тугатишни устувор вазифа қилиб белгилайди. Эроннинг энг муҳим талабларидан бири — урушни узил-кесил тўхтатиш ва унинг қайталанмаслиги бўйича кафолатлар олишдир. Бу Эроннинг янги таклифидаги марказий нуқта деб қаралди.
Шундай қилиб, Эрон мавзуларни бир-биридан ажратишга ва Ҳурмуз бўғози инқирозини ҳал қилишдан бошлашга интилмоқда. Америка эса барча масалаларни ядровий мавзуга боғлашда ва уранни топширишни ҳар қандай келишувнинг асосий шарти (кириш эшиги) деб ҳисоблашда оёқ тираб олмоқда.
Кўриниб турибдики, Эрон Американинг улкан ҳарбий қудрати ҳамда жаҳон миқёсидаги иқтисодий ва сиёсий имкониятлари қаршисида ўзининг ҳажми, қудрати ва воқелигини англаб етмоқда. Шу сабабли у Америка билан уруш давом этишини истамайди, балки уни тугатиш ва ўз мавжудлигини сақлаб қолишни хоҳлайди. Чунки у Эрон ери ва халқига хос бўлган давлатдир, яъни у миллий давлат ҳисобланади.
Миллий давлат ўз ҳудудида ва ўзи бошқараётган одамлар орасида омон қолишга ҳарис бўлади. Агар унинг каттароқ амбициялари бўлса, таъсир доирасига эга минтақавий давлат бўлишга интилади. Агар у ушбу манфаатларга бирор йирик давлатнинг орбитасида юриш орқали эришиш мумкинлигини кўрса, бундан асло қайтмайди. Эрон ҳам минтақавий нуфузга эга бўлиш учун ўн йиллар давомида Америка измида юриб, ана шундай хатарли йўлни босиб ўтди. Қачонки у белгиланган чегарадан чиққанида ва Америка унинг қудратини жиловлаб, ўзига тўлиқ қарам давлатга айлантиришни истаганида, унга қарши ушбу тажовузни бошлади. Шундан сўнг Эрон ён беришларни бошлади.
Бу эса ён бермайдиган ва собит турадиган мабдаий (мафкуравий) давлатнинг аксидир. Чунки мабдаий давлат учун ён беришнинг баҳоси собит туриш баҳосидан анча қимматга тушади. Собит туриш зарар ва азиятларга дучор қилса-да, лекин якунда бундай давлат ғалаба қозонади. Ён бериш эса — бу давлат тақдири билан ўйнашишдир: у ё вужудни бутунлай ҳалок қилади, ёки уни ҳеч нарсага қодир бўлмаган заиф ҳолга келтириб қўяди.
Мабдаий давлат бирор йирик давлатга қарам бўлишни ҳам, унинг измида юришни ҳам рад этади. У то ўзига лойиқ бўлган марказга эришгунча ва ўз мабдасини оламга ёйгунга қадар тошларни ёриб бўлса-да, ўз йўлини очади. Бундай ҳолатни фақатгина яқин кунларда, Аллоҳнинг изни билан, барпо бўлажак пайғамбарлик манҳажи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатидагина тасаввур қилиш мумкин.
Устоз Асъад Мансур
Роя газетасининг 2026 йил 6 май чоршанба кунги 598-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми