Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (fergana.agency 25.05.2026й): Туркия расмийларининг яқинда бўлиб ўтган кенг кўламли EFES-2026 ҳарбий машғулотлари фонида берган баёнотлари Анқара ва Тошкент ўртасидаги ҳарбий мулоқот мазмунига ойдинлик киритди.
Изоҳ: Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлернинг маълум қилишича, Анқара Ўзбекистон қуролли кучларини ислоҳ қилишда кўмаклашиш учун мамлакатга маслаҳатчи ҳарбий гуруҳ юборган. Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ўз армия тузилмасини худди Озарбайжон каби Туркия андозалари асосида қайта қуришдан манфаатдор. Ушбу баёнотлар жорий йилнинг 23 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Метин Гюрак ўртасида Тошкентда бўлиб ўтган, аммо тафсилотлари очиқланмаган учрашувнинг асл моҳиятини очиб берди. Бу ҳамкорлик жорий йилнинг январ ойида икки давлат мудофаа вазирлари имзолаган қўшма режанинг амалий ижроси бўлиб, у ўқув машғулотлари, кадрлар тайёрлаш ва Озарбайжонда синовдан ўтган “Байрактар” дронлари каби ҳарбий технологиялар интеграциясини ўз ичига олади. Ушбу ҳарбий яқинлашув ортида АҚШнинг узоқни кўзлаган стратегик режалари тургани эҳтимоли жуда юқори. Чунки Туркия ташқи сиёсатда, айниқса глобал ва стратегик ҳарбий масалаларда АҚШ орбитасида сиёсат юргизади. Вашингтон Марказий Осиё минтақасига кириб келишда Туркиядан “юмшоқ куч” ва прокси сифатида фойдаланмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – минтақа давлатларини, хусусан, Ўзбекистонни Россиянинг ҳарбий ва сиёсий ҳукмронлиги остидаги КХШТ (ОДКБ) каби тузилмалардан узоқлаштириш, уларнинг армиясини Ғарб ва НАТО стандартларига мослаштириш орқали Москва таъсирини заифлаштиришдир. АҚШ Яқин Шарқда ботиб қолган ва минтақада ўз таъсирини тўғридан-тўғри тиклашга ожизлик қилаётган бир пайтда, Анқара орқали Кремл ўзининг “орқа ҳовлиси” ҳисоблайдиган минтақага суқулиб кирмоқда. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон азалдан Россиянинг қаттиқ сиёсий ва ҳарбий таъсири остидаги ҳудуд бўлиб келганини ҳисобга олсак, Тошкентнинг бундай қадамлари Кремлнинг жиддий норозилигини келтириб чиқариши турган гап. Россия ўз хавфсизлик ҳудуди ҳисоблайдиган минтақада Туркиянинг ҳарбий маслаҳатчилари пайдо бўлишини ва ўзбек миллий армиясининг НАТО андозасида қайта шаклланишини ўзига нисбатан очиқ чақириқ ва таҳдид деб қабул қилади. Вазият шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон йирик геосиёсий кучлар тўқнашув майдонига айланиб бормоқда ва ўзбек режими кимнинг тоши оғирроқ келса, ўшани этагидан тутишга интилмоқда. Бироқ бундай тобелик сиёсати ўз мустақил ҳарбий саноатимизга эга бўлиш учун ҳам, халқимиз фаровонлиги учун ҳам хизмат қилмайди.
Хабар (daryo.uz 29.05.2026й): “Бунинг самарасини минглаб инсонлар ҳис қилади” — Саида Мирзиёева ҚҚС чегараси 5 млрд сўмгача оширилгани ҳақида.
Изоҳ: Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу янгиликни тадбиркорлар учун катта енгиллик ва минглаб инсонлар ҳис қиладиган ижобий самара сифатида тақдим этди. Расмий доираларнинг бундай баландпарвоз баёнотлари ортида аслида “қора бозорда” юрган тадбиркорларни алдов йўли билан расмий тизим тўрига илинтириш учун қўйилган иқтисодий тузоқ яширинган. Ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамасисиз, бир кунда тезкорлик билан қабул қилинган ва Саида Мирзиёеванинг шахсий ташаббуси сифатида эълон қилинган бу фармон, узоқ йиллардан бери ечилмай келаётган тизимли муаммоларни гўёки бир лаҳзада ҳал қилувчи сеҳрли таёқчадек кўрсатилмоқда. Янги тартибга кўра, ҚҚС ставкасини 6 фоизга тушириш эвазига харид қилинган товарлар бўйича тўланган солиқни ҳисобга олиш, яъни “зачёт” ҳуқуқининг берилмаслиги тадбиркор учун енгиллик эмас, балки молиявий тузоқдир. Масалан, кафе ўз фаолияти учун маҳсулот сотиб олаётганда тўлаган ҚҚСни эндиликда “зачёт” қилолмайди ва бу маблағ куйиб кетади. Кейин тайёр таомни сотганда яна қайтадан 6 фоиз солиқ тўлайди. Бу солиқ устига яна солиқ қўшилишини англатади. Энг ёмони, илгари солиқ тўламай арзонроқ нарх ушлаб турган кичик тадбиркорлар мажбуран “оқартирилиб”, солиқ тўлашларига тўғри келади. Бу солиқ юки эса, барибир таннархга ўтириб, нархларнинг ошишига олиб боради. Фойда солиғининг 0 фоиз қилиб қўйилиши эса, шунчаки чалғитувчи хўракдир. Ўзбек режими Ғарб судхўрлик ташкилотларидан олаётган улкан ташқи қарзларни қайтариш ва бюджетдаги тешикларни ямаш учун солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган мана бундай “ислоҳот”лари билан қимматчилик келтириб чиқариши аниқ. Чунки бу фармон 600 мингдан ортиқ кичик тадбиркорга таъсир қилиши ва бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум олиб келиши прогноз қилингани шунга далолат қилмоқда. Ана шу триллионлаган маблағлар охир-оқибат халқ чўнтагидан юлиб олинади. Энг ачинарлиси, соҳа мутахассислари ва иқтисодчилар халқ зиммасига тушадиган янги юкларни яхши билсалар-да, лом-мим демай жим ўтиришибди. Халқимиз англаб етиши керакки, бозор иқтисодиёти ва капиталистик тузумда давлат оддий халқ учун қайғурмайди. Шунинг учун бу золимона тузумни инкор этиб, Исломни низом сифатида татбиқ қилсаккина, ношаръий солиқлар зулмидан бутунлай қутуламиз иншаАллоҳ.
Хабар (uzdiplomat 29.05.2026й): Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажми камайишда давом этаётган бир пайтда газ экспорти сезиларли даражада ошган.
Изоҳ: Давлат статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, апрел ойида Ўзбекистон 92,7 миллион долларлик табиий газ экспорт қилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган март ойидаги рақамлардан нақд уч баравардан кўпроқдир. Энг қизиғи, бундай улкан ҳажмдаги экспорт ўсиши мамлакатда газ қазиб олиш суръатлари изчил равишда камайиб бораётган бир даврда кузатилмоқда. Шу билан бир вақтда, газ импорти ҳажми эса 147,8 миллион долларгача камайган, бироқ мазкур рақамлар таркибига ҳам табиий газ, ҳам суюлтирилган газ аралаштириб юборилгани сабабли, уларнинг алоҳида-алоҳида статистикаси жамоатчиликдан сир тутилмоқда. Таниқли иқтисодчи Отабек Бакировнинг ҳисоб-китобларига кўра, апрел ойида мамлакатда қазиб олинган жами табиий газнинг 15 фоиздан зиёд қисми ички бозорни четлаб ўтиб, ташқи бозорларга йўналтирилган бўлиши мумкин. Хўш, бу қандай иқтисодий схема ва у кимнинг манфаатларига хизмат қилмоқда? Аҳоли қишда газсиз, саноат эса чекловлар билан яшаётган бир пайтда, ички захираларни тўлдириш ўрнига газни хорижга пуллаш ортида нима турибди? Ўзбекистон айни пайтда баҳор-ёз мавсумида ички эҳтиёжларни қондириш ва энг муҳими – бўлажак куз-қиш мавсуми учун ер ости омборларига газ захирасини жамлаш вазифаси олдида турибди. Бундай стратегик паллада тайёр хомашёни хорижга сотиб юбориш, бошқа томондан эса минглаб километр узоқликдан қиммат нархда суюлтирилган газ импорт қилиш ҳеч бир соғлом иқтисодий мантиққа тўғри келмайди. Ҳеч қандай изоҳларсиз амалга оширилаётган бундай шубҳали ҳаракатлар аслида мавжуд режим томонидан миллий бойликларни очиқчасига талон-торож қилиш схемасидир. Агар бу ерда яширин манфаатлар ва тизимли ўғрилик бўлмаганида, энергетика шартномалари, импорт ва экспорт нархларининг аниқ статистикаси халқдан бу қадар сир тутилмас эди. Шунинг учун ҳам бугунги капиталистик тузумдан воз кечиб, Исломни низом сифатида татбиқ этувчи Халифалик зарур. Мана шунда табиий бойликлар уммат манфаати учун сарф қилинади иншаАллоҳ.
Хабар (daryo.uz 02.06.2026й): Баку энергетика ҳафталиги доирасида «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Сангиновнинг British Petroleum (BP) компанияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Изоҳ: Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидаги лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш ва стратегик шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сангинов лойиҳа ижросини жадаллаштириш мақсадида бурғилаш ишларини 2027 йилнинг охирига қадар бошлаш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бундан ташқари, учрашувда сейсмик маълумотларни таҳлил қилиш учун юқори унумдорликка эга ҳисоблаш тизимлари ва алгоритмларни қўллашни ўз ичига олган замонавий технологияларни соҳага жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Британия компанияси Ўзбекистоннинг ушбу тармоғига рақамли ечимлар ҳамда технологик инновацияларни олиб киришга тайёрлигини билдирди. Маълумотларга кўра, мазкур компания Устюртдаги лойиҳадан 40% улушни сотиб олган. Расмий даражада оддий иқтисодий ва технологик ҳамкорлик сифатида тақдим этилаётган ушбу келишув аслида Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда Британиянинг мустамлакачилик сиёсати илдиз отаётганидан далолат берувчи йирик геосиёсий қадамдир. Ғарбнинг энг йирик трансмиллий корпорацияларидан бири бўлган BPнинг Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятга эга Устюрт минтақасига кириб келиши ва жараёнларни тезлаштиришга интилиши шунчаки оддий бизнес лойиҳаси эмас. Аслида, бу минтақа тўлиқ Россиянинг сиёсий ва иқтисодий таъсир доирасида бўлиб келган ва Москва ҳанузгача бу ердаги энергетика оқимларини ўз назоратида ушлаб туришга интилади. Минтақага йиллар давомида кўз тикиб келаётган Америка эса, айни пайтда Яқин Шарқдаги сиёсий ва ҳарбий можаролар ботқоғига ботиб қолгани сабабли, Марказий Осиёдаги фаоллигини сусайтиришга мажбур бўлди. Бундай вазиятда саҳнага Британия ўз корпорациялари орқали чиқиб келмоқда. Юқори технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этиш ваъдаси ортида, аслида мамлакатнинг стратегик энергетика захиралари ва сейсмик маълумотлари устидан инглиз капитали назоратини ўрнатиш мақсади ётибди. Ўзбекистон ҳукуматининг бундай стратегик конларни Ғарб гигантларига топширишга ошиқиши, амалда табиий бойликларни хорижга пуллаш ва мамлакатни иқтисодий жиҳатдан янада қарам ҳолатга тушишига олиб боради. Ўзбек ҳукуматининг бундай қадамлари оддий халқ бойлигини талон-торож қилиш занжирининг навбатдаги бўғинидир. Бу каби мустамлакачилик занжирларидан халос бўлишнинг ягона йўли эса, Халифалик давлатини тиклашдир. Зеро, Халифаликкина мусулмонларнинг табиий бойликларини ҳимоя қиладиган қалқондир.
Хабар (kun.uz 02.06.2026й): Педагог ва ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқ давлат мактаблари бугун таълим беришдан кўра кўпроқ ижтимоий вазифани бажараётганини ва қийин аҳволга тушиб қолганини таъкидлади.
Изоҳ: Унинг фикрича, энг иқтидорли ўқувчилар ва кучли ўқитувчилар Президент мактабига, хусусий мактабларга ўтиб кетгани ортидан давлат мактабларида интеллектуал ва ахлоқий камбағаллашиш кузатилмоқда. Ҳамид Содиқ интернетда тарқалаётган мактаб можаролари аслида тизимдаги реал аҳволнинг бир фоизи ҳам эмаслигини, таълим муассасаларида болалар билан боғлиқ даҳшатли жиноятлар ва ахлоқий муаммолар яшириб келинаётганини қайд этди. У давлат мактабларининг бугунги асосий вазифаси миллионлаб болаларни эрталаб соат 8 дан кундузги 13 гача шунчаки бир ҳудудда ушлаб туришдан иборат бўлиб қолганини ҳамда тизимга Миллий гвардия каби “погонлилар”нинг аралашуви мактабларни борган сари қамоқхонага ўхшатиб қўяётганини танқид қилди. Расмий даражада таълим сифатини ошириш ёки хавфсизликни таъминлаш баҳонаси билан тақдим этилаётган бундай чора-тадбирлар ортида аслида жамоатчиликдан яширилаётган мутлақо бошқа сиёсий мақсадлар ётибди, деб бемалол айтиш мумкин. Давлат мактабларининг мажбурий тарзда болаларни маълум вақт ушлаб турувчи лагерга айлантирилиши ва у ерга қуролли посбонларнинг жойлаштирилиши ҳукумат даъво қилаётганидек хавфсизликни таъминлаш эмас, балки ёш авлодни қаттиқ сиёсий назорат остида сақлаш механизмидир. Амалдаги режимнинг энг катта қўрқуви – назоратдан чиққан, мустақил фикрлайдиган ва айниқса Исломни ўрганишни ва уни ўз ҳаёти, ҳатто жамиятда татбиқ қилишни хоҳлайдиган ёшлар қатламининг шаклланишидир. Давлат учун мактабдаги таълим сифати ёки ўқувчининг интеллектуал даражаси эмас, балки уларнинг ҳар сонияда давлатнинг “кўз ўнгида” бўлиши, мафкуравий жиҳатдан жиловланиши ва ҳар қандай диний-сиёсий фаолликдан узоқ тутилиши биринчи даражали аҳамиятга эга. Мактабларни қамоқхона режимига мослаштириш, болаларни мажбуран бино ичига банд қилиш орқали ҳукумат потенциал ижтимоий портлашлар ва тизимга хавф туғдириши мумкин бўлган омилларнинг олдини олишни кўзламоқда. Аммо ўзбек режимининг бундай назоратга интилиши Аллоҳнинг иродаси олдида ҳеч нарса эмас. Зеро, тарихдан маълумки, Фиръавн ўз бағрида унинг золимона ҳукмронлигига нуқта қўйган Мусо алайҳиссаломни улғайтирган!
Хабар (qalampir.uz 03.06.2026й): Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербоев томонидан ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд пул қабул қилинмаётганлиги бўйича «Las and Group» МЧЖга нисбатан киритилган даъво аризаси юзасидан олиб борилган фуқаролик суди ўз ниҳоясига етди.
Изоҳ: Жорий йилнинг 3 июн куни бўлиб ўтган якуний суд мажлисида, судья Шахноза Ибрагимова даъвогар Расул Кушербоевни нақд пул маблағларини қабул қилишдан бош тортишдаги хатти-ҳаракатни ноқонуний деб топиш ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги шикоят аризасини бутунлай рад этди ҳамда даъвогарнинг бўйнига 824 минг сўм давлат божи тўлашни юклади. Ушбу суд жараёни ва чиқарилган қарор – Ўзбекистон ичида йиллар давомида катта дабдаба ва миллионлаб маблағлар эвазига тарғиб қилиб келинаётган янгиланган конституциянинг аслида қанчалик ботил ва пуч эканлигининг энг ёрқин намунасидир. Мажлис давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакили фуқаронинг нақд ва нақдсиз шаклда тўлов қилиш ҳуқуқи қонунан мавжудлигини ва бу ерда истеъмолчи ҳуқуқи бузилаётганини очиқ тан олди. Ҳатто Фуқаролик кодекси ва Марказий банк тўғрисидаги қонунларда тўловлар нақд миллий валютада тўсиқсиз қабул қилиниши шартлиги ёзиб қўйилган. Бу ҳолат конституция ва қонунлар ҳукуматга фақатгина ўз манфаатларини халққа тиқиштириш, солиқ базасини кенгайтириш ва янги мажбуриятлар юклаш керак бўлгандагина ишлатилишини, одамлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга келганда эса, режим тап тортмай ўзи қабул қилган қонунларни оёғости қилишини яна бир бор исботлади. Айни пайтда, мазкур воқеа Кушербоевга ўхшаб демократияга маҳлиё бўлганлар учун катта бир дарс бўлиши лозим. Улар йиллар давомида эргашиб ва ишониб келаётган ғарбча ҳуқуқий тизим, инсон томонидан қабул қилинган қонунлар ва сохта демократик институтлар аслида бир саробдан иборатдир. Инсон тўқиб чиқарган қонунлар ҳеч қачон жамиятда адолатни қарор топтира олмайди, чунки бу қонунлар муайян сиёсий гуруҳлар хоҳиш-истакларига қараб исталган вақтда ўзгартирилади, бузилади ёки умуман инкор этилади. Шунинг учун мусулмон халқимиз, айниқса, зиёлий қатлам ниҳоят демократик конституция деган ботил ва сохта қонунлардан воз кечиб, илоҳий дастур – Ислом низомини ҳокимият тепасига олиб келиш учун белни маҳкам боғлашлари ва бу иш ҳозирда ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзларнинг тожи эканини англаб етишлари зарурдир!
Хабар (qalampir.uz 04.06.2026): Россия Президенти Владимир Путин Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Изоҳ: Константин саройида бўлиб ўтган ушбу суҳбат давлат раҳбарларининг охирги вақтлардаги учинчи юзма-юз мулоқоти ҳисобланади. Учрашув давомида президентлар видеоалоқа орқали Ўзбекистондаги интеграциялашган атом электр станциясининг (АЭС) биринчи энергоблоки қурилишига старт беришди. Маросимда МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси, “Росатом” раҳбари Алексей Лихачев ва “Ўзатом” агентлиги раҳбари Азим Ахмедхўжаев иштирок этди. Янги келишувга кўра, “Росатом” Ўзбекистонда ВВЭР-1000 реакторлари асосида иккита йирик қувватли энергоблок ва РИТМ-200Н реакторлари асосида ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга бўлган иккита кичик атом блокларини қуради. Шу тариқа, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АЭС қурилишини расман бошлаган давлатга айланмоқда. Глобал геосиёсий қарама-қаршиликлар, Украина уруши ортидан Ғарбнинг Россияга нисбатан қўллаётган мисли кўрилмаган санкциялари ва халқаро яккалаб қўйиш ҳаракатлари фонида ушбу ташриф жиддий сиёсий маънога эга. Кремл учун Марказий Осиё, хусусан, минтақанинг аҳоли энг зич яшайдиган ва иқтисодий салоҳияти юқори бўлган мамлакати – Ўзбекистон билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳаётий заруратдир. Россия ушбу АЭС лойиҳаси орқали нафақат йирик иқтисодий шартномани қўлга киритмоқда, балки Тошкентни кейинги 50-100 йил давомида ўзининг технологик, илмий ва энергетик таъсир доирасида ушлаб туриш имкониятига эга бўлмоқда. Чунки ядровий технологиялар, ёнилғи таъминоти ва мутахассислар тайёрлаш тизими тўлиқ Москвага боғланиб қолади. Ўзбекистон раҳбариятининг Ғарб ва Россия ўртасидаги кескинлик кучайган бир вақтда, Москва билан бу қадар стратегик ва ядровий соҳада яқинлашиши расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги “мувозанат сақлаш” принципини жон-жаҳди билан ушлашга уринаётганини кўрсатади. Ҳукумат энергетик инқирозни баҳона қилиб, АЭС қурилишини мажбурий чора сифатида кўрсатаётган бўлса-да, аслида бу қарор ортида Кремлнинг сиёсий босимлари ва минтақани Ғарб блокига қўшилиб кетишидан тўсиб қолиш стратегияси ётибди. Энг ёмони, ўзбек режимининг бундай узоқни кўрмай қилаётган шошилинч қадамлари жабрини оддий халқ тортишига тўғри келяпти. Зеро, “ҳаммани рози қилиш” сиёсати мусулмон халқимизга олдин ҳам, бундан кейин ҳам ҳеч бир яхшилик келтирмайди.
Салоҳиддин
06.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ
1447 ҲИЖРИЙ ЙИЛ МУБОРАК ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!