Уйғониш ва ҳалокат бўсағасидаги башарият

Уйғониш ва ҳалокат бўсағасидаги башарият
بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
Бугун башарият тарихий бурилиш палласида, моддий маданиятнинг энг юқори чўққиси ва айни пайтда сиёсий, фикрий ҳамда маънавий тубанликнинг энг қуйи нуқтасида турибди. Ғарб капиталистик мафкураси ва унинг етакчилигидаги мустамлакачи кучлар ўзларининг навбатдаги бутунжаҳон назорат воситасини қонунийлаштириш ва дунё халқлари устидан рақамли гегемонликни янада мустаҳкамлаш мақсадида янги бир тузоқни ошкор қилишди. Шанхай шаҳрида йигирма тўққиз давлат вакиллари, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Сунъий идрок соҳасидаги Бутунжаҳон ҳамкорлик ташкилотини (WAICO) тузиш бўйича келишув имзоланди. Ушбу халқаро ҳужжатнинг расмий шиори «сунъий идрок технологияларини масъулиятли ва хавфсиз ривожлантириш» деб эълон қилинган бўлса-да, аслида бу қадам инсоният онгини жиловлаш, жаҳондаги бойликларни тақсимлаш тизимини марказлаштириш ва жонланаётган Ислом умматининг фикрий уйғонишига қарши янги технологик қалқон яратишга қаратилган сиёсий манёврдан бошқа нарса эмас.
Кўп йиллик сиёсий кузатувлар ва мафкуравий таҳлиллар шуни кўрсатадики, куфр олами ҳеч қачон инсоният манфаати ёки хавфсизлиги учун қайғурган эмас. Уларнинг ҳар бир «бутунжаҳон ташаббуси» ортида маълум бир тор доирадаги мустамлакачи нуфуз эгаларининг манфаатлари ва ўз ҳукмронликларини мустаҳкамлаш истаги ётади. Бугунги кунда сунъий идрок технологиялари шунчаки илмий-техник тараққиёт маҳсули эмас, балки халқаро сиёсий майдонда давлатлар мавқеини, иқтисодий қудратини ва энг муҳими, халқларнинг фикрлаш тарзини белгиловчи стратегик қуролга айланиб улгурди. Бугунги мана шундай ўта долзарб вазиятда Буюк Ислом Уммати қаерда турибди? Нима сабабдан бир пайтлар илм-фан, маърифат ва сиёсий адолат машъаласи бўлган исломий ўлкалар бугун Ғарб ва Шарқнинг куч марказлари томонидан чизиб берилган рақамли кун тартибига кўр-кўрона эргашмоқда? Нима учун бизнинг устимиздаги ҳукм эгалари ўз халқларининг тақдирини Шанхайда ёки Вашингтонда тузилаётган, Ислом ақидасига мутлақо зид бўлган халқаро тузилмалар ихтиёрига топшириб қўймоқдалар?
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ لِيَصُدُّوا عَن سَبِيلِ اللَّهِ
«Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар…» (Анфол:36)
Шанхайда асос солинган ушбу янги халқаро ташкилот, гўёки мустақил ва ҳукуматлараро тузилма сифатида тақдим этилса-да, аслида у йирик мустамлакачи кучларнинг ўзаро манфаатларини мувофиқлаштирувчи ва заиф давлатларни рақамли қарамликда ушлаб турувчи янги бир кишандир. Дунёни капиталистик ахлоқсизлик ва моддий манфаатдорлик асосида бошқараётган тизимлар учун инсон фақатгина истеъмолчи, унинг онги эса, алгоритмлар ёрдамида бошқариладиган маълумотлар базасидир.
Ислом инсонни Аллоҳнинг ердаги Халифаси, ақл ва қалб эгаси, олий масъулиятли жонзот деб билади. Сунъий идрок технологияларининг бугунги Ғарб капиталистик вужуди назоратидаги шакли эса, инсон ақлини илоҳийлаштириш, уни Яратувчининг ҳикматидан устун қўйиш ва одамзотни иродасиз, фикрсиз бир маҳлуққа айлантириш хавфини туғдирмоқда. Мухлис сиёсатчиларимиздан бири таъкидланганидек: «Мустамлакачи кучлар илгари ўз қўшинлари билан тупроқларимизни босиб олган бўлсалар, бугунги кунда рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий идрок алгоритмлари орқали ёшларимизнинг қалби ва онгини истило қилмоқдалар. Бу истило анъанавий урушлардан кўра хавфлироқдир, чунки унда мағлуб бўлган томон ўз қуллигини озодлик деб қабул қилади».
Дунё сиёсий саҳнасида содир бўлаётган бу каби жиддий ўзгаришлар асносида исломий юртларнинг бугунги аянчли аҳволи, сиёсий тарқоқлиги ва фикрий заифлиги янада яққол кўзга ташланмоқда. Ислом уммати бир пайтлар дунё тамаддунини бошқарган, инсониятни зулматдан нурга олиб чиққан буюк бир куч эди. Аммо қачонки мусулмонлар ўзларининг ҳақиқий манбаи бўлмиш Қуръон ва Суннатдан узоқлашдилар, қачонки улар Исломни шунчаки расмиятчилик ва ибодатлардангина иборат дин деб тушуна бошладилар, мана шунда заифлик ва мағлубият бошланди. Бугунги кунда исломий ўлкалардаги мавжуд қўғирчоқ, ғарбпараст режимлар ўз халқларининг иқтисодий ва технологик салоҳиятини фақат мустамлакачилар манфаатларига хизмат қилдириш билан овора. Ислом олами улкан табиий бойликларга, ёш ва шижоатли аҳолига, стратегик жиҳатдан энг муҳим геосиёсий ҳудудларга эга бўла туриб, нега технология оламида фақатгина оддий истеъмолчи бўлиб қолмоқда? Нега бизнинг олимларимиз, муҳандисларимиз ва мутахассисларимиз Ғарб корпорациялари учун арзон ишчи кучи сифатида хизмат қилмоқда?
Жавоб битта: Ислом ўлкаларида Ислом ақидасига асосланган, Росулуллоҳ ﷺ устунларини мустаҳкам ўрнатган ва кейин рошид халифалар давом эттирган исломий низом мавжуд эмас. Чунки, давлат бўлмаган жойда ҳеч қачон мустақил равишдаги илмий, сиёсий ёки технологик стратегия бўлиши мумкин эмас. Ҳозирги кунда исломий ўлкаларни бошқараётган раҳбарлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва янги тузилаётган WAICO каби халқаро тузилмаларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришни ўзларига фахр деб кўрмоқдалар. Улар ўз тахтларини сақлаб қолиш эвазига Уммат келажагини, унинг рақамли шахсиятларини куфр кучларига сотиб юбормоқдалар.
Росулуллоҳ ﷺ шундай деганларида нақадар ҳақни айтган эдилар: «Яқин орада (кофир) умматлар сизларнинг устинггизга худди очкўзлар товоқ атрофига йиғилгандек, сизларга қарши бирлашадилар». Саҳобалар сўрашди: «Ё Расулуллоҳ, ўша кунда бизнинг сонимиз кам бўлгани учунми?» Расулуллоҳ ﷺ жавоб бердилар: «Йўқ, ўша кунда сизлар кўп бўласизлар, лекин денгизнинг кўпиги каби бўласизлар. Аллоҳ душманларингиз қалбидан сизлардан бўлган ҳайбат-қўрқувни суғуриб олади ва сизларнинг қалбингизга «ваҳн»ни солиб қўяди». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, «ваҳн» нима?» деб сўрашганида, у зот: «Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимни ёмон кўриш», деб жавоб бердилар.
Субҳоналлоҳ! Ушбу ҳадиси шариф бугунги кундаги сиёсий воқелигимизни, Шанхайдаги келишувларни ва мусулмонларнинг ожизлигини қанчалик аниқ тасвирлаб беради! Бугун 29 давлат вакиллари бир дастурхон атрофига йиғилиб, инсоният келажагини, жумладан, исломий юртларнинг рақамли тақдирини қай тарзда бўлиб олишни келишаётган бир пайтда, биз «денгизнинг кўпиги» каби мақсадсиз ва иродасиз равишда оқиб бормоқдамиз!
Биз шундай вазиятда Уммат вакилларига ва унинг зиёлиларига қарата қайноқ нидо билан юзланамиз: Биз қачонгача ўзгаларнинг мафкуравий лойиҳаларида оддийгина қурилиш материали бўлиб қоламиз?! Сиёсий, иқтисодий мустақиллик ва технологик устунлик фақатгина исломий ақидага асосланган мукаммал тузум (Халифалик давлати) соясидагина амалга ошиши мумкинлигини англаб етиш вақти келмадими? Нега биз Ғарбнинг сунъий идрок соҳасидаги «хавфсизлик» стандартларига ишонишимиз керак?! Ваҳоланки, ўша Ғарб дунёнинг турли нуқталарида – Фаластин, Сурия, Ироқ ва Афғонистонда энг замонавий учувчисиз қурилмалар ва алгоритмлар ёрдамида бегуноҳ мусулмонларни қирғин қилиб, қўли қонга ботмаяптими? Уларнинг «инсонпарварлик» ва «масъулият» ҳақидаги гаплари фақатгина ўз жиноятларини яшириш учун ишлатиладиган ниқобдир. Шанхайда тузилган янги ташкилот ҳам айнан мана шундай жиноятларни халқаро ҳуқуқ доирасида қонунийлаштириш ва мусулмонларнинг ҳар қандай мустақил технологик ҳаракатини «терроризм» ёки «хавфсизликка таҳдид» деб эълон қилиш учун хизмат қилади.
Биз масалага яна-да чуқурроқ боқишимиз, мабдаий-мафкуравий нуқтаи назардан қарашимиз лозим. Ислом — бу шунчаки шахсий эътиқод эмас, балки ҳаётнинг барча жабҳаларини, жумладан, сиёсат, иқтисод, илм-фан ва жамият ҳаётини тартибга солувчи мукаммал мабда-мафкурадир. Исломий тушунчага кўра, ҳар қандай технологик восита, хоҳ у оддий қилич бўлсин, хоҳ энг мураккаб сунъий идрок тизими бўлсин, фақат бир мақсадга — Аллоҳнинг сўзини олий қилишга ва инсониятга адолат тарқатишга хизмат қилиши лозим. Ислом давлати мавжуд бўлган даврларда, мусулмон олимлари дунё илм-фанини ривожлантирганда, улар ҳеч қачон инсониятни қулликка маҳкум қилишни ёки табиатни вайрон қилишни мақсад қилмаганлар. Чунки уларнинг қалби Аллоҳдан қўрқиш ҳисси билан обод эди, уларда Охират кунидаги масъулият юки бор эди. Бугунги капиталистик дунёда эса, мазкур технологияларни ривожлантираётган йирик корпорациялар ва давлатларнинг ягона мақсади — улкан фойдалар олиш ва рақиблари устидан тўлиқ назорат ўрнатишдир. Сунъий идрок технологиялари уларнинг қўлида инсониятни, уларнинг фикрларини оммавий равишда назорат қилиш, одамларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш воситасига айланиб бўлди. Сунъий идрок алгоритмлари орқали инсонларга нимани яхши, нимани ёмон деб қабул қилиш кераклиги уқтирилади, бу эса, илоҳий ваҳий орқали белгиланган ҳалол ва ҳаром тушунчаларини йўққа чиқаришга бўлган уринишдир.
Шу сабабли, бугунги Умматнинг сиёсий онгини доимий равишда шакллантиришга ҳаракат қилишимиз зарур, яъни: «Биз куфр тизими таклиф қилаётган халқаро шартномаларга ва ташкилотларга таслимчилик нигоҳи билан қарамаслигимиз керак. Мусулмонларнинг нажоти Ғарб ёки Шарқнинг турли блокларига қўшилишда эмас, балки ўзлигига, ўз динига ва ўз сиёсий лойиҳасига қайтишдадир».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларга хитоб қилиб айтади:
﴿كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ﴾
«Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасизлар, мункардан қайтарасизлар ва Аллоҳга иймон келтирасизлар». (Оли Имрон:110)
Бу оят бизни шунчаки мақташ учун эмас, балки зиммамизда улкан масъулият борлигига ҳужжат бўлиб келди. Энг яхши уммат бўлиш — бу дунёдаги барча зулм ва адолатсизликларга, халқаро даражадаги макр-ҳийлаларга қарши туриш, инсониятни куфр зулматидан Ислом нурига олиб чиқиш, демакдир. Агар биз бугун жим туришни афзал билсак, агар биз Шанхайдаги каби битимларга оддийгина томошабин бўлиб қараб турсак, унда биз Аллоҳнинг олдида қандай жавоб берамиз?!
Башарият бугун янги бир қуллик даврига қадам қўймоқда — рақамли қуллик даврига. Ва бу қулликдан инсониятни фақат ва фақат Ислом қутқара олади. Сунъий идрок соҳасидаги бутунжаҳон ташкилотининг тузилиши кучли давлатларнинг ўз мавқеларини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги тақсимотидир. Бу худди Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан кейин дунёни бўлиб олган Миллатлар Лигаси ва БМТ каби тузилмаларнинг замонавий кўринишидир. Ўшанда ҳам улар «тинчлик ва хавфсизлик» шиорлари остида Ислом тупроқларини парчалаб, ўртасига сунъий чегаралар тортишган ва бошимизга ўз малайларини қўйиб кетишган эди. Бугун эса, улар виртуал оламда, рақамли кенгликда янги чегаралар ва янги назорат тизимларини ўрнатмоқдалар. Бу тизимлар орқали улар исломий уйғониш ҳаракатларини, мусулмонларнинг бирлашиш ва ўз давлатини қуриш йўлидаги ҳар қандай сиёсий фаолиятини олдиндан аниқлаб, йўқ қилишга ҳаракат қиладилар. Мана шундай хавфли бир пайтда, исломий ўлкалардаги уламолар ва фикр эгалари ўз масъулиятларини ҳис қилмоқлари лозим. Дин фақатгина намоз ва рўзадан иборат эмас, дин — бу сиёсат, дин — бу кураш, дин — диний мафкуранинг ҳаётда тўлиқ татбиқ этилишидир.
Бугунги мусулмонларнинг олимлари ва мутахассислари куфр давлатларининг хизматидан қайтишлари, балки Буюк Умматнинг келажаги йўлида ўз хизматларини тақдим қилишлари учун бирлашишлари ва шижоат кўрсатишлари жуда муҳимдир. Бунинг учун эса, биринчи навбатда сиёсий ирода ва мафкуравий маҳкамлик зарур. Ислом уммати ўзининг асл манбаларига қайтмас экан, ўз ақидасига асосланган давлатчилигини тикламас экан, халқаро майдонда ҳеч қандай вазнга эга бўла олмайди ва Шанхайдаги каби учрашувларда фақатгина ижрочи ролини ўйнашда давом этади. Биз дунё мусулмонларини, хусусан, куч-қувват ва аҳлулҳал вал-ъақд эгаларини уйғонишга чақирамиз. Вақт ғанимат, башарият ҳалокат бўсағасида турибди. Ғарбнинг капиталистик моддиятчилиги инсониятни барча соҳаларда инқирозга олиб келди, энди эса, рақамли технологиялар орқали уни тўлиқ маҳв этмоқчи.
Аллоҳ таоло ваъдасига, албатта, вафо қилувчидир:
وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَىٰ لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, ер юзида халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди». (Нур:55)
Ҳаётуллоҳ Ҳизб ут-Таҳрир Марказий Матбуот бўлими радио эшиттиришлари учун



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ