Ўзбекистоннинг стратегик бойликлари устидан назорат кўпроқ кимнинг қўлига ўтмоқда?

Хабар ва изоҳ
Ўзбекистоннинг стратегик бойликлари устидан назорат кўпроқ кимнинг қўлига ўтмоқда?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Хабар: Ўзбекистон Технологик Металлар Комбинати (ТМК) Хитойнинг йирик тоғ-кон ва металлургия корпорацияларидан бири бўлган Shaanxi Non-ferrous Metals Holding Group билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Томонлар геологик қидирув, критик минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, технологиялар трансфери, инвестиция лойиҳалари ҳамда мутахассислар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. (Kun.uz)
Изоҳ: Ўзбекистон сўнгги йилларда олтин, мис, уран, вольфрам, молибден, литий ва бошқа стратегик аҳамиятга эга минераллар соҳасида АҚШ, Хитой, Россия ва Европа давлатлари билан бир қатор келишувлар имзоламоқда. Фақат 2026 йилнинг ўзида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ҳам критик минераллар бўйича алоҳида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Расмийлар буни инвестиция ва технология жалб қилиш деб баҳолашмоқда. Аммо савол туғилади: мазкур бойликлардан асосий манфаат кимга тегмоқда?
Ўзбекистон заминидаги бойликлар миллионлаб ўзбекларнинг умумий мулки ҳисобланади. Бироқ амалда минерал ресурслар атрофидаги йирик лойиҳаларга асосан хорижий давлатлар ва трансмиллий корпорациялар қизиқиш билдирмоқда. Бугун Ўзбекистоннинг стратегик минералларига АҚШ, Европа, Хитой ва Россия ўртасида жиддий геосиёсий рақобат кетмоқда.
Айниқса, Хитой компаниялари қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги улкан тажрибаси билан кириб келмоқда. АҚШ эса ўз навбатида Хитойга қарамликни камайтириш учун Марказий Осиё минералларига қизиқишини оширмоқда. Россия эса минтақадаги иқтисодий таъсирини сақлаб қолиш учун изчиллик билан ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон табиий бойликлари мустамлакачи кучлар рақобат майдонига айланиб бормоқда.
Энг катта муаммо шундаки, қазиб олинган минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳали ҳам чекланган. Агар хомашё ташқи бозорларга чиқиб кетса, асосий фойда уни қайта ишлаган саноат давлатларида қолади. Натижада Ўзбекистон арзон хомашё етказиб берувчи мамлакат сифатида қолиб кетиш хавфига дуч келади ва ҳали ҳануз шундайлигича қолмоқда.
Табиий бойликлар бор, аммо ундан халқ нима олмоқда?
Ўзбекистон сўнгги йилларда миллиардлаб долларлик олтин экспорт қилди. Олтин нархи тарихий рекордларни янгилади. Уран ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Янги конлар очилмоқда. Хорижий сармоялар кириб келмоқда. Лекин оддий инсон ўз ҳаётига назар ташлаб савол беради:
– Агар бойликларимиз шунча кўп бўлса, нега халқимизнинг катта қисми иқтисодий қийинчиликлардан чиқиб кета олмаяпти?
– Нега минглаб ёшлар тирикчилик излаб юртни тарк этишга мажбур бўлмоқда?
– Нега электр, газ, уй-жой ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ муаммолар тўлиқ ҳал бўлмаяпти?
Агар мазкур ресурслар халқ манфаати асосида бошқарилганда эди, аввало қуйидаги йўналишларга эътибор қаратиларди:
– минералларни хомашё сифатида эмас, тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш;
– оғир саноатни йўлга қўйиш ва мудофаа учун керакли ҳарбий техникаларни ишлаб чиқариш;
– маҳаллий металлургия ва юқори технологияли саноатни ривожлантириш;
– аккумуляторлар, электроника компонентлари ва махсус қотишмалар ишлаб чиқариш;
– минглаб юқори маошли иш ўринлари яратиш;
– даромадларни таълим, тиббиёт ва инфратузилмага йўналтириш.
Исломий иқтисод нуқтаи назардан эса нефт, газ, йирик конлар ва стратегик табиий бойликлар умумий мулк ҳисобланади. Уларнинг даромади муайян ширкатлар ёки тор доира эмас, балки бутун жамият манфаати учун сарфланиши лозим бўлади. Бу маблағлар аҳолининг асосий эҳтиёжларини таъминлаш, инфратузилма қуриш, тиббиёт ва таълимни ривожлантиришга йўналтирилади. Чунки улар бутун умматнинг ҳаққи ҳисобланади.
Пайғамбар ﷺ шундай дедилар:
“Мусулмонлар уч нарсада шерикдирлар: сувда, яйловда ва оловда”.
Фуқаҳолар учун ушбу ҳадисдан келиб чиқиб, жамият ҳаёти учун муҳим бўлган улкан ресурслар ва туганмас захиралар умумий мулк эканини баён қилганлар.
Шундай экан, масаланинг асосий моҳияти хорижий инвестициянинг ўзида эмас, балки Ўзбекистон бойликларидан ким қанча манфаат кўраётганидадир. Агар бойликлар халқ фаровонлигига хизмат қилмаса, ҳар қандай йирик меморандум ва инвестиция битимлари фақат рақамлар кўринишида ва расмийларни чўнтагини тўлдириш каби ҳолатларда қолиб кетаверади. Бу саволлар иқтисодий рақамлар билан эмас, амалдаги натижалар билан жавоб талаб қилади.
Пайғамбаримиз ﷺ шундай дедилар: “Аллоҳнинг хадларидан бирор бир ҳадни қоим қилиш – Аллоҳ азза ва жалла яратган шаҳарларда ёғган қирқ кечалик ёмғирдан кўра яхшироқдир...!”
Ислом Абу Халил – Ўзбекистон, Ҳизб ут-Таҳрир Марказий Матбуот бўлими радиоси учун



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ