Футбол майдонлари тўлиб-тошар экан, умматнинг дарди кимнинг ёдида?

Футбол майдонлари тўлиб-тошар экан, умматнинг дарди кимнинг ёдида?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Тарих баъзан китобларда эмас, инсонларнинг нимага йиғлаётгани ва нимадан қувонаётганида ёзилади. Бугун инсоният яна шундай паллага келди. Бир тарафда бутун бошли шаҳарлар вайрон қилинмоқда, минглаб бегуноҳ болалар ҳаётдан маҳрум бўлмоқда, оналар фарзандларини кафанламоқда, оилалар харобалар остида қолмоқда. Бошқа тарафда эса, стадионлар тўлмоқда, миллионлаб экранлар ёқилмоқда, миллиардлаб долларлар айланмоқда ва бутун бошли жамиятлар тўп ортидан югураётганнинг натижаси ҳақида баҳс қилмоқда.
Бу икки манзара бир вақтнинг ўзида содир бўлмоқда. Савол эса шундай: бу қандай замон бўлдики, бир тарафда умматнинг жароҳати қонаётган бўлса-ю, бошқа тарафда унинг диққат-эътибори арзонгаров ўйинларни тарғибот тўрига банди қилинаётган бўлса?
Масала футболда эмас, балки бугунги навқирон ёшлар онгги шу оний ўйин шоулари билан машғул қилинаётганида. Инсоннинг дам олиши, спорт билан шуғулланиши ёки мусобақаларни кузатиши табиий ва мақбул ҳол, магар у қачонки, мустамлакачи куфрнинг авлодларни онгсизлантириш, қул қилиш сиёсати қуролига айланмаса!
Шунингдек, муаммо спортда ҳам эмас, билъакс, нима устувор қилинаётганида. Умматнинг энг оғриқли масалалари жамоавий онг марказидан четга сурилмоқда. Томоша эса марказга чиқмоқда.
Бир умматнинг ҳақиқий ҳолатини унинг нимага вақт сарфлаётгани билан ўлчанса, бу айни тўғри баҳо. Агар бир халқ соатлаб ўйин натижаларини муҳокама қилиб, ўз тақдири ҳақида бир неча дақиқа ҳам фикр юритмаса, бу шунчаки қизиқиш эмас, бу онгнинг заҳарланиши йўналиши ҳақидаги масаладир.
Агар бир жамият футболчининг жароҳатини яхши билса-ю, аммо ўз фарзандларининг келажагига таъсир қилаётган воқеаларни англамаса, бу шунчаки ахборот танқислиги эмас, бу – устуворликлар инқирозидир.
Энг оғриқлиси шундаки, бу ҳолат кўпчиликка ғайритабиий ҳам кўринмай қўйган. Ғафлатнинг энг хатарли кўриниши ҳам шунда. Инсон ухлаб қолганини англамайди. Уйғониш зарурлигини ҳам ҳис қилмайди.
Бугун мусулмон дунёсидаги кўплаб муаммоларни ташқи душманлар назари билан изоҳлаш одат тусига кирган. Албатта, зулм бор, адолатсизлик бор, манфаатлар тўқнашуви бор. Лекин ҳақиқатни тўлиқ айтиш керак бўлса, умматнинг бугунги аҳволида қолиб кетаверишида унинг ўзида ҳам нуқсонлар бор.
Чунки ҳеч бир душман ғафлатга ботмаган умматни енголмайди. Ҳеч бир куч ўз мақсадини англаган уйғоқ халқни узоқ вақт бошқара олмайди. Ҳеч бир тарғибот ўзлигини, ўз қадрини билган жамиятни осонлик билан чалғита олмайди. Муаммонинг илдизи аслида айнан шу ерда.
Уммат қарийб икки аср давомида ўзининг фикрий марказини йўқотиб борди. У воқеаларни таҳлил қилиш ва унга ўз ақидаси, ўз мабдаси асосида ечим қидириш ўрнига, томоша қилишга ўрганди. Масъулиятни ҳис этиш ўрнига муҳокама қилиш билан чекланди. Амал қилиш ўрнига кузатишга кўникиб қолди.
Натижада фаол иштирокчи бўлиши керак бўлган уммат аста-секин томошабинга айланди. Томошабин эса ҳеч қачон воқеалар йўналишини белгиламайди. У фақат бошқалар ёзган сценарийни кузатади холос.
Бугун дунёда миллиардлаб доллар одамларнинг эътибори учун сарфланмоқда. Ҳар бир экран, ҳар бир реклама, ҳар бир шоу ва ҳар бир мусобақа инсон диққати учун курашмоқда. Чунки диққатни бошқарган одам тафаккурни бошқаради. Тафаккурни бошқарган киши эса, йўналишни белгилайди.
Демак, бугун умматнинг йўналишини ўзгартириш, уни куфр белгилаб берган “релс”дан Роббиси белгилаган нурли йўл тарафга йўналтириш лозимдир.
Уммат ўз диққатини кимга ва нимага топширмоқда? Нимадан қувоняпти? Нимадан қайғуряпти? Қалби қайси дард учун ларзага келяпти? Қисқаси, умматни фикр ва туйғулари йўналиши учун тўғри тарафни белгилаш ўта муҳим ишлардан биридир. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
«لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يَكُونَ هَوَاهُ تَبَعًا لِمَا جِئْتُ بِهِ»
“Сизлардан бирортангизнинг ҳавойи нафси (истак-хоҳиши) мен олиб келган нарсага бўйсунмагунча, у мўмин бўлмайди”.
Шу билан бирга, умидсизлик ҳам йўқ, чунки уммат ҳали тирик. Ғазо учун йиғлаётган қалблар бор. Ўзбекистон қамоқхоналарида чорак асрдан бери ҳануз ўз иймони, фикр ва ғоясида собит туриб сабр билан келаётган мазлумлар бор, улар ҳақида гапираётган тиллар бор, адолатни талаб қилаётган, ҳақиқатни унутмасликка ҳаракат қилаётган эр кишилар бор.
Ҳар бир даврда ғафлатни қабул қилмайдиган, зулмга, ноҳақликка сукут сақламайдиган инсонлар чиққан. Улар халқларни уйғотган. Улар жамиятга кўзгу тутган. Улар одамларга нимани унутаётганини эслатган. Бугун ҳам шундай фидоий-жонкуяр кишиларга, шундай уйғонишга эҳтиёж бор.
Умматнинг нажот йўли яна бир чемпионатда эмас. Яна бир томошада ҳам эмас. Нажот йўли унинг онгги уйғонишида – ҳақиқий фикрий устуворликларни қайта тиклашдадир. Аллоҳнинг розилигини дунёнинг вақтинчалик ўйин-кулгу, ҳою-ҳавасларидан устун қўйишдадир. Уммат дардини ўз дарди деб билишдадир. Чунки уммат келажагини стадионлардаги қичқириқлар эмас, балки уйғоқ қалблар ва масъулиятли онглар қуради.
Биз, албатта, Аллоҳнинг иродаси ила, ўз жонимиз баҳосига бўлса ҳам, умматни ўз Роббиси йўлига қайтишга ва Унинг итоатига тўлиқ ўтишга даъват қилишда жидду жаҳд билан давом этамиз инша Аллоҳ. Аллоҳ таоло огоҳлантиради:
وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنْسَاهُمْ أَنْفُسَهُمْ
– “Аллоҳни унутган, шунда Аллоҳ уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар каби бўлманглар”. (Ҳашр:19)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими раиси Ислом абу Халил
20.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ