Тошкент форумидаги ваъдалар ва уларнинг ортидаги таҳдидлар

Тошкент форумидаги ваъдалар ва уларнинг ортидаги таҳдидлар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида хорижлик инвесторларга миллий иқтисодиётнинг йирик стратегик соҳаларини қамраб олган улкан ташаббуслар пакетини тақдим этди. Нутқда айтилишича, сўнгги беш йилда мамлакатга 123 миллиард доллар сармоя киритилган, ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда ва Тошкент халқаро молия маркази иштирокчилари учун 50 йил давомида Англия ҳуқуқи асосида ишлайдиган, солиқлардан бутунлай озод қилинган алоҳида тизим яратилмоқда. Бундан ташқари, давлат раҳбари умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланаётган олтин, мис, уран, вольфрам ва газ каби миллий қазилма бойликлар базасини хориж капитали учун рақамли аукционлар орқали очиб беришни, машинасозлик ва робототехника каби тармоқларда 30 миллиард долларлик лойиҳаларни ҳамда Қорақалпоғистонда дата-марказлар учун 2040 йилгача солиқсиз зона ташкил этишни таклиф қилди. Ўз сўзининг якунида президент “Биз учун инвестиция бу фақат иқтисодий ресурс эмас, балки илғор технологиялар, замонавий билим ва тажрибалар, янги иш ўринлари ва давр билан ҳамнафас тараққиёт демакдир” дея таъкидлади. (gazeta.uz).
Бу форумга диққат билан назар солинса, Росулуллоҳ ﷺнинг “Яқин кунларда бошқа умматлар сизларнинг устингизга худди еб тўймас оч кўз кимсалар косадаги таомга ташлангандек ташланадилар” деган ҳадисларини эсга олмай иложимиз йўқ.
Иқтисодий таърифга кўра, инвестиция – бу инвестор томонидан ўз маблағларини фақат ва фақат даромад (фойда) олиш мақсадида жойлаштириш жараёни бўлиб, у маблағлар ва қимматли қоғозлар шаклида амалга оширилади. Инвестициянинг оддий кредитдан туб фарқи шундаки, кредитларда ўша соҳа даромадлими ёки йўқми, бундан қатъий назар, белгиланган муддатда асосий қарз ва фоизлар барибир қайтарилиши шарт. Инвестициялар эса йўналтирилган соҳа даромад кўрсаткичларига эга бўлсагина фойда келтиради, акс ҳолда тўлиқ ёки қисман йўқотилиши мумкин. Тошкент форумида алоҳида урғу берилган “тўғридан-тўғри инвестициялар” эса инвесторга нафақат корхона бошқаруви ва даромадида шерик бўлиш, балки акцияларнинг назорат пакетига эгалик қилиш ҳуқуқини ҳам тақдим этади. Бу эса хориж капиталига мамлакат ичида бошланғич инвестициялаш орқали тўлиқ ўз мулки бўлган шуъба корхоналар очиш, маҳаллий корхоналарни ўзлаштириш ёки сотиб олиш, ер ва табиий бойликларнинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритиш ҳамда корхоналар фаолиятини тўлиқ назорат қилиш учун устав капиталидаги акцияларни сотиб олиш имконини беради. Демак, хорижий инвестицияларни “тараққиёт” ёки “хайрия” деб баҳолаш – Ғарбдаги йирик капиталистик давлатлар томонидан заиф давлатларга сингдирилган энг катта сиёсий ва иқтисодий алдовдир. Мустамлакачи давлатлар томонидан ва уларнинг жирканч капиталистик демократия тузуми татбиқи натижасида учинчи олам давлатлари ҳокимиятларида хорижий сармоясиз, халқаро молиявий ташкилотлари томонидан бериладиган қарзларсиз иқтисодий ривожланиш имконсиз, деган сохта ва ўта хатарли тушунча шаклланди. Шунинг учун бугун қайси соҳани ривожлантириш бўлмасин, дарҳол инвестиция тилга олинадиган бўлиб қолди.
Тарих ва бугунги воқелик шуни кўрсатадики, мустамлакачи давлатлар бошқа мамлакатларни ўзига қарам қилиш учун сиёсий, иқтисодий, сақофий-маърифий ва ҳарбий йўллардан фаол фойдаланадилар. Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳам мустамлакачи давлатлар томонидан айнан табиий ресурсларга бой, геосиёсий жиҳатдан муҳим мавқега эга бўлган ўлкаларни иқтисодий жиҳатдан тузоққа тушириш ва ўзига қарам қилиш воситаси сифатида ишлатилади. Марказий Осиё давлатлари ўртасида Ўзбекистон ўзининг бебаҳо табиий бойликлари ва жўғрофий жойлашуви жиҳатидан етакчи ўринда туради. Айнан шу стратегик устунлик туфайли бугунги кунга келиб юртимиз Америка, Россия ва Хитой каби йирик мустамлакачи кучлар ўртасида манфаат талашиш ва таъсир доирасини кенгайтириш майдонига айланиб қолди. Ушбу глобал империалистик давлатлар Ўзбекистон бойликларини жиловлаш ва эгалик қилиш учун бисотларидаги бор ҳийла-найранг, қўрқитув ва алдов усулларини ишга солмоқдалар.
Хўш, бундай хавфли ва таҳдидли геосиёсий вазиятда Ўзбекистон ҳукумати қандай йўл тутмоқда? Афсуски, мамлакат бошқарувида 35 йилдан буён ўтирган эски ва янги режим бундай ҳолатда халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига, хорлик – тобеликка рози бўлиш йўлини танлади. Улар ушбу мустамлакачи давлатлар ва уларнинг трансмиллий корпорацияларига юрт бойликларини тизимли равишда талон-тарож қилиш учун кенг ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятлар яратиб бермоқдалар. Зеро, расмий хабарда очиқланган тафсилотлар ҳукуматнинг бу тобелик сиёсатини яққол исботлаб турибди. Хусусан, тақдим этилган маълумотларга кўра, Тошкент молия марказида инвесторларга 50 йил давомида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божлари бўйича нол даражали ставкалар кафолатланмоқда, тизим эса Англия ҳуқуқига асосланган мустақил тижорат суди ва хорижлик судьялар ихтиёрига топширилмоқда. Расмий матнда айтилишича, ҳукумат раҳбарлари ўз сиёсий манфаатлари йўлида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 6 миллиард долларлик давлат активлари, кўчмас мулк ва ер майдонларини хусусийлаштириш савдоларига чиқармоқда ҳамда суверен ислом облигациялари – сукукларни муомалага киритиш орқали мамлакатни яна 10 миллиард долларлик қўшимча мажбуриятлар занжирига боғламоқда.
Форумда эълон қилинган яна бир расмий маълумотга кўра, Қорақалпоғистондаги махсус зонада хориж дата-марказлари 2040 йилгача барча солиқлардан озод қилиниб, уларга электр энергиясининг бир киловатт-соати атиги 5 центлик сувтекин тарифда ваъда қилинмоқда. Энг ачинарлиси, хабарда юртнинг умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланаётган олтин, мис, уран ва газ каби бебаҳо қазилма бойликлари, нодир металлари базасини хориж капиталига бутунлай очиб бериш учун аукционга қўйиладиган конларни 4 карра кўпайтириш ҳамда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари” технопаркларини барпо этиш режаси мақтаб кўрсатилган. Давлат раҳбарининг маърузасида машинасозлик, робототехника, электротехника ва фармацевтика каби етакчи тармоқларда 30 миллиард долларлик лойиҳалар хорижликлар иштирокига таклиф этилгани, ҳатто йилига 20 миллион йўловчига хизмат қилувчи Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилиши Саудия Арабистони шериклари назоратига берилгани очиқ айтилган.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик ниқоби остидаги 27 миллиард долларлик инфратузилма объектлари ва Янги Тошкент лойиҳаси ташқи капиталнинг ички бозорга сунъий равишда боғланишини англатади. Ҳукумат ҳатто ҳозирда йилига 3,5 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилаётган миллий қишлоқ хўжалигини ҳам экспортни 10 миллиард долларга чиқариш баҳонасида трансмиллий корпорациялар фойдасига мослаштирмоқда ва 14 та ҳудуд ҳокимларини хорижлик сармоядорларга шахсан ҳамроҳлик қилиб, уларнинг ёнида туриб кўмак беришга мажбурлаб қўйди. Расмий баёнотда келтирилган сўнгги беш йилдаги 123 миллиард долларлик хорижий инвестициялар, ўтган йилги 43 миллиард долларлик капитал оқими ва 70 миллиард доллардан ошган халқаро захиралар ҳақидаги баландпарвоз рақамлар билан оддий халқни тинимсиз алдаб, буларни гўёки “давр билан ҳамнафас ривожланиш омили” ва фаровонлик сифатида таърифлаб, асл иқтисодий босқинчиликни хаспўшлашга уринмоқда.
Шу ерда ҳақли савол туғилади: инвестицияларсиз Ўзбекистон каби давлатлар ривожлана олмайдими?! Биз қатъий равишда айтамизки, албатта, ривожлана олади! Бироқ бунинг учун аввало инвестиция деган балони келтириб чиқарган Ғарб капиталистик тузумидан ва кофир мустамлакачи давлатлар ҳамда уларнинг халқаро молия ташкилотларидан қарз олишдан бутунлай воз кечиш керак бўлади. Чунки бу тузум инсон томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уни олиш ҳам, татбиқ қилиш ҳам шаръан ҳаромдир. Унинг иқтисодий низоми ботил(пуч) асосга қурилган бўлиб, жамиятга қарамлик, қашшоқлик ва қолоқликдан бошқа ҳеч нарсани олиб келмайди. Гап ҳақиқий иқтисодий тараққиёт ҳақида кетаётган экан, бу борада Ислом мукаммал ва адолатли ечимларни тақдим этган:
Биринчидан, Ислом давлати ташқи кучларга қарам бўлмаслик учун ўзининг оғир саноатини ташкил қилади. Бунга Аллоҳ таолонинг:
وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآخَرِينَ مِنْ دُونِهِمْ لَا تَعْلَمُونَهُمُ اللهُ يَعْلَمُهُمْ
– “(Эй мўминлар), улар учун имконинггиз борича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйинггизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзинггизнинг душманларинггизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган, Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар”. (Анфол:60) деган ояти далилдир. Оятда буюрилган куч-қудратга эга бўлиш учун ҳарбий жиҳатдан қудратли ва саноатлашган давлат бўлиш, бунинг учун эса, албатта, мустақил оғир саноатга эга бўлиш шарт. Акс ҳолда, техник-технологик жиҳатдан кофир мустамлакачи давлатларга қарам аҳволда қолинаверади. Оғир саноатнинг мавжудлиги иқтисодиётни юксалтиради ва душманлар қалбига қўрқув солади.
Иккинчидан, Исломда мулкчиликни тартибга солиш шаръий аҳкомлар асосида ҳал қилинган бўлиб, ер остидаги битмас-туганмас конлар ва нодир металлар трансмиллий корпорацияларга сотилмайди, балки умумий мулк ҳисобланади. Росулуллоҳ ﷺ: “Одамлар уч нарсада шерикдирлар: сув, ўт-ўлан ва оловда”, – деб марҳамат қилганлар. Бу стратегик бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлашни давлат ўз қўлида ушлаб турса-да, ундан тушган фойдани тўлиқ уммат (халқ) манфаатлари учун сарф қилади.
Учинчидан, Ислом давлати фуқароларига пулни хазина қилиб тўплашга рухсат бермайди. Пули бор шахсларга иш тополмаётган одамларни иш билан таъминловчи реал лойиҳаларга маблағ ётқизиш шарт қилинади. Чунки пулни хазина қилиб босиб ўтириш маблағнинг бозордан суғуриб олинишига, ишлаб чиқаришнинг пасайишига, ишсизликка ва алал-оқибат иқтисодий инқирозларга олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек:
وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٍ
– “Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беринг”. (Тавба:34)
Шунингдек, Исломда музорабага ихтисослашган ширкатлар аҳкомлари татбиқ этилиб, маблағи бўлмаган қобилиятли шахс реал ишлаб чиқариш корхонасининг эгасига айланади, уни эса маблағи бор шахслар ҳалол шериклик асосида молиялаштиради. Бу тузумда рибо (судхўрлик), халқни эзувчи солиқлар, монополия ва коррупцияга мутлақо барҳам берилади, чунки буларнинг барчаси Исломда ҳаром қилинган ва иқтисодни ичидан емирувчи омиллардир.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент инвестиция форумида янграган ваъдалар ва “инвестиция – тараққиёт” деган тезис ҳақиқатдан мутлақ йироқ бўлиб, у давлатнинг глобал молиявий очкўзлик тизимига бутунлай тобе бўлиб бораётганини тасдиқлайди. Юқорида тилга олинган илоҳий аҳкомларни татбиқ қилиш орқали жамиятда етарли даражада сифатли иш ўринлари яратилади ва соҳаларни ривожлантириш учун ички ресурслар ҳам етарли бўлади. Албатта, бу буюк ишларни Исломни ягона мафкура ва қонунлар манбаи сифатида қабул қилиш билангина амалга ошириш мумкин. Натижада ўзбек ҳукумати хорларча ёпишиб олган хорижий инвестицияларга ва қарамлик келтирувчи ташқи қарзларга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди. Иқтисодий ва сиёсий суверенитетни сақлаб қолишнинг ягона йўли – капитализм ва унинг чириган иқтисодий низомини бутунлай улоқтириб, Аллоҳ таоло рози бўлган Ислом низомини татбиқ этиш учун ҳаракат қилмоқдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтганидек:
إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ
– “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин – Исломдир”. (Оли Имрон:19)
Салоҳиддин
24.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ