Марказий Осиё режимлари сунъий чегараларни мустаҳкамлаш орқали кимга хизмат қилмоқда?

Умматни парчалаб ташлаётган сунъий чизиқлар: Мустамлакачилик мероси ва сохта чегараларни йўқ қилишнинг шаръий вожиблиги
Марказий Осиё режимлари сунъий чегараларни мустаҳкамлаш орқали кимга хизмат қилмоқда?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Қозоғистон парламенти Сенати депутатлари 11 июнь куни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги давлат чегараси режими тўғрисидаги битимни ратификация қилди. «Дунё» АА хабарига кўра, ушбу ҳужжат давлат чегараси ва чегара белгиларини сақлаш, шахслар, транспорт воситалари ҳамда юкларнинг чегарани кесиб ўтиши, чегара олди ҳудудларида хўжалик ишларини олиб бориш тартибини ва чегарадаги низоларни ҳал қилиш механизмларини белгилайди.
Битим 2001 йил 16 ноябрдаги Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш ва 2022 йил 22 декабрдаги битим билан расмийлаштирилган Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини демаркация қилиш жараёнини якунлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Расмий доиралар буни «миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва стратегик шерикликни кенгайтириш» йўлидаги ютуқ сифатида баҳоламоқда.
Аммо бу жараёнларга Ислом ақидаси ва исломий сиёсий тафаккур призмасидан қаралса, расмий доиралар олқишлаётган бу «тартибга солиш» аслида Ислом Умматини парчалаб ташлашга қаратилган мустамлакачилик тизимини янада мустаҳкамлашдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлади.
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида «мустаҳкамланаётган» чегаралар табиий, тарихий ёки географик зарурат туфайли юзага келган эмас. Бу чизиқлар — ўтган асрнинг 20-йилларида мустамлакачи Совет империяси томонидан минтақадаги ягона мусулмон халқни бўлиб ташлаш, уларнинг исломий ўзлигини йўқ қилиш ва улар орасида ўзаро низоларни доимий ушлаб туриш учун сунъий равишда чизилган геосиёсий қуролдир.
Бунга қўшимча, Ғарбдан кириб келган ва капиталистик дунёқарашга асосланган «миллат-давлат» консепцияси эса, Умматнинг фикрий ва сиёсий жиҳатдан парчаланишини қонунийлаштиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги чегаралар архитектураси 1648 йилги Вестфалия сулҳи билан асос солинган «миллат-давлат» (nation-state) консепциясига бориб тақалади.
Мусулмон ўлкаларнинг амалдаги режимлари ушбу сохта чегараларни ратификация қилиш орқали, ўз халқларининг манфаатига эмас, балки мустамлакачи кучлар қолдириб кетган парчаланиш деворларини абадийлаштиришга хизмат қилмоқдалар.
Халқаро тизим ва амалдаги режимлар чегара назоратини «миллий хавфсизлик» ва «барқарорлик» ниқоби остида оқлашга уринадилар. Бироқ бу чегаралар асрлар давомида бир ақида, бир тарих ва бир дунёқараш билан яшаган, қон-қариндош бўлган мусулмонларни бир-биридан ажратиб қўйди. Тиканли симлар ва божхона тўсиқлари Исломда буюрилган силаи раҳм ва исломий биродарликка қарши ишлатилаётган девордир.
Шунингдек, чегараларнинг қаттиқ назорат қилиниши ва ички савдо йўлларининг тўсилиши минтақа халқларини иқтисодий жиҳатдан заифлаштиради. Натижада, бўлиниб кетган кичик давлатчалар глобал капиталистик институтлар (ХВФ, Жаҳон банки) ва АҚШ, Россия, Хитой каби йирик мустамлакачи кучларга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тобе бўлиб қолаверади. Шунинг учун чегараларни «тартибга солиш» ҳақидаги баёнотлар БМТ каби мустамлакачи халқаро ташкилотларнинг минтақага суқулиб киришига шароит яратиш — қарамлик муддатини узайтиришдан бошқа нарса эмас.
Ташқи мустамлакачи кучлар томонидан мажбуран жорий этилган ушбу чегаралар «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» стратегиясига мувофиқ амалга оширилгандир. Зеро, Яқин Шарқда Сайкс-Пико шартномаси (1916) ҳамда Марказий Осиёда Совет тузуми томонидан ўтказилган миллий-ҳудудий чегаралашлар (1924–1925) бир бутун Ислом оламини ва Умматни фикрий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан парчалаб ташлади. Бу чегаралар атайлаб этник ва сув-энергетика анклавларини ҳосил қиладиган тарзда чизилдики, оқибатда, улар маҳаллий мусулмон халқларнинг бирлашмаслиги ва ўзаро доимий низода яшаши учун геосиёсий «мина» вазифасини ўтамоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, исломий юртлар сунъий чегаралар билан ўзаро ажратилган майда давлатчаларга бўлиниб кетди. Бу эса Умматнинг ягона вужудини парчалаб, уни жаҳон сиёсий саҳнасида АҚШ, Хитой, Россия ва Европа Иттифоқи каби йирик кучлар қаршисида ўз иродаси ва суверенитетини, номуси ва бойликларини ҳимоя қила олмайдиган ожиз ҳолатга туширди, мустамлакачилик исканжасидан халос бўлиш учун буюк исломий лойиҳалар атрофида жипслашишдан узоқлаштирди, умумманфаатларга доир ва уйғонишга олиб борувчи жамоий туйғуси эса тобора сусайиб, Уммат сиёсий жиҳатдан заифлашган ва ташқи кучлар таъсирига мойил субъектга айлантирилди.
Ислом нуқтаи назарига кўра, дунёдаги барча мусулмонлар географик жойлашуви, миллати ёки тилидан қатъий назар, ёлғиз Ислом ақидасига эътиқод қилиши жиҳатидан ягона бир бутунликни — Умматни ташкил қилади. Қуръони Каримда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ
– “Албатта, мана шу сизнинг умматингиз — ягона умматдир. Ва Мен сизларнинг Роббингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинг!” (Анбиё:92)
Яна айтади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
– “Мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, бир-бирлари билан оға-инидирлар…”. (Ҳужурот:10)
Шаръий ҳукмларга кўра, бу бирлик нафақат эътиқодий жиҳатдан, балки сиёсий ва географик жиҳатдан ҳам акс этиши лозим. Шу сабабли, мусулмонлар ўртасига ёт кучлар томонидан тортилган сунъий чегараларни сақлаб қолиш ёки уларни янада мустаҳкамлаш асло мумкин эмас, билъакс мустамлакачиликнинг ҳар қандай кўриниши ва таъсирини йўқ қилишни, демакки, улар томонидан мажбуран ўрнатилган сунъий тўсиқларни бекор қилишни талаб қилади. Зеро, Исломдаги бошқарув низомига кўра, Халифаликда вилоятлар ва ҳудудлар маъмурий мақсадларда бўлиниши мумкин, бироқ улар ўртасида фуқароларнинг ҳаракатланишини, савдо-сотиқни ёки қариндошчилик алоқаларини чекловчи «давлат чегаралари», божхона тўсиқлари ва виза тизимлари бўлмайди. Мусулмонлар кофир мустамлакачилар уларнинг зеҳнларига эккан “миллатчилик” ёки “ватанпарварлик” тушунчалари асосида ички чегараларни пайдо қилиши, бир-бирига ўтишни чеклаши ва тиканли симлар тортиши, яъни ҳар қандай бўлиниш ва ўзаро адоватга сабаб бўладиган омилларга йўл қўйиши тақиқланган. Шу боис, асл шаръий ечим бу чегараларни «тартибга солиш» эмас, балки уларни бутунлай йўқ қилиб, умматни ягона фикрий, сиёсий, иқтисодий маконда бирлаштиришдир. Ушбу бирлаштиришнинг бирдан-бир йўли эса, Шариатга асосланган сиёсий лойиҳа — Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик давлатини барпо этишдир. Чунки Халифалик давлати мусулмонлар ўртасидаги ҳар қандай сунъий чегараларни тан олмайди ва унинг соясидагина мусулмон ўлкалари ягона сиёсий, иқтисодий ва географик маконга айланади. Бу эса, Ғарбнинг андозаларидан тубдан фарқ қиладиган Исломдаги давлат, ҳудуд ва суверенитет тушунчаларига мувофиқдир. Унга кўра, дунё шартли равишда икки асосий маконга, яъни Дорул-Ислом (Халифалик Исломни мукаммал татбиқ қиладиган ва хавфсизлик мусулмонлар томонидан таъминланадиган ҳудуд) ва Дорул-куфрга бўлинади. Дорул-Ислом, яъни Халифалик соясида бирлашган исломий юртларда яшовчи барча инсонлар (мусулмонлар ва зиммийлар) учун ягона ҳуқуқий макон амал қилади. Бу макон божхона тўсиқлари, виза чекловлари ёки ҳаракатланиш тақиқларидан холи бўлади. Шу боис, мусулмон ўлкалари ўртасидаги тобора мустаҳкамланаётган бугунги сунъий чегаралар Халифалик Давлатининг ҳудудий яхлитлик тамойилига зиддир.
Шунга кўра, Марказий Осиё халқлари, жумладан, ўзбек ва қозоқ мусулмонлари ўзларининг ҳақиқий азизлиги ва бирлигига мустамлакачилар чизиб берган чегараларни маҳкамлаш орқали эриша олмайдилар. Ҳақиқий уйғониш — Ғарб ва Шарқ империяларининг сиёсий занжирларини улоқтириб ташлаш, капиталистик бўлиниш низомига чек қўйиш ва Умматни ягона исломий сиёсий лойиҳа – Халифалик соясида бирлаштириб, сунъий чегараларни тарих қаърига улоқтиришдан бошланади.
Иззатуллоҳ
24.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ