Қочқинларнинг мақомига оид Женева конвенцияси

Қочқинларнинг мақомига оид Женева конвенцияси
28 июль куни дунё миқёсида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган қочқинларга оид Женева конвенциясининг 75 йиллиги нишонланади. У сиёсий қараш, дин, ирқ, фуқаролик ёки муайян ижтимоий тоифага мансублик сабабли таъқибга учрашдан асосли қўрқув туфайли ёхуд урушлардан қочган ва таъқибга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишни мақсад қилади.
Конвенция олиб келган энг муҳим принциплардан бири — мажбуран қайтармаслик принципидир, яъни қочқинни хавф-хатар ёки таъқибга дучор бўлиши мумкин бўлган мамлакатга қайтариш мумкин эмаслигидир. Шунингдек, у қочқинлар учун таълим, иш, бошпана ва қонуний ҳимоя каби асосий ҳуқуқларни кафолатлайди.
Маълумки, урушлар кўламининг кенгайиши ва Осиё ҳамда Африкадаги «учинчи дунё» мамлакатлари деб аталувчи юртларда иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви қочқинлар ва кўчирилганлар сонининг бир неча баробар ортишига олиб келди. Масалан, урушлар натижасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан, қашшоқлик омили туфайли эса Сенегал, Мали, Марказий Африка давлатлари ва Араб Мағриби давлатларидан ўз юртларини тарк этганлар шулар жумласидандир.
Кўчирилганлар сонининг ортиши ва Европада бошпана изловчилар кўпайиши сабабли, 1990 йилдаги Дублин конвенцияси билан бошланган ва кейинчалик кетма-кет Европа регламентларига ривожланган, уларнинг энг сўнггиси 2013 йилдаги (ва 2014 йилдан қўлланила бошлаган) Дублин III (Dublin III) регламенти бўлган Дублин тизими барпо этилди. Ушбу тизим бошпана бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга масъул бўлган Европа давлатини белгилашни мақсад қилади. Европа Иттифоқи давлатлари ҳануз Женева конвенциясига содиқликларини эълон қилаётган бўлса-да, лекин Дублин тизими ҳамда хавфсиз мамлакатларга ва чегараларда қайтариб юборишга оид кейинги сиёсатлар амалда кўплаб бошпана изловчиларнинг конвенцияда белгиланган ҳимояга эришишини чеклаб қўйишга олиб келди. Кўплаб ҳуқуқшунослар ушбу сиёсатлар Женева конвенцияси мақсадларини амалда четлаб ўтиш эканини таъкидлайдилар.
Халқаро Амнистия (Amnesty International) ташкилоти янги Европа бошпана тизимига киритилган ўзгартиришларни қочқинларни ҳимоя қилиш асосларини емирувчи ўзгартиришлар деб таърифлади ва «хавфсиз учинчи давлат» тушунчасининг кенгайтирилиши бошпана бериш аризаларининг моҳиятини текширмасдан рад этилишига ҳамда бошпана изловчиларни ўзларига ҳеч қандай ҳақиқий алоқаси бўлмаган давлатларга кўчириб юборишга олиб келиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у ушбу сиёсатлар қочқинларни ҳимоя қилиш масъулиятидан қочиш ва уни Европадан ташқаридаги давлатларга юклаш уриниши эканини баҳолади. Ташкилот яна «Европа қалъаси» деб аталмиш сиёсатни танқид қилди ва чегара деворларининг кенгайиши, тийиб турувчи чора-тадбирлар ва мажбуран суриб чиқариш (Pushbacks) амалиётлари бошпана сўрашдаги шахсий ҳуқуққа таҳдид солаётганини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришда пешқадам бўлиб турган йирик Ғарб давлатлари миллионлаб инсонларни миграция ва бошпана излашга мажбур қилган сабаблардан асло йироқ эмасдир! Чунки айнан улар урушларни оловлантирди ёки уларни қўллаб-қувватлади, ва айнан улар халқлар бойликларини назорат қилиш, уларнинг неъматларини талон-торож қилиш ҳамда кўплаб учинчи дунё мамлакатларини қарамлик, қашшоқлик ва беқарорлик ҳолатида ушлаб туришга асосланган золимона капиталистик низомни мустаҳкамлади. Сўнгра айнан уларнинг ўзлари ўша сиёсатларнинг қурбонлари қаршисида ўз чегараларини ёпиб олмоқдалар, деворлар ва тўсиқлар ўрнатмоқдалар ҳамда заифҳол кишиларнинг ўзлари ҳимоя қиламиз деб иддао қилаётган омонликка етишишига тўсқинлик қилувчи низомлар ва чора-тадбирларни тўқиб чиқармоқдалар.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, биз Женева принциплари ва бошқалардан бир неча асрлар илгари инсоният гувоҳ бўлган мусулмонларнинг аҳдга вафо қилишини ҳамда бу ишнинг Қуръон ва Суннатдаги собит насслар билан Шариатда қаттиқ таъкидланганини баён этамиз. Аллоҳ Таоло айтади:
﴿وَإِنْ أَحَدٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّىٰ يَسْمَعَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَا يَعْلَمُونَ﴾
«Агар мушриклардан биронтаси сендан паноҳ сўраса, бас, то у Аллоҳнинг каломини эшитгунча унга паноҳ бергин, сўнгра уни ўзи учун омонлик бўлган жойга етказиб қўйгин. Бу уларнинг билмайдиган бир қавм эканликлари сабаблидир» (Тавба сураси, 6-оят).
Ва Пайғамбар ﷺ айтдилар:
«Мусулмонларнинг қонлари тенгдир ва уларнинг энг оддийси берган омонлик-ҳимоя ҳам барчаларининг номидан эътиборлидир»,
ёки у зот ﷺнинг:
«Ким бир аҳдлашган кишини (ғайридин фуқарони) ўлдирса, Жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди» деган сўзлари кабидир.
Бунга мисоллардан бири: Макка фатҳи куни Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб айрим мушрикларга омонлик берган вақтда, баъзи мусулмонлар уларга дахл қилмоқчи бўлдилар. У бу ҳақда Пайғамбар ﷺга хабар берганида, у зот ﷺ:
«Эй Умму Ҳониъ, сен омонлик берган кимсага биз ҳам омонлик бердик»,
дедилар. Бас, у зот ﷺ мусулмон кишининг ҳимоя тақдим этиш ҳуқуқини эътироф этдилар ва Ислом давлати зиммасига ушбу омонликни ҳурмат қилишни мажбурий қилдилар. Бу хатти-ҳаракат шунчаки якка ҳодиса эмас эди, балки давлат ва жамият томонидан омонлик ва аҳдга вафо қилишни риоя этилиши вожиб бўлган ҳаққа айлантирган умумий шаръий тамойилнинг амалий татбиқи эди.
Паноҳ изловчига Исломда унинг омонлик сўрагани сабабли ҳимоя берилади, ва Ислом ҳимоянинг аслини қоннинг ҳурмати ҳамда омонликка вафо қилишнинг вожиблиги устига қуради. Бунга қарама-қарши ўлароқ, инсоний тузумлар эса ҳимояни принципга собит риоя қилиш асосида эмас, балки сиёсий манфаатлар ва уларнинг ўзгаришларига мувофиқ давлатлар белгилайдиган қонунлар ҳамда сиёсий мувозанатларга кўра ўзгартирилиши ва алмаштирилиши мумкин бўлган қонуний шартлар ва чора-тадбирларга боғлайди.
Ислом ва инсоний тузумлар ўртасидаги туб фарқ шундаки, Исломда паноҳ изловчини ҳимоя қилиш сиёсий туҳфа ёки манфаатлар, сайловлар ва жамоатчилик фикрининг ўзгаришига қараб бекор қилинадиган маъмурий тартиб-таомил эмас, балки Аллоҳ таоло вожиб қилган ва унга вафо қилишни иймон ва адолат тақозосидан қилган собит шаръий ҳукмдир. Шу сабабли Ислом мазлум ва таъқиб қилинган кишининг омонлик, ҳимоя ва инсоний шараф-кароматини муҳофаза қилиш ҳуқуқини белгилашда замонавий бошпана конвенцияларидан кўп асрлар олдин ўзиб кетгандир.
Мана энди, Женева конвенциясидан 75 йил ўтгач, миллионлаб қочқинлар ҳануз деворларга, лагерларга ҳамда тўсиш, қайтариш ва суриб чиқариш қонунларига дучор бўлмоқдалар.
Бугунги дунёда қочқинлар фожиаси келишувларнинг йўқлиги натижаси эмас, балки йирик давлатлар ўз манфаатлари ҳамда сиёсий ва иқтисодий нуфузларига кўра шакллантирган халқаро низомнинг гегемонлиги натижасидир. Зеро бу давлатлар миллионлаб одамларни сарсон-саргардон қилган кўплаб урушлар ва низоларда шерик бўлдилар ҳамда ўзларининг иқтисодий сиёсатлари орқали дунёнинг кенг ҳудудларидаги халқларни қашшоқлаштиришга ҳисса қўшдилар. Сўнгра улар деворлар ва тўсиқларни тикладилар ҳамда ўша сиёсатлар қурбонларининг ўзлари ҳимоя қиламиз деб иддао этаётган омонликка етишишига тўсқинлик қилиш учун низомлар ва тартиб-таомилларни ўйлаб топдилар.
Қонунлар ва битимлар манфаатлар, босимлар ва сайловларга кўра ўзгариб турган бир пайтда, Ислом ўз принципининг собитлиги билан ажралиб туради: паноҳ изловчига паноҳ берилади, омонлик сўровчи ҳимоя қилинади, аҳдлашган кимсага зулм қилинмайди, ҳамда омонлик ва аҳдга вафо қилиш сиёсий ихтиёр эмас, балки шаръий фарздир. Шу сабабли Ислом мазлумни ҳимоя қилишни давлатлар хоҳлаган пайтда берадиган ва хоҳлаган пайтда тортиб оладиган туҳфа қилмади, балки инсонни инсон бўлгани учун риоя қиладиган ҳамда унинг қони, шаъни ва хавфсизлигини муҳофаза этадиган собит шаръий ҳукм қилиб қўйди, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тасдиқлаган ҳолда:
﴿وَإِنْ أَحَدٌ مِنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ﴾
«Агар мушриклардан биронтаси сендан паноҳ сўраса, бас, унга паноҳ бергин, сўнгра уни ўзи учун омонлик бўлган жойга етказиб қўйгин» (Тавба сураси, 6-оят).
Шу нуқтаи назардан инсоният манфаатларга мувофиқ талқин қилинадиган янада кўпроқ шиорлар ва аҳдномаларга муҳтож эмас, балки заифҳолларни ҳимоя қилишни ва уларнинг ишларига ғамхўрлик қилишни ҳавойи нафслар ва манфаатлар ўзгариши билан ўзгармайдиган собит вожиб қилувчи мабдаий адолатли низомга муҳтождир!
Муаллиф: Муҳандис Юсуф Салома
Роя газетасининг 2026 йил 19 август чоршанба кунги 613-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ