Уйғониш нима ва инсон қандай уйғонади?

Уйғониш нима ва инсон қандай уйғонади?
1-қисм
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Инсон уйқуда эканини қандай билади?
Уйқудаги киши тушида юради, югуради, қўрқади, қувонади, нимагадир эришади, ниманидир йўқотади. Туш ичида турганида буларнинг барчаси унга ҳақиқатдек туюлади. Фақат кўзини очганидан кейингина: «Мен ҳақиқат деб ўйлаган нарсам туш экан», дейди.
Аммо инсоннинг кўзи очиқ бўла туриб ҳам фикран уйқуда яшаши мумкинми?
Ҳа, мумкин. У ҳар куни эрталаб туради, ишга ёки ўқишга боради. Пул топади. Рўзғор қилади. Уй-жой ҳақида ўйлайди. Фарзандларини катта қилади. Яхшироқ машина, юқорироқ маош, қулайроқ турмуш учун ҳаракат қилади. Бошқалар каби қувонади, хафа бўлади, муваффақият қозонади, мағлуб бўлади. Йиллар шу тариқа ўтаверади. Сочига оқ тушади. Қуввати камаяди. Ва ниҳоят бир куни бу дунёдан кетади. Лекин у бутун умри давомида бир марта ҳам жиддий равишда:
«Мен нима учун яшаяпман?», «Бу ҳаёт ўзи нима?», «Мен қаердан келдим ва қаерга кетяпман?», «Нима учун бир нарсани яхши, бошқасини ёмон деб ҳисоблайман?», «Менинг ҳаёт ҳақидаги қарашларимни ким шакллантирган?» деган саволларни ўзига бермаган бўлиши мумкин.
Энг қизиғи, у ўзини фикрлаётган инсон деб ҳисоблайди. Чунки у ҳар куни ўнлаб нарсалар ҳақида фикрлайди: қандай кўпроқ пул топиш, қаерда ишлаш, қайси касбни танлаш, фарзандини қаерда ўқитиш, уйни қандай таъмирлаш, қайси машина яхши, нархлар нега ошяпти, ҳукуматнинг қайси қарори тўғри ёки нотўғри ва ҳ.з…
У жуда кўп нарсалар ҳақида фикрлайди. Аммо бир нарса ҳақида фикрламаслиги мумкин: ўзи юритаётган барча фикрларнинг асоси ҳақида. Масалан, бир ота фарзанди ҳақида: «Ўғлим яхши ўқиса, яхши касб эгаси бўлса, кўп пул топса, уй-жойли бўлса, ҳаёти яхши бўлади», деб ўйлайди. Бир қарашда бу жуда табиий фикр. Аммо ундан сўранг:
— Нега кўп пул топишни «яхши ҳаёт» деб ҳисоблаяпсиз?
У: — Ахир ҳамма шундай яшашни хоҳлайди-ку, — дейиши мумкин.
Яна сўранг:
— Ҳамманинг хоҳлаши уни тўғри қилиб қўядими?
Шунда савол чуқурлаша бошлайди. Биз «муваффақият» деймиз. Аммо муваффақият нима эканини ким белгилайди? «Бахт» деймиз. Аммо бахт нимада? «Эркинлик» деймиз. Аммо инсон нимадан ва нима учун эркин бўлиши керак? «Замонавий яшаш» деймиз. Аммо замонавийликнинг ўзи ҳақиқат мезоними? «Ҳаётдан фойдаланиб қолиш керак», деймиз. Аммо ҳаёт нима учун берилганини аниқламай туриб, ундан қандай фойдаланиш кераклигини қаердан биламиз?
Мана шу саволлар инсонни безовта қила бошлаган жойда оддий фикрлашдан бошқа бир жараён бошланади. Инсон биринчи марта атрофидаги оламни эмас, ўзининг оламга қарашини текшира бошлайди. Мана шу ерда уйғонишнинг эшиги очилади. Уйғониш — инсоннинг кўзини очиши эмас, ақлини очишидир. Уйғониш — кўпроқ хабар билиш эмас, ўзи ҳақиқат деб қабул қилиб келган фикрларни текширишни бошлашдир. Уйғониш — бирор сиёсатчи, ҳукумат ёки воқеадан норози бўлиб қолиш ҳам эмас, чунки инсон бутун бир тузумни танқид қилиб туриб, унинг ўзи ҳам ўша тузум шакллантирган мезонлар билан фикрлаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун энг муҳим савол бошқача: «Менинг фикрларим ҳақиқатан меникими?»
Биз туғилганимизда «муваффақият», «бахт», «эркинлик», «тараққиёт», «оила», «мулк», «манфаат», «ватан», «давлат» каби тушунчалар билан туғилмаймиз. Кейин уларни оиладан, мактабдан, жамиятдан, телевидениедан, интернетдан, ижтимоий тармоқлардан ва атрофимиздаги одамлардан қабул қиламиз. Вақт ўтиши билан эса улар шу қадар одатий бўлиб кетадики, инсон уларни бошқалардан олганини ҳам унутиб қўяди. У: «Мен шундай ўйлайман», дейди. Ҳолбуки, балки унга шундай ўйлаш ўргатилгандир. Бу жуда нозик масала. Чунки инсоннинг қўлига кишан солинса, у кишанланганини билади. Аммо унинг ақлига муайян фикрлар жойлаштирилиб, кейин ўша фикрлар «ўз фикринг» деб қабул қилдирилса, инсон ўзини эркин деб ўйлаб яшаши мумкин.
Шу маънода инсоннинг энг хавфли қарамлиги — бошқалар унинг ўрнига фикрлаётганини англамай қолишидир. Бир мисолни олайлик. Ёш йигитдан:
— Ҳаётдаги мақсадинг нима? — деб сўраймиз.
У:“Яхши иш топиш, уй олиш, машина олиш, оила қуриш, фарзандларни яхши ўқитиш” — дейди.
Бу ишлар ёмонми? Йўқ. Аммо савол бошқа: Булар мақсадми ёки мақсадга хизмат қилувчи воситаларми? Агар уй олиш ҳаётнинг мақсади бўлса, уйни олгандан кейин нима бўлади? Машина олса-чи? Бой бўлса-чи? Фарзандлари катта бўлса-чи? Ниҳоят, буларнинг ҳаммасини қўлга киритиб, саксон ёшида ўлим тўшагида ётган инсондан: «Хўш, бу ҳаёт нима учун берилган эди?» деб сўралса, жавоби нима бўлади?
Мана шу саволдан қочиб бўлмайди. Чунки инсон қанчалик банд бўлмасин, ўлим унинг режасидан ташқарида қолмайди. Шундай экан, ажабланарли ҳолат пайдо бўлади: инсон бир ҳафтага сафарга чиқса, сафарнинг мақсадини билади. Университетга кирса, нима учун кирганини билади. Ишга кирса, нима учун ишлаётганини билади. Бизнес бошласа, мақсадини белгилайди. Аммо ўнлаб йил давом этадиган бутун ҳаётини нима учун яшаётганини аниқламасдан яшаса-чи?! Ахир, бу фикрий зиддият эмасми? Инсон кичик ишларида мақсадсиз ҳаракат қилишни ақлсизлик деб билади, аммо бутун мавжудлиги масаласида бу саволни четлаб ўтиши мумкин…
Шунинг учун ҳақиқий уйғониш: «Қандай яшайман?» деган саволдан аввал «нима учун яшаяпман?» деган саволнинг пайдо бўлишидан бошланади.
Инсоннинг уйғониши унинг коинот, инсон ва ҳаёт ҳақидаги ҳамда буларнинг дунё ҳаётидан аввалги ва кейинги нарса билан алоқаси ҳақидаги фикри билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, инсоннинг ҳаётдаги хатти-ҳаракатлари унинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари асосида шаклланади. Бу фикрнинг воқелигига қаранг. Инсоннинг олдида бировнинг пули турибди. Биров:”Ҳеч ким кўрмаяпти, ол” — дейди. Иккинчиси:”Бу меники эмас” — дейди. Пул бир хил. Шароит бир хил. Фарқ қаерда? Инсоннинг тушунчасида.
Бир эркак оиладаги қийинчиликка:”Менга роҳат бермаяптими, демак, кетаман” — деб қарайди. Бошқаси:”Бу оила менинг зиммамдаги масъулият ва омонат, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиламан” — дейди. Муаммо бир хил бўлиши мумкин. Аммо муносабат бошқа. Нега? Яна ўша жавоб: тушунча бошқа. Демак, инсоннинг амалларини ўзгартиришни хоҳласак, фақат унга: «Бундай қилма», «Ундай қил», «Яхши бўл», «Сабр қил», дейиш билан иш битмайди. Чунки амалнинг ортида тушунча бор.
Аммо бу ерда яна бир савол туғилади: Тушунчанинг ортида нима бор? Нега бир одам мулкни бошқача, иккинчиси яна бошқача тушунади? Нега бир инсон эркинликни олий қадрият деб билади, бошқаси эса инсон мутлақ эркин бўла олмайди, деб ҳисоблайди? Нега бири ҳаётнинг мақсадини роҳатланишда, бошқаси Аллоҳнинг розилигида кўради? Чунки уларнинг ҳаёт ҳақидаги асосий қараши турлича. Мана шу ерда биз инсон фикрининг илдизига етиб борамиз. Дарахтнинг барглари кўп. Шохлари ҳам кўп. Лекин уларнинг барчаси битта илдиздан озиқланади. Инсоннинг фикрлари ҳам шундай. Унинг иқтисод ҳақида фикри бор. Оила ҳақида фикри бор. Эркак ва аёл ҳақида фикри бор. Мулк, эркинлик, давлат, жамият, ахлоқ, бахт, ўлим ҳақида фикрлари бор. Аммо савол: Бу фикрларнинг илдизи қаерда? Мана шу илдизни топмаган инсон барглар билан овора бўлиб қолиши мумкин. Бугун бир фикрини ўзгартиради. Эртага иккинчисини. Бир масалада Исломдан фикр олади, бошқа масалада капиталистик қарашни қабул қилади, учинчи масалада урфни мезон қилади, тўртинчисида шахсий манфаатини. Натижада унинг онгида бир-бирига зид ўнлаб мезонлар яшайди. Унинг муаммоси маълумот етишмаслигида эмас. Унинг фикрлари битта тўғри пойдеворга қурилмаганлигида. Шунинг учун инсон ўзининг энг катта саволларига қайтиши шарт: Мен кимман? Қаердан келдим? Бу улкан коинот қаердан келди? Ҳаётнинг маъноси нима? Бу дунёдан аввал нима бор эди? Ўлимдан кейин нима бор ва нима бўлади? Менинг бугунги ҳаётимнинг ўша аввал ва кейин билан қандай алоқаси бор? Мана шу саволлар инсон олдидаги «катта тугун»ни ташкил қилади. Чунки уларга берилган жавоб инсоннинг қолган ҳаётий фикрлари учун асос вазифасини ўтайди. Мана шу нуқтада уйғонишнинг маъноси янада равшанлашади. Уйғониш — инсонга янги маълумот бериш эмас. Уйғониш — унинг ҳаётга қарашини илдизидан текширишга мажбур қиладиган фикрий ҳаракатдир.
Шунинг учун инсоннинг уйғониши унинг кўпроқ билиши билан эмас, ёрқинроқ ва чуқурроқ фикрлай бошлаши билан бошланади. У биринчи марта: «Одамлар нима дейди?» деб эмас: «Ҳақиқат нима?» деб сўрайди. «Ҳамма шундай қиляпти» деб эмас: «Нега шундай қилиш керак?» дейди. «Замон шунақа» деб таслим бўлмайди: «Замоннинг ўлчови тўғрими?» деб текширади. «Менга фойдами?» деган саволдан олдин: «Бу ҳақми?» деган саволни қўяди. Мана шунда инсон фикрий уйқудан бош кўтара бошлайди. Лекин бу ҳали йўлнинг боши. Чунки савол беришнинг ўзи етарли эмас. Инсон нотўғри саволлардан қутулиб, тўғри саволларни бериши мумкин, аммо уларга тўғри жавоб топиши ҳам шарт. Акс ҳолда у бир фикрий қолипдан чиқиб, бошқасига тушиб қолиши мумкин.
Шу сабаб инсон олдидаги катта тугунга бериладиган ечим шунчаки ҳар қандай жавоб бўлиши мумкин эмас. У ақлни қаноатлантирадиган, инсон фитратига мувофиқ келадиган ва қалбни хотиржам қиладиган ечим бўлиши лозим. Шунда олдимизда ҳал қилувчи савол пайдо бўлади: Биз қаердан келдик? Бу саволга жавоб топмасдан: «Нима учун яшаяпмиз?» деган саволга қатъий жавоб бериб бўлмайди. Нима учун яшаётганимизни билмасдан эса: «Қандай яшашимиз керак?» деган саволга тўғри мезон топиш қийин. Қандай яшашимиз кераклигини билмасак, пул, оила, сиёсат, иқтисод, ижтимо, давлат ва жамият ҳақидаги фикрларимизни қайси асосда қуришимиз мумкин?
Шунинг учун уйғониш инсоннинг атрофидаги дунёни ўзгартиришидан ҳам аввалроқ-олдинроқ жойдан бошланади, яъни инсон ўзининг дунёга қарашини ўзгартиришидан. Ҳақиқий савол шунинг учун: «Дунё нега бундай?» эмас. Аввало: «Мен бу дунёга қайси кўз билан қараяпман?» Инсон шу савол қаршисида чиндан тўхтаган куни, балки унинг ҳаётидаги энг катта сафар — фикрий уйғониш сафари бошланган бўлади.
Давоми бор…
Салоҳиддин
26.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ