Президент фармони–177: давлат мулкини сотиш ортидаги сиёсат

Президент фармони–177: давлат мулкини сотиш ортидаги сиёсат
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2026 йил 28 августда Ўзбекистон Президенти «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–177-сонли фармонни имзолади. Унга мувофиқ, 84 та корхонадаги давлат улуши, 1242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер сотилиши, 85 та давлат корхонаси тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши белгиланди. Сотувга чиқариладиган активлар қарийб 100 триллион сўмга баҳоланиб, йил охиригача камида 14 триллион сўм тушум олиш кўзланди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–177-сонли фармони, 2026 йил 28 август).
Фармон бу чораларни самарадорликни ошириш, инвестиция жалб қилиш ва давлат иштирокини қисқартириш билан изоҳлайди. Бироқ сиёсий таҳлил ҳужжатдаги мақсадни такрорлаш билан тугамайди. Асосий савол шу: ПФ–177 фақат самарасиз активларни сотиш чорасими ёки давлат мулкини хусусий ва халқаро капитал муомаласига тез киритишга қаратилган кенгроқ сиёсатнинг ижро босқичими?
Бу саволга жавоб бериш ва фармоннинг воқелигини тиниқ англаш учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: фармон нимани сотишдан ташқари, сотувнинг амалга ошиш эҳтимолини оширадиган махсус тартибни ҳам ўрнатди. Харидор дастлаб нархнинг 15 фоизини тўлайди. Йирик актив ҳақини олти ойда тўлиқ тўласа, 25 фоизгача чегирма олади. Нархнинг 50 фоизи олти ойда тўланса, қолган қисми етти йилгача; 35 фоизи уч ойда тўланса, қолгани беш йилгача фоизсиз бўлиб тўланади (ПФ–177, 2026 йил 28 август).
Актив уч ой сотилмаса, бошланғич нарх баланс ёки соф актив қийматидан қатъий назар 10 фоизгача пасайтирилади. Икки ой талабгор чиқмаса, Давлат активларини бошқариш агентлиги объектни бўлиши, бошқаси билан бирлаштириши ёки савдо шаклини ўзгартириши мумкин. Такрорий савдода битта талабгор қолса ҳам актив унга эълон қилинган нархда сотилади. Эълон муддати биринчи савдода 30 кундан 15 кунга, такрорий савдода 10 кундан 5 кунга туширилди (ПФ–177, 2026 йил 28 август).
Банклар қарз эвазига олган активларни дастлабки тўловсиз, чегирма ва фоизсиз муддатли тўлов билан сотиши мумкин. Ерлар рухсат ҳужжатлари ва муҳандислик тармоқлари ҳақидаги маълумотлари тайёрланган «пакет» шаклида чиқарилади. Сотилмаган ноқишлоқ хўжалиги ери янги жамият устав капиталига киритилиб, давлат улуши бир талабгорга ҳам таклиф этилиши мумкин (ПФ–177, 2026 йил 28 август).
Бу қоидаларнинг умумий вазифаси битта: нарх, маблағ етишмаслиги, вақт ва талабгор камлиги хусусийлаштиришни секинлаштирмаслиги керак. Демак, фармон активни шунчаки савдога чиқармаяпти, сотув амалга ошиши учун тўсиқларни камайтиряпти. Бунда тезлик устун қўйилар экан, ҳақиқий қийматни сақлаш, етарли рақобат ва жамоат манфаатини ҳимоя қилиш масаласи кескинлашади.
Иккинчи: ПФ–177дан олдинги қарорлар жараённинг изчил йўлини кўрсатади. 2024 йил 19 апрелдаги ПҚ–163 билан еттита йирик корхона давлат улушларини профессионал маслаҳатчилар орқали халқаро бозорда сотиш, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, «Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзбектелеком» акцияларининг 5 фоизигача қисмини IPO ёки SPOга чиқариш белгиланди. Хорижий биржалар, андеррайтерлар, PR-компаниялар ва «Road Show»лар билан ишлаш ҳам давлат вазифасига айлантирилди (ПҚ–163, 2024 йил 19 апрел).
2024 йил августда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF тузилиб, йирик давлат корхоналаридаги улушлар унга жамланди. 2025 йил январда жамғарма активларини бошқариш ва IPOни якунлаш учун халқаро актив бошқарувчи компания билан шартнома тузилди (Жаҳон банки, P511920 дастур ҳужжати, 2025 йил). Бу вазифани Franklin Templeton олди. 2026 йил майда UzNIFнинг Лондон биржасидаги биринчи халқаро IPOси 690 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилди; буюртмалар 2,8 миллиард доллардан ошди ва глобал институционал инвесторлардан келди (Reuters, 2026 йил 20 май).
2025 йил 21 апрелдаги ПҚ–145 эса 29 та йирик давлат корхонасини халқаро бозорда сотиш ва 12 тасини IPO ёки SPOга чиқаришни белгилади. Сотув модели ва муддати жаҳон бозори ҳолати ҳамда стратегик инвестор талабларига қараб танланиши, халқаро маслаҳатчилар баҳоси айрим ҳолларда миллий баҳолаш қоидаларидан қатъий назар қабул қилиниши, активлар хорижий PR ва тақдимотлар орқали тарғиб қилиниши кўрсатилди (ПҚ–145, 2025 йил 21 апрел).
Шундай қилиб, аввал активлар танланди, кейин улар халқаро баҳолаш ва бошқарув қолипига солинди, сўнг фонд ва биржа маҳсулотига айлантирилди. ПФ–177 эса шу йўлда харид шартларини енгиллаштириб, сотув суръатини ошираётган босқичдир.
Учинчи: ташқи таъсирнинг ўрни Жаҳон банки дастурида очиқ кўринади. Бу ерда сиёсат — давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш ва бозорларни хусусий капиталга очиш; мақсад — хусусий сармояни кенг киритиш; режа — UzNIFни ишга тушириш, йирик давлат корхоналарини сотиш ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган давлат корхоналарини ислоҳ қилиш стратегиясини қабул қилишдир. Услуб — бюджет молиясини олдиндан бажариладиган сиёсий чоралар ва кейинги босқич кўрсаткичларига боғлаш; воситалар эса маблағ, техник кўмак, халқаро маслаҳатчи ва актив бошқарувчисидир.
2025 йил октябрда Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 миллион долларлик бюджетни қўллаб-қувватлаш маблағини ажратди. У «бозорларни яратиш, глобал интеграцияни илгари суриш ва хусусий сектор ўсишини рағбатлантириш» дастури доирасида ҳукумат билан келишилган ислоҳот чораларига боғланди (Жаҳон банки, 2025 йил 16 октябр).
Банкнинг P511920 дастур ҳужжати UzNIFни асосий олдиндан бажарилган чоралардан бири деб белгилаб, у орқали қарийб бир миллиард доллар хусусий капитал киришини кутди. Кейинги молиялаштириш босқичи учун ПҚ–145 ва ПҚ–163даги камида учта йирик давлат корхонасини аукцион ёки тўғридан-тўғри сотиш кўрсаткич сифатида қўйилди. Банк айни пайтда 2026-2030 йиллар стратегиясига техник кўмак берди (Жаҳон банки, P511920 дастур ҳужжати, 2025 йил).
Шу механизмда молиялаштириш жорий бюджет эҳтиёжини ислоҳот дастурига боғлайди; «олдиндан бажарилган чора» аввалги қарорни натижа мезонига айлантиради; «кейинги босқич кўрсаткичи» эса навбатдаги маблағ билан келгуси хусусийлаштиришни рағбатлантиради; техник кўмак сиёсатни маҳаллий стратегия ва институтларга жойлайди. Натижада ташқи йўналиш ички фармон, агентлик вазифаси ва сотув жадвали шаклида ишлайди.
Тўртинчи: ХВЖнинг 2026 йилги IV модда маслаҳатлари давлат улушини қисқартириш, давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштиришни тезлаштириш, йўналтирилган ҳамда имтиёзли кредитлашни тугатиш, рақобат ва мустақил тартибга солувчиларни кучайтиришни тавсия қилди (ХВЖ, Ўзбекистон бўйича IV модда маслаҳатлари, 2026 йил 18 июн). Бу макроиқтисодий баҳолаш мамлакатнинг «ислоҳотларга содиқлиги», инвестиция муҳити ва халқаро молиявий ишончини ўлчаш мезони бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа хусусийлаштириш ички мулк масаласидан ташқи капиталга чиқиш кўрсаткичига айланади.
ПФ–177нинг 10-11-иловалари ташқи таъсирнинг ижро ҳалқасини кўрсатади. Фармон халқаро компаниялар билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга, уларга режа тайёрлаш билангина чекланмай, уни амалга ошириш ва натижа учун жавобгарликни ҳам беришга йўл очди. McKinsey, PwC, BCG ва бошқа компаниялар муайян ислоҳотларга бириктирилди; Alvarez & Marsalга эса «UzAuto Motors» ва «UzAuto Motors Powertrain»ни хусусийлаштириш стратегиясини тайёрлаш ҳамда сотувини амалга ошириш вазифаси берилди (ПФ–177, 10-11-иловалар).
Демак, халқаро молия ташкилотлари йўналиш, рағбат ва мезонларни беради; консалтинг ва актив бошқарув компаниялари активни қайта тузади, баҳолайди ва бозорга олиб чиқади; ҳукумат эса бу сиёсатни миллий ҳуқуқий қарорга айлантириб, ижро этади ва унинг сиёсий масъулиятини кўтаради.
Бешинчи: расмий изоҳдаги самарасизлик муаммоси бутунлай асоссиз эмас. Зарар билан ишлайдиган, имтиёзли кредит ва доимий давлат ёрдамига таянадиган корхоналарни ислоҳ қилиш, ҳисобдорликни кучайтириш ва сунъий монополияларни бартараф этиш зарур. Аммо бу ҳолат ҳар бир активнинг молиявий аҳволи, стратегик вазифаси ва жамоатга фойдасини алоҳида текширишни талаб қилади. ПФ–177 эса тез сотишни турли активларга татбиқ қилинадиган умумий қоидага айлантирди.
Уни оғир бюджет инқирози билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. ХВЖ 2025 йилги бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотнинг 2,1 фоизи деб кўрсатиб, 2026 йилда 1,5 фоизга тушиши кутилишини билдирган, иқтисодий ўсишни кучли, захираларни етарли деб баҳолаган (ХВЖ, 2026 йил 18 июн). Демак, 14 триллион сўм тушум муҳим бўлса-да, фармоннинг кўлами фавқулодда молиявий қутқарув эҳтиёжидан кенг.
Манфаатлар ҳам бир хил тақсимланмайди. Ҳукумат бир марталик тушум ва бажарилган хусусийлаштириш кўрсаткичини олади, харидор 15 фоиз дастлабки тўлов, чегирма ва узоқ муддатли фоизсиз тўлов эвазига актив устидан назорат ва келгуси даромад оқимига эга бўлади. Банклар балансини муаммоли активлардан тозалайди, маслаҳатчилар баҳолаш ва сотув шартномаларини, институционал сармоядорлар эса тайёр инвестиция маҳсулотини олади.
Демак, асосий хавф-хатар ва зарар яна халқ бошига тушади. Зеро, хусусийлаштириш ҳар доим нархларни ошишига олиб келади, бунинг ортидан ҳали даромади инфляцияни қувиб ета олмаётган аксар одамлар елкасига яна қўшимча молиявий юк юкланади.
Фармон олий таълим муассасалари ва ихтисослашган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш, корпоратизация қилиш ва хусусий инвестор жалб этишни ҳам белгилади (ПФ–177, 2026 йил 28 август). Бу жараён саноат корхоналаридан чиқиб, аҳоли бевосита муҳтож бўлган хизматларни ҳам даромад келтирадиган актив сифатида қайта шакллантираётганини кўрсатади.
Бу ерда масала муассасанинг ташкилий шаклини ўзгартириш билангина тугамайди. Тижоратлаштирилган муассаса ўз харажатларини даромади орқали қоплаши, корпоратизация қилинган тузилма молиявий натижа кўрсатиши, хусусий инвестор эса киритган капиталига фойда олиши лозим бўлади. Натижада муассаса фаолиятида аҳоли эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда, қайси хизмат кўпроқ даромад келтириши масаласи ҳам ҳал қилувчи ўринга чиқади.
Масалан, ихтисослашган тиббиёт маркази даромад топишга мажбур қилинса, қиммат ва фойдали муолажаларга устуворлик берилиши, аммо зарур бўлса-да, кам даромад келтирадиган хизматлар қисқартирилиши мумкин. Бу даволаниш нархининг ошиши, кам даромадли беморларнинг имконияти чекланиши ва харажатни камайтириш учун ходимлар қисқартирилиши хавфини кучайтиради. Олий таълимда эса контракт нархининг ошиши, даромадли мутахассисликларга устуворлик берилиши ҳамда жамият учун зарур, аммо молиявий фойдаси кам бўлган илмий ва таълим йўналишлари заифлашиши мумкин.
Демак, фармоннинг бу бандидаги масала фақат муассаса мулкчилик шаклининг ўзгаришида эмас. Унинг бошқа томонида таълим ва тиббий хизматни таъминлаш масъулиятининг давлатдан муассасанинг ўзи ва хизматдан фойдаланувчи аҳоли зиммасига силжиши турибди. Хусусий сармоядор учун муассаса халқнинг зарур эҳтиёжини қондирувчи тузилма бўлиш билан бирга, киритилган капиталга даромад қайтариши лозим бўлган активга ҳам айланади (Жаҳон банки, Ўзбекистон бўйича iSOEF ҳисоботи, 2024 йил).
Юқоридаги фактлардан қуйидаги сиёсий хулоса чиқади: ПФ–177нинг расмий мақсадлари воқеликнинг фақат кўринадиган қисмидир. Фармоннинг бошқа томони — давлат корхоналари, ерлар, банк активлари, олий таълим ва тиббиёт муассасаларини бозорда сотиладиган ёки сармоя киритиладиган маҳсулотга айлантириш, харид тўсиқларини пасайтириш ва мулк ҳамда келгуси даромад оқимини хусусий капиталга ўтказишдир.
Бу алоҳида фармон эмас, балки 2024 йилда бошланган халқаро савдога тайёрлаш, 2025 йилда активларни ташқи бозор мезонларига мослаштириш ва 2026 йилда институционал инвесторларга чиқариш занжирининг ижро босқичидир. Жаҳон банки сиёсатга шартли бюджет молияси, олдиндан бажариладиган чора, кейинги кўрсаткич ва техник кўмак орқали; ХВЖ макроиқтисодий баҳолаш ва тавсиялар орқали; халқаро хусусий компаниялар эса баҳолаш, бошқариш ва сотувни амалга ошириш орқали таъсир ўтказмоқда. Ҳукумат ана шу ташқи қолипни ички сиёсатга айлантириб, давлат мулки тузилишини хусусий ва халқаро капитал фойдасига ўзгартирмоқда. ПФ–177нинг асл сиёсий юзи мана шудир.
Энди Исломий ечимга келсак: у мавжуд секуляр тузумга битта ҳукмни қўшиш эмас, мулкчилик ва иқтисодни Ислом асосида бошқарадиган давлат сиёсатидир. Исломий давлат ҳар бир корхона, ер ва объектни воқелигига кўра шахсий, давлат ёки умумий мулк турига жойлаштиради.
Сув, яйлов ва олов каби жамоа уларсиз қолиши мумкин бўлмаган неъматлар, битмас-туганмас нефт, газ ва маъдан конлари ҳамда табиати шахсий эгаликни қабул қилмайдиган йўл, дарё каби объектлар умумий мулкдир. Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар: “Мусулмонлар уч нарсада шерикдирлар: сув, яйлов ва оловда”. (Абу Довуд, 3477). Давлат уларни Уммат номидан бошқаради, даромадини Уммат манфаатига сарфлайди ва уларни шахс ёки ширкатга мулк қилиб берилмайди.
Корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулот ҳукмини олади: шахсий мулк бўлиши жоиз бўлган маҳсулот корхонаси шахсий бўлиши мумкин. Умумий мулк бўлган улкан конни қазиб чиқарадиган корхона эса умумий мулк ҳукмидадир. Давлат мулки бўлган айрим ер ва бинолар шаръий манфаат тақозо қилса сотилиши ёки ижарага берилиши мумкин. Бироқ бу бойлик тўплаш учун эмас, раъият ишларини бошқариш учун амалга оширилади.
Таълим ва соғлиқни сақлашни давлат барча фуқароларга тўлиқ таъминлайди, муаллим ва табиблар ҳақини Байтул-молдан тўлайди. Шахс хусусий муаллим ёки табиб ёллаши мумкин, аммо бу давлатнинг умумий хизматни таъминлаш вазифасини бекор қилмайди. Шу боис таълим ва тиббиёт муассасаларини бюджетдан чиқариб, даромад изловчи активга айлантириш Исломий ечим эмас.
Бу сиёсат умумий ва давлат мулки даромадлари ҳамда Байтул-молнинг бошқа шаръий киримлари билан молиялаштирилади. Вожиб харажатга маблағ етмаса, бой-бадавлат мусулмонлардан зарур миқдорда солиқ олинади. Рибога асосланган ёки қарз берувчига мусулмонлар устидан ҳукмронлик берадиган ташқи қарз қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
– “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони эса ҳаром қилди” (Бақара:275)
Яна айтади:
وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
– “Аллоҳ кофирларга мўминлар устидан асло йўл бермайди”. (Нисо:141)
Шундай қилиб, Исломий давлат умумий мулкни Умматга сақлайди, давлат мулкини раъият манфаатига кўра бошқаради, шахсий мулкни ҳам ман қилмайди, балки шаръий аҳкомларга кўра тартибга солади, таълим ва тиббиётни ўз зиммасида қолдиради ва иқтисодий қарорни ташқи молиявий шарт ҳамда капитал манфаатидан озод қилади.
Салоҳиддин
12.09.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ