Марказий Осиёни мустамлакачи кучларнинг таъминот занжирига боғлаётган лойиҳа

Марказий Осиёни мустамлакачи кучларнинг таъминот занжирига боғлаётган лойиҳа
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2026 йилнинг 8 октябрида Туркманистондаги Аваза сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «олти иқтисодиёт — бир маҳсулот» формуласини, қўшма саноат ва транспорт занжирларини, критик минераллар бўйича минтақавий альянс ва ягона рақамли харита яратишни ҳамда миллий дата-марказларни бирлаштирувчи умумий ҳисоблаш инфратузилмасини таклиф қилди.
Бу таклифларга алоҳида ва тарқоқ иқтисодий лойиҳалар деб қараш соддалик бўларди. Улар бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимли занжирни қурмоқда: ер ости бойликларини харитага тушириш, уларга халқаро инвесторларни жалб қилиш, бир неча давлатда бўлинган ишлаб чиқариш тизимини ташкил этиш, маҳсулотни ягона транспорт коридори орқали ташқи бозорга олиб чиқиш ва бутун жараённи рақамли инфратузилма билан бошқариш. Яъни Марказий Осиё ташқи капитал учун хомашё, ишлаб чиқариш, транзит ва арзон меҳнат базасига мослаштирилмоқда.
Мирзиёевнинг критик минераллар бўйича таклифи бунинг ҳақиқий геосиёсий аслиятини очиқ-ошкора кўрсатади. Марказий Осиё захираларининг ягона рақамли харитаси тузилиб, у халқаро инвесторларга тақдим этилади. Демак, минтақанинг стратегик бойликлари биринчи навбатда унинг халқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб эмас, ташқи капитал қайси ресурсга муҳтожлиги ва уни қайси глобал таъминот занжирига улашни исташига қараб инвестиция объектига айлантирилмоқда.
Бу ташаббус қайси халқаро муҳитда ва кимнинг босими остида пайдо бўлаётганига қаралса, манзара янада равшанлашади:
Аваза учрашувидан атиги саккиз кун олдин Тошкентда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамраислигида Транскаспий транспорт коридори бўйича конференция ўтказилди. Европа Иттифоқи бу жараённи ўзининг империалистик Global Gateway стратегияси орқали илгари сурмоқда. Темирйўл, автомобил йўли, логистика, чегара тартиблари, савдо ҳужжатларини рақамлаштириш ва хусусий капитални жалб қилиш бир пакетда муҳокама қилинди. Бизнинг сиёсий баҳомизда, бу — Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ресурсларини ўз бозорига боғлайдиган транспорт, логистика ва рақамли инфратузилмани бир бутун тизимга айлантириш ҳаракатидир.
2026 йил 28 сентябрда Жаҳон банки ҳам шу Транскаспий йўналишини кенгайтириш учун 2040 йилгача 55 миллиард долларлик инфратузилма, логистика ва рақамли тизимлар зарурлигини билдирди. Банк ягона рақамли коридор, умумий транспорт операторлари ва давлатлараро мувофиқлашувни таклиф қилмоқда. Шу тариқа Жаҳон банки ҳам минтақанинг иқтисодий ҳаракатини ташқи капитал талабларига мослаштирадиган молиявий ва институционал механизмлардан бири бўлиб чиқмоқда.
Критик минералларда АҚШ ҳам четда эмас: Вашингтон 2024 йилда Ўзбекистон билан критик минераллар бўйича меморандум имзолаган ва глобал таъминот занжирларини диверсификация қилишни мақсад сифатида кўрсатган. Бунинг сиёсий-иқтисодий маъноси очиқ: АҚШ Хитойга боғлиқ ресурс занжирларига муқобил манбалар қидирмоқда, Марказий Осиён бойликлари эса шу рақобатда стратегик ресурсга айланмоқда.
Манзара шу ерда очилади. АҚШ Марказий Осиёнинг критик минералларини глобал таъминот занжирларига боғлашга ҳаракат қилмоқда. Европа Иттифоқи Транскаспий коридорини Марказий Осиё ресурсларини Европа бозорига олиб чиқадиган стратегик йўлга айлантирмоқда. Жаҳон банки эса бунинг логистикаси, рақамли бошқаруви ва институционал механизмларини шакллантиришга киришган. Ўзбек режими эса айни пайтда «олти иқтисодиёт — бир маҳсулот», умумий минерал харитаси ва ягона транспорт-рақамли инфратузилмани илгари сурмоқда.
Бу жараённи фақат «минтақавий интеграция» деб аташ воқеликни яширади. Савол жуда содда: Марказий Осиё кимнинг манфаати учун интеграция қилиняпти?
Бу ерда биз мустамлакачилик занжири деб атайдиган механизм аниқ кўринади. Аввало, Марказий Осиёнинг қайси ерида қандай критик минерал борлиги ягона рақамли харитага туширилади. Кейин бу бойликлар халқаро инвесторларга очилади. Конларни ишга тушириш учун капитал, технология ва саноат ускуналари ташқаридан келади. Ишлаб чиқариш эса, ташқи бозор талаб қилаётган стандартларга мослаштирилади.
Кейин навбат транспортга келади. Қазиб олинган ёки қайта ишланган ресурслар Транскаспий каби коридорлар орқали Европа ва бошқа ташқи бозорларга чиқарилади. Шундай қилиб, қайси минерал устувор қазилиши, қайси завод қурилиши, қайси маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва у қайси томонга оқиши тобора ташқи талаб билан боғланади. Минтақа ўз бойлигидан фойдаланади, аммо иқтисодий ҳаракат йўналишини ташқи капитал ва ташқи бозор кучли даражада белгилаб боради.
Занжир шу билан ҳам тугамайди. Транспорт рақамлаштирилади, дата-марказлар ўзаро боғланади, маълумотлар ягона тизимда ҳаракат қилади, кейин эса меҳнат бозори ҳам шу саноат ва логистика тизимига мослаштирилади. Яъни минералдан бошланган жараён инсон капиталигача етиб боради: минтақа қайси ресурсни қазиши, нимани ишлаб чиқариши, қайси йўлдан сотиши ва қандай мутахассис тайёрлаши бир-бирига боғланган ягона иқтисодий тизимга айланади.
Биз ана шу ҳолатни иқтисодий мустамлакачилик занжири деб атаймиз: бойлик Марказий Осиёники, меҳнат Марказий Осиёники, ер ва йўллар ҳам Марказий Осиёники, аммо капитал, технология, стандарт, асосий бозор ва иқтисодий йўналишга ҳал қилувчи таъсир ташқи марказларда қолади. Натижада минтақа бойликнинг эгаси бўлиб кўринади, лекин ўша бойлик қайси иқтисодий мақсадга хизмат қилишини белгилашда мустақил бўлолмайди.
Шунинг учун бу ерда гап оддий «инвестиция жалб қилиш» ҳақида эмас. АҚШ ва Европа каби мустамлакачи кучлар минтақанинг хомашёсини ўз таъминот занжирларига, саноатини ташқи капитал ва технологияга, транспорт йўлларини ўз бозорларига, рақамли инфратузилмасини эса шу иқтисодий ҳаракатни бошқаришга боғламоқда. Марказий Осиё шу тариқа мустақил иқтисодий марказ сифатида эмас, ташқи тизимни ресурс, ишлаб чиқариш ва транзит билан таъминлайдиган қарам бўғинга айлантирилмоқда.
«Олти иқтисодиёт — бир маҳсулот» деган формулани ҳам худди шу мезон билан ўлчаш керак. Масала олти давлат биргаликда маҳсулот ишлаб чиқарадими-йўқмида эмас. Савол — улар нимани, кимнинг капитали билан, кимнинг технологияси асосида, кимнинг стандартларига мослаб ва кимнинг бозори учун ишлаб чиқаради? Агар бу саволларнинг жавоби ташқи капитал ва ташқи бозор бўлса, «олти иқтисодиёт — бир маҳсулот» минтақанинг мустақил саноатлашуви эмас. У мустамлакачи таъминот занжирининг минтақавий ишлаб чиқариш бўғинига айланади.
Шунинг сабабли Марказий Осиё халқлари учун масала янги йўл ёки янги завод қурилишида эмас. Масала — ким ўша йўлдан фойдаланади, ким заводнинг технологик ва молиявий калитини ушлаб туради, ким минералларнинг асосий харидори ва ким ишлаб чиқариш йўналишини белгилайди. Минтақа ўз еридаги бойликни қазиб олиб, ўз ишчиси билан ишлаб, кейин уни мустамлакачи давлатларнинг иқтисодий эҳтиёжи учун ташиб берса, бу иқтисодий мустақиллик эмас. Бу — мустамлакачилик таъминот занжирида хизмат қилувчи қарам бўғинга айланишдир.
Шу нуқтаи назардан, Авазадаги ташаббуслар битта саммит баёноти эмас. Улар Марказий Осиё конлари, саноати, транспорт йўллари, рақамли инфратузилмаси ва меҳнат бозорини ташқи капитал эҳтиёжларига мос равишда бир тизимга боғлаш жараёнининг навбатдаги босқичидир. Марказий Осиёнинг ҳақиқий бирлиги эса, мустамлакачи кучлар қуриб бераётган коридорлар ёки уларнинг капиталига боғланган минтақавий келишувлар билан барпо бўлмайди. Чунки капитал, технология, стандарт ва бозор устидан ташқи марказларнинг ҳукмрон таъсири сақланар экан, бир нечта миллий давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги ҳақиқий мустақилликни пайдо қилмайди.
Исломий сиёсий нуқтаи назардан, Марказий Осиё халқларини бирлаштирадиган ҳақиқий асос — уларнинг умумий Исломий ақидаси ва ягона Умматга мансублигидир. Биз мусулмонлар Марказий Осиёнинг ҳақиқий бирлиги ва мустақиллиги яқинда қайта тикланажак Рошид Халифалик доирасида амалга ошади, деб ишонамиз. Ана шунда минтақа бойликлари мустамлакачи давлатларнинг таъминот занжирини тўлдирувчи хомашё эмас, Умматнинг иқтисодий қудратига хизмат қилади.
Шунда транспорт йўллари мустамлакачи бозорларга ресурс етказиб берувчи коридор бўлиб қолмайди. Конлар, саноат, энергия ва стратегик инфратузилма устидан қарор Вашингтон, Брюссел ёки халқаро молиявий институтларнинг иқтисодий эҳтиёжига қараб эмас, шаръий ҳукм асосида қабул қилинади.
Биз учун ҳақиқий мустақиллик — фақат байроқ, чегара ва миллий ҳукуматнинг мавжудлиги эмас. Ҳақиқий мустақиллик — Уммат ўз ери, бойлиги, саноати ва иқтисодий йўналиши устидан ҳукмни ўзи юритишидир. Марказий Осиёнинг ҳақиқий бирлиги ҳам, мустамлакачилик қарамлигидан ҳақиқий озодлиги ҳам Рошид Халифаликнинг қайта тикланиши билан рўёбга чиқади, иншаАллоҳ.
Салоҳиддин
12.10.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ