Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uza.uz 19.01.2024й): Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уни сифатли амалга ошириш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ: Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Унга кўра, жумладан, “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилинди. Ушбу меъёр ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилганлиги айтилган. Биз ЖСТнинг Ислом ва мусулмонларга асло тўғри келмайдиган шартларни қўядиган мустамлакачи Ғарб манфаатларига хизмат қилувчи халқаро ташкилотлардан бири эканлиги ҳақида кўпдан буён айтиб келяпмиз. Мана, у қўяётган шартлардан бири нима эканлиги ҳам аён бўлди. Мусулмон халқимизни шундай ҳам кўплаб Аллоҳ ҳаром қилган ишларга ботириб қўйган бу ҳукумат энди шариат қатъиян ҳаром қилган спиртли ичимликларни очиқ реклама қилишга ҳам рухсат беряпти. Гўё бундай чора рақобат муҳитини таъминлар эмиш. Нима, Аллоҳ ҳаром ишлар борасида бир-бирингиз билан мусобақа қилингиз деганмиди?! Аксинча, Роббимиз мана бундай демаганмиди:
فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ
– “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз!” (Моида:48)
Бироқ ўзбек ҳукумати Аллоҳни рози қилишдан кўра, анави бузғунчи хўжайинларини рози қилишга интиляпти. Аминмизки, ЖСТнинг бундай Ислом ва унинг қатъий аҳкомларига зид бўлган шартлари тўлиб ётибди. Ҳукумат иқтисодий тараққиётга эришиш учун Аллоҳ нозил қилган иқтисодий низомни четга қўйиб, капиталистик иқтисодиётни татбиқ қилишга жидду жаҳд қиляпти. Аммо бу фақат янада кучлироқ қарамлик ва хорликдан бошқа нарсани олиб келмайди.
Хабар (kun.uz 20.01.2024й): Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги қурилиш обектларида ўтказилган рейдлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларни мигрантларни ўрдаксимон юришга мажбурлади. Бу ҳақда «Русская Община Екатеринбург» хабар берди.
Изоҳ: Шовинист рус ҳукуматининг бундай таҳқирловлари мана неча йилдирки давом этиб келяпти. Россия асосан Марказий Осиё мусулмон халқларига ҳозиргача қул сифатида муносабатда бўлиб келмоқда ва бу нарса ўша тарихда босқинчилик юришлари қилиб минтақани босиб олганидан буён ўзгаргани йўқ. Бу кофир мустамлакачи ўриснинг мусулмонларга нисбатан қалбидаги адоватининг бир кичик кўриниши холос. Рус ҳукуматидаги айрим расмийлар мусулмонларга нисбатан нафратини яширмаётган бир пайтда, минтақамиздаги қўғирчоқ ҳукуматлар уларни тийиб қўйиш учун, афтидан бирор чора қўллашни ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаяпти. Бор-йўқ қилаётган ишлари “чуқур ташвиш”да эканликларини билдириш ёки омбудсманнинг ёрдам сўраб, ялиниш оҳангида мурожаат қилишига ўхшаш ожизлик ва хорликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳукуматлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларидан Аллоҳнинг олдида жавобгар эканликларини аллақачон эсларидан чиқариб юборишган, ҳатто мусулмонларнинг бундай таҳқирланишлари улар учун ўта шармандали ҳолат эканлигини ҳам ҳис қилмай қўйишган. Аксинча, бундай ғурур ҳис-туйғулари ўрнини анави хожаларини рози қилиш хорлиги эгаллаб олган. Агар юртларимиз мустамлакачилар чизиб берган сохта чегараларни йўқ қилиб, Ислом асосида бирлашиб, бир тану бир жон бўлганида эди, мусулмон халқлар мана бундай хорлик ва қолоқликдан, албатта, қутулган бўлардилар. Халқимиз ўғлонлари ўзга юртларга бориб арзимаган пул учун эртадан кечгача қора ишларни қилишига ҳам ҳожат қолмасди. Аллоҳ таоло деди:
وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَٰكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ
– “Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”. (Мунофиқун:8)
Хабар (qalampir.uz 22.01.2024й): 2014 йилдаги сайловолди ваъдаларининг ижроси ўлароқ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди шимолий Уттар-Прадеш штатидаги Аёдҳа шаҳрида 1528–29 йилларда қурилган Бобур масжидини ҳинду тангриси Рамга бағишланган катта ибодатхонага айлантирди.
Изоҳ: Тарихдан маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонни фатҳ қилганидан сўнг, у ердаги кўплаб маҳаллий аҳоли Исломни қабул қилиб, бу илоҳий неъматдан баҳраманд бўлишганди. Улар ўша фатҳ сабаб ҳақиқий Яратувчи Аллоҳ таолони таниб, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиққан эдилар. Бобур ва бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда ерлик аҳоли, айниқса мусулмонлар манфаатини кўзлаб жуда кўп ишларни амалга оширган, жумладан, минглаган масжиду мадрасалар бунёд этишган… Бироқ бандасига ташаккур айтолмаган, Яратувчига ҳам шукр келтиролмайди, дейилганидек, анави лаънати Моди бошлиқ бутпараст ҳиндулар охирги пайтларда ўша масжидларни вайрон қилиб, ўрнига шайтоний бутхоналарини қурмоқда ва бутун дунё мусулмонлари ғазабини жунбушга келтирмоқда. Хўш, Исломий муқаддасотларга қарши қўлланаётган бундай тажовузларга нисбатан ўзбек ҳукумати нега ўзининг норозилик позициясини билдирмади?! Ахир ҳукумат ўрни келганда, Бобурни миллий қаҳрамон сифатида талқин қилиб, ундан миллатчилик “мафкураси” тарғиботи учун фойдаланади-ку! Афсуски, у ҳеч бўлмаса мана шу позициядан келиб чиқиб, бирор нима дейишга ҳам ярамади. Чунки Ўзбекистон ҳукумати таянаётган демократия, жадидчилик – буларнинг барчаси аслида таги пуч ботил нарсалардир. Шунинг учун бу ҳукумат гоҳ Россия, гоҳ Америка, гоҳ Хитой олдида хамелеон сингари тусланиб яшашга маҳкум. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳукумат бугун халқимизнинг иймоний потенциали қадрига етиб, ундан унумли фойдаланиш ўрнига, уни мурғаклигидаёқ бўғиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Афсуски, у мустамлакачилар манфаатига мос келадиган бундай сиёсати билан ўзига ўзи чоҳ қазиётганини англамаяпти. Аммо биз қатъий ишонамизки, мусулмон халқимиз ҳеч қачон арзон манфаатларни ўлчов қилиб, хорликка рози бўлиб яшайдиган тубан халқ даражасида қолиб кетмайди, инша Аллоҳ! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз динига ёрдамчи бўлган бандаларига нусрати ила доимо ҳамроҳдир.
إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ
– “Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз”. (Ғофир:51)
Хабар (gazeta.uz 22.01.2024й): Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилди. Кўрсаткич мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун ишлатилади.
Изоҳ: Камбағалликни муайян даромад чегараси билан белгилаш хатодир. Чунки юқори эҳтимолга кўра, бунда инсоннинг муҳтожлиги барҳам топмайди. Бу ерда аввало камбағалликни нима эканини тўғри тушуниш лозим. Тўғри тушуниш эса қайси тузум асосидан қаралаётганига боғлиқ. Маълумки, ўзбек ҳукумати капиталистик иқтисод тузумини татбиқ қилишга интиляпти ва камбағалликка ҳам шу нуқтаи назардан қараяпти. Капиталистик иқтисодий тузум эса камбағалликка товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжларни қондиролмаслик, деб таъриф беради. Капиталистик иқтисодий тузумдаги бу қараш хатодир. Чунки у нарсанинг маъносини ҳақиқийликдан нисбийликка айлантириб юборади. Бироқ нарса ўз воқеига эга бўлади ва воқеъи билан таърифланади. У ўз воқеига эга бўлмаган нисбий нарса эмас. Шариатда эса камбағал тиланмайдиган, аҳволи ночор муҳтождир. Ислом қайси диёр, қайси авлодда бўлишидан қатъий назар камбағалликка битта эътибор билан қарайди, яъни уни асосий эҳтиёжларни тўла қондира олмаслик, деб ҳисоблайди. Шариат асосий эҳтиёжларни уч нарса билан, яъни озуқа, кийим ва жой билан белгилайди. Мисол учун, шахсий уйи йўқ инсоннинг ойлик даромади 1 млн сўмни ташкил қилса, яъни юқоридаги миқдор – 621 минг сўмдан кўп бўлса-да, у камбағал ҳисобланаверади. Аллоҳ Таоло айтади:
أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ
– “Уларга ўзларингиз маскан тутган – қудратингиз етган жойдан маскан беринглар”. (Талоқ:6)
Ўзбек ҳукуматига кўра эса у камбағал эмас, чунки белгиланган чегарадан даромади ошмоқда.
Хабар (uza.uz 22.01.2024й): Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади.
Изоҳ: Бу фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер тўғридан-тўғри ижарага берилмайди. Ижарага олиш учун эса электрон онлайн аукционида қатнашиб ғолиб бўлиш керак бўлади. Ижара шартномаси аукцион ғолиби билан аукциондан кейин тузилади. Ҳам аукцион учун тўлов, ҳам ижара учун тўлов. Масалан, ўтган йили бундан 1 триллион сўм тушум бўлган. Демакки, ҳукумат татбиқ қилаётган капиталистик тузум манфаатга асосланганлиги учун ерга оид мазкур фармондан ҳам – унинг шаръан жоиз ёки ножоизлигини умуман инобатга олмасдан – фақат манфаатни кўзлаётганлиги кўриниб турибди. Бироқ яқинда тикланажак Халифалик давлатида ундай бўлмайди. Исломда ерга деҳқончилик қилиш учун давлат томонидан эвазсиз бўлиб берилиши ёки давлатнинг рухсатисиз ўзлаштирилиши орқали эгалик қилиш мумкин. Аммо ерга эга бўлган ҳар бир одам уни ишлатиши, яъни ундан экин экиб фойдаланиши мажбурий бўлади. Муҳтож одамга ерни ишлатиш имконини берадиган нарсалар Байтулмолдан берилади. Шундан сўнг ҳам кетма-кет уч йил ундан фойдаланмай ташлаб қўйган одамдан ер тортиб олинади ва бошқага берилади. Абу Убайда “Амвол”да Билол ибн Ҳорис Музаний ҳақида шундай деди: “Расулуллоҳ ﷺ унга Ақиқнинг ҳаммасини ажратиб бердилар. Ҳазрати Умар халифалик даврида унга деди: Эй Билол, Расулуллоҳ ﷺ уни сенга ўраб қўйишинг учун эмас, балки ишлатишинг учун ажратиб бердилар. Обод қила оладиганингни олиб қолгинда, қолганини қайтариб бер”. Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қилади: Пайғамбар ﷺ дедилар: “Кимки ҳеч кимники бўлмаган ерни обод қилса, у унга ҳақлироқдир”. Демак, инсонлар Ислом қонунлари татбиқ қилинса, ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдаги мана шундай гўзал ёндашувлар натижасида саодатли ҳаёт кечирадилар.
Хабар (uza.uz 24.01.2024й): 24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Изоҳ: Ушбу ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи бўлди. Кутилганидек, мазкур ташриф ҳам юртимизнинг Хитойга бўлган қарамлигини янада чуқурлаштиришга хизмат қилишдан бошқасига ярамади. Бундан ташқари, ўзбек ҳукумати бу гал ҳам Хитойнинг қонли чангалида шафқатсиз, ғайриинсоний сиёсатдан инграётган уйғур мусулмонлари додига етадиган биронта қадам босмади, яъни уйғурлар масаласини ўртага ташлаб, ҳеч бўлмаса, норозилик изҳор қилиб қўймади. Ҳолбуки, у ерда уйғур биродарларимизга нисбатан олиб борилаётган геноцид ҳаракатлари Ғазодагидан кам эмас, фақат бироз бошқачароқ кўринишда холос! Ҳа, Мирзийев ҳукумати ҳам бошқа Исломий юртлар ҳукмдорлари каби Хитойнинг ғаразли пуллари эвазига унинг мусулмонлар қонига ботган қўлларини сиқиб, дўстона муносабат ўрнатяпти. Нақадар шармандалик! Албатта, Пайғамбаримиз ﷺ “Уялмасанг билганингни қил” дея бекорга айтмаганлар! Бироқ ҳукумат геосиёсий курашлар янада кучайиб бораётган бугунги вазиятда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, яъни тирик яшаб қолиш учун кўпроқ Хитойга ўхшаган кучли давлатларга суянишни маъқул кўряпти. Аслида эса бу охири ёруғ бўлган ишончли сиёсат эмас. Сабаби, биринчидан, қўлимизда дунё етакчилигини қўлга олиб, уни ҳақ ва адолатга буркашга имкон берадиган қудратли мафкурамиз – динимиз бор. Демак, биз ана шу илоҳий манҳажни маҳкам ушлашга интилишимиз лозим. Иккинчидан, Хитой иқтисоди ҳам ҳозирги чириган капиталистик системанинг бир қисми сифатида инқироз ёқасига келиб қолгани айтилмоқда. Қолаверса, хитойликлар мусулмонларга ашаддий адоватда яҳудлар билан ёнма-ён турувчи халқ ҳисобланади. Аллоҳ таоло деди:
لَتَجِدَنَّ أَشَدَّ النَّاسِ عَدَاوَةً لِّلَّذِينَ آمَنُوا الْيَهُودَ وَالَّذِينَ أَشْرَكُوا ۖ
– “Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз”. (Моида:82)
Шунинг учун айтамизки, суяниш ва таваккул қилишга энг лойиқ зот – Аллоҳ таолодир!
ۚ أَيَبْتَغُونَ عِندَهُمُ الْعِزَّةَ فَإِنَّ الْعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا
– “Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир”. (Нисо:139)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
29.01.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми