Чуқур давлат
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Чуқур давлат
Савол: Ҳозирда “чуқур давлат” атамаси(истилоҳи) сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситаларида кўп ишлатиладиган бўлиб қолди. Лекин бу сўзларни кузатилса, уларнинг турлича эканлиги аён бўлади. Ушбу атама билан боғлиқ сиёсий воқеаларни тушуна олиш имконига эга бўлишимиз учун эҳтимоли кучлироқ бўлган маънони аниқлаб олиш мумкинми? Аниқлаштириш янада равшан бўлиши учун баъзи бир мисоллар келтирилса яхши бўларди… Бундай мисолларни келтиришни сўрашим сизни бажариб келаётган бундан-да муҳимроқ ва зарурроқ ишларингиздан чалғитган бўлса узр сўрайман. Эътиборингиз учун ташаккур.
Жавоб: Ҳа, бу ерда “чуқур давлат” термини атамаси ҳақида тарқатилаётган фикрларда бир қанча хилма-хилликлар бор. Баъзилар: у – ҳокимиятда бўлмаган нуфузли табақалар бўлиб, улар мавжуд режимга қарши яширин ҳаракат қилади, худди Туркияда бўлганидек, десалар… бошқалар эса: у – режимга ўз ҳукмини ўтказадиган, демакки, истаган пайтда мамлакат бошқарувини қўлга оладиган, бирор муаммо пайдо бўлгудек бўлса, уни ўзгаларга ёпиштиришни истаб, бошқарувни тарк қиладиган ва бошқасини олиб келиб, унга муаммони “кийдириб” (юклаб) юборадиган, шундан кейин яна ҳокимиятга қайтадиган кучдир, худди Британияда бўлаётганидек, дейдилар… Айримлар унга, ҳозирда Америкада Трамп даврида бўлаётганидек, таъсир кучига эга партиялар ўртасидаги кураш деб баҳо беради… Баъзи бировлар ундан ўзининг бошқарувидаги айбу нуқсонлари ва муваффақиятсизлигини илиб юборадиган “илгич” сифатида фойдаланиб, буни чуқур давлат деган атамага ёпиштириб юборади… Бошқа бирлари эса, одамларни бирон бир иш билан чалғитмоқчи бўлган пайтда, бу атама билан ўйин қилиб, уни ўзи хоҳлаган ёки ҳар қандай бошқа лафзлар билан ифодалайди… Баъзилар эса, мустамлакачи давлатларни уларнинг мустамлакаларида чуқур давлат, номи билан атайди. Бу масалада эҳтимоли кучлироқ маънони аниқлаш учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:
Биринчи иш: чуқур давлат ҳақида келган айрим таърифлар:
- Дунёдаги энг қадимги луғатлардан бири “Webster” чуқур давлатни шундай таърифлайди: “У – ҳукуматнинг хос тарзда сайланмаган амалдорларидан, деб қараладиган яширин тармоқдир, гоҳида эса ҳукумат сиёсатига ва унинг ижросига таъсир кўрсатиш учун қонундан ташқарида фаолият юритадиган махсус структуралардир. Бу эса шуни англатадики, режимлар ва конституция соясида миллатни назорат қиладиган чуқурроқ куч мавжуд бўлади. Бу кучнинг махсус шотирлари бор бўлиб, у сайланган ҳукумат қарорларини барбод қилиш имконига эга бўлади.”
- Vikipediya да бу ҳақда қуйидагилар келган: “Туркиядаги чуқур давлат” туркчада “derin devlet” деб аталиб, унга қуйидагича таъриф берилган: У – Туркия сиёсий структураси ичкарисида таъсир кучига эга антидемократик коалициядан иборат гуруҳ бўлиб, ички ва ташқи разведка идораси, турк армияси, хавфсизлик муассасалари, суд ҳокимияти ва мафиянинг юқори мартабали одамларидан ташкил топган… Тарихда сиёсий ва иқтисодий элиталар устидан ўйин олиб бориш учун ҳамда сиёсий манзаранинг гўё “демократик бўлиб кўринадиган” доирасида муайян манфаатлар рўёбга чиқишини таъминлаш учун ўта яширин тарзда зўравонлик ва бошқа турли босим воситалари ишга солинган.
- Юқоридаги кимсалар чуқур давлат атамасидан мақсад қилган маънони диққат билан ўрганилса, аён бўладики, давлат аппарати ичида ё ташқарисида махфий бир куч мавжуд бўлиб, у сиёсий тизимга ўз ҳукмини ўтказади, яъни ўз сиёсати, қарашлари ва йўналишларини қонуний тарзда сайланган сиёсатчиларга юклайди… Бу яширин куч шахслардан тузилган уюшган тармоқ бўлиб, у ҳарбий, хавфсизлик ва сиёсий кучлар каби нозик (муҳим) марказлар ичкарисига кириб бориб, сайланган ҳукуматдан мустақил равишда фаолият юритади… Гоҳида бу тармоққа ишора қилиш учун “чуқур давлат” ёки “параллел давлат” ёки “соядаги давлат” ёки “давлат ичкарисидаги давлат” каби турли атамалар ҳам қўлланади.
- Бу ерда бошқарув ёки сайловларда ютқазган ёки мағлуб бўлган сиёсатчи қўллайдиган яна бошқа таъриф ҳам бор бўлиб, у ундан ўзининг бошқарувдаги ёки сайловлардаги муваффақиятсизлигини илиб қўядиган бир “илгич” сифатида фойдаланади… Бошқача айтганда, у чалғитувчи тушунча бўлиб, мамлакатда коррупция ва зулм авж олган пайтда ёки хиёнатларга қўл урилган пайтда ҳокимларни оқлаш учун қўлланади. Демак у – ҳоким томонидан бор айбни парда ортидаги шахсларга юклайдиган алдов бўлиб, ҳоким уларни чуқур давлат деб атайди ва шундай қилиб, одамларни ўзининг айбдорлиги ҳамда ўзгартирилиши лозим эканлигидан чалғитади.
- Бу ерда шундай гап ҳам борки, мустамлакачи давлатлар ўз мустамлакаларида чуқур давлат ролини ўйнаб, улардаги режимларга ўз ҳукмини ўтказади, мана бу ҳокимни қолдиради ва унисини эса кетказади.
Иккинчи иш: кучлироқ эҳтимоли бор таъриф.
- Юқоридаги таърифларни ва улардаги нарсаларни диққат билан ўрганилса, кучлироқ эҳтимоли бор таъриф қуйидагичадир:
Бирон мамлакатдаги чуқур давлат дейилганда, у ерда бир таъсир ўтказувчи куч борлиги кўзда тутилади. У сиёсий ё иқтисодий кучлар бўладими ёки мамлакат ичкариси ёки ташқарисидаги аҳлидан иборат нуфузли аристократ оилалар бўладими, фарқи йўқ.. У бошқарув аппаратида расмий бўлмайди, балки яширин ёки махфий туриб, давлатга ўз таъсирини ўтказади. У ўз истагини амалга ошириш ёки ҳукуматни ўзгартириш учун расмий бошқарув аппаратига кучли таъсирли босим ўтказа олади.
- Энди ҳоким коррупция бўйича айбловни ўзидан йироқ қилиб, уни ўзи чуқур давлат деб атайдиган иккинчи томонга ёпиштириш учун, яъни ўзининг бошқарувдаги ёмон ишларини ва коррупционерлигини яшириш учун бу атамадан “илгич” сифатида фойдаланиб, одамларни чалғитишига келсак, буни чуқур давлат деб аташ нотўғри. Чунки у ҳокимга қарши бўлган томонлардан эмас, балки айнан шу ҳокимнинг ўзи томонидан қилинган найранг ва алдовдир.
- Мустамлакачи давлатларни чуқур давлат деб ҳисоблаш ҳам ҳақиқатдан йироқ. Чунки мустамлакачи давлатлар ўз мустамлакаларига ҳукмронлик қилади. Ҳолбуки улар бу мустамлака давлатларга бегонадир. Шунингдек улар мамлакат аҳлидан сайланган ҳокимиятдаги кучлардан яширин тарзда махфий фаолият олиб борадиган ва мамлакат аҳлидан бўлган бошқа кучлар эмас.
Учинчи иш: Таъриф яна-да равшан бўлиши учун айрим давлатлардаги чуқур давлатни кўриб чиқишликка мисоллар:
1-Туркия
а- “Чуқур давлат” атамаси Туркияда пайдо бўлган. Усмоний давлатнинг охирги кунларида ғарб фикрларидан таъсирланган, “иттиҳод ва тараққиёт” гуруҳига мансуб зобитлар 1909 йилда давлат тўнтариши қилиб, халифа Абдулҳамидхон иккинчини ағдариб, иниси Муҳаммад Рашодни ўзларининг салоҳиятларидан қуйироқ салоҳият билан халифа этиб тайинлашди.
*Бу эса Халифадан кучлироқ, унинг мансабда қолиш ёки қолмаслигига яширин эмас, балки ошкора таъсир ўтказадиган табақа пайдо бўлишининг дебочаси бўлди. Лекин улар халифаликни ва Ислом билан бошқарувни ағдаришгани йўқ. Чунки улар, ҳақиқатан, давлат ичкарисидаги махфий-чуқур давлат маънодаги давлат эмасди. Улар давлатда очиқ-ошкор эди, лекин бошқарув устидан ҳукмрон бўлиб олишганди.
б- Биринчи жаҳон урушидан кейин инглизларнинг содиқ малайи Мустафо Камол ҳокимиятни эгаллаб олиб, халифаликни қулатишга, шариатни ва унинг қонунларига амал қилишни бекор қилишга муваффақ бўлди. У жумҳуриятни эълон қилиб, уни секуляр асосларга қурди. У нафақат Ислом билан бошқарувга қарши, балки Ислом кўринишларига ҳам қарши инқилоб ясади. Бунга мисол қилиб, “ҳарф” инқилобини келтириш мумкин. Бунда турк тили ҳарфлари арабчадан лотинчага ўзгартирилди. Шунингдек, шаръий либосга қарши инқилобни ҳам мисол қилиш мумкинки, унинг ўрнига ғарб кийимлари кийиладиган бўлди ва ҳоказо… Мустафо Камол жумҳурият ва секуляризмни ҳимоя қилиш ва исломнинг бошқарувга яна қайтиб, халифалик янгидан тикланишига йўл қўймаслик учун муайян стандартлардаги армия ва хавфсизлик кучларига асос солди.. Натижада армия бошқарувни назорат қиладиган зўравон кучга айланиб, камолчиликдан чекиниш бор, деб билган пайтда аралашадиган ва шу билан бирга Британияга қарамликни сақлаб қолишга ҳам хизмат қиладиган бўлди.. Камолизм бошқарувининг зўравонлиги ҳамда Британиянинг қўллаб-қувватлови – бу иккаласи мавжуд бошқарувга нисбатан чуқур давлатнинг пайдо бўлишига тўсиқ бўлди.
в- Туркияда Эрдўғон сайлов қутиларидаги натижалар кучи ҳамда Американинг сиёсий, молиявий ва иқтисодий қўллаб-қувватлови билан ҳокимият тепасига келди. У секуляризмнинг инглизларга тобе қўриқчилари бўлмиш армия генералларининг қандай кучга эгалигини, улар давлатнинг жон томирларини акс эттиришларини ва хоҳлаган пайтларида унга қарши тўнтариш ясай олишларини яхши тушунарди. Шунинг учун у демократик қадрият ва эркинликларни кўкларга кўтариб, генералларнинг ўзига қарши тўнтариш ясашларига йўл қўймаслик учун халқ томонидан берилган легитимлик кучи билан уларни жиловлаб туришга ўтди. Америка ўзининг молиявий ва иқтисодий артериялари орқали туркларнинг “сўлаги”ни оқизадиган бўлди. Эрдўғон ана шу ҳарбийлардан қўрқар ва уларни истеъфога чиқаришга кучи етмасди. Чунки уларнинг сони кўп бўлиб, узоқ йиллар давомида армия “жон томирлари”ни эгаллаб олишган эди. Лекин у тез орада Туркия ҳаётида “демократия” ва иқтисодий муваффақият деган усти ялтироқ янги воқеликни пайдо қилди. Мана шу нарса давлат тўнтариш ясалишига тўсиқ бўлди.
*Ана шу давр асносида Туркияда давлат аппарати, хусусан, армия ичкарисидан туриб, яширин фаолият юритаётган ва сайланган бош вазир Эрдўғон тутган тамойилларга монелик қилиб келаётган, уларни барбод қилишга уринаётган “чуқур давлат” мавжуд, деб баҳо бериш тўғри баҳо бериш бўлди. Ана шу кимсалар бамисоли ўргимчак тўри бўлиб, унинг аломатлари “ишлар идеал равишда кетмоқда, ҳамма конституция ва қонунга амал қилмоқда” деб ўйлайдиган юзаки фикрловчи кимсаларга кўринмас эди. Туркиядаги бу тўр тармоқ армия, суд тизими ва вазирликларда “ин қуриш” билан бир қаторда, хориждаги оппозицияни акс эттирувчи секуляр партиялар билан ҳам алоқада эди, у Лондондаги марказ билан ҳам алоқада эди. Унинг одамлари яширин йиғинлар ўтказиб, маслаҳат қилишар, Эрдўғоннинг бошқарув системасига оид масалаларни муҳокама қилишарди. Охир-оқибат улар 2016 йилда давлат тўнтариши ясашга қарор қилишди. Бироқ у муваффақиятсиз уриниш бўлди. Эрдўғон бундан бир баҳона сифатида фойдаланиб, уларнинг армиядаги илдизларини қуритди. Уларга қўшиб, суд тизими ва вазирликлардаги тобеларининг илдизини ҳам қуритди. Бу тозалаш амалиёти университетлар профессорларигача етиб борди. Бу билан Эрдўғон турк армияси ичкарисидаги инглизларга тобе чуқур давлат илдизларини қуритишга ва уни деярли йўқ қилишга эришди. Лекин уларнинг тобелари сақланиб қолди. Улар гарчи олдингига қараганда заиф бўлишса-да, режим қаршисида “чуқур давлат” деган тарихни такрорлашга уринишмоқда.
2-Қўшма штатлар
а- Америкада бошқарув икки амалий даражага бўлинади. Бунда биринчи даража легитимликни акс эттирувчи ҳамда президентни ва депутатларни сайлаган халқ хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилувчи бўлиб кўринади. Демак, давлатнинг ташқи кўриниши “демократик” бўлиб кўринади. Лекин бу легитим даража мамлакат сиёсатини фақат иккинчи даража истак-хоҳишига мувофиқ ҳолдагина юритади. У, яъни иккинчиси кўзга кўринмас, яширин ва “демократик” низом бўйича қонуний сайланмаган даражадир. Улар уни “чуқур давлат” деб аташадиган нарса мана шудир.. Бу даражанинг одамлари, яъни вакиллари давлат аппаратидаги нозик мансабларни эгаллаган шахслардир. Шунинг учун улар назорат қиладиган аппаратлар биринчи даража йўналишлари кўра фақат улар чизиб берган чизиқ бўйичагина олдинга силжийди. Чунки уларнинг марказлари ҳассос-ўта нозикдир. Америкада ушбу шахслар йирик капиталистлар ёки уларнинг вакиллари бўлади. Чунки Америкадаги йирик капиталистлар давлат аппаратининг юқори мартабали ходимлари айни шу капиталистлар манфаатларини ҳимоя қиладиган кишилардан бўлишига зўр бериб интилишади. Улар ўз манфаатларини илгари суриш учун ана шу ходимлар билан доимий алоқада бўлишади. Масалан, молия ширкатлари солиқ идораларида ўзларига қарашли ходимлар бўлишига қаттиқ интилса, қурол-аслаҳа корпорациялари Пентагонда ва ташқи ишлар вазирлигининг ҳарбий контрактлар бўлимларида ўз одамлари бўлишига қаттиқ интилади. Фармацевтика корпорациялари эса соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлимларида ва ҳукуматга қарашли суғурта идораларида ўз одамлари бўлишига интилади ва ҳоказо. Узоқ йиллар ўтиши билан ана шу йирик компаниялар Америкада давлат устидан амалда ҳукмронлик қилишга эришди. Буни муҳим мансаблардаги ана шу ходимлар ҳамда босим ўтказувчи лоббилар орқали амалга оширишди.
б- Америкадаги сиёсий система аслида мана шудир. Шунга биноан, демак, йирик капиталистлар ва йирик корпорациялар Америкада чуқур давлатнинг пайдо бўлиши ўчоғи ва унинг жон томиридир. У яширин, махфий куч бўлиб, давлатнинг сиёсий йўналишлари ортида фақат ўзи туради. Давлат ориентацияси ана шу компаниялар манфаатларига зид келса, унга қарши туриш учун муҳим мансаблардаги ходимларни ҳаракатга келтирадиган ҳам убўлади. У мана шу сифат билан давлат аппарати ташқариси ва ичкарисидан жой олади ҳамда молия, бизнес ва саноат секторида фаолият юритади. Лекин унинг ҳаракати Америкадаги давлат аппарати ичкарисида кўзга ташланади.
в- Доналд Трамп 2016 йилда президент бўлиб келгач, қаршисида юқори мартабали давлат ходимлари, турли идоралар, хусусан, хавфсизлик муассасалари томонидан норозиликларга дуч келди, ўзининг сиёсатларига уларнинг тўғоноқ бўлаётганларини ва қаршиликларини сезди, кейинчалик бу ҳолат яна-да ривожланиб, Америкада давлат ичкарисидан исёнга ўхшаш қаттиқ қаршилик ҳаракати даражасигача етди. Хавфсизлик муассасалари ва разведка томонидан уни ноқулай аҳволга солиб қўядиган маълумотларнинг сизиб чиқиши кўпайди. Сўнгра унга қарши кўплаб суд ишлари қўзғатилди. Уларнинг энг шов-шувлиси “руслар уни сайловларда қўллаб-қувватлаган” деган даъво бўлди. Тергов ишлари қўзғатилди, конгрессда унга қарши импичмент уринишлари бўлди. Ҳатто АҚШ Адлия вазирлиги очиқдан-очиқ унинг энг ашаддийдушманига айланди. Унга қарши ҳужум фақат давлат ичкарисидангина бўлиб қолмади. Чунки корона вирус вакцинасини кашф қилишга эришган фармацевтика компаниялари ҳам бу кашфиётларни эълон қилишдан бош тортиб, уларни 2020 йил охиридаги сайловларда Байден ғалаба қозонгандан кейингина эълон қилди. Яъни бу компаниялар Трамп сайловолди компаниясида ушбу кашфиётлардан фойдалана олмаслиги учунгина шундай қилди.. Шундан кейин президент ўзига қарши фаолият юритаётган ана шу уюшган, яширин куч билан бўлган муносабатида чеккан қийинчиликлари оқибати ўлароқ, сайлов натижаларига шубҳа билдириб, уни тан олмади,сохталаштирилган деб ҳисоблади, ғалаба ўзидан ўғирланди, деб билди ва ҳукумат сайлов комиссиясини ўзининг душманлари рўйхатига қўшди. Трамп президентликдан кетганидан кейин 2023 йилда Техасдаги ўз тарафдорларидан иборат оломон олдида: “ё чуқур давлат Американи хароб қилади ёки биз чуқур давлатни йўқ қиламиз” деди. Трампнинг биринчи маъмурияти давридаги Американинг ушбу воқелигини ва Америкада сайланган президентнинг ўзгариш ясашига тўғоноқ бўлаётган махфий бир куч борлиги ҳақидаги баҳони диққат билан ўрганилса, бундай баҳолаш Америка бошқарув системасидаги ҳақиқий воқеликка берилган баҳо эканини кўрамиз.
г- 2023 йил 21 мартда Трамп бир видеороликда 10 пунктдан иборат режани эълон қилди. У видеороликда бундай деди: “Мана шу йўл билан мен чуқур давлатни яксон қилиб ташлайман ва ҳукуматни яна халқ назорати остида бўлишига ва халқ учун бўлишига қайтараман”… (British Daily Mail, 21.03.2023).
Америкадаги сиёсий тизим аслида мана шудир. Шунга биноан, демак, йирик капиталистлар ва йирик корпорациялар Америкада чуқур давлатнинг пайдо бўлиши ўчоғи ва унинг жон томиридир. У яширин, махфий куч бўлиб, давлатнинг сиёсий йўналишлари ортида айнан у туради. Давлат ориентацияси ана шу компаниялар манфаатларига зид келса, унга қарши туриш учун муҳим мансаблардаги ходимларни ҳаракатга келтирадиган ҳам удир. У мана шу сифат билан давлат аппарати ташқариси ва ичкарисидан жой олади, молия, бизнес ва саноат секторида фаолият юритади. Лекин унинг ҳаракати Америкадаги давлат аппарати ичкарисида кўзга ташланади.
3-Британия
Британияга келсак, унда чуқур давлат бор. Бунга сабаб шуки, ундаги бошқарув системасини консерваторлар акс эттиради. Улар Британиянинг аристократ оилалари ва йирик бойларидир. Улар Британиянинг ҳақиқий ҳокимларидир. Лекин улар томонида эълон қилинган ориентациялар давлатни гоҳида кризислар ёқасига олиб боради, яъни гоҳида давлат манфаатларига зарар етказади-да, консерваторлар партияси “дам олишга чиқади” ва мамлакатни либерал партия бошқаради.Демак, либерал партиянинг вазифаси кризислар муаммосини ҳал қилиш, давлат манфаатларига етаётган зарарларни бартараф этиш бўлади ва сўнгра у яна четга чиқади. Биз охирги пайтда гувоҳ бўлган консерваторлар партиясининг шов-шувли мағлубияти ва либерал партиянинг гулдурос ғалабаси консерваторлар уюштирган ўйиндир, холос. Масалан, Британия “Брексит”дан кейин оғир иқтисодий кризисни бошдан кечирмоқда, балки айтиш мумкинки, бу Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиб кетиши учун Европага қарши референдум ўтказишидаги хато ҳисоб-китоблари натижаси бўлди. Бу кризисни пайдо қилган, унга сабаб бўлганлар консерваторлар бўлгани учун бугун либерал партиядан уни ҳал қилиш талаб қилинмоқда.
Британиядаги чуқур давлат кўҳна зодагон оилалар ва бойлардир. Улар Британиянинг доимий ҳокимларидир. Улар маълум муддат четга чиқиб, либерал партияни ҳокимиятга олиб келишса, бу фақат консерваторлар сабабчиси бўлган кризисни ҳал қилиш учун бўлади, холос. Британиядаги “чуқур давлат” ҳокимиятни осон ва бир текис назорат қилади. Шу маънодаки, Британиядаги кўҳна, зодагон оилалар ҳамда бойлар бошқарувнинг асл илдизи ва қўриқчиларидир. Бошқарувни уларнинг ўзлари олиб борадими, ёки уни олиб бориш учун бошқа партияни “ёллашадими”, бунинг фарқи йўқ. Бу ҳукмронлик силлиққина ва осонлик билан давом этиши учун Британиядаги “амалдаги бошқарувнинг асл илдизи” ва “жон томири” ўзгариш ясашни қатъиян рад этадиган қийматларни ёйиб, кўҳналик шаънини ва қадим мерос билан фахрланишни кўкларга кўтаради.. Буни Британияда халқнинг қирол оиласига, у ҳақдаги хабар ва ҳикояларга, шаҳзодаларнинг туғилган кунларига ва бу оиланинг яшаш тарзига қанчалик қаттиқ аҳамият бериб, қизиқишларидан ҳам кузатиш мумкин!
Хулоса:
*Чуқур давлат – мавжуд ҳокимиятга таъсир қилувчи кучдир ва мамлакатнинг ичкари ёки ташқарисидаги аҳлидан иборат тармоқдир. У мамлакатдаги ҳоким табақага қарши ё уни ўзгартириш ёки заифлатиш учун яширин фаолият олиб боради.
*Агар бу тармоқ мамлакат аҳлидан эмас, бегона, ажнабий куч бўлса, масалан, мамлакатга қарши иш олиб бораётган бирор мустамлакачи давлат ёки душман давлат бўлса, бу кучлар чуқур давлат деб ҳисобланмайди. Аксинча, унинг ҳақидаги баҳс мустамлака қилиш ёки уруш ва босқинчилик бобига киради.
* Шунингдек, агар бу тармоқ ҳукмрон табақа томонидан тайёрланиб, унга давлат ва унинг режаларига қарши иш олиб боришни бериладиган бўлса, ҳокимдан айбловни йироқлатиш учун ва ҳокимнинг коррупцияга ботганлиги ва ожизлигидан одамларни чалғитиб, алдаш мақсадида ҳокимнинг айбловни хаёлий тармоққа юклаб юбориши учун шундай қилинса, буни ҳам чуқур давлат деб ҳисобланмайди.
* Якуний хулоса шуки, у – мамлакатнинг ичкариси ёки ташқарисидаги аҳлидан иборат тармоқдир. У мамлакатдаги мавжуд режимга қарши ё уни ўзгартириш ёки заифлатиш учун фаолият олиб боради. Демак у, фақат инсон ишлаб чиққан дунёвий қонунларга таянадиган давлатларда бўлади, шу маънодаки, уларда ўзи истайдиган бошқарув тури ҳақида ҳамда дунёвий бошқарув тури борасида ўзаро низо ва бир-бирига зид қарашларда бўлгани учун ичкари ёки ташқарида қатор тармоқлар пайдо бўлишига қулай вазият юзага келади.
* Аммо агар бошқарув Роббул оламийн томонидан юборилган шариат қонунчилиги асосида бўлса, мусулмонлар орасида, улар ичкарида бўлишадими ёки хориждами, ҳеч фарқсиз Исломий бошқарувни бошқасига ўзгартиришга ҳаракат қиладиган ҳеч қандай чуқур давлат бўлмайди. Фақат ичкари ёки ташқарида фаолият олиб бораётган мусулмонлар ташқи мустамлакачи ёки душман куч томонидангижгижланиши мумкин. Лекин мана шу икки ҳолатда ҳам – ҳозир айтиб ўтганимиздек – чуқур давлат деган нарса бўлмайди.
Шунинг учун Покистон, Бангладеш, Миср ва бошқа мамлакатларда юз бергани ва бераётганидек, баъзи мусулмонлар юртларида кузатилаётган ўзгаришлар ёки давлат тўнтаришлари ортида турган томонларни чуқур давлат, деб аталмайди. Чунки малай давлатларда бундай ҳодисаларни юзага келтириб, авж олдираётган мустамлакачининг ўзидир.
*Аммо агар бу ерда мусулмонларнинг дунёвий қонунчиликка таянаётган юртида бирон ҳаракат мавжуд бўлса ва у дунёвий бошқарувни Исломий бошқарув бўлмиш Рошид Халифаликка ўзгартириш учун фаолият олиб борса, бу ҳаракатни чуқур давлат деб аталмайди. Аксинча, у Аллоҳ субҳанаҳунинг Расулуллоҳ ﷺ олиб келган динига ёрдам берувчи нусрат аҳлидир.
Аллоҳ субҳанаҳудан Рошид Халифаликни янгидан тиклаш учун ёрдам ва тавфиқ сўраб қоламиз. Ўшанда Ислом ва мусулмонлар азиз бўлади, куфр ва кофирлар эса хор бўлади:
﴿وَعَدَ اللهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ﴾
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ваъда қилди”. (Нур: 55)
6 Зулқаъда 1446ҳ
4 май 2025м
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми