Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (zor tv 27.01.2024й): Гулистон туманидаги масжидлардан бирининг имом ноиби шаръий ва қонуний талабларни била туриб, уларга зид равишда никоҳ ўқиган. Шунга кўра, у маъмурий жавобгарликка тортилиб 7 сутка қамоқ жазоси берилган.
Изоҳ: Ушбу видеолавҳада имом ноиби никоҳ ўқишда шаръий жиҳатдан айнан қайси шартни бузгани ёки амал қилмагани ҳақида бирор нарса дейилмаган. Суд ҳам имом ноибини қонуний, яъни ФҲДЁдан никоҳдан ўтмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқигани учун жазолаган. Ўзбек ҳукумати ўзи қабул қилган демократик тузумга қаттиқ риоя қилишни мусулмон халқимиздан талаб қилиб, ҳатто никоҳ борасида ҳам аввал фуқаролик никоҳидан ўтишни ва шундан кейингина шаръий никоҳни ўқитиш мумкинлигини уқтирмоқчи бўляпти. Бу билан ҳукумат Аллоҳнинг қонунидан инсон ўйлаб топган қонунларни юқори қўйяпти. Аслида, биз мусулмонлар учун шаръий никоҳнинг ўзи билангина никоҳ ҳақиқий ҳисобланади. Анави “қонуний” никоҳ дейилаётган даҳмазанинг шаръий жиҳатдан ҳеч қандай қиймати йўқ. Ҳукумат эса мана шундай қиймати йўқ нарсани мусулмонларга “вожиб” қилиб қўйяпти. Бошқача айтганда, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаромга, ҳаром қилганни ҳалолга айлантириб бермоқда. Демак, бу тузумга кўра, икки ёш шаръий никоҳ ўқилмасдан ҳам, қонуний никоҳ – загснинг ўзи билан эр-хотин ҳисобланаверади. Аксинча, шаръий никоҳ ўқилса-ю, аммо қонуний никоҳдан ўтилмаса – ушбу хабарда айтилганидек – бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб жазога тортилади. Бу борада ҳукумат ҳатто ўзининг ғайриисломий сиёсатига хизмат қилаётган дин уламоларини ҳам аямаяпти. Бироқ халқимизни фуқаролик никоҳини шаръий никоҳдан устун қўяётган ҳукумат сиёсатини деб, эр-хотин бўлишдек нозик масалада шаръий никоҳдан заррача воз кечмасликка, балки уни ҳамиша маҳкам тутишга ҳамда Аллоҳнинг низомини ҳаётга татбиқ қиладиган Халифалик давлатини тиклаш йўлида ҳаракат қилишга ёки ҳаракат қилаётганларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз ва бунинг вожиблигини яна бир бор таъкидлаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз қонунларини бутун оламларга, жумладан, биз бандаларга ҳам раҳмат қилиб нозил қилганини ифодалаб шундай дейди:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
– “(Эй Муҳаммад) Биз сизни оламларга фақат раҳмат ўлароқ юбордик”. (Анбиё:107)
Хабар (Press_Secretary_Uz 29.01.2024й): Шавкат Мирзиёев уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда 16 туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқишни Бош вазир Абдулла Ариповга топширди.
Изоҳ: Бундан аввалги йиғилишда ҳам айрим туман ва шаҳарлар ҳокимларига шу тарзда чора кўрилган эди. Ҳокимларга бу каби енгил ва қаттиқ чоралар кўриш Ўзбекистонда “тренд”га айланиб қолди. Гўё президент бу билан халқ кўзида адолат ва фаровонлик ўрнатаётгандек. Лекин қанча йиллардан бери бундай чора-тадбирлар қўлланиб келинаётганига қарамай, на адолат қарор топди, на фаровонликка эришилди. Албатта, шундай бўлиши табиий ҳол, чунки ҳозирги тузумда барча лавозимларнинг ўз нархи бор ва бу нархни тўлаганлар лавозимга ўтириб, муайян вақт ичида ўша сарфлаган маблағларини бир неча баробар қилиб чиқариб олиш пайида бўладилар. Бундай тизимда лавозим халқни ҳақ ва адолат асосида ғамхўрлик билан бошқариш эмас, аксинча бойлик кўпайтириш манбаига айланиб қолади. Йўқчиликдан силласи қуриётган оддий халқ ҳақида ҳеч ким бош қотирмайди. Мазкур тизим президентдан бошлаб қуйи табақа лавозимларигача бўлган бир бутун схемани ўз ичига олади. Дўппи тор келиб қолганда эса президент ҳамма айбни шуларга юклаб, ўзи сувдан қуруқ чиқаверади. Бу билан гўё ҳамма айб татбиқ қилинаётган тузумда эмас, балки шахслардадир, деган фикрни халқ онгига қуймоқчи бўлади. Шунинг учун бундай яроқсиз тузумни улоқтириб, ҳақиқий адолат ва фаровонликни таъминлайдиган Ислом тузумини ҳаётга олиб келиш зарур. Зеро, адолатли раҳбарларни ҳам мана шу Ислом тузуми етиштириб чиқаради. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
إِنَّ أَحَبَّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَأَدْنَاهُمْ مِنْهُ مَجْلِسًا إِمَامٌ عَادِلٌ
“Қиёмат кунида Аллоҳга инсонларнинг энг суюклиси ва Унга яқини адолатли имом (яъни давлат раҳбари) бўлади”.
Хабар (qalampir.uz 29.01.2024й): Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда жамоат транспорти ҳалигача одамларга сифатли хизмат кўрсатадиган тизимга айланмаганини айтди. Бу ҳақда 29 январь куни ўз раислигида бўлиб ўтган йиғилишда сўз очди.
Изоҳ: Президентга кўра, шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар “Шаҳар – пиёдалар учун” деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шарт. Бунда, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши керак. Бу ҳақда 2023 йил 13 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам ҳукумат соатидаги нутқида сўз очиб, “хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтида эриша оладиган масала бўлиши керак эмас. Агар жамоат транспортини қулай қилсангиз, одамларга хусусий транспортдан фойдаланиш жозибадор бўлмай қолади” деган эди. Халқ учун бу қандай қулайлик бўлдики, шундоқ ҳам хусусий автомобилга эга бўлиш, унинг ҳаддан ташқари қимматлиги учун аллақачон ҳашаматга айланиб улгурган бўлса. Бундан ташқари, бу соҳа тўлиқ монополия қилингани сабабли, халқимиз оддий бир машина олиш учун ҳам дунёнинг камдан-кам давлатида кузатиладиган зулмларга дучор бўлмоқда. Шундай экан, Мирзиёевнинг гапларини қандай тушуниш мумкин?! Қолаверса, жамоат транспортини қулай қилиш хусусий автоуловга эгалик қилишни янада чеклаш ва қимматлаштириш эвазига бўлмаслиги лозим. Бу шундоқ ҳам иқтисодий танг аҳволдаги халқни қийнаб қўйиши турган гап. Жамоат транспортини қулай қилиш эса, айрим тоифадаги инсонларга эмас, балки бутун халқ учун бўлиши лозим. Лекин бу манфаатдорликка асосланган бугунги капиталистик тузумда эмас, балки инсонларга чинакам қулайликлар кафолатини берувчи рошид Халифалик соясида бўлади инша Аллоҳ. Аллоҳ таоло деди:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
– “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара:185)
Хабар (gazeta.uz 30.01.2024й): Европа инвестиция банки Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги транспорт лойиҳаларини 1,5 млрд еврога молиялаштиради.
Изоҳ: Гап Марказий Осиё ва Европани боғловчи Транскаспий транспорт йўлаги ҳақида кетмоқда. Томонлар юкларнинг ушбу йўлак орқали 15 кун ичида ўтишини таъминлаш ниятида. Ўрта йўлак деб ҳам аталадиган ушбу Транскаспий транспорт йўлаги Осиё давлатларини Каспий денгизи орқали Европа давлатлари билан боғлайди ва бу, хусусан, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали ўтади. Ушбу йўналиш Россия, Беларус ва Полша ҳудудидан ўтувчи қуруқлик йўналишларига муқобил ҳисобланади. Гарчи бу йўлакдан Марказий Осиё давлатлари ҳам фойда кўриши айтилаётган бўлса-да, бироқ улушнинг “арслон” қисми, албатта, мустамлакачи давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Яъни бу йўлак асосан минтақадаги табиий бойликларни ташиб кетилишига хизмат қилишининг эҳтимоли кўпроқ. Маълумки, 25 октябр куни Брюсселда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Учрашувдан сўнг ЕИнинг Global Gateway ташаббуслар сайтида Ўзбекистон ва ЕИ хомашё соҳасида шериклик бўйича стратегик иттифоқ тузаётгани хабар қилинди. Демак, ЕИнинг бу йўлакка катта қизиқиш билдираётгани сабаби маълум. Агар дунё харитасига эътибор берадиган бўлсак, қуруқлик ва денгиздаги савдо йўлакларининг аксари мусулмон давлатларида жойлашганини кўришимиз мумкин. Бу йўлаклар тарихда, яъни Ислом давлати мавжуд бўлган даврларда мусулмон халқларнинг кўп соҳаларда тараққий этишига хизмат қилган. Бугун эса бу йўлаклар асосан мустамлакачи давлатларга Ислом юртлари табиий бойликларини ташиб кетишга йўналтирилмоқда. Бунга сабаб, албатта, Халифалик давлатининг йўқлигидир. Бироқ ушбу муборак давлатимизнинг яна ҳаётга қайтиш онлари яқинлашмоқда ва ана шунда бу йўлаклар, тарихда бўлганидек, уммат манфаатлари учун хизмат қилади инша Аллоҳ! Зотан, Аллоҳнинг сўзи рост, ваъдаси ҳақдир.
وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ
– “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам Ер юзида халифа қилишни… ваъда қилди”. (Нур:55)
Хабар (qalampir.uz 31.01.2024й): Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) президенти Керрит Браун шунингдек, Бош ижрочи директори Дэнсин Уайт ҳамда ташкилотнинг Осиё қитъаси директори Виссам Аби Надер аралаш жанг санъатлари бўйича Жаҳон чемпионати Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор Ўзбекистонда ўтказилишини эълон қилди.
Изоҳ: Сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли даражадаги халқаро спорт мусобақалари ўтказилиши одат тусига айланиб бормоқда. Бунга ҳукумат томонидан жуда катта эътибор бериляпти ва табиийки, катта маблағлар ажратиляпти. Яқинда эса бундан атиги бир йил аввал тузилган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги негизида Спорт вазирлиги ташкил қилинди. Ёшларни спортга қизиқтириш учун Олимпиада, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида медаллар олишга эришган спортчилар тантанали кутиб олиняпти. Улар кўкларга кўтарилиб, катта-катта мукофотлар билан тақдирланяпти ҳамда турли кўрсатув ва тадбирларга ҳурматли меҳмон сифатида таклиф қилиняпти. Бундай ишлар юзаки қараганда, яхшидек кўринади. Бироқ бу ҳолатга Ислом нуқтаи назаридан қараган киши тушунадики, ҳукумат мусулмон ёшларга бой-бадавлат ва машҳур бўлишнинг қулай йўлларидан бири спортчи бўлиш деган фикрни сингдирмоқчи бўляпти. Бу билан қисман бўлса-да, уларнинг ақлий ва жисмоний қувватларини арзимас нарсаларга сарфлаб юбориб, ёшлар эътиборини бугуннинг энг муҳим масаласи бўлмиш Исломни ҳаётга олиб келишдек шарафли ишдан чалғитишга уриняпти. Ёшлар учун арзимас медал ёки кубокларга эга чиқиш энг юксак мақсадга айланишини хоҳлаяпти. Ҳолбуки, ҳақиқатда мамлакатни кучайтирадиган илм-фан, таълим ва бошқа соҳаларда ютуқларга эришаётган ёшларга ҳукумат томонидан эътибор берилаётганини кўрмаяпмиз. Аслида, Исломда ёшларнинг ақлий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва кучли бўлишига тарғиб қилинади. Аммо уларнинг асосий куч-қуввати мусулмонларнинг азизлигига хизмат қиладиган мақсад ва ғояларга сарфланиши вожиб бўлади. Демак, бугунги кунда ёшларнинг эътибори асосан Халифаликни қайта тиклаш ва Ислом даъватини дунёга ёйишга қаратилмоғи лозим. Шунда улар ҳозирги хорлик ва сарсон-саргардонликдан қутулиб, ҳам бу дунё, ҳам Охират саодатини қўлга киритадилар. Қолаверса, бу ишларни амалга оширишда мусулмон ёшлар ҳал қилувчи рол ўйнайдилар. Саййидимиз Росулуллоҳ ﷺ бежизга: “Аллоҳ менга ёшлар орқали нусрат-ёрдам берди”, – демаганлар!
Хабар (uza.uz 01.02.2024й): Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари Жонатан Хеник билан учрашув бўлиб ўтди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, учрашув якунида Хеник икки мамлакатнинг “ақл” марказлари даражасида ўзаро муносабат ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. АҚШнинг етакчи таҳлилий муассасалари, жумладан Атлантика кенгаши, Тинчлик институти, Каспий сиёсати маркази ва Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Бу каби таҳлилий муассасаларнинг иккита асосий вазифаси бор – муаммоларга илмий жиҳатдан ёндашган ҳолда ечим топиш ва Америка ташқи сиёсатини юргизиш борасида тавсиялар бериш. Албатта, бу ечим ва тавсияларда Америка манфаатлари биринчи ўринга қўйилишида ҳеч шубҳа йўқ. Демак, тавсияларни ишлаб чиқишда уларнинг адолатли бўлиши ёки ҳақиқатни рўёбга чиқариши эмас, балки Америка манфаатларига хизмат қилиши муҳим ҳисобланади. Америка элчиси ўзбек ҳукуматини мана шундай “ақл марказлари” билан ҳамкорлик қилишга ундаяпти ва бу борада керакли ёрдамларни беришга тайёр эканини билдиряпти. Афтидан, ҳукуматнинг ҳам бунга мойиллиги бор, чунки бундан аввал Хитойнинг ҳам шунга ўхшаш “ақл марказлари” билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида музокаралар ўтказилган эди. Ҳеч шубҳа йўқки, бундай марказлар билан ҳамкорлик Америка ёки Хитой каби йирик давлатларнинг юртимиз ички ишларига аралашиши ва ўз нуфузини ёйишига эшикларни янада кенгроқ очишдир. Бу эса табиийки, юртимизнинг мустамлака ботқоғига янада чуқурроқ ботишига олиб келаверади. Негаки, улар – юқорида айтганимиздек – ўша мустамлакачи давлатлар манфаатига хизмат қилади холос. Бундан ташқари, биз муаммоларга ечим топишда, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилашда мукаммал дастурга эга бўлган шарафли халқмиз. Бу мукаммал ва оламшумул дастур эса – динимиз Исломдир. Шундай экан, бу борада анави мустамлакачи муассасаларнинг заҳриқотил тавсияларига бизнинг ҳеч қандай эҳтиёжимиз йўқ. Қўлимизда тенгсиз илоҳий низом бўла туриб, уларнинг шубҳали ва ғаразли тавсияларига кўз тикиш оқилона сиёсат ҳам, халқимизга садоқат ҳам эмас. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ هَٰذَا الْقُرْآنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ
– “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”. (Исро:9)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
05.02.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми