Халифаликни барпо этишнинг шаръий йўли

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Роя газетаси:
Халифаликни барпо этишнинг шаръий йўли
Муҳаммад Абдулмалик
Халифалик бу дунёда исломий шариат аҳкомларини барпо этиш ва исломий даъватни дунёга етказиш учун бутун мусулмонларнинг бош раҳбарияти, дея таърифланган.
Халифалик билан имомлик битта маънода. Чунки саҳиҳ ҳадисларда шу икки сўз келган. Масалан, имом Муслим Набий САВдан ривоят қилган ҳадисда имом, дея келган. У зот марҳамат қиладилар:
«وَمَنْ بَايَعَ إمَامًا فَأعْطَاهُ صَفْقَةَ يَدِهِ وَثَمَرَةَ قَلْبِهِ فَلْيُطِعْهُ إنِ اسْتَطَاعَ، فَإنْ جَاءَ آخَرُ يُنَازِعُهُ فَاضْرِبُوا عُنْقَ الآخَرِ»
«Кимки битта имом билан байъатлашиб, у билан (байъат) битимини тузса ва қалби қўрини берса қўлидан келганича унга итоат қилсин. Энди агар бошқа биров келиб у билан имомликни талашса, уни ўлдиринглар». Имом Аҳмад ишлаб чиққан яна бир узун ҳадис охирида халифа, дея зикр қилинган:
«ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади».
У Халифалик дейиладими ёки имомлик дейиладими ёхуд Ислом давлати дейиладими, бундан қатъий назар, модомики, маънога амал қилинган экан, бу сўзларда муаммо йўқ. Чунки фарз нарса сўзга амал қилишда эмас, маънога амал қилишдадир. Маъно эса бу дунёда исломий шариат аҳкомларини барпо этиш ва исломий даъватни дунёга етказиш учун бутун мусулмонларнинг бош раҳбарияти, деганни англатади.
Халифалик мусулмонларда афкори оммага айланди, улар ҳаётларидаги аянчли вазиятдан қутулиш учун ушбу давлат барпо бўлишига умид қиладиган, баъзи исломий ҳаракатлар ҳам Халифалик барпо қилишни ўзларига мақсад қиладиган бўлиб қолди. Уни барпо этиш ҳам, қандай барпо этиш йўлини билиш ҳам бугун ҳар қачонгидан кўпроқ мусулмонларга зарур бўлиб қолган ва унга шаръий далиллар ҳам далолат қилмоқда.
Мусулмон қандай намоз ўқимоқни билишни истаса, намоз далилларини ўрганади, жиҳод қилишни истаса жиҳод далилларини ўрганади, молидан закот беришни ёки ҳаж қилишни истаса ҳам шу масалаларга оид далилларни ўрганади. Аммо намоз аҳкомларини ҳаж далилларидан ёки закот аҳкомларини рўза далилларидан изламайди. Худди шунга ўхшаш, киши давлат барпо этмоқни истаса Росулуллоҳ САВнинг Ислом давлати барпо этиш тариқатларидан ўрганмоғи лозим бўлади. Зотан, Росулуллоҳ САВнинг давлат барпо этиш тариқатлари ул зотнинг сийратларида очиқ-ойдин баён этилган. Бироқ давлат барпо этиш тариқатини жиҳод аҳкомларидан излаган кимсалар ушбу ҳақиқатни четлаб ўтишди ва уни барпо этишга жанг қилишни тариқат қилиб олишди. Гап шундаки, Росулуллоҳ САВ давлат барпо этишдан олдин мутлақо жанг қилган эмаслар. Яъни давлат барпо этишга жангни восита қилмаганлар. Ҳатто бундан қаттиқ қайтарганлар ҳам. Масалан, саҳиҳи Бухорийда келадики, Ҳаббоб ибн Арат РА айтади: Биз Росулуллоҳ САВ Каъба соясида чопонларига ёнбошлаб ўтирганларида олдиларига келиб, шикоят қилдик: Аллоҳга дуо қилиб, бизга нусрат сўрамайсизми, дедик. Шунда Росулуллоҳ бундай дедилар:
«كَانَ الرَّجُلُ فِيمَنْ قَبْلَكُمْ يُحْفَرُ لَهُ فِي الْأَرْضِ فَيُجْعَلُ فِيهِ، فَيُجَاءُ بِالْمِنْشَارِ فَيُوضَعُ عَلَى رَأْسِهِ فَيُشَقُّ بِاثْنَتَيْنِ وَمَا يَصُدُّهُ ذَلِكَ عَنْ دِينِهِ، وَيُمْشَطُ بِأَمْشَاطِ الْحَدِيدِ مَا دُونَ لَحْمِهِ مِنْ عَظْمٍ أَوْ عَصَبٍ وَمَا يَصُدُّهُ ذَلِكَ عَنْ دِينِهِ، وَاللَّهِ لَيُتِمَّنَّ هَذَا الْأَمْرَ حَتَّى يَسِيرَ الرَّاكِبُ مِنْ صَنْعَاءَ إِلَى حَضْرَمَوْتَ لَا يَخَافُ إِلَّا اللَّهَ أَوْ الذِّئْبَ عَلَى غَنَمِهِ وَلَكِنَّكُمْ تَسْتَعْجِلُونَ».
«Сизлардан аввалгилар даврида киши учун чуқур қазилар, сўнг шу чуқурга туширилиб (бошигача кўмилиб), арра билан бошини ўртасидан иккига бўлиб ташланар эди. Бу уни динидан тўсолмас (яъни қайтаролмас) эди. Темир тароқлар билар таралиб, гўшти билан суяги ажратиб олинарди. Аммо бу нарса ҳам уни динидан тўсолмас эди. Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ бу ишни тамомига етказгай. Ана шунда Санъодан Ҳазрамавтга йўл олган отлиқ ҳеч нарсадан қўрқмай бемалол борадиган бўлади. У фақатгина Аллоҳдан ва қўйларини бўри еб кетишидан қўрқади, холос. Сизлар эса шошиляпсизлар».
Ибн Касирнинг тафсирида ҳам Ибн Аббосдан бундай ривоят келади: Абдурраҳмон ибн Авф ва унинг дўстлари Маккада Набий САВнинг олдиларига келиб, Ё Росулуллоҳ, биз мушрик бўлган вақтимизда кучли эдик, аммо имон келтирганимиздан сўнг кучсиз бўлиб қолдик, дейишди. Шунда Росулуллоҳ САВ
«إِنِّي أُمِرْت بِالْعَفْوِ فَلاَ تُقَاتِلُوا الْقَوْمَ»
«Мен афв этишга буюрилдим, бас, қавмга қарши жанг қилманг», дедилар. Ушбу икки ҳадисда саҳоба РАларга гўё давлат барпо бўлиши секинлашиб қолгандай туюлиб, Росулуллоҳ САВдан уни барпо этиш учун жанг қилишни илтимос қилдилар. Ушбу икки ҳадисда ҳам, бошқа ҳадисларда ҳам Росулуллоҳ САВ саҳобаларнинг ўз тариқатлари бўйича юришлари кераклигига қаттиқ буюрдилар. Ҳатто айни тариқатларидан бурилишни истаган кишилардан ғазабланганлар. Усул илмида ул зотнинг бир ишни қилишда озор бўлишига қарамасдан, унда қаттиқ туришлари, шу ишнинг фарзлигига далолат қилади.
Шубҳасиз, Халифаликни барпо этиш учун ҳарбий куч керак бўлади ва бу рост нарса. Бироқ шу куч Халифалик барпо этишга ҳаракат қилаётган жамоада бўлиши талаб қилинган эмас. Аксинча, у албатта сиёсий жамоа бўлмоғи лозим ва юқоридаги ва бошқа далиллар бунга очиқ далолат қилмоқда. Ҳарбий кучга келсак, бу нарса ҳокимиятни олиб, Халифаликни барпо қилиш учун нусрат берадиган кишиларда албатта топилиши керак. Қудрат ва ёрдам аҳли, дейилаётганлар мана шулар бўлади.
Росулуллоҳ илк Ислом давлатини барпо этишда юрган йўл мана шу. Чунки Росулуллоҳ САВ қувват ва ёрдам аҳлидан нусрат талаб қилганлар. Нусрат талаб қилинган кишилар эса ўз атрофларидаги минтақалар воқеига кўра, давлатнинг асос-омилларини ташкил қилганлар. Шунинг учун Росулуллоҳ САВ кучли қабилаларни Исломга даъват қилиб, улардан нусрат талаб қилардилар. Ўша қабилалардан бири муборак оёқларини тош билан қонатган бўлса, яна бир қабила у зотга тўсқинлик қиларди, яна бири эса шарт қўярди, бироқ шунга қарамай, Росулуллоҳ САВ Аллоҳдан олган ваҳиси асосида мустаҳкам турардилар ва айни тариқатларини бошқа тариқатга алмашмаганлар. Масалан, асҳобларини Макка аҳлига ёки бошқа бирор қабилага қарши – уларнинг ичида давлат қуриш мақсадида – жанг қилишга буюрмаганлар. Саҳобалари эса ботир инсонлар бўлиб, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмасдилар. Бироқ Росулуллоҳ САВ уларни жангга буюрмадилар, аксинча, қудрат ва ёрдам аҳлидан нусрат талаб қилишда давом этдилар. Ниҳоят Аллоҳ Субҳанаҳу ансорийларни ул зотга муяссар қилиб бериб, улар билан иккинчи Ақаба байъатини туздилар. Бундан олдин Мусъаб ибн Умайр РА Росулуллоҳ САВ топширган вазифани Мадинаи Мунавварада муваффақиятли адо этгандилар. Чунки Аллоҳ Субҳанаҳунинг Росулига нусрат берувчи зотларни муваффақ қилишига қўшимча, Мусъаб РА Аллоҳнинг изни ила, Мадинадаги хонадонларга Исломни олиб кирди ва у ерда Ислом учун афкори омма яратди. Натижада, ушбу афкори омма ансорлар байъати билан қўшилиб кетди, кейин Росулуллоҳ САВ Мадинада соф покиза байъат билан давлат барпо этдилар.
Халифалик барпо этиш тариқати мана шу ва шунга албатта эргашиш шарт. Чунки амалларда асиллик шаръий ҳукмга чекланишдир. Бундан бошқа тариқатга эргашиш эса мусулмонлар меҳнатини беҳуда кетишига, баъзан эса мустамлакачи кофирлар ва уларнинг исломий юртлардаги малайлари нуфузи ўрнатилишига ҳам олиб келади.
Роя газетасининг 2016 йил 4 май чоршанба кунги 76-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ