Ислом давлатининг қайта тикланиши энг муқаррар ишдир
Ислом давлатининг қайта тикланиши энг муқаррар ишдир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бугунги кунда кўплаб мусулмонлар ва таҳлилчилар, АҚШ ва бошқа йирик куфр давлатларининг ҳарбий, иқтисодий ва технологик устунлиги қаршисида Халифалик давлати қандай қад ростлаши мумкин, деган савол ўйлантириши табиий ҳол. Чунки уларнинг наздида Исломий юртлар билан Ғарбдаги ва бошқа мустамлакачи давлатлар ўртасидаги моддий тафовут шу қадар каттаки, Халифаликни тиклаш гўёки хаёлий бир ишдек туюлади. Бироқ тарих, жамият қонуниятлари ва ваҳий бизга бутунлай бошқа ҳақиқатни – давлатларнинг қулаши ёки қад ростлаши фақат моддий омилларга эмас, балки асосан мафкуравий қувватга боғлиқ эканини кўрсатади. Бу ерда мафкуравий қувват деганда жамиятни бирлаштирувчи, унга ҳаётдаги ғоя-мақсадларни белгилаб, ҳар қандай муаммога ечим берувчи фикрий етакчилик тушунилади. Ваҳийнинг ўрни беқиёс бўлиб, у инсон онгги фақат моддийлик ва мавжуд воқеликдан таъсирланган ҳолда хулоса чиқараётган бир пайтда, оламдаги асл қонуниятларни ўрнатган Ҳолиқнинг ўзгармас ҳукмини ҳамда мусулмонларга кучли далда берувчи ҳақ ваъда ва тўғри йўналишни баён қилади. Яъни ваҳий бизга тарихнинг шунчаки тасодифлар эмас, балки илоҳий мақсад ва башоратлар асосида ҳаракатланишини англатади.
Расулуллоҳ ﷺ Мадинада Ислом Давлатини барпо қилганларида, дунёда икки йирик давлат – Форс ва Рум империялари ҳукмронлик қиларди. Ислом давлатининг эса, на мунтазам армияси, на катта қўшини, на кучли иқтисоди ва на қурол-яроғ саноати бор эди. Аммо шунга қарамай, бу икки империя ақлбовар қилмас қисқа муддат ичида Ислом қўшини олдида тиз чўкди. Бунинг сабабини тарихчи Эдвард Гиббон каби мутафаккирлар мусулмонлардаги буюк бир мафкура йўлида бирлашиш кучи моддий қуроллардан устун келгани билан изоҳлашади. Бу воқелик буюк мутафаккир Ибн Халдуннинг “Асабия” назариясида ҳам ўз исботини топган бўлиб, унга кўра, давлатлар моддий жиҳатдан энг юқори нуқтага чиққанда, уларда фаровонликка берилиш ва ахлоқий инқироз бошланади. Демак, бугунги Ғарб жамиятлари айнан шу босқичда – ички зиддиятлар ичида яшаётган бир пайтда, тикланиши кутилаётган Исломий давлатнинг иймоний энергияси чириган империяларни ағдаришга қодир бўлади.
Сиёсий жиҳатдан давлатнинг тикланиши учун зарур бўлган омиллар таҳлил қилинганда, давлатчилик асоси фақатгина қурол ёки бойлик эмас, балки учта фундаментал устундан иборат экани намоён бўлади: биринчиси – мустаҳкам фикрий пойдевор (мафкура), иккинчиси – халқ розилиги ва учинчиси – ижро этувчи куч (нусрат-ёрдам аҳли). Яъни давлатнинг пайдо бўлиши учун муайян мафкуранинг жамият онггида ҳоким бўлиши ва куч тузилмаларининг шу фикрга бўйсуниши кифоя қилади. Энди ҳар қандай янги давлат мавжуд тизимнинг фикрий инқирози ортидан пайдо бўлади. Бугун капиталистик ақида ва тузум ҳатто унга эътиқод қилувчиларнинг ҳам ишончини йўқотаётгани ва хафсаласини пир қилаётгани фонида, Исломнинг янги муқобил низом сифатида қад ростлаши учун “тарихий зарурат”ни келтириб чиқармоқда.
Бинобарин, Халифаликнинг тикланиши учун мусулмон ўлкалари бирданига Ғарб билан ҳарбий ва технологик тенгликка эришиши шарт эмас, балки стратегик устунлик ва ички бирликнинг ўзи кифоя қилади. Дунё сиёсатида “кучлар мувозанати” шуни англатадики, агар янги давлат мусулмон ўлкаларининг стратегик бўғозларини ва улкан табиий ресурсларини назорат қилса, у бир зумда глобал иқтисодий ўйин қоидаларини ўзгартириб юбориш кучига эга бўлади. Бу ресурслар Ислом мафкураси билан бирлашганда, куфр давлатларининг моддий ҳайбати ўз таъсирини йўқотади. Бунга тарихий мисол сифатида, бугунги кундаги биринчи давлат бўлган Американинг барпо бўлишини келтириш мумкин. XVIII асрда Америка мустамлакалари ўша даврнинг ҳарбий гиганти – Британия империяси қаршисида ҳар тарафлама ожиз эди. Бироқ улар янги мафкура – капиталистик демократия атрофида бирлашиб, Британиянинг мунтазам армиясини мағлуб этдилар. Бу шуни исботлайдики, давлатнинг тикланиши учун аввалдан ҳарбий жиҳатдан тенг бўлиш шарт эмас, балки мабдаий фикр ва ўша фикрга содиқ нусрат аҳлининг бўлиши кифоядир. Худди шунингдек, давлатнинг қулашига мисол бўлган Мустафо Камол ҳаракати ҳам шуни исботлайдики, давлатни сақлаб қолиш ёки тиклаш учун қуролдан кўра, ўша қуролни ушлаб турган қўлни бошқарувчи мабдаий фикр муҳимроқдир.
Бугунги куфр давлатлари, жумладан, Америка ташқаридан ҳайбатли кўринса-да, уларнинг мафкуравий заифлиги ва капитализмнинг инсониятга яхшилик ва бахт бера олмагани уларнинг таназзулидан дарак беради. Зеро, Афғонистондаги 20 йиллик урушда техник жиҳатдан устун бўлган АҚШнинг мағлубияти моддий куч ҳамма нарсани ҳал қилмаслигига энг яққол далилдир. Жамиятшунос Арнольд Тойнби таъкидлаганидек, цивилизациялар ташқи ҳужумдан эмас, балки ички маънавий ўлимдан ҳалок бўлади ва бугунги кунда Ислом дунёдаги ягона яшовчан ва муқобил ҳаёт низоми сифатида майдонга чиқмоқда.
Аллоҳ таоло иймон келтириб, солиҳ амал қилганларни худди аввалгилардек Ер юзида халифа қилишни ваъда қилган:
وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ
– “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, ер юзида халифа қилишни ваъда қилди…”. (Нур:55)
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам муайян босқичлардан сўнг пайғамбарлик манҳажи асосидаги Халифалик қайтишини башорат қилганлар:
…ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ
“…сўнгра пайғамбарлик манҳажи асосидаги Халифалик бўлади”. (Аҳмад ривояти).
Мана шу ваҳий орқали келган башоратлар ва илоҳий ваъдалар мусулмон учун энг катта сиёсий ва стратегик ҳақиқатдир, чунки у моддий сабаблар занжирини узган ҳолда, ғалабанинг асл манбаи иймон ва адолатда эканини қатъийлаштиради.
Янги давлатнинг тикланиши учун бугунги кундаги куфр давлатларининг моддий ривожи тўсқинлик қила олмайди, чунки давлат қуриш учун самолёт ташувчи кемалар эмас, балки мукаммал исломий мафкура, Умматнинг қўллаб-қувватлови ва куч-қувват эгаларининг нусрати кифоя қилади. Рум ва Форснинг мағлубияти қандай муқаррар бўлган бўлса, бугунги золим тузумларнинг Халифалик қаршисида тиз чўкиши ҳам шундай муқаррардир. Чунки моддий ривожланиш – бу фақат восита, мафкура эса – ҳаракатлантирувчи асосий кучдир.
Иккинчи Рошид Халифалик давлати дунё майдонига чиққан куни капитализмнинг барча қуроллари унинг фикрий ва иймоний қуввати олдида худди Сосонийларнинг филлари каби иш бермай қолади. Бу эса нафақат мусулмонларни, балки бутун инсониятни куфр зулматидан Ислом нурига олиб чиқувчи тарихий кун бўлади. Зотан, Аллоҳ таоло золимларнинг заволи ва мўминларнинг Ер юзидаги ҳукмронлиги ҳақида шундай марҳамат қилади:
وَلَنُسْكِنَنَّكُمُ الْأَرْضَ مِن بَعْدِهِمْ ۚ ذَٰلِكَ لِمَنْ خَافَ مَقَامِي وَخَافَ وَعِيدِ
– “Ва улардан кейин ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу Менинг ҳузуримда туришдан қўрққан ва Менинг таҳдидимдан қўрққанлар учундир”. (Иброҳим:14)
Салоҳиддин
17.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми