Капитализм қашшоқлик келтириб чиқариб қашшоқларни ҳалок қилади Халифалик эса, тиланчилардан холи давлат бўлади
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Капитализм қашшоқлик келтириб чиқариб қашшоқларни ҳалок қилади Халифалик эса, тиланчилардан холи давлат бўлади
Устоз Носир Ризо
Ҳизб ут-Таҳрир – Судан вилояти
марказий алоқалар қўмитаси раиси
Технологиянинг ривожланиши ва электрон алоқа воситаларининг мавжудлиги сабабли одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларидан хабардорлиги ҳам бир мунча ошди. Капиталистик тузумнинг асл башарасини, ҳукуматлар ўйнаётган нопок ролларни халқ онгли равишда англамоқда. Шунингдек, халқлар бойлигини талаш орқали уларни қашшоқлаштириш жиноятида ҳукуматларнинг капиталистлар ва нуфузли кишилар билан шериклигини тушунмоқда. Қашшоқлик сўзи «асосий эҳтиёжлардан қаттиқ маҳрумлик ҳолати» маъносини англатар экан, бугун шу ҳолатга тушган инсонга янада кучлироқ сифат берилиб, «қашшоқдан қашшоқ», дейиладиган бўлди.
БМТ таърифи бўйича, Жаҳон банки стандартларига кўра, қашшоқ деб «кунига бир доллардан кам сарфловчи киши»га айтилади. Бироқ, Жаҳон банки кўплаб ривожланаётган давлатлардаги юқори нархларни ҳисобга олган ҳолда, бу рақамни 1.25 долларга кўтарди. Бунга кўп қиррали қашшоқлик атамаси ҳақ қўшилди. Бу атамадан улар инсон эҳтиёжларининг бир қисми етишмаслигини назарда тутишяпти, масалан, бошқа эҳтиёжлари мавжуд бўлган ҳолда, тоза ичимлик сувига ёки таълимга эга бўлолмаслик каби. Бу аҳвол Ливанда кузатилмоқда… У ерда электр токи соатлаб узиб қўйилади ҳамда дори-дармон воситалари етишмайди. Буни Ливандаги вазиятга оид кўплаб хабарлар ҳам кўрсатиб турибди.
Капитализм тузумининг қашшоқликни қандай келтириб чиқаришига келсак, бу тузум ўз ғоясини мустамлакачилик билан тарқатади. Яъни йирик давлатларинг иши юртларни босиб олиш, халқларга зулм қилиш, бойлик ва ресурсларни талон-торож этиб, мамлакат аҳолисини улардан маҳрум қилишдан иборат. Франция собиқ президенти Жак Ширак «Агар Африка йиқилмаганида, Франция учинчи дунё давлатларидан бирига айланар эди», деганда ҳамда АҚШ собиқ президенти Трамп Форс Кўрфази давлатлари ҳақида «улар тўлашлари керак, албатта тўлашлари лозим», деб айтганда ҳам айнан шуни ифодалашган. Шунингдек, Россиянинг Украинага уруш бошлашидан олдин Жо Байденнинг Икки Ҳарам юртига делегация юбориб, Америкага битта нархда нефть оқиб келишини таъминлаб қўйиши ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.
Дунёдаги капиталистик шимол билан қашшоқ жануб ўртасидаги парадокс шундаки, масалан, Нигер дунёдаги энг қашшоқ ва энг заиф мамлакатдир. Бир вақтнинг ўзида, у Франциянинг атом энергиясига бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини, электр энергияга бўлган эҳтиёжининг 75 фоизини таъминлаб, ўз халқини бутунлай зулматда яшаш билан қийнаб келмоқда!
Капиталистик тузумнинг қашшоқларни қандай ҳалок қилишига келсак, бу тузумнинг мабдаидан келиб чиқади, чунки унда иқтисодий муаммога товарлар ва хизматларнинг етишмаслиги ҳамда инсон эҳтиёжларининг кўплиги, дея хато таъриф берилган. Бу 1798 йилда Малтус ўзининг аҳоли назариясида буни шундай ифодалайди: «Aҳоли сони геометрик прогрессия бўйича кўпаймоқда, товарлар ва хизматлар эса арифметик прогрессия бўйича кўпаймоқда. Бу эса, урушлар, эпидемиялар ва касаллик тарқатиш орқали Ер шари аҳолисини камайтиришга ҳаракат қилишни талаб қилади». Америкалик файласуф Гаррет Хардин «Этика қутқарувчи қайиқдир», деган. Бу сўзнинг хулосаси шундан иборатки, ҳаётда яшашга «ривожланган дунё»да омон қолиш имконияти кўп бўлган ва бошқаларнинг «камбағал учинчи дунё»да ғарқ бўлишларига ёрдам берган кишиларгина ҳақли бўлади. Шунинг учун ҳам капитализм қашшоқлик келтириб чиқаради ва қашшоқларни ҳалок қилади, бу ишда капиталистларга малай, хоин ва коррупциячи ҳукмдорлар ёрдам беришади. Грэм Хэнкок 1994 йил ўзининг машҳур «Қашшоқликни пайдо қилувчилар» номли китобида бундай ёзади: «Бой мамлакатлардан қашшоқ мамлакатларга юборилган миллиардлаб ёрдам пуллари улкан лойиҳаларни катта харажатлар эвазига лойиҳалаштирди. Шу орқали атроф-муҳитни вайрон қилишди, жирканч диктатураларга ёрдам беришди, ҳатто Византия бюрократиясига имконият яратишиб, шундай раҳбарларни етиштиришдики, бу кимсалар нафақат ўз шаҳват ва истак-майллари ортидан чопишади, балки йирик имтиёзга эга паразитлар ва зўравонлар синфига айланишади… Шу боис, Қашшоқликни пайдо қилувчилар кетиши лозим».
Юқоридаги фактлардан демак, қашшоқликни пайдо қилувчилар ва қашшоқларни қириб ташловчилар – айнан капиталистик давлатлар, уларнинг мустамлакачилик муассасалари ва молиявий ва иқтисодий сиёсатларидир, дея хулоса қилишимиз мумкин. Дарҳақиқат, капитализм даврида қашшоқлик даражаси 2019 йилдаги 4.8 фоизга нисбатан 2020 йилда 9.1 фоизга ортди, бу – қашшоқлар сони 1.3 миллиард кишидан ошди, демакдир. БМТнинг 2021 йил октябр ойидаги ҳисоботига кўра, коронавирус пандемиясининг карантин сиёсати оқибатида дунёдаги қашшоқлар рўйхатига 143-163 миллион киши қўшилмоқда. Бошқа ҳисоботларда таъкидланишича, қашшоқликнинг ўсиши 580 миллион кишини ташкил қилмоқда.
Ислом қашшоқликка аниқ таъриф берган ва иқтисодий муаммо ҳақидаги тўғри тушунчани олиб келган. Бу таърифга кўра, қашшоқлик – ҳар бир инсоннинг озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой каби асосий эҳтиёжларининг қондирилмаслиги, шунингдек, жамоат учун хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва таълим олишнинг ҳар бир шахс фойдалана оладиган даражада таъминланмаслигидир. Иқтисодий муаммо – бу бойликларни тақсимлашдадир, уларни пайдо қилиш ва кўпайтиришда эмас. Бу билан биз ҳар бир шахсга ўзининг асосий эҳтиёжларини қондиришини кафолатлаймиз ва камолий эҳтиёжларини қондириши учун имконият яратиб берамиз. Дарвоқе, Аҳмад Шокир Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу орқали саҳиҳ, дея ривоят қилган қуйидаги ҳадисларда Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қиладилар:
«كُلُّ شَيْءٍ سِوَى ظِلِّ بَيْتٍ، وَجِلْفِ الْخُبْزِ، وَثَوْبٍ يُوَارِي عَوْرَتَهُ، وَالْمَاءِ، فَمَا فَضَلَ عَنْ هَذَا فَلَيْسَ لابْنِ آدَمَ فِيهِ حَقٌّ»
«Бошпана, бир бурда нон, авратни тўсиб турувчи кийим ва сувдан зиёдаси Одам боласи учун шартли эҳтиёж эмас».
«مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِناً فِي سِرْبِهِ، مُعَافًى فِي جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا»
«Сизлардан кимда-ким ўз жамоатида тинч, танаси соғ-саломат, кунлик егулиги бор бўлган ҳолатда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё жамлаб берилибди».
Бироқ, капитализм қашшоқликни пайдо қилиш ва қашшоқларни қирғин қилиш билан кифояланмай, нарх-навони оширяпти… Оқибатда, Ислом аҳкомларидан фарқли ўлароқ, шахсларни қашшоқлаштиряпти. Зеро, Исломда нарх-навони оширишга сабаб бўлувчи нарсалар ҳаром қилинган. Хўш, қандай қилиб капитализм ўз сиёсати билан қашшоқларни ўлдириши мумкин?
Биринчи:
Хусусийлаштириш. Бунда юрт бойликлари шахсий мулкка айлантирилади, яъни сармоядорларга барча бойликка эга бўлиш имконияти берилади ва ўз навбатида, бу кўпчиликнинг бойликка эга бўлиш ва ундан фойдаланишдан маҳрум этади. Чунки кўпчиликда рақобатбардошлик бўлмайди, шу сабабдан сармоядорлар бойликка зўрлик билан эга чиқишади. Сўнг даромадларини нархларни кўтариш орқали янада кўпайтиришади. Аммо биз Исломда шуни гувоҳи бўлдикки, мол табиий суратда тақсимланади ва шу орқали мулк давлат мулки, омма мулки ва шахс мулкидан иборат уч қисмга бўлинади. Бу билан барча шахслар бойликка эга бўлиши ва жамоа манфаатига зарар етказмаган ҳолда ундан фойдаланиши мумкин бўлади.
Иккинчи:
Иқтисодий глобаллашув. Бу капитал, товар ва хизматларнинг ҳеч қандай чекловсиз эркин ҳаракатланишидир. Бу эса, қитъалар ва океанларни кесиб ўтувчи йирик иқтисодий гуруҳларнинг корхоналар очиб, арзон ишчи кучидан фойдаланиш учун арзон хом ашё бор жойга кўчиб ўтиб жойлашиши ва ўз маҳсулотларини ҳеч қандай чекловсиз ташиши демакдир. Ислом давлатлар ўртасидаги савдо-сотиққа ва сармоядорларнинг кириб келишига шундай чекловлар қўядики, бундан мувозанатнинг Уммат фойдасига бўлиши кўзланади.
Учинчи:
Капиталист китлар компанияларни бирлаштириб, кичикларини ютиб юбориб саноатни консентрациялаш (бир жойга тўплаш) орқали товар ва нархлар устидан ҳукмронлик қилувчи йирик гуруҳларга (трестга) айланиш учун назорат ўрнатишга ва монополия қилишга интилади. Ислом эса, монополияни тақиқлаган.
Тўртинчи:
Божхоналар, солиқлар (аксизлар). Булар капиталистик системага асосланган давлатлар импортининг асосий таянчлари ҳисобланади, чунки даромадларнинг 90 фоизга яқини шулардан келади. Табиийки, бу товар ва хизматлар нархининг кўтарилишига олиб келади. Аммо Исломда «Солиқ йиғувчи жаннатга кирмайди», дейилган.
Бешинчи:
Давлатнинг судхўр ташкилотлардан судхўрлик қарзларини олиши. Бу қарз тўлашнинг имкони бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан зиён бўлган қарзлардир. Чунки давлат буни тўлай олмайди ва тўлай олмагач, ўз-ўзидан ҳалокатли савдолашишлар бошланади… Худди ҳозирда Судан каби юртларда бўлаётгани каби.
Олтинчи:
Мажбурий қоғоз пуллар ва уларнинг долларга боғланганлиги. Халқларни хорлаш ва қашшоқлаштиришнинг энг хавфли воситаси мана шу. Бунда қоғоз пул иш ҳақи ва бошқа мажбуриятларни тўлаш учун тўхтовсиз босиб чиқарилади, оқибатда валюта ўз қийматини ва харид қувватини йўқотади, одамларнинг меҳнати ва жамғармалари ўғирланади. Бироқ, Ислом валютани олтин ва кумушга асослайди ва шу орқали инсонлар ҳуқуқларини муҳофаза қилади.
Аллоҳнинг изни ила, яқинда барпо бўлажак Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлати қашшоқлик ва унинг сабабларини йўқ қилади, инсонларни очкўз капиталистик тузумдан ҳимоя қилиб, барча шахсларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлайди ҳамда бойликларга эга бўлишларини, яъни қишлоқ хўжалиги, саноат, чорвачилик, овчилик каби молга эга бўлиш аҳкомлари орқали бойликнинг бевосита манбаларига эга бўлиш имкониятини яратиб беради. Кимда-ким бирор узр сабабли бунга эриша олмаса, унинг молга эга бўлишини Халифалик давлати шаръий аҳкомлар орқали Байтулмолдан таъминлайди. Ушбу шаръий аҳкомлар Халифалик давлатини ҳақли равишда тиланчилардан холи давлатга айлантиради. Бунга ҳатто шарқшунослар томонидан ҳам гувоҳлик берилган. Ўшанда закот моллари масжидлар дарвозаси олдига қўйиб қўйиларди. Аммо уни олишга лойиқ-муҳтож топилмас эди… ушбу давлат соясида мусулмонлар ҳам, ғайримусулмонлар ҳам бахт-саодатда яшарди.
Роя газетасининг 2022 йил 16 март чоршанба кунги 382-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми