2005 ЙИЛ 13 МАЙ АЛАМЛИ КУННИ ХОТИРЛАБ
2005 ЙИЛ 13 МАЙ
АЛАМЛИ КУННИ ХОТИРЛАБ
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бу сана Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг мудҳиш ва қонли кунни ёдга солади. Турли расмий манбаларда бу кун Андижон воқеалари, қонли тўқнашувлар, терроризмга қарши кураш каби атамалар билан номланиб келинади. Золим Каримов режими эса, буни “террористик ҳуружга қарши операция” дея номлаган. Бироқ ҳақиқат шуки, 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳридаги Бобур майдонида бегуноҳ одамлар ўққа тутилиб, қирғин қилинди. Аёлу эркаклар, ҳатто гўдаклар ажратилмай қонлари дарё мисол оқизилди. Умуман олганда, албатта, жамиятда фитна чиқариш мақсадида исён қилиш нотўғри ва ёмон иш. Бироқ бу умумий фикр холос, воқелик мана шу фикрга мос келадими ё йўқми, бу энди умуман бошқа масала. Бу ерда воқеликни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш талаб қилинади. Мана шундай ўрганиш ва таҳлилларимизни аввалда билдириб ўтганимиз учун ҳозир масалага чуқур киришмаймиз. Фақат қисқача шуни айтиш мумкинки, Каримов режими одамларни Бобур майдонига алдов йўли билан тўплаб, уларга давлатга қарши исён кўтарувчилар, деган тамғани ёпиштирди, шунингдек, уларнинг орасидаги “террорчи”ларни йўқ қилишга уринганини даъво қилди. Энди Андижондаги ҳарбий қисм, қамоқхонага ҳужум қилган, вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олган “Акромийлар” гуруҳига келсак, ҳа, улар катта хатога йўл қўйишди. Уларнинг энг катта хатоси сиёсий онг етишмаслиги ва жамиятни ўзгартириш тариқатини тушунмасликлари эди.
Бироқ барибир бу билан Каримов режими уюштирган қонхўрлик ва шафқатсизликни ҳеч бир тарзда оқлаб бўлмайди. Бунинг устига, бу режим ушбу даҳшатли қирғин орқали ўз мусулмон халқи қалбига қўрқув солишни кўзлаганди. Яъни Андижон қирғини тагига бутун Ўзбекистон аҳолисига қарата гўё “кимки бизнинг бошқарувимиз ва биз татбиқ қилаётган тузумга қарши бош кўтарса, унинг бошига мана шундай оқибатни соламиз” дейилган нома яширинганди. Ва Каримов режими ўз мақсадига эришди ҳам, у мазкур қирғин орқали ўзининг зулму зўравонлик ва ноҳақлик асосига қурилган ҳокимиятини, вақтинча бўлса-да, сақлаб қола олди. Шунингдек, режим бунинг сиёсий оқибатларига ҳам тўқнаш келди. Ғарб давлатлари, уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, хусусан, Америка ўзбек диктаторлик режимини Андижон қирғини юзасидан танқид қилди. Бироқ бундай танқидлар кўпчилик ўйлаганидек, ҳатто шу пайтгача ўйлаб келаётганидек Ғарбнинг инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва жонини қадрлагани учун эмас, балки ўзи кўтариб чиқаётган демократик мафкура олдида мажбурияти борлиги учун янгради холос. Албатта, бу Каримов режимига ёқмади ва у билан Ғарб ўртасига совуқлик тушди. Натижада айнан шу йилнинг ўзида Каримов Москва қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистондан Америка ҳарбий-ҳаво базасини чиқариб юборди. Бир йил ўтиб эса, яъни 2006 йилда Ўзбекистон Россия етовидаги КХШТга яна қайта аъзо бўлди. Умуман олганда, Каримов режими мазкур қирғин сценарийсини тузиш ва амалга оширишда асосан Россия хавфсизлик тузилмаларининг йўл-йўриқ ва маслаҳатларига таянганлиги ҳақида кучли гумонлар бор.
Бу ўринда, бегуноҳ одамларнинг қонхўр режим сиёсий манфаатлари учун қурбон қилинишида сиёсий онг етишмаслиги ҳам бир омил бўлган экан, бу масалага ҳам бироз тўхталиб ўтиш зарур. Андижон қирғини воқеаларида бир муҳим нуқта кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган. Ҳукумат ўша пайтда “Акромийлар” Андижон шаҳар қамоқхонасида сақланаётган 23 нафар тарафдорларини озод қилиш учун у ерга ҳужум қилганини маълум қилганди. Қизиғи, улар қамоқхонани тарк этганларидан сўнг, у ерда назоратни қўлга олиш ва қолган маҳбуслар ҳам қочиб кетишига йўл қўймаслик учун чора кўрилмади. Гўё атай қамоқхона назоратсиз қолдирилгандек, у ердан маҳбуслар қочиб чиқиши учун ташлаб қўйилгандек тасаввур уйғотади. Гап айнан шу ерда, чунки бу ерда “Ҳизб ут-Таҳрир” сиёсий партиясига аъзо мусулмон йигитлар ҳам сақланарди. Улар жазо муддатини ўтаётган жойдан бир неча километр нарироқда эса, қуролли исён сценарийси ташкиллаштирилганди. Режага кўра, қамоқдаги Ҳизб йигитлари кўчада бемалол тарқатилаётган қуролларни қўлларига олиб, исёнга қўшилишлари керак эди. Йўқ, қўшилишлари ҳам шарт эмасди, шунчаки қочиб чиқишларини ўзи етарли бўларди, у ёғини ғирром режим саҳналаштириб юборган бўларди. Мана шунда бутун дунё, айниқса, Ғарб давлатлари “Ҳизб ут-Таҳрир”ни террористик ташкилот деб эълон қилишга эришган бўлардилар. Мана шунда Ҳизб аъзоларини дунё бўйлаб янада қаттиқроқ сиқувга олиш, таъқиб ва тазйиқни кучайтириш, узоқ муддатларга қамоққа ташлаш учун йўл очилган бўларди.
Аммо, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Андижон шаҳрида қамоқда ўтирган йигитлар бунинг фитна ва тузоқ эканлигини тушуниб етдилар. Ораларидан бир йигитни ташқарини “разведка” қилиб келиш учун чиқариб, қамоқдан қочиш катта хато бўлишини англаб етдилар. Шундай қилиб, уларнинг юксак сиёсий онгга эгалиги нафақат ўзларини, балки кўплаб мусулмон биродарларини ҳам фақат Аллоҳга аён бўлган бало-қазолардан сақлашга эришишди. Шунинг учун сиёсий етуклик мустамлакачи кофир давлатлар ва уларнинг исломий юртларга ўрнатиб қўйган золим режимларнинг Ислом Умматига қарши туну кун тўқиётган заҳарли режалари ва ҳийла-найрангларини ўз вақтида фош қилиш, улардан сақланиш ва қарши зарба бериш учун ҳам зарурдир.
Андижон қирғинига қайтсак, золим Каримовдан кейин иқтидорга келган Мирзиёев бошлиқ ҳукумат ҳозиргача бу қонли қирғин бўйича ҳеч қандай тергов ўтказмади, ҳақни юзага чиқариб, ҳақиқий айбдорларни жазоламади. Ҳатто унда қўли бўлган Зокир Алматов сингари мулозимларни мукофотлади, лавозим берди. Бир сўз билан айтганда, ёпиғлиқ қозоқ ёпиқлигича қоляпти. Демак, бу ишни кавлаштириш ҳозирча на Мирзиёев бошлиқ ҳукумат, на Россия, на Америка ва на бошқасини манфаатига тўғри келади. Зеро, уларнинг ўлчови манфаатдир, ҳақ ва адолатни юзага чиқариш эмас.
Бироқ бу каби бегуноҳ мусулмонларнинг қони оқизилган қирғинларни уюштирганларни жазолаб, ҳақ ва адолатни юзага чиқарадиган ягона сиёсий вужудни биз биламиз, у ҳам бўлса Халифаликдир. Биз бу ҳодисада жабр чеккан барча мусулмонлар дардига ҳамдард эканимизни эътироф этган ҳолда, уларнинг қасосини фақат Халифа олиб беришини таъкидлаймиз. Шунингдек, бу муборак давлатимиз мусулмонлар қони беҳуда тўкилишига барҳам бериб, уларни кафолатли ҳимоя қилувчи ягона қалқон эканлигини ҳам яна бир бор эслатамиз!
Арзимас сиёсий манфаат учун одамлар қонини тўкишдан қайтмайдиган ҳар қандай режим ва тузумларга айтаримиз шуки, сизларнинг инсон ҳаётини сариқ чақага айлантириб қўйганингиз учун ҳали жуда оғир бадал тўлайсизлар! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло инсон ва унинг ҳаётини жуда юксакликка кўтариб, унга ҳеч бир сабабсиз дахл қилишни қатъиян ман қилганди. Сизлар Яратувчимиз томонидан белгиланган мана шу қизил чизиқни буздингиз ва Аллоҳнинг ғазаби, қаҳрига учрайдиган оғир жиноятга қўл урдингиз! Энди бунинг икки дунёдаги жавобгарлигини кўрасиз, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ!
Форуқ
13.05.2026
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми