ИНСОНЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ

بسم الله الرحمن الرحيم
ИНСОНЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ
Муборак Пайғамбарлик сийратидан
لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ
“Сизлар учун Росулуллоҳда гўзал намуна бордир”
АБУ БАКРНИНГ ОДАМЛАРНИ ҲАЖ ҚИЛДИРИШИ ВА БУ ҲАЖ ДАЛОЛАТ ҚИЛГАН МАЪНОЛАР
(давоми)
Учинчи: Бароат сурасида Аллоҳ Таъолонинг ушбу сўзи келган:
أَجَعَلْتُمْ سِقَايَةَ الْحَاجِّ وَعِمَارَةَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ كَمَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَجَاهَدَ فِي سَبِيلِ اللّهِ لاَ يَسْتَوُونَ عِندَ اللّهِ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ
– “Сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни – Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида жанг қилган зотларнинг амалларига тенг деб билдингизми?! Улар (яъни мўминлар ва мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас” . (Тавба:19)
Муслим, ибн Ҳиббон ва Абу Довуд Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилади. Нўъмон ибн Башир айтади: Мен пайғамбаримизнинг бир неча саҳобалари билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари ёнида эдим, шунда улардан бир киши: Мен учун Исломдан кейин Аллоҳ учун бўлган энг муҳим амал ҳожиларга сув беришдир, деди. Бошқаси эса унга эътироз билдириб: Йўқ, Масжидул Ҳарамни обод қилиш муҳимроқдир, деди. Бошқа бири эса: Йўқ, балки Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш сизлар айтган нарсалардан яхшироқдир, деди. Шунда Умар уларни койиб берди ва шундай деди: «Сизлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари ёнида овозларингизни кўтарманглар. Бугун жумъа куни. Жумъа намозини ўқигач, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб сизлар ихтилоф қилган нарсанинг ҳукмини у кишидан сўрайман». Шунда Аллоҳ:
أَجَعَلْتُمْ سِقَايَةَ الْحَاجِّ وَعِمَارَةَ
– “Сизлар ҳожиларга сув беришни… ” оятини
وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ
– “Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас”. (Тавба:19)
деган сўзигача нозил қилди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу Байтул Ҳаромнинг нечоғли аҳамиятга эга эканлигига қарамасдан Иймон ва жиҳодни Байтул Ҳаромни обод қилишдан устун қўйди. Демак, асл асос Исломни оламга ёйиш ва унга даъват этиш ҳамда Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан иборатдир. Байтуллоҳни обод қилиш эса, мана шу асл-асосдан келиб чиққан тармоқдир. Шунинг учун агар ишлар тескарисига айланиб кетса, яъни бирламчи иш бўлган Ислом даъватини тарк этиб масжидларни безашга зўр берилса, бу яхшилик аломати эмас, балки ёмонлик даракчиси, ишларни аралаш-қуралаш қилиб юбориш, қийматлар ўрнини алмаштириш ва Аллоҳ Таъоло баён этган ояти карималарга хилофдир.
Аввалги мусулмонлар оятлар маъносини тушунар, аслни ҳам, жузни ҳам яхши фарқлар эдилар. Масалан, салбчилар Масжидул Ақсонинг минбарини бузиб ташлаган пайтда Ҳалаб шаҳридаги бир дурадгор шу масжид учун минбар ясади ва уни то Аллоҳ Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳга Байтул Мақдисни озод этишга имкон бергунича 20 йилдан кўпроқ эҳтиётлаб сақлади. Салоҳиддин салбчиларни тор-мор этиб, уларнинг ифлос чангалидан Қуддусни озод қилгандан кейин Ҳалабдаги ўша дурадгорга одам юборди ва минбарни келтириб Масжидга ўрнаттирди. Мусулмонлар асл (биринчи даражали иш)нинг ва жузнинг (иккинчи даражали ишнинг) ўрнини, қачон жиҳод қилиш ва қачон масжидларни обод этиш кераклигини тўғри идрок этиб тушунар эдилар. Улардан кейин келган авлод эса намозни тарк этди ва нафс хоҳишларига эргашдилар. Шунинг учун келгусида уларнинг гумроҳликка йўлиқишлари турган гап эди. Яҳудлар Масжидул Ақсони босиб олганларидан кейин у ердаги Салоҳиддин Айюбийнинг ўша минбарини ёқиб юборишди. Биздаги ҳокимларимиз нима қилишди? Яҳудларга қарши жанг қилиш ва Масжидул Ақсони озод этиш ва таъмирлаш ўрнига бирданига ишларни бутунлай тескарисига буриб юбордилар. Улар жиҳод қилиш ва масжидни озод этиш ўрнига босқинчиларнинг найзалари остида минбар ясаш билан машғул ва Қуббатус сахро (масжидул Ақсодаги тош)ни таъмирлаш учун ҳайр-эҳсон тўплашда бир-бирлари билан ким ўзарга мусобақалашмоқдалар. Ваҳоланки, босқинчилар улар қилаётган нарса устига итдек ястаниб ётишибди. Улар ўзларича яхши иш қиляпмиз деб ўйлашади, ҳолбуки улар ёлғончидирлар. Чунки масжид яҳудларнинг ифлос оёқлари остида топталиб ётибди, Қуббатус сахро эса занжирлар билан ўраб қўйилган. Шунинг учун улар агар ақлларини ишлатганларида эди, Масжидул Ақсо ва Қуббатус сахро таъмирлашга эмас, балки озод этишга муҳтож эканлигини англаган бўлар эдилар.
Демак, Масжидул Ҳаромни обод этиш ва ҳожиларга сув бериш билан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириш ҳамда Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ўртасида жуда катта фарқ борлигига шубҳа йўқдир.
وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
– “Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз”. (Нур:19)
Тўртинчи: Али розияллоҳу анҳу уларга бу йилдан кейин бирон мушрик ҳаж қила олмаслигини эълон қилгач, улар: у ҳолда бозорлар ҳувиллаб қолади-ку, тижорат ўлиб ҳамма нарсадан маҳрум бўламиз-ку дейишди. Чунки ҳажга келувчилар ҳаж мавсумида олди-сотди қилгани ўзлари билан турли моллар олиб келишар эди. Шунинг учун агар мушриклар ҳажга келмай қўйсалар, бозорлар касодга учрашидан ваҳимага тушдилар.
Шунда Аллоҳ мусулмонларга мушриклардан ва уларнинг молларидан фойда йўқлигини, балки яхшиликнинг барчаси Буюк Исломда эканлигини ва Аллоҳнинг амр-фармонини маҳкам ушлаш, қайтарган нарсаларидан четланиш моддий манфаатлардан аълолигини маълум қилди. Мусулмонлар бу гапга жон-диллари билан рози бўлдилар. Шу йилдан эътиборан бирон мушрик ҳажга кела олмади. Мусулмонлар эса, мушрикларни Байтул Ҳаромга киришдан таъқиқлаганлари сабабли бозорлари касод бўлиб, етган зарарларга заррача парво қилмадилар.
Лекин биз бугунги кунда ғалати ишларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мусулмон мамлакатлардаги ҳокимлар кофирларни туризм деган баҳона билан пешвоз чиқиб, қучоқ очиб кутиб олмоқдалар. Мамлакатимизда улар учун барча ахлоқсизлик турларини ва ҳаром кўнгилочар воситаларини муҳайё қилиб қўймоқдалар. Кофирлар эса, мусулмонларнинг кўчаларида шармандали, жирканч кўринишда бемалол сайру томошо қилиб юрибдилар. Агар бунга қарши бир оғиз эътироз билдирилса дарҳол: «Бу сайёҳлар ўзлари билан жуда кўп пул олиб келадилар ва мамлакатимизда сарфлайдилар, иқтисодни кўтарадилар ва сармоя харжлайдилар», деган баҳонани рўкач қиладилар.
Иқтисодни жонлантириш ва бозорларни сероб қилиш мусулмонлар ўз бойликларидан ўзлари тўғри фойдалансаларгина амалга ошади. Бу нарса уларнинг мамлакатларини бирлаштириш ва давлатларини барпо этиш, даъват ва жиҳодни кенг ёйиш билан амалга ошади.
Мусулмон ўз дини билан азиз, ўз роббиси билан қудратли бўлишига шак-шубҳа йўқ. Моддийлик унинг қалбига ва ақлига туғён қилиб, ҳукмрон бўлиб олишига, у ҳузурида олий қийматлар камситилишига ва тўғри тушунчалар топталишига асло йўл қўймайди. Чунки у бу ҳолда олий, юксак даражалардан тубсиз жарликларга қулайди ва тўрт оёқли ҳайвонларга ўхшаб қолади, балки ундан ҳам хор аҳволга тушиб қолади.
Ҳақиқатда, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло мушрикларнинг ҳаж қилишини таъқиқлаш сабабли мусулмонларнинг тижоратлари барбод бўлишидан хавфсирашларига ўзининг ушбу сўзлари билан барҳам берди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَـذَا وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ إِن شَاء إِنَّ اللّهَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
– “Эй мўъминлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклар нажас кимсалардир, бас (улар) бу йилдан сўнг Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқат ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсанглар, (билингки) яқинда Аллоҳ (хоҳласа) Ўз фазли карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак”. (9:28)
Аллоҳ уларни ўз фазлу карами билан жиҳод, фатҳ ва Исломни ёйишдаги ўлжалар орқали бой-бадавлат қилди.
Сўзимиз сўнгида шуни айтамизки, катта ҳаж кунида ҳожиларга ўқиб берилишини Аллоҳ хоҳлаган бу суранинг оятлари, ўзининг далолат қиладиган мазмун моҳияти билан жуда улуғ оятлардир. Аллоҳнинг барча оятлари жуда улуғдир. Лекин биз Аллоҳ Субҳанаҳудан нусрат-ёрдамини яқин, Ислом ва унинг аҳлини эса азиз килишини сўраб баён этган фикрларимиз билан кифояланамиз. Албатта Аллоҳ Субҳанаҳу (дуоларни) эшитгувчи ва ижобат килгувчи зотдир.
Ал-Ваъй (Онг) журналининг 155-сонидан олинди
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Абдуллоҳ
12.04.2018й.



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ