Диний идоранинг криптовалюталар савдосига оид фатвоси ҳақида

Диний идоранинг криптовалюталар савдосига оид фатвоси ҳақида
بسم الله الرحمن الرحيم
3 июн куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптовалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз ҳисобланмаслиги ҳақидаги фатвосини эълон қилди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“…Динимиз қоидаларига кўра тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак. “Рақамли пуллар” ёки “виртуал пуллар” дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга:
1. Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди
Пул – тилла ва кумуш ёки уларнинг ўрнини босувчи, маълум бир қийматга эга бўлган, ҳукумат тарафидан тан олинган ва кафолатланган ҳамда инсонлар орасида ўзаро айирбошлаш воситаси сифатида муомалага киритилган нарса (валюта)дир ("Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя" китоби).
2. Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир
Ҳозирда машҳур бўлган криптовалюталарнинг бирортасини ҳам расман давлатлар чиқармаган. Аксарининг эгалари номаълум, нари борса бир-икки шахсдир. Динимиз қоидаларига кўра пулни давлат ишлаб чиқаради. Уни ҳар ким ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ.
3. Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак
Криптовалюталарни маълум бир тизимга уланган кишиларгина ишлата олади ва ҳозирда ҳамма уни муомала учун қабул қилмайди. Шу жиҳатдан у ҳали тўлиқ пулга айланмаган. Савдо-сотиқда маҳсулот (товар) учун тўланадиган нарса пул ёки товар бўлиши лозим. Пулликка ярамайдиган нарса билан тўлов қилинса, бу савдо дуруст бўлмайди ва бекор бўлади. Ундан олинган фойда ҳам ҳалол экани шубҳа остида қолади.
4. Уларнинг натижаси номаълумлиги
Криптовалюталарнинг келажаги мавҳум. Унга ҳеч ким кафолат бермайди, ортида турмайди. Эрта-индин йўқолиб кетадими ёки барқарор валютага айланадими, номаълум. Криптовалюталар доимий резерв билан таъминланмаган ва бу уларнинг қиймати кутилмаган пайтда йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бундай валюталар билан савдо-сотиқ қилиш молни хатарга қўйишдир. Динимиз молни бекорга зое қилиш ва хатарга қўйишдан қайтарган.
5. Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши
Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Динимиз мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган.
6. Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги
Биткоин ва бошқа криптовалюталар ҳамёни эгаси ким эканини билиб бўлмаслиги сабабли ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка йўл очилади. Криптовалюта ўтказмалари банксиз амалга оширилиши ҳам унинг хавфини оширади ва ўтказилган маблағларни қайтариб олиб бўлмайди”. (Иқтибос тугади)
Гарчи шаръий ҳукмни фатво шаклида берилиши дуруст бўлмаса-да, масала бу сафар диний идора томонидан тўғри баён қилингани ҳар бир иймон соҳибини хурсанд қилди, десак муболаға бўлмайди. Ҳарқалай, айни масалада тўғри ечим берилгани диний идоранинг бошқа бир қатор масалалардаги ҳукумат сиёсатига муфовиқлиги эътиборга олиниб эълон қилинган нотўғри фатволаридан фарқ қилди. Бироқ афсуски, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Орадан 1-2 соат ўтар-ўтмас диний идоранинг “Тузатиш ва узрнома” номли қуйидаги хабари эълон қилинди:
“2024 йил 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан “КРИПТОВАЛЮТАЛАР САВДОСИ ЖОИЗМИ?” деган мавзуда савол-жавоб лойиҳаси техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қиламиз. Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида экани, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирамиз. Сиз азизлардан узр сўраган ҳолда ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта эътиборингизга ҳавола қилинишини маълум қиламиз”. (Иқтибос тугади)
Афтидан, ушбу фатво ҳукуматдаги ёки унга яқин бўлган корчалонларнинг манфаатларига зид келган кўринади. Балки шу сабабли диний идоранинг Фатво маркази зудлик билан фатвосини қайтиб олгандир. Ажабланарлиси, диний идора мазкур фатвони эълон қилишидан олдин ҳам ва уни қайтиб олганидан кейин ҳам унинг телеграмдаги расмий каналида криптовалютага оид рекламалар эълони тўхтамай давом этиб турибди. Ҳолбуки, Исломда бир ишнинг шаръий ҳукмини билмай туриб унга киришиш мўмин одам учун асло жоиз эмас. Диний идора криптовалюта масаласида ҳали бир тўхтамга келмаган экан, унда нимага асосланиб криптовалюта рекламасини эълон қилаётгани тушунарсиз бўляпти.
Биз шу муносабат билан биткоин ҳақидаги Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Раштанинг 15.01.2021 йилда эълон қилинган жавобларидан иқтибос келтирамиз:
“Биткоин ҳақидаги саволларингизга нисбатан, биз шу каби саволга 2017 йил 28 апрелда жавоб берган эдик. Мен сизларга ўша жавоб матнини келтириб ўтаман:
“Биткоин (BItCoin)га келсак, у валюта эмас, унга валюта шартлари тушмайди. Чунки Набий ﷺ изн берган пул динор ва дирҳам бўлиб, уларда учта шарт топилган:
- Товар ва хизматларга ўлчов бўлган. Бошқача ибора билан айтганда, унда пуллик иллати топилган, яъни у тўлов ва иш ҳақи бўлган;
- Маълум бир ҳокимият томонидан босиб чиқарилган. Динор ва дирҳамлар чиқарадиган номаълум ҳокимият томонидан босиб чиқарилмаган;
- Одамлар ўртасида кенг тарқалган, маълум бир гуруҳга хос бўлмаган.
Бу учта шартни биткоинга татбиқ қилиб кўрсак, унда шу учаласи топилмаслиги аён бўлади:
- Биткоин товар ва хизматларга мутлақо ўлчов эмас, балки у товар ва муайян хизматлар айирбошланадиган бир восита, холос;
- Биткоин маълум ҳокимият томонидан чиқарилмаган, балки номаълум ҳокимият томонидан чиқарилган;
- Биткоин одамлар орасида кенг тарқалмаган, балки уни айлантираётган ва қийматини белгилаётган шахсларга хосдир, яъни бутун жамият учун эмас.
Шунинг учун биткоин шаръий жиҳатдан пул эмас.
Шунга кўра, биткоин жуда борса бир товар, холос. Лекин бу товарнинг манбаси ноаниқ ва кафолати ҳам йўқ. Кейин, биткоин фирибгарлик, чайқовчилик, ҳийла ва алдовнинг энг зўр ўрнидир. Демакки, уни сотиб олиш ҳам, сотиш ҳам жоиз эмас. Хусусан, унинг манбаси номаълум бўлгани сабабли, келиб чиқиши йирик капиталистик давлатларга, айниқса, Америкага ёки шу йирик давлатларга алоқадор бўлган ва нопок мақсадни кўзлаган жиноятчи тўдага ёхуд қимор, гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш, уюшган жиноятчилик билан шуғулланувчи йирик халқаро мафияга боғлиқ бўлиши мумкин, деган гумонни пайдо қилади… Акс ҳолда, нега унинг манбаси номаълумлигича қолмоқда?!
Хулоса:
Биткоин манбаси ноаниқ ва кафолати йўқ бир товар бўлиб, фириб ва алдовга нишондир. Мустамлакачи капиталистик давлатлар, хусусан Америка инсонлар бойликларини талашда шу каби ишлардан фойдаланади. Шунинг учун ҳар қандай номаълум товарни сотиш ва сотиб олишдан қайтарувчи шаръий далилларга биноан уни сотиб олиш дуруст эмас. Бу далиллардан баъзилари:
Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:
«نَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ بَيْعِ الْحَصَاةِ، وَعَنْ بَيْعِ الْغَرَرِ»
“Росулуллоҳ ﷺ ҳасот ва ғарар савдосидан қайтарди”.
Бу ривоятни, имом Термизий ҳам Абу Ҳурайра р.а.дан чиқарган (ривоят қилган). Ҳасот савдоси шундан иборатки, матолар устига тош отиб, шу тош қайси мато устига тушса, ўшани сенга сотдим ёки шу тош қаерга тушса ўша ерни сенга сотдим, деб савдолашишдир. Яъни бундай савдода сотилаётган нарса номаълум бўлиб, бундан қайтарилган. Ғарар савдоси маълум бўлмаган, қўлга киритиши ноаниқ бўлган нарсани, яъни ҳали овланмаган сувдаги балиқни ёки чорвалар елинидаги сутни ёки чорвалар қорнидаги боласини сотишдир. Бундай савдоларнинг барчаси ботилдир, чунки ғарар ҳисобланади.
Бундан ғарар ёки номаълум нарсанинг савдоси ҳаром экани аён бўлди ва бу биткоин воқесига тушади. Чунки у манбаси номаълум бўлган товар бўлиб, бирор расмий доира уни чиқармаган ва кафил ҳам бўлмаган. Демак, уни сотиш ва сотиб олиш ножоиздир”. Иқтибос тугади.
Албатта, бу жавоб қисқароқ бўлгани учун келтирдик. 13.12.2017 йилда “Биткоин воқеси ва унинг шаръий ҳукми” номли мақолада эса мазкур масала анча батафсил ёритилган.
Сўзимиз якунида шуни таъкидлаймизки, Аллоҳнинг дини борасида жуда эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, бир нарсани ҳалол ё ҳаром дейишдан аввал, ҳукм айтувчи ушбу айтилган бир оғиз сўз билан Аллоҳнинг ғазабига мубтало бўлиб жаҳаннамга равона бўлиши ёки Аллоҳ ундан рози бўлиб жаннатига киритишини доим ёдда тутмоғи лозим. Шунингдек, шу биргина айтилган ҳукм ортидан қанчадан-қанча мусулмонларни адаштириб қўйиш ҳеч гап эмаслигини ва бу жуда оғир гуноҳ эканлигини ҳам ёдда тутмоғи шарт. Биз муфтий бошлиқ диний идора ва унинг Фатво марказини, барча имом-домлаларни криптовалютага оид ва бундан бошқа масалалардаги шаръий ҳукмни Аллоҳдан қўрққан ҳолда баён қилишга чақирамиз. Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини доим ёдимизда тутишни унутмайлик:
وَلاَ تَقُولُواْ لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَـذَا حَلاَلٌ وَهَـذَا حَرَامٌ لِّتَفْتَرُواْ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ لاَ يُفْلِحُونَ + مَتَاعٌ قَلِيلٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
– “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, “Бу ҳалол, бу ҳаром”, деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор”. (Наҳл:116-117)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
06.06.2024й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ