Отамнинг қамчисига қарасам…

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Отамнинг қамчисига қарасам…
بسم الله الرحمن الرحيم
Йиллар давомида битта камерада ўтиравериб “ҳужра”даги аристонларнинг энг сергапининг ҳам бошқага айтари қолмаган. Кимдир тунда кўрган тушини сўзламаса, аксар вақт ҳамма ўз ўйига ғарқ бўлиб, бир нуқтага тикилганча пичирлаб кимларнидир сўкади, кимларнидир “тепади”… Бугун чоршанба. Эрталабданоқ камераларнинг оғир эшиклари шарақлаб очила бошлади. Кўпни “кўрган” пўлат эшиклар бировларни бўралаб сўкаётгандай “нола-фиғонлар” билан очилиб ёпилмоқда. Ваниҳоят, бизнинг “ҳужра” ҳам бошқаларидан қолишмай роса “сўкиниб” очилди. Орқасида бир гала резина таёқли ходимлари билан бирга сўхтаси совуққина олатўнли режим бошлиғи кўринди. Ярим очилган эшикдан бир кишини камерага киритди ва бизларга қараб: “Бу тўғри йўлга ўтган. Санлар заҳарламаларинг! Тушундиларингми?” – деди. Эшикни ёпаркан, Олимжонга ўқрайиб қараб қўйди ва шарақлатиб эшикни ёпди. Олим ака камерадаги тўққизтамиз учун энг ноёб киши эди. Биздан фарқли ўлароқ, кўп китоб вароқлагани учун жозибали ҳикоялари билан ҳаммамизни ўзининг атрофига хоҳлаган пайтда йиға оларди. У қачонки, “Бисмиллаҳир Роҳманир Рохийм” деб чордона қуриб сўз бошласа борми, барчамиз хаёлотимиздаги “маконларимиздан” камерага “қайтардик”. Ва эски-тускилардан ясалган тўшакларга ўтириб чой даврасига жамланардик.
Бу сафар у узоқ ўтмишидан ажойиб ҳикоя бошлади. Унинг эътибори ҳозиргина камерага кириб келган, иккинчи бор 159-модда билан қамалиб “қайтдим” деган, заиф позициядаги биродарга қаратилган эди. Тўғри, уни ҳеч ким бу заифлиги туфайли маломат қилмади. Чунки барчамиз уни маломат қилишга шаръан ҳаққимиз йўқлигини биламиз. Бизга қизиқ бўлгани, бу биродар чин ихлос билан “қайтганми” ёки босимлар остидами – шунисини билгимиз келарди. Олимжоннинг қисқа савол-жавобидан кейин билсак, уни ҳеч ким чертмаган, аввалгидек калтакларга рўбарў қилмаган экан. Унинг айтгани фақат “кўча нафаси фитналади” деган сўзи бўлди холос. Олимжон унга бир қараб олгач, ҳикоясини бошлади: “Оиламиздаги катталарнинг ўқиши бошлангач, уйдаги сигирни боқиш, тагини тозалаш, суғориш ишлари менга қолди. Тенгдошлар билан ўйинга берилиб бир сафаргина сигир тагини тозалашни унутибман. Ўз ахлатига думалайвериб ҳаммаёғи расво бўлган сигирни кўрган отам айвонга осилган қамчини олиб мени роса савалади. Жонимдан ўтиб кетган калтакдан роса инградим. Қамчини жойига иларкан, отам “сигирни ювиб, тагини тозала, сув, хашагини ҳам кўриб қўй” деди. Калтакдан тарбияландим шекилли кейинчалик сигиримиз ҳеч қачон ахлатига буланмай қўйди. Анави қамчи ҳам қайта жойидан қўзғолмади. Аммо ҳар гал сигир тагини тозалар эканман, отамнинг қамчисига қарасам бир сесканиб қўярдим. Ёшим ҳам улғайди. Отам ҳам дунёдан ўтди. Аммо қамчига кўзим тушди дегунча асабимнинг бузилиши сақланиб қолди. Бир куни қамчини жойидан ечиб олиб ахлатга улоқтиргандим, акам кўриб қолди. Ва уни қўлига олиб: “Бу қамчи тарбиямиз асоси ука! Буни кўрганимизда хатоларимиз эсга тушади”, – деди ва жойига илиб қўйди… Кейинчалик хонадонимизга том маънодаги Исломий фикрлар кириб келди. Икки акам ва опам тарбиянинг асоси бўлган отам қамчисини ўзлариёқ улоқтириб юборишди. Чунки сигиримизга Ислом ақидасидан қараб энг чиройли муомала қилишни ўргандик. Кўп йилларгача отамнинг ҳурмати шу қамчиси туфайли бўлганидан афсусландик…
Барча нарсаларга энг тўғри нуқтадан қараб, тўғри ёндашув оиламизга кириб келгач, онамиз оилада улуғ бир мақомга кўтарилди. Ислом туфайли хонадонимизда ажиб бир илиқлик ва олий муомала шаклланди. Юзларимиздаги тундлик кетиб, ўрнига табассум ўрнашди. Ҳа, Исломни аввалгилар каби тушуниш турмуш тарзимизни тубдан ўзгартиришига гувоҳ бўлдим. Аввалда отамнинг қамчисидан қўрқиб қилинган барча муомалалар Аллоҳнинг ризоси учун қилинадиган мақомга кўтарилди. Алҳамдулиллаҳ. Аслида, отамдаги бундай тарбия услуби социализмнинг кучга таяниб тузумини татбиқ қилишидан шаклланган эди. Шу каби ҳукумат ҳам кучга таяниб одамларни ўзига бўйсундиришни ўша социализмдан мерос олганди. Шунинг учун раҳбарлар бўйсунмаган ҳар бир фуқарони қамоқ, калтак ва қийноқларга рўбарў қилиб келмоқда. Аммо ўша золим тузум парчаланган бўлса-да, янгича демократик услубга ўтишда ҳукумат анча оқсоқланди. Чунки тузум ўзгарди-ю, раҳбарлар ўша бўйича қолиб кетди. Шу боис ўз Исломини тузум сифатида таниб, унга талпинган мусулмонларнинг бошига аввалги боболаримиз устида қилинган қатлларни, қийноқларни амалга ошириб келдилар.
Энди сизга келсак, 2003 йиллари Ғарбнинг услуби билан диндорларни фитналаб кўрди. Яъни Ҳизб ут-Таҳрир йигитларидан бир қисмини озодликка чиқариб, оиласи, иссиқ тўшаклари, тўкин дастурхонларига қайтариб кўрди. Зулм тегирмонидан оиласи бағрига қайтган йигитларимизни бир муддат эркин қўйиб бердилар. Қачонки яна қайта қамоққа тиққанларида баъзилар учун иккинчи бор зулм уммони азоблари аввалгидан ҳам даҳшатли туюлиб кетди. Нафслари эса ўша иссиқ ўринларини қайта қўмсади. Ва заифлик позициясини ихтиёр қилдилар. Сизни-ку ҳукуматнинг баъзи жирканч таклифларини қилмаганингиз учун яна қайта қамоққа тиқди. Лекин баъзилар ҳукумат хуфялари билан ҳамкорликка қўл қўйди, ҳатто ўз диндошларига қарши хиёнатдан ҳам қайтмадилар. Ожизлик шариатимизда маломат қилинмаган бўлса-да, лекин Расулуллоҳ ﷺ дуоларида ундан паноҳ тилаган. Бундай хатарли фитналар айрим йигитларимизнинг осийликни танлашига ҳам йўл очиб берди. Натижада кечагина барчамизнинг ҳавасимиздаги собитлар хиёнат кўчасига кириб бадном бўлдилар. Азиз биродарим, сийратни эсланг! Мушриклар мусулмонлар устида даҳшатли қийноқларни йиллар давомида такрорлагач, Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга баъзи енгил ва беозор таклифларни қилишди. Росулуллоҳ ﷺ эса мойил бўлишига оз қолган эди. Аммо Аллоҳ таоло Росулуллоҳ ﷺни бундан огоҳ этиб, Исро сурасининг 74, 75 оятларида:
ولَوۡلَاۤ أَن ثَبَّتۡنَـٰكَ لَقَدۡ كِدتَّ تَرۡكَنُ إِلَیۡهِمۡ شَیۡـࣰٔا قَلِیلًا
– “Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) собит қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди”.
إذًا لَّاَذَقۡنٰكَ ضِعۡفَ الۡحَيٰوةِ وَضِعۡفَ الۡمَمَاتِ ثُمَّ لَا تَجِدُ لَـكَ عَلَيۡنَا نَصِيۡرًا
– “У ҳолда, албатта, Биз сизга дунё (азобини) ҳам, Охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз”.
Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишлари учун ўзларининг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб, юқоридаги оятларни нозил қилади. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишларича, бу оятларда гарчи Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг уммати учун ҳам танбеҳ бўлиб, Аллоҳ таоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради, акс ҳолда дунё-ю Охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огоҳлантиради. Азиз биродарим, фитналар урчиган бу даврда Аллоҳ таолодан: “Эй Роббим! Бизларни бирор дақиқа ўз ҳолимизга ташлаб қўйма”, – дея илтижо қилишни асло канда қилмаслигимиз лозим. Бугунги душманларнинг ҳам бизларга қарши курашишларида кўп йиллик тажрибалари бор. Улар аввалида қаттиқ азобларни рўбарў қиладилар, кейин эса алдовлар билан ўз йўлларига юришимизни хоҳлайдилар. Ҳатто сизга “дўстлик”ни таклиф этадилар.
وَاِنۡ كَادُوۡا لَيَـفۡتِنُوۡنَكَ عَنِ الَّذِىۡۤ اَوۡحَيۡنَاۤ اِلَيۡكَ لِتَفۡتَرِىَ عَلَيۡنَا غَيۡرَهٗ ۖ وَاِذًا لَّاتَّخَذُوۡكَ خَلِيۡلًا
– “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда (яъни уларнинг йўриқларига юрсангиз) сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар”. (Исро:73)
Шунақа, биродарим! Сиз биринчи бор қамалганингиздаги шижоат ва собитликни ўшандай “дўстлик”ка мойил бўлганингизда йўқотиб қўйгансиз. Агар уларнинг ўша “дўстлик”ларига алданганингизда эди, аллақачон ўшаларнинг махфий хуфяси ёки ўшаларнинг бирига айланиб, икки дунё яхшилигидан мосуво бўлардингиз. Шу боис сизга айтадиган сўзимиз – иймонингиз муборак бўлсин! – деб барчамизга бирма-бир кўз югуртирди. Анави биродаримиз эса Олимжоннинг самимий насиҳатидан мамнун бўлиб, ширингина табассум қилиб қўйди. Мен эса ўша биродаримизнинг қайта “заҳарланганини” ҳис этдим.
(Махсус режимли камерадаги чой даврасини эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
20.09.2024й


Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ