Қадрингиз ва ҳаққингизни қачон англайсиз ёхуд “Ташаббусли бюджет” тўғри ечимми?
Қадрингиз ва ҳаққингизни қачон англайсиз ёхуд “Ташаббусли бюджет” тўғри ечимми?
بسم الله الرحمن الرحيم
Ўзбекистонда мактаблар, йўллар таъмири, ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш каби одамларнинг асосий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ улкан муаммолар халқимизни ўнлаб йиллардан бери қийнаб келади. “Ташаббусли бюджет” деган нарсанинг жорий қилиниши мазкур муаммоларга қисман ечим бергандек бўлди. Бу худди касалликни қисман даволашга ўхшайди. Касалликка гўё тўғри ташхис қўйилгандек туюлади-да, унга муолажа белгиланади. Ва ҳақиқатда муолажа таъсир қилиб, беморнинг умумий аҳволи ўнглангандек кўринади. Бемор ҳам бироз ўзини яхши ҳис қилиб қолгач, касалликдан фориғ бўлишига ишонишни бошлайди. Бироқ ҳақиқатдан ҳам ташхис тўғри қўйилиб, муолажа ҳам тўғри белгиланганмиди? Бунга қуйида жавоб оламиз.
Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йил 1-мавсуми учун овоз бериш жараёни 20 март куни якунига етди. Ўзбекистон аҳолиси 10 млн 450 мингта овоз берди. Мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича 2300 дан ортиқ лойиҳага 3,2 трлн сўм маблағ ажратилади. Мактабгача таълим соҳасида 60 та, мактаб таълими бўйича 699 та, бошқа таълим муассасалари учун 114 та, соғлиқни сақлаш муассасалари учун 207 та, болалар майдончаларини қуриш бўйича 19 та, аҳоли дам олиш марказлари учун 9 та, кўчаларни ёритиш бўйича 44 та, дренаж тизимини яхшилаш учун 13 та, ички йўллар ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш бўйича 964 та, ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш учун 34 та, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича 21 та, газ таъминотини яхшилаш учун 10 та ва бошқа лойиҳалар ғолиб бўлди. Кўриниб турибдики, мактаб, тиббиёт, йўл таъмирига оид лойиҳалар кўпчиликни ташкил этган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бошланганидан бери одамлар асосан ўзлари яшайдиган қишлоқ ва маҳаллалар билан биргаликда ўз лойиҳалари ғолиблиги учун улкан меҳнат ва маблағ сарфлашга ҳам рози бўлишяпти. Мана, бу йил ҳам овозларни тўплаш учун одамлар турли усулларни қўллади. Жумладан, ҳамюртларига овозлари эвазига телефон ҳисобини тўлдириб бериш, бепул ичимлик ёки ўсимлик ёғи таклиф этишди. Овоз бериш босқичи бошида “Бир овоз – 15 000 сўм” деган эълонлар бўлган бўлса, унинг якунига келиб бир овознинг нархи 70 минг сўмгача кўтарилди.
Булар мулоҳаза қилиб кўрилса, қатор хулосаларни чиқарса бўлади. Биринчидан, халқимиз энг оддий шароитлар ва қулайликлардан ҳам маҳрум этилганлиги. Иккинчидан, ўзбек ҳукумати ўз халқи муаммоларига қанчалик беэътиборлиги. Учинчидан, одамлар ўзлари ботиб қолган муаммоларни бироз бўлса-да енгиллатиш учун куч ва ўз шахсий маблағларини сарфлашга ҳам рози бўладиган аҳволга келиб қолишгани. Чунки энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар аҳолиси ғалабани карнай-сурнай садолари остида, рақсларга тушиб ва концерт уюштириб нишонлашди. Бундан ташқари, баъзи ғолиб чиққан ҳудудлар аҳолиси Ўзбекистон байроғини кўтариб кўчаларда тантанали юришлар ҳам ўтказди. Юқорида айтганимиздек, одамлар ўз муаммоларига қисман ечим топганларидан қувонишлари худди бемор одам ўзини бироз яхши ҳис қилаётганидан хурсандлигига ўхшайди. Ҳа, бу азиз халқимиз бюджетдан оз бўлса-да, ўз ҳаққини олишга уринишини тўғри тушунамиз. Ҳа, албатта, жабрдийда халқимиз шунга лойиқ. Йўқ, бундан-да кўпроғига лойиқ…
Бироқ бюджетдан ажратиб берилган арзимаган маблағ учун халқимиз худди жангга кирган аскарларга ўхшаб жон олиб, жон бериб курашишлари ҳам кулгили, ҳам ачинарли. Бу гаплардан халқимиз хафа бўлмасин. Ҳақиқат аччиқ бўлади.
Азиз халқимиз, агар сизга ширин ёлғондан кўра аччиқ ҳақиқат керак бўлса, агар муаммоларингиз қисман эмас, батамом бартараф бўлишини хоҳласангиз, унда қулоқ солинг!
Аслида, сизни қийнаётган муаммолар, ўнқир-чўнқир, асфальт кўрмаган йўллар, деворлари нураб ётган, яроқсиз ҳолга келиб қолган мактаблар, сув тортилмаган, газга уланмаган маҳаллалар ва ҳоказолар – буларнинг барчаси асосий эҳтиёжлар жумласидан бўлиб, давлат буларни ўз фуқароларига бекаму кўст ва сифатли қилиб таъминлаб бериши шарт. Фуқароларнинг ўзлари бунинг учун куч ва маблағ сарфлашлари тўғри бўлмайди. Агар давлат ўзининг бундай масъулиятидан қочиб, қандайдир услуб ва воситалар, масалан, “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳаларни ишга туширса, демак, ҳукумат ғирромлик ва чалғитув йўлидан борган бўлади. Чунки ҳукумат ўзининг асл вазифасини бажармай, унинг жуда кичик қисминигина – ҳатто буни тўла амалга оширган тақдирда ҳам – адо этиш билан халқни чалғитишга уринаётган бўлади. Буни бошқачасига капиталистик демократия тузумига ямоқ солиш, деб айтиш мумкин. Зеро, бу тузумда халқимизга етиб ортадиган табиий ресурслар бир ҳовуч капиталист бойлар, ҳукумат тепасидагилар ва уларнинг қариндошлари ва ҳоказолар қўлида тўпланиб қолади-да, одамларга арзимаган ушоқлар қолдирилади холос. Агар шу ушоқлар ҳам етиб борса, албатта.
Ҳа, азиз халқимиз! “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳалар аслида сизнинг қадрингиз ва ҳаққингизни ерга уриш ҳисобланади. Бундай лойиҳалар асло сизга ғамхўрлик белгиси эмас, балки давлатнинг масъулиятсизлигини ямаб-ястаб, сизни чалғитиш учун ўйлаб топилган. Ҳукумат сизни асосий нарсадан – ўз муаммоларингизга ечим сўраб, унинг “тинчини” бузмаслигингиз учун шундай йўл тутмоқда. Бу худди беморга оғриқ қолдирувчи дори бериб, касалидан бироз бўлса-да чалғитишга ўхшайди. Биламизки, бу билан бемор батамом шифо топмайди, балки касалидан озгина чалғийди холос. Бироқ касаллик қолаверади ва у ҳатто зўрайиши ҳам мумкин. Сизнинг муаммоларингиз ҳам шу касалликка ўхшайди.
Агар халқимиз ўз Исломини яхши тушунганида эди, бюджетдан арзимаган маблағни ўртага ташлаб, унинг учун курашинглар, дейишларига асло рози бўлмасди. Халқимиз ўз қадри ва ҳаққини ерга уришларига асло йўл қўймаган бўларди. Ҳукуматдан бунақанги арзонгаров лойиҳаларни йиғиштириб, муаммоларини тўла бартараф қилишни талаб қилишда қаттиқ турган бўларди. Ўзбек ҳукуматига ўз фуқароларининг асосий эҳтиёжларини таъминлаш давлатнинг энг муҳим вазифаси эканлигини уқтирган бўларди. Анави тепса тебранмас раҳбарлару расмийларнинг бепарволиги ва лоқайдликларига тоқат қилиб ўтирмасди. Чунки мусулмон халқимиз ўз Исломи ва унинг ҳукмларини яхши билгани учун шундай қилган бўларди. Росули акрам ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
«…اَلْإِمَامُ رَاعٍ وَهُوَ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»
“…Имом (халифа) бошлиқдир ва у ўз қўл остидагиларга жавобгардир”. (Аҳмад ва Бухорий ривояти)
Мусулмон халқимиз ўзининг қадри ва ҳаққини тўлиқ англаш учун Исломга юзланмоғи, уни ўрганиб, ҳаётда татбиқ бўлиши учун курашмоғи лозим. Мана шунга эришганимизда ҳар қанча байрам, ҳар қанча хурсандчилик қилсак ҳам ярашаверади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
04.04.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми