Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (qalampir.uz 25.05.2025й): Россия Давлат Думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов хорижликларнинг бир нечта абонент рақамига эга бўлишини тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Изоҳ: Ниловнинг сўзларига кўра, мигрантларнинг биттадан ортиқ телефон рақамига эгалик қилишини чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси мамлакатда хавфсизлик даражасини ошириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. 20 май куни эса, Россия Давлат думаси тезлаштирилган тартибда, меҳнат муҳожирлари ўз геолокациясини ҳокимиятга топширишни талаб қилувчи қонунни қабул қилди. Ҳужжатда 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий фуқароларнинг жойлашувини кузатиш бўйича тўрт йиллик эксперимент йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Россия хавфсизликни баҳона қилиб, таъсир доирасидаги давлатларни жиловлаб туриш учун меҳнат муҳожирлари масаласидан сиёсий босим ричаги сифатида фойдаланмоқда. Америка ҳам бу масалада “рус оғаси” билан мусобақалашяпти. Трампнинг муҳожирларга қарши позицияси унинг кўп йиллик сиёсий ёндашуви бўлиб келган. У буни Ўзбекистондан келган муҳожирларни қандай қилиб чиқариб юбориши мисолида намойиш этди. Тахминан 130 нафар ўзбекистонликнинг депортация қилиниши Ўзбекистон ҳисобидан амалга оширилди. Бирорта ҳам ўзбекистонлик сиёсатчи норозилик билдирмади, Америка расмийларини айбламади. Иккала томон ҳам АҚШ қонунларини “бузган” ўзбекистонликларнинг Америкадан чиқариб юборилиши факти ва жараёнидан расман мамнун бўлишди. Россиянинг муҳожирларга босими борасида ҳам Ўзбекистон ҳукумати ялтоқланишдан нарига ўтмаяпти. У Россия фуқароларини ички ҳужжат ёки ID карта билан, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаганларини “киндер паспорт” билан Ўзбекистонга 30 кунгача кириш режимини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Президент Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига 3 ой ичида АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз кириш режимини жорий этиш бўйича топшириқ берди. Халқнинг эмас, ўз тахтининг манфаати йўлида мустамлакачиларнинг сиёсатига “ўйнаётган” Мирзиёев бир кун келиб Россия ва Америка каби давлатларнинг қўлида қурбон бўлиб кетишини унутмаслиги лозим. Халқ эса, ўз ҳимоячиси ва ғамхўри – одил Халифага етишишига заррача шубҳа йўқ!
Хабар (xabar.uz 26.05.2025й): Олтин соҳасида «хуфиёна» иқтисодиёт улуши юқори экани қайд этилди.
Изоҳ: Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда заргарлик соҳасига оид янги ташаббуслар эълон қилинди. Бир қарашда бу қарорлар халқ манфаати учун қилинаётгандай кўринади. Аммо бунинг ортида давлатнинг иқтисодий назорат ва солиқ тўплашни кучайтиришга қаратилган аниқ мақсадлари бор. Ҳукумат наздида хуфиёна тилла бозори – ярим миллиард долларлик қора иқтисодиёт. Бу пул айланмада бор, лекин давлат назоратидан ташқарида. Ушбу пулни легаллаштириш орқали ҳукумат солиқ тушумларини оширмоқчи. Шунингдек, мамлакатда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётгани билан имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этилди. Эътиборли томони, Мирзиёев йилига 100 тонна олтин қазиб олинаётганини айтди-ю, бироқ унинг ҳисоб-китоби ҳақида лом-мим демади. Аслида, бир тўда сиёсий элита назоратидаги ана шу олтинлар соядан чиқарилиши керак. Аммо очкўз ўзбек режими “халқ ичида ярим миллиард долларлик тилла айланяпти” дея ваҳима қилиб, унга кўз тикяпти. Бундан ташқари, ҳукумат “миллий бренд” яратамиз, дейди. Лекин бу амалда ҳунармандчиликни индустриаллаштириш, уни йирик тижоратга айлантириш, кейин эса хорижий инвестицияга йўл очиш дегани. Яъни маҳаллий заргарларнинг ўзини-ўзи таъминловчи ҳунарини тортиб олиб, “йирик ўйинчилар” қўлига топширишдир. Масалан, саноатлаштириш жараёни деганда, дастлаб ҳунармандларни рўйхатга олиш, кейин уларни лицензиялаш, сўнгра муайян технологик талабларга мувофиқлаштириш орқали назорат ўрнатиб олади. Бунда эса ишлаб чиқариш ҳажми асосий мезонга айланади, кўп маҳсулот талаб қилинади, бу талабга якка усталар жавоб бера олмайди. Шундай қилиб майда устахоналар йўқолади ёки йирик субъектга қўшилиб кетади. Хуллас, бу жараёнда халқ манфаати эмас, балки бозорни “расмийлаштириб”, давлат ўз назоратига олиш, сўнгра уни йирик субъектларга топшириш, ваниҳоят йирик монополист компаниялар сармоясига йўл очиш мақсадлари кўзланаётгани аён бўлмоқда.
Хабар (gazeta.uz 26.05.2025й): Ўзбекистонда давлат ижрочилари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳар ойда қарздорлардан ижро йиғимлари тарзида ундириладиган маблағлардан рағбатлантирилади. Бонус МҲТЭКМнинг 4 баравари ёки 4,62 млн сўмдан ошмайди.
Изоҳ: Бу МИБ деган ташкилот халқимиз бошига улкан бало бўлгани юртимиздаги ҳар бир инсонга маълум. Чунки у фақат халқни талаш учун ташкил қилингани бошидан аён бўлганди. Бу эса воқеликда ҳам ўз исботини топди. Ваҳоланки, бу ташкилот амалдорлар ёки ҳукумат аъзолари ё монополист компанияларнинг бирортасидан қарздорлик ундирганини кўрмадик. Аксинча, унинг камбағаллардан охирги молини зор қақшатиб, худди қароқчи-босқинчилардек юлиб олиб чиқиб кетганига кўп бора гувоҳ бўлдик… Бироқ ўзбек ҳукуматига булар ҳам камлик қилган кўринади. МИБ ходимларини янада бешафқатлик билан ўз “хизмат”ларини ўташлари учун энди уларни ўзлари ундирган нарсалар ҳисобига мукофотлаш, деган бемаъниликни ўйлаб топди. Албатта, капиталистик демократия тузумида бундан бошқасини кутиб бўлмайди. Чунки бу тузумда одамларга ғамхўрлик қилиш ўрнига, уларга зулм қилиб бўлса-да моддий манфаатни қўлга киритиш асосий ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам бюджет камбағал-йўқсиллар ҳисобига тўлдирилади, капиталист бойларнинг бойлиги эса кўпайгандан кўпаяди. Энг даҳшатлиси, ҳукумат бунда ўзини айбдор деб ҳис қилмай қўяди ва тубанлашишда давом этаверади. Ўзбек режими ҳам мана шундай тубанлашиш, халққа зулмни ошириш сари шиддат билан шўнғимоқда. Бироқ Росулуллоҳ ﷺ шундай дедилар: “Қиёмат кунида Аллоҳга энг ёмон инсон – золим ҳоким бўлади”. Исломда зулм ҳаром қилинди ва кимки зулмга қўл урса, Исломий ҳокимиятга уни тийиб қўйишни буюрди. Шунингдек, ҳокимларга ҳам одамларга зулм қилишни қатъиян ман қилди.
Хабар (qalampir.uz 27.05.2025й): Иш вақтидан ташқари ишлаганларга 2 эмас, 1,5 баравар ҳақ тўлаш таклиф қилинмоқда.
Изоҳ: Ушбу таклиф 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинди. Ўзбекистон ҳукумати охирги йилларда кўплаб “ислоҳот”ларни Жаҳон банки, ХВЖ, “Иқтисодий эркинлик индекси”, ILO (Халқаро меҳнат ташкилоти) каби институт ва фондлар талабларига мос равишда амалга ошираётгани сир эмас. Жаҳон банки ва ХВЖ сингари институтлар меҳнат қонунчилигини “инвесторлар учун қулайлаштириш”ни устувор вазифа деб билишади. Уларнинг таъкидича, “иш вақтидан ташқари” чекловлар ва “мажбурий ортиқча тўловлар” инвесторлар учун тўсиқ ҳисобланади. Шу боис, кўплаб мамлакатлар меҳнат қонунларини “эластиклаштириш”, яъни ходимни камроқ ҳимоя қилишга буришди. Бу тенденция 2010 йиллардан буён жаҳон миқёсида кенг тарқалди. Ўзбекистон ҳам бу йўналишда ПМЭЗ (паст меҳнат ҳуқуқлари – юқори фойда) моделига ўтиб бораётгани шубҳасиз. ПМЭЗ – бу кичик ва ўрта бизнес, давлат корхоналари ҳамда хорижий инвесторлар учун қулай, аммо оддий ишчи учун мураккаб ва ноқулай бўлган модель. Масалан, хабарга кўра, бугунги кунда иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги йилига 120 соатдан ошмаслиги ҳамда ишчига камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш белгилангани сабабли, бу механизм иш берувчилар орасида оммалашмаган. Янги қонун лойиҳасига кўра эса, иш вақтидан ташқари меҳнат йилига 120 соат билан чекланиши ҳақидаги норма Меҳнат кодексидан чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, иш вақтидан ташқари меҳнатнинг бир кундаги дастлабки 2 соати учун камида 1,5 ҳисса, 2 соатдан ортиқ қисми учун эса камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши белгиланмоқда. Шу тариқа, ҳукумат бу қонун лойиҳаси орқали халқимизни трансмиллий компаниялар манфаати йўлида расман “меҳнат колонияси”га айлантирмоқчи, десак муболаға бўлмайди. Исломда эса, тарихдан маълумки, ҳатто қулларга ҳам ортиқча меҳнат юклаш ман этилган. Агар уларга адолатсизлик қилинса, озод қилиш каби компенсацион механизмлар жорий қилинган. Имом Ғаззолий “Иҳё улумид-дин” асарида таъкидлашича, меҳнат инсон шарафига мос бўлиши шарт. Агар иш шароити адолатсиз бўлса, у ҳолат зулм ҳисобланади.
Хабар (gazeta.uz 27.05.2025й): Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) администраторининг ўринбосари Хаолян Сю Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлди.
Изоҳ: Хаолян Сю ташрифи давомида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши кураш ташаббусларини жадаллаштириш, парламент салоҳиятини ошириш, камбағалликни қисқартириш, гендер тенглиги каби масалаларни муҳокама қилди. Маълумки, Американинг ЖБ, ХВЖ, ЖСТ ва ТДТ каби ташкилотлар орқали Ўзбекистонда ўз таъсир доирасини кенгайтириш учун уриниши фаоллашди. БМТТД ҳам Американинг гегемонлик сиёсатини амалга ошириш мақсадида камбағал давлатларга қашшоқликни дастак қилиб кириб келади. Шунинг учун унинг дастур ва лойиҳаларини амалга оширган мамлакатлар қашшоқликдан қутула олмайди. Токи, ҳамкор давлатлар тиз чўкиб, доим ундан ёрдам сўрасин. Чунки мана шу нарса мамлакатнинг барча бойликларини сўриб олиш учун сиёсий-иқтисодий ва молиявий қарам қилиш эшикларини очиб беради. Бу худдики ўргимчак ўз ўлжасини тўрига илинтириб, бор-будини сўриб олишига ўхшайди. Оддий мисол, Ўзбекистонда олтин, уран, мис, кумуш, газ каби табиий бойликларнинг экспорт миқдори кўпайса ҳам қарздорлик камаймаётганини кўряпмиз. 2025 йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,2 млрд долларга кўпайган. 2025 йилнинг 1 апрел ҳолатига давлат қарзи 42,4 млрд долларга етди. Давлат қарзининг 35,5 млрд доллари ташқи қарз, 6,9 млрд доллари эса ички қарз. Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,1 млрд долларга ёки 20 фоизга ошган. Шунга кўра, БМТнинг Тараққиёт дастури мамлакатларнинг куч ва имкониятлари, бойликлари ҳисобига қашшоқ давлатларни эмас, балки Американи тараққий эттиришга қаратилган. Чунки иқтисодий тараққиётга енгил саноат, қишлоқ ҳўжалиги билан эмас, оғир саноатни йўлга қўйиш билан эришилади. БМТТД эса, камбағал давлатларга оғир саноатни йўлга қўйишини ман қилади. БМТТД, шунингдек, мусулмон халқларнинг кўпайишини, демографик ўсишини олдини олиш учун гендер тенглик каби ижтимоий бузуқликни илгари сурмоқда. Чунки халқнинг кўпайиши унинг кучайишига ҳамда Ғарб нуқтаи назари бўйича иқтисодий юк бўлишига олиб келади. Шунга қарамасдан, қўрқоқ ўзбек режими Исломнинг мукаммал ва адолатли ечимлари турганда, ўзи билан бирга халқни ҳам ҳалокатга етаклаб, очкўз, таъмагир ва ғаразгўй БМТ қаршисида бош эгиб, ёрдам сўрамоқда.
Хабар (qalampir.uz 27.05.2025й): Ўзбекистон элчихонаси АҚШдаги отишма натижасида икки нафар “исроил”лик дипломатнинг ҳалок бўлиши муносабати билан (исроил)га ҳамдардлик билдирди.
Изоҳ: Маълумотларга кўра, ҳодиса 21 май куни Вашингтон шаҳридаги Яҳудий музейи яқинида содир бўлди. Чикаголик Элиас Родригес отишма очди, натижада (исроил) элчихонасининг икки ходими ҳалок бўлди. У қўлга олиниш пайтида “Фаластинга озодлик” деб бақирди. Ўзбекистон элчихонаси (исроил)га ҳамдардлик билдириб, мазкур ҳужумни ва дипломатик шахсларга қарши ҳар қандай тажовузни кескин қоралашини маълум қилди. Элчихона бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зид эканини таъкидлади. Нега ўзбек режими босқинчи яҳуд вужудининг Ғазодаги мислсиз ваҳшийликларини “жирканч ҳужум”, ”халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид” деб қораламайди?! Шунингдек, халқимиз ичида Исломни ўрганиб унга амал қилишга ҳаракат қилаётганларни таъқиб қилиб, турли баҳоналар билан уларни жиноятчига чиқаряпти. Масалан, Фарғона вилоятининг бир нечта туманларида куч тузилмалари томонидан болаларга диний таълим бериш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган, деб хабар беради Podrobno.uz мухбири. Қўқон шаҳрида 35 ёшли аёл ноқонуний болалар боғчасини ташкил этган ва у ерда болаларга диний таълим берган. Унинг муассасасида 45 нафар тарбияланувчи бўлган. Шунингдек, Фарғона туманида 55 ёшли аёл уч нафар воягa етмаган қизга диний дарслар ўтказган. Бундан ташқари, Қува туманида эр-хотин хусусий диний дарслар ташкил этган. Умумий ҳисобда улар 19 нафар болага таълим берган. Дарсларни ташкил этган шахсларга нисбатан 241-модда, болаларнинг ота-оналарига эса 47-модда бўйича иш очилган. Қарши туманида “диний экстремистик ғоялар”ни тарқатган 8 киши қўлга олиниб, 6 йилдан 10 йил 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қайд этилишича, гуруҳ етакчиси ва аъзоларининг тўрт нафари аввалда жазо муддатини ўтаб чиққан. Юқоридагилар ўзбек режимининг яқин кунлардаги қилмишларидан баъзилари. Бу режим Исломнинг бирламчи таълимотларини ўргатаётган ва ўрганаётганларга нисбатан жиноятчи сифатида қараб, уларни жиноий жавобгарликка тортиши – Ислом ва мусулмонларга душманчиликда жиноятчи яҳуд вужудидан қолишмаётганини кўрсатади. Бироқ ўзбек режимини ҳисобга тортиб, уни тўхтатиш эса мусулмон халқимизнинг зиммасига тушади. Росулуллоҳ ﷺ дедилар:
أفضل الجهاد في سبيل الله كلمة حق عند سلطان جائر
“Жиҳоднинг афзали золим султон ҳузурида Аллоҳ йўлида ҳақ сўзни айтишдир”.
Хабар (gazeta.uz 29.05.2025й): 2025 йилнинг биринчи чораги якунига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,22 млрд долларга кўпайиб, 42,4 млрд долларни ташкил этди.
Изоҳ: Маълумки, ўзбек режими давлат қарзи шиддат билан ортишда давом этаётганига жуда беписандлик билан қараяпти. Буни унинг қарз устига тинмай қарз олаётганининг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Қарз олишнинг аксар иқтисодчилар кўрмаётган ёки билиб туриб яшираётган жуда катта хавфлари борлигини биз аввалдан айтиб келяпмиз. Бу ўринда қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин: Биринчидан, улар риболи қарзлар бўлиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам олиш асло жоиз эмас. Аллоҳ рибони ҳаром қилган. Иккинчидан, улар давлатни кучайтирадиган соҳаларга, масалан, давлатни саноатлашган мамлакатга айлантириш учун йўналтирилмайди. Қарзларнинг деярли барчаси давлат бюджети, энергетика каби “кирса-чиқмас” соҳаларга сарфланяпти. Учинчидан, қарз юки халқимиз бўйнига тушяпти. Давлат қарзини тўлаш учун консолидациялашган бюджетдаги маблағларнинг улуши 7,5 фоиздан 9,6 фоизгача ошиши кутилаётгани буни яққол тасдиқлаб турибди. Яъни қарзларни тўлашга бюджетнинг қарийб 10 фоизи сарфланади. Ва бу харажатлар шиддат билан ошишда давом этади. Чунки фоиз ва асосий қарз тўловлари ҳали олдинда турибди. Тўртинчидан, ҳаммага аёнки қарздорнинг қарз берувчи олдида “тили қисиқ” бўлади. У қарз берувчи давлатлар ва уларга қарашли халқаро молиявий ташкилотлар талабларини итоаткорлик билан бажаришига тўғри келади. Шунга кўра, ўзбек режими ўз мустақил қарорини деярли йўқотиб бўлган. Албатта, бунинг оғир тўлови яна мусулмон халқимиз бўйнига тушади. Ислом давлати мусулмонларни бундай хавф-хатарлар гирдобига рўбарў қилмайди ва Умматни улардан тўлиқ ҳимоя қилади. Яъни кофир давлатлардан ҳар қандай кўринишдаги заҳарли пулларни олмайди, уларга эҳтиёжи ҳам бўлмайди. Давлатни тараққий эттириш учун фақат ўзининг ички имкониятларига таянади. Зеро, Халифалик давлатининг ўз имкониятлари керагидан ортиқча даражада кенг бўлади иншаАллоҳ!
Хабар (gazeta.uz 30.05.2025й): Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева 2025 йил май ойи охирида Москвага ташриф буюриб, Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва Россия Ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин билан учрашувлар ўтказди.
Изоҳ: Матвиенко билан учрашувда маданий-гуманитар мулоқотни чуқурлаштириш, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, ёшлар дастурлари ва Россия ОТМлари филиалларини очиш масалалари муҳокама қилинди. Мишустин билан мулоқотда эса савдо-иқтисодий, инвестициявий ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик, хусусан, Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун патентлаш жараёнини енгиллаштириш ва унинг айрим босқичларини Ўзбекистон ҳудудида ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Мазкур ташрифда расмий учрашувлар, маданият ва таълим каби соҳалар муҳокама қилинган бўлса-да, амалда геосиёсий мувозанат жараёнига ўхшайди. Чунки айнан шу кунларда Италия бош вазири Жоржа Мелонининг Тошкентдаги расмий ташрифи бўлиб ўтди. У ЕИ номидан Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Айни пайтда Саида Мирзиёеванинг Москвада пайдо бўлишини тасодиф дейиш ноўриндир. Балки бу “баланслаштирувчи дипломатия”нинг навбатдаги намунасидир. Одатда, бирорта Ғарб давлати келса, унинг ортидан ўриснинг бирор расмийси етиб келади. Бу сафар ўрисни хотиржам қилиш учун Мирзиёеванинг Россияга ташриф буюриши – Тошкентнинг ўзига хос услуби бўлиши ҳам мумкин. Муҳокама қилинган мавзуларга келсак, Ўзбекистонда Россия ОТМ филиалларини очиш, ёшлар дастурлари, меҳнат миграцияси ва айниқса кадрлар масаласи муҳокамаси кабилар билан ўзбек режими ўрисга “хушомад” қилаётган кўринади. Бундан ташқари, мазкур ташрифга Саида Мирзиёеванинг сиёсий тажриба тўплаш жараёнидаги халқаро саҳнадаги яна бир қадами, деб қараш ҳам мумкин. Афсуски, Ислом уммати очлик, қатлиом ва бошқа ғайриинсоний зулмларни бошдан кечираётган бир вақтда, мусулмон юртларининг малайтабиат раҳбарлари мустамлакачи кофирларни рози қилиш билан овора бўлаётгани янада ачинарлидир! Аллоҳ айтади:
قَاتَلَهُمُ اللَّـهُ ۖ أَنَّىٰ يُؤْفَكُونَ
– “Уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Қандай адашмоқдалар-а!” (Мунафиқун:4)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
02.06.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми