“Кешбек” ортидаги қопқон: уй-жой бозорида ҳукумат халқни қандай алдамоқчи?
“Кешбек” ортидаги қопқон: уй-жой бозорида ҳукумат халқни қандай алдамоқчи?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов маълум қилишича, ҳозирги кунда уй-жойларнинг фақат 10%и қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) билан расмий равишда харид қилинмоқда, қолган 90%и эса солиқсиз амалга ошириляпти. Шу муаммони ҳал қилиш мақсадида жисмоний шахслар учун 4-5% кешбек жорий этиш таклифи илгари сурилмоқда. Яъни харидор ҳисобварақ-фактура талаб қилса, битим суммасининг 5-6%ини қайтариб олиши мумкин. Ваҳобовнинг таъкидлашича, бу қурилиш бозорида шаффофликка ёрдам бериши мумкин. (aniq.uz)
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам ана шундай масала кўтарилган эди. Давлат раҳбари соҳада яширин иқтисодиётни янада қисқартириш мақсадида янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кешбек қилиб қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни топширганди. (Kun.uz)
Ўзбекистонда сўнгги йилларда уй-жой бозорида “соя иқтисодиёти” ҳукм суриб келмоқда. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, битимларнинг фақат 10%и расмий ҳисобга олинган бўлса, қолган 90%и турли йўллар билан солиқдан қочган. Бунинг сабаби оддий:
- Қурилиш компаниялари кўпинча расмий ҳисобварақ-фактура чиқармаган.
- Харидорлар эса уйни нақд пулда ёки банк орқали “расмийлаштирилмаган” тўлов билан сотиб олишни маъқул кўрган.
- Агар ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмаса, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ҳам тўланмайди.
Натижада бозорда солиқсиз пул айланмаси миллиардлаб сўмга етди. Халқнинг қиммат уйни арзон қилиб кўрсатиши бу – давлат учун солиқ йўқотиш дегани эди. Шунинг учун ҳукумат кешбекни жорий қилишни ўйлаб топти, десак тўғри бўлади.
Бир қарашда, кешбек жорий қилиниши харидорга манфаатли туюлади. 5% қайтариб олиш имконияти одамларни расмий шартнома ва ҳисобварақ-фактура талаб қилишга ундайди. Лекин асл мақсад мутлақо бошқа. Ҳукуматнинг асосий нияти уй-жой бозорини тўлиқ назоратга олиш ва ҚҚС тушумларини ошириш. Бугун 90%и солиқсиз сотилаётган бозор катта маблағ айланмасини ўз ичига олади. Агар бу маблағларнинг ҳаммаси расмийлашса, давлат бюджети миллиардлаб сўмга бойийди, яъни халқдан солиқ ундиришнинг янги варианти юзага келади.
Кешбек – халққа ташланган “қармоқ”. Бир неча фоиз қайтиши мумкин, аммо шу билан бирга 12% ҚҚС ва бошқа солиқлар мажбурий равишда тўланади. Демак, давлат оладиган фойда харидорга қайтиб келадиган фоизлардан бир неча баробар катта. Масалан:
- Ўзбекистонда бензин бозори. Аввал солиқ ва акцизларни ошириб, нархларни кўтаришади. Кейин “имтиёзли нархлар” ёки “чекланган чегирмалар” жорий этишади. Халқ эса “ҳечдан кўра шунисига ҳам шукр” қабилида хурсанд бўлади. Бироқ асосий юк ўзгармай қолаверади.
- Коммунал хизматларда ҳам худди шу. Тарифлар оширилганда аҳоли учун “субсидия” берилади. Лекин амалда бу субсидия тўлиқ харажатларни қопламайди, давлат эса умумий тушумни кўпайтириб олади.
- Қурилиш бозорида эса хўжайин яна давлат. Чунки катта компаниялар ортида ҳокимиятга яқин шахслар туради. Яъни “шаффофлик” орқали давлат ҳам, олигархлар ҳам ютиб чиқади.
Ғарбда ҳам кешбек, солиқ имтиёзлари каби воситалар кенг қўлланилади. Масалан:
- АҚШда ипотека кредити учун солиқдан ташқари имтиёзлар берилади. Бир қарашда бу оддий америкалик учун манфаатли. Лекин натижада уй бозори сунъий равишда қимматлашади ва аҳоли яна қарзга ботади.
- Европада энергия учун “яшил субсидиялар”. Давлат аҳолини “энергия тежаш”га ундайди, аммо шу билан бирга бозордаги умумий нархлар ўсиши орқали яна солиқ тушумларини кўпайтириб олади.
Яъни Ғарб тажрибаси кўрсатадики, бундай усуллар ҳеч қачон халқ манфаати учун қилинмайди. Улар давлатнинг солиқ йиғимларини ошириш ва бозорни назорат қилиш механизми, холос.
Хулоса қилиб айтганда, кешбек орқали “шаффофлик” деган ғоя аслида халқни қўшимча солиққа тортишнинг янги йўлидир. Давлат 12% ҚҚСни халқдан олиб, ундан 5%ини “қайтариш” орқали одамларнинг кўзини бўяйди. Бу эса ҳукуматнинг одамларни алдаб, капиталистик демократия тузумининг асл моҳиятини яна бир бор намоён этади: давлат ва олигархлар бойийди, халқ эса “имтиёзли тузоқлар”га ишониб, яна зарар кўради. Бундан ташқари, бундай “имтиёз”лар вақтинча бўлиб, давлат хоҳлаган вақтида уларни бекор қилиши ҳеч гап эмас.
Капиталистик тузумда инсоннинг иқтисодий аҳволи амалда эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳам ҳозирги капиталистик тузумнинг адолатсизлиги туфайли “соя иқтисодиёти”нинг пайдо бўлиши табиий ҳолдир. Яъни инсонлар иқтисодий аҳволларини танг бўлишидан доимий хавотир ичида яшаганлари учун ҳам адолатсиз солиқларни айланиб ўтишга ҳаракат қиладилар.
Халқимиз ҳукумат ўйлаб топаётган бу каби “имтиёз” тузоқлари ортида қандай мақсадлар яширинганини вақтида тушуниб етишлари зарур. Бир неча фоиз кешбек қайтариб олишга қизиқтириш ортида миллиардлаган солиқ тушумлари ва унинг натижасида уй-жой бозорида нархларнинг ўсиши турибди. Чунки солиқлар бевосита нархлар ошишига олиб бориши ҳеч кимга сир эмас.
Исломда эса соя иқтисодиёти деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Чунки Исломдаги иқтисод низоми адолатга асосланган бўлиб, ҳеч кимнинг давлатдан яширин савдо-сотиқ қилишига ва ишлашига ҳожат қолмайди. Исломий ҳукумат одамларни ношаръий солиқлар билан эзмайди, балки фақат шаръий ҳукмлар доирасида қодир одамлардан олади. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:
وَلَا تَأۡكُلُوٓاْ أَمۡوَٰلَكُم بَيۡنَكُم بِٱلۡبَٰطِلِ
– “Ва молларингизни ораларингда ботил (йўл) билан емангиз”. (Бақара:188)
Шунингдек, Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар: “Соҳиби макс (яъни солиқ йиғувчи) жаннатга кирмайди”. (Абу Довуд, Аҳмад, Ибн Хузайма ривояти). Бу ерда “макс” сўзидан адолатсиз, шаръий асоссиз йиғиладиган солиқ ёки тўлов назарда тутилган. Бу ҳадис Аллоҳнинг қонунларини четга суриб қўйган золим тузум эгалари ва уларнинг хизматидаги солиқ йиғувчилар ҳақида айтилган.
Салоҳиддин
09.09.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми