Наркомания ва тузум: нега бу иллат йўқ бўлмаяпти?

Наркомания ва тузум: нега бу иллат йўқ бўлмаяпти?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Дарё.узга кўра 2025 йилнинг август-сентябр ойларида божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, 4 минг нафар фаол обуначиси бўлган “Deadpool” номли Марказий Осиёдаги Telegram наркодўконининг йирик тарқатувчилари қўлга олинди.
Сўнгги пайтларда юртимизда наркотик моддалар савдоси ёки истеъмоли билан боғлиқ ҳолатлар ҳақидаги хабарлар кескин кўпайди. Манзара шундайки, ҳукумат наркотикага қарши аёвсиз кураш олиб бораётгандек кўрсатилаётган бўлса-да, бироқ воқеликда бу оғунинг истеъмоли кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. 2020 йилдан 2024 йилгача наркожиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган шахслар сони икки баробардан кўпроққа ошган. Статистикада аёллар ва ёшлар тобора кўпроқ учрамоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Сарвар Ўрмонов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди. Маълум қилинишича, беш йил аввал аёллар кўрсаткичи атиги бир неча фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони уч баробарга кўпайган. Шунингдек, Дарёга Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази етакчи илмий ходими Мирзо Улуғбек Шамсиддиновнинг маълум қилишича, сўнгги 5 йилда республикадаги наркожиноятлар сони 103 фоизга, мусодара 53 фоизга кўпайган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи 80 баробарга ортган.
Шу ўринда савол туғилади: ўзбек ҳукумати бу иллатга қаттиқ кураш олиб бориб, деярли ҳар ҳафтада ҳибсга олишлар кузатилаётганига қарамай, нима учун унинг истеъмоли камайиш ўрнига кўпаймоқда? Ҳукумат нега бу иллатни жамиятдан таг-томири билан йўқ қилишга эришолмаяпти ёки наркотрафик (унинг савдоси) кимлардир томонидан монополлаштириб олинганми?
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, наркотик моддалар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда жуда катта даромад манбаи ҳисобланади. Шунинг учун бир томондан давлатлар “наркоманияга қарши кураш” ҳақида тинимсиз гапирса-да, бошқа томондан бу оғунинг айланмаси миллиардлаб долларлик саноатга айланган. БМТнинг 2024 йилги ҳисоботига кўра, дунё бўйича гиёҳванд моддалар савдосининг йиллик айланмаси 500 миллиард доллардан ортиққа ошган. Бу миқдор, масалан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон ЯИМларининг йиғиндисидан ҳам кўп. Бироқ наркобизнес “қора бозор” бўлса-да, у банк тизимлари орқали ювилади, оффшор ҳисобларга киритилади ва инвестиция кўринишида қайта иқтисодиётга кириб келади. Масалан, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ НЖБ) 2011 йилдаги ҳисоботига кўра, 2009 йилда жиноятчилар, айниқса, наркотик савдоси билан шуғулланувчилар томонидан тахминан 1,6 триллион АҚШ долларига тенг маблағ, яъни жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,7 фоизи банк тизимлари орқали “ювилган”.
Энди Ўзбекистонга келсак, бу борада айрим фактларни келтириб ўтамиз. Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг 2004 йил 18 ноябр кунги “The New Humanitarian” сайтида чоп этилган интервьюсида шундай деган эди: “Асосий муаммо шундаки, ўзбек режимининг юқори лавозимли вакиллари шахсан ўзлари наркотрафик билан шуғулланади, бу эса Ғарб ва БМТ томонидан ўзбек божхоначилари учун жиҳоз ва ўқувлар учун сарфланаётган барча маблағларни самарасиз қилмоқда. Наркотиклар ҳукуматга тегишли автомобиллар ва [Афғонистон шимолидаги] генерал Рашид Дўстум режими ўртасида қатнайдиган транспорт воситалари орқали ташилади, бу машиналарни божхона ходимлари тўхтатмайди. Айрим контрабандачиларни қўлга олинаётган камсонли ҳолатлар эса рақобатни йўқотиш сифатида баҳолаш мумкин”. Шунингдек, БиБиСининг 2015 йил 16 октябр кунги хабарида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати полковниги Юрий Савинков гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида гумон қилинаётгани ҳақида айтилган эди. Гарчи бу ишлар Каримов режими даврига тегишли бўлса-да, бундай иккиюзламачиликларга ҳозир барҳам берилган, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Масалан, Diplomat.uz Telegram каналидаги хабарга кўра, 2023 йил сентябр ойида божхона кўриги давомида ҳужжатларда “қандолат кўкнориси” деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида аслида гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган модда аниқланган эди. Бу ҳодиса Ўзбекистон тарихида “наркотик контрабандаси” бўйича жуда катта ҳажм – 8,5 тонна кўкнори сомони аниқланган ҳолат сифатида қайд этилган. Ўшанда бунинг юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Бироқ орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, тегишли идоралар мазкур иш бўйича суд натижаларини ҳануз оммага маълум қилгани йўқ. Қизиғи шундаки, гўё ушбу гиёҳванд модда божхонага “ўзидан-ўзи” келиб қолгандек, бутун иш жим-жит бўлиб кетди ва бу, албатта, бир қанча шубҳаларни юзага чиқаради…
Наркотика, деган оғунинг жамиятга олиб келадиган ҳалокатли оқибатлари ҳақида қанча гапирилса ҳам оз. Бунинг аянчли оқибатларини билмаган, кўрмаган инсон деярли бўлмаса керак?! Ҳеч ким ўзи ёки яқинларидан бирортасининг бу иллат домига тушиб қолишини истамайди. Ҳатто унга мубтало бўлиб қолганларнинг ўзлари ҳам бир кун келиб ундан қутулишни орзу қилади. Аммо савол шундаки, агар жамият бу балонинг хавфини тушуниб туриб ҳам, уни йўқ қила олмаётган ёки унинг йўқ қилинишни кимлардир истамаётган бўлса, демак, муаммо фақат инсонларда эмас, балки калаванинг бош қисми татбиқ қилинаётган капиталистик тузумга боғлиқдир. Чунки бу тузумда манфаат энг муқаддас нарса ҳисобланади, у барча нарсадан устун туради. Шу боис, агар бир маҳсулот одамни ҳалок қилса ҳам, у манфаат келтирадиган бўлса, “бозор”да кимлардир уни сақлаб қолиш пайида бўлади. Бу – инкор қилиб бўлмас реал воқеликдир.
Шунингдек, бу тузумда инсоннинг шахсий эркинлиги устувор “қадриятлар”дан ҳисобланишини ҳам унутмаслик лозимки, бунинг натижасида, наркотик истеъмоли ҳар бир одамнинг “шахсий танлови” сифатида қабул қилинади. Шундан келиб чиқиб, аксар Ғарб давлатларида наркотик истеъмоли ёки ҳатто унинг савдосига ҳам муайян даражада рухсат берилган. Ўзларининг бундай бузуқ дунёқараши жамиятни таназзулга етаклаётганини эса, Ғарб дунёси эътиборга олмайди ёки оқибатларига қарши курашдан нарига ўтмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам айни шу яроқсиз тузум татбиқ бўлаётган экан, демак, наркотик муаммоси ҳеч қачон ҳал бўлмайди. Бундан ташқари, БМТ томонидан наркотикага қарши кураш доирасида тузуккина маблағлар ажратилади. Масалан, Дарё.узнинг хабарига кўра, 2015-2024 йиллар давомида Ўзбекистонга қиймати 26 млн АҚШ долларига тенг техник ва амалий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, ҳафтасига ҳибсга олишлар эса, қандай мақсадда амалга оширилмасин, муаммони илдизи билан қуритиш эмас, балки оқибати билан курашиш ҳисобланади.
Исломда эса шахс ишлари тартибга солинган пайтда, жамиятга ҳам эътибор қаратилади. Зотан, динимиз аҳкомларида ҳар қандай маст қилувчи нарсанинг истеъмоли ҳаром ҳисоблангани каби, унинг савдоси ҳам қатъиян ман этилади. Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир” (Муслим ривояти). Ёки бошқа бир ҳадисда, Аллоҳ таоло хамр(ароқ)ни, тайёрловчисини, тайёрлатувчисини, ичувчисини, ташувчисини, унга ташилганни, сотувчисини, сотиб олувчисини, қуйиб берувчисини ва қуйиб берилганни лаълатлагани, айтилади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кундаги барча иллатлар каби гиёҳвандлик балосига ҳам фақат Аллоҳнинг адолатли қонунлари билан сиёсат юритадиган Халифалик давлатини тиклаш билангина чек қўйилади. Бу эса, Аллоҳнинг изни билан, жуда яқиндир!
Салоҳиддин
15.10.2025й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Суриядаги иқтисодий инқироз: Воқелик таҳлили ва исломий низомнинг нажоткор муқобили
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб