Самарқанд ва Бишкек йиғилиши: Марказий Осиёда геосиёсий рақобатнинг ифодаси
Самарқанд ва Бишкек йиғилиши: Марказий Осиёда геосиёсий рақобатнинг ифодаси
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2025 йил 16-17 октябр кунлари Самарқанд шаҳри хавфсизлик муҳокамалари марказига айланди. У ерда МДҲ аъзо давлатларининг хавфсизлик ва махсус хизматлар раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Россия ФХХ директори Александр Бортников ва СВР раҳбари Сергей Нарышкин бошчилигидаги делегациялар қатнашди. Бир вақтнинг ўзида, 16 октябр куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик маслаҳатчилари учрашуви бўлиб ўтди. Бу икки йиғилиш Афғонистон ва Покистон ўртасида 11-15 октябр кунлари Дюранд чизиғи бўйлаб ҳаво ва артиллерия зарбалари орқали тўқнашув юз берганидан кейин ўтказилди. Мазкур тўқнашув на Афғонистон ва на Покистоннинг эмас, балки Америка ва Ҳиндистоннинг минтақавий сиёсий манфаатларига хизмат қилди. Буни ва юқоридаги икки тадбирни бир вақтда ўтказилиши, мавзуси ва иштирокчилари таркиби жиҳатидан қаралганда, улар ортидаги геосиёсий рақобат – Россия ҳамда Ҳиндистон орқали АҚШ таъсирининг тўқнашуви яққол кўринади.
МДҲ хавфсизлик ва махсус хизматлар раҳбарлари кенгашининг 57-йиғилиши ва разведка раҳбарлари конференциясининг 21-сессиясига бағишланган Самарқанд йиғилишида терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий жиноятчилик ва ахборот хавфсизлиги каби масалалар муҳокама қилинди. Россия делегацияси Афғонистон масаласига алоҳида урғу берди. Сергей Нарышкин Афғонистон ҳақида сўзлар экан: “Афғонистон мустақил давлат сифатида сақланиши ва унинг ҳудудида чет эл ҳарбий базалари бўлмаслиги керак”, – деди. Бу баёнот орқали Москва Афғонистонни Американинг таъсир майдонига айланишига қарши эканини очиқ ифода қилди. Россия бу билан нафақат Афғонистонда, балки бутун Марказий Осиёда постсовет хавфсизлик архитектурасини сақлаб қолишни кўзламоқда.
Самарқанднинг танланиши ҳам тасодифий эмас. Бу шаҳар сўнгги йилларда Ғарб дипломатияси ва халқаро тадбирлари учун муҳим майдонга айлангани маълум. Москва эса хавфсизлик бўйича анжуманни айнан шу ерда ўтказиш орқали гўё рамзий жавоб қайтарди, яъни у ўз нуфуз доирасида сақлаб қолиш ниятини намойиш этди. Шу тариқа, бу танлов Ўзбекистон, аниқроғи Марказий Осиё ҳозир икки куч – Америка ва Россия манфаатлари кескин тўқнаш келаётган майдонга айланганини ифода этди.
Самарқанд йиғилиши билан бир вақтда Бишкекда Ҳиндистон миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Аджит Довал бошчилигидаги делегация Марказий Осиё давлатлари маслаҳатчилари билан учрашди. Йиғилишда асосий мавзулар – Афғонистондаги хавфсизлик, терроризмга қарши ҳамкорлик ва транспорт логистикаси бўлди. Бу ташаббус илк бор 2022 йилда Нью-Деҳлида бошланган “Ҳиндистон–Марказий Осиё хавфсизлик мулоқоти”нинг давоми бўлиб, у орқали Ҳиндистон Москва таъсири остидаги минтақага, айниқса, Американинг Хитойга қарши рақобати доирасида ўз дипломатик ва разведка алоқаларини киритмоқда.
Афғонистон ушбу вазиятда бу икки йиғилиш ортида турган кучларнинг марказий муҳокама нуқтаси бўлди. Чунки Дюранд чизиғидаги можарога фақат икки давлатнинг ўзаро зиддияти эмас, балки Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги геостратегик мувозанат учун курашнинг бир қисми сифатида қаралса ўринли бўлади. Чунки Афғонистон беқарор бўлса, Украина уруши билан боғланган Москванинг минтақавий хавфсизлик “кафили” сифатидаги позицияси заифлашади ва бу Вашингтон учун стратегик афзаллик бўлса, Пекин учун эса катта тўсиқ ҳисобланади. Бошқача айтганда, бу можаро АҚШнинг минтақадаги стратегик мақсадлари ва Хитойнинг иқтисодий фаоллиги ўртасидаги рақобат фонида юзага келди, дейиш мумкин.
АҚШ минтақада Толибонни бўйсундириш учун Покистонга суянса, Хитойга зарба беришда эса, Ҳиндистонга таянади. Шунинг учун Вашингтоннинг Покистонни Афғонистон билан тўқнашувга тортиши Толибон ҳукуматини Америка иродасига бўйсундириш, икки халқ орасидаги бўлинишни янада чуқурлаштириш билан бирга, Хитойнинг афғон минерал ресурсларига йўлини ёпиш мақсадида амалга оширилди.
2021 йилдан кейин Хитой Афғонистондаги литий, мис ва бошқа минерал конларини ўз сармоявий тизимига қўшишга уринишни кучайтирди. Бу жараён АҚШ учун стратегик хавф ҳисобланади, чунки у Хитой саноати учун муҳим хом-ашё манбаларини таъминлайди. Шунингдек, Хитой Афғонистонни ўзининг “Бир белбоғ – бир йўл” ташаббуси ва CPEC (China–Pakistan Economic Corridor) лойиҳасига боғлаш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги стратегик боғловчи ҳудудни қўлга киритишни режалаштирган. Шу боис, Афғонистондаги беқарорлик Хитойнинг “CPEC+” ва “Бир белбоғ – бир йўл” лойиҳаларини тўхтатиб турувчи восита вазифасини бажаради.
Бу жараён Марказий Осиёга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Аввало, Афғонистондаги беқарорлик Тожикистон ва Ўзбекистон орқали шимолий йўналишларда хавфсизлик муаммоларини кучайтирса, иккинчи томондан, минтақадаги транзит йўлаклари, жумладан, “Ўрта коридор” ва “Транс-Афғонистон” лойиҳаларидаги мувозанат бузилади. Натижада, минтақа ҳукуматлари Россия ва Вашингтоннинг хавфсизлик таклифлари ва Пекиннинг иқтисодий имкониятлари ўртасидаги танловлар синовида қолади.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд ва Бишкек йиғилишлари ортида – Россия МДҲ тизими орқали “хавфсизлик ҳамкорлиги” шиори остида Марказий Осиё ҳукуматларини ўз таъсир доирасида бирлаштириш ва имкон қадар Ғарбнинг таъсирини чеклаш, Америка эса, Ҳиндистон орқали Москва таъсирини қисман чеклаган ҳолда, минтақада Хитойга қарши хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик платформасини яратиш мақсадлари кўзга ташланмоқда.
Натижада, Марказий Осиё яна бир бор “геосиёсий чорраҳа”га айланмоқда. Бир томонда, Россиянинг МДҲ хавфсизлик тузилмалари ва ҳарбий ҳамкорлик блоклари бўлса, иккинчи томонда, Ҳиндистон орқали АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани стратегияси билан боғлиқ сиёсий ва иқтисодий механизмлари. Бу ўринда, Америка ёки Хитой ё Россияни танлаш ёки уларнинг ўртасида мувозанат йўлини тутиш ҳеч қандай ижобий ўзгариш қилмайди. Чунки барчаси ҳам мустамлакачи давлатлар бўлиб, ўз манфаатларини илгари суриш орқали бизнинг манфаатларимизни бир четга улоқтиради. Бизнинг олдимизда барча муаммоларнинг ҳақиқий ва адолатли ечими бўлган Ислом ва унинг мукаммал тузуми турибди. Зеро, мана шу тузумни ҳаёт майдонига олиб келиб, уни барча соҳаларга татбиқ этишгина ҳар қандай боши берк кўчадан ютуқ ва муваффақият билан чиқишнинг ягона кафолати бўлади.
Иззатуллоҳ
23.10.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми