Мусулмонлар қачон бирлашади?
Мусулмонлар қачон бирлашади?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
13 ноябр куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс бошланди, деб хабар қилди “Дунё” АА мухбири.
Конгрессда халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакиллари, шунингдек, минтақа ва Озарбайжондан келган олимлар ва санъат арбоблари иштирок этди.
Конгресс олдидан Усмон Мусҳафини “Мўйи муборак” мадрасаси музейидан Ислом цивилизацияси марказига ўтказилди. Тадбир Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди. Муфтият ҳам ўз фаолиятини Ислом цивилизацияси марказига кўчирди.
Бир қарашда, бу конгресс Исломни илм, маърифат ва маданият ўлароқ минтақа халқларини бирлаштирувчи омил сифатида тарғиб қилаётгандай кўринади. Лекин теран назар ташланса, Ғарб давлатлари, айниқса, Америка Исломни “маънавий ёдгорлик” ва “маданий мерос” сифатида тарих саҳифаларида қолдириб, уни сиёсий ҳаётдан сиқиб чиқаришни кўзлаётгани маълум бўлади. Чунки улар Исломни Умматни ягона вужуд кўринишида бирлаштирувчи сиёсий дастур сифатида эмас, балки иқлимийликка асосланган “тарихий маданият” сифатида талқин этмоқда.
Бундан ташқари, президент Мирзиёев тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Марказий Осиё ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги “дўстлик ва биродарлик” ришталарини алоҳида таъкидлади. Сўнгги пайтларда, минтақавий анжуманларда Озарбайжоннинг иштироки тобора фаоллашмоқда. Бу эса, минтақани Америка геосиёсий режаларига мувофиқ тарзда шакллантириш ва Иброҳим келишувлари платформасига яқинлаштириш учун хизмат қилади. Чунки Илҳом Алиев ҳукумати (исроил) билан ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кучли алоқаларга эга бўлиши билан бирга, Иброҳим келишувларига қўшилишга тайёрланаётган давлатдир. Қозоғистон эса, яқинда расман бу келишувларга қўшилди ва бунда Алиев ҳукуматининг ҳиссаси борлиги инкор этилмайди.
Шунинг учун ҳам, Тошкентдаги конгрессни маданий ҳамкорлик ниқоби остидаги Америка геосиёсий манфаатларига хизмат қилувчи мулоқот формати сифатида баҳолаш мумкин. Чунки агар мазкур анжуман чиндан ҳам Ислом цивилизациясини қайта тиклаш ва мусулмон халқларини ягона Уммат сифатида бирлаштириш мақсадида ўтказилганида, Иброҳим келишувларини қатъий рад этиши ва яҳудий вужуди билан яқинлашувни Ислом ва мусулмонларга нисбатан улкан хиёнат сифатида баҳолаши лозим эди.
Шунингдек, Умматнинг бирлиги фақатгина ягона Халифалик остида амалга ошадиган ҳақиқат эканлиги ошкор айтилган бўларди. Бироқ мазкур ҳақиқатлар ҳақида оғиз очилмади. Аксинча, бу борадаги сукут ва “тинчлик”, “мулоқот”, “тотувлик” каби шиорлар остида, Ислом оламини Ғарбга геосиёсий бўйсундириш, исломий сиёсий уйғониш ғояларини “мўътадил”лаштириш ва мусулмонларни сиёсий жиҳатдан уйқуда ушлаб туриш сиёсатини кўриш мумкин. Бу эса, Американинг “мулоқот орқали итоатга солиш” стратегиясининг бир қисмидир.
Шуни унутмаслик керакки, Ислом музейда сақланадиган экспонат эмас, балки Аллоҳ томонидан нозил қилинган мукаммал ҳаётий низомдир. Шу сабабли, Ислом цивилизацияси ҳақида гап кетганда, уни маданий ёдгорлик сифатида эмас, ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олувчи тузум сифатида қайта жонлантириш вазифаси туриши лозим.
Уммат бирлиги эса, конгрессларда ёки декларацияларда эмас, балки фақатгина Ислом салтанати тикланганда, яъни Рошид Халифалик давлати қайта барпо этилгандагина амалга ошади. Аллоҳ таоло айтади:
وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا ۚ
– “(Эй мусулмонлар) Аллоҳнинг арқонини жамоа ҳолингизда маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”. (Оли Имрон:103)
Бу оятда “جميعا” сўзи Аллоҳнинг арқонини ушловчилардан ҳол бўлиб, маъноси жамоа деганидир. У Росулуллоҳ ﷺнинг ушбу сўзларидаги жамоанинг айнан ўзидир: “Кимки сизларнинг ишингиз бир кишида жам бўлиб турган ҳолда сизларни исён қилдирмоқчи ёки жамоаларингизни бўлиб ташламоқчи бўлиб келса, уни қатл қилинглар”. Демак, ҳадисдаги бир кишининг остида жамоа бўлиш ҳамда оятдаги جميعا сўзлари бир маънода келган.
Ислом Уммати бир кишининг қўл остида жам бўлган воқелик фақат Халифалик давридагина рўй берган. Бугунги кунда Уммат вужуди 60 дан зиёд давлатчаларга бўлиниб кетган ҳолати эса, Аллоҳ таолонинг “бўлинмангиз” деган буйруғига зиддир. Шунга кўра, мусулмонлар мавжуд тарқоқ ҳолатини ўзгартириб, Рошид Халифалик давлатини барпо қилиш орқали битта ҳоким остида бирлашмоғи вожиб бўлади.
Иззатуллоҳ
16.11.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми