Бугунги “экологик муаммо”нинг туб ечими нимада?
Бугунги “экологик муаммо”нинг туб ечими нимада?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Шавкат Мирзиёев “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилган 2025 йилнинг охири ҳам Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаши билан якунланмоқда. Ваҳоланки, президент ўз нутқида Тошкент ва унинг атрофидаги ҳаво ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва ресурсларнинг камайиши каби муаммоларни кескин танқид қилиб, йилни шу йўналишдаги ислоҳотларга бағишлашни таклиф этган, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-№184-сонли қарорини чиқарган ва ушбу қарор бир қатор қонунчилик ҳужжатлари билан боғланган эди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 25 сентябрдаги 70/1-сон резолюцияси билан бутун дунё учун қабул қилинган БМТнинг 2030 йил Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал стратегияси ва ҳуқуқий-сиёсий мажбурияти доирасида бўлиб, БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP), Атроф-муҳит бўйича Дастури (UNEP – United Nations Environment Programme), Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ҳалқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон савдо ташкилоти билан чамбарчас боғлиқ.
Маълумки, БМТ ва унинг барча тузилмалари глобал сиёсат етакчиси Америка қўлидаги мустамлакачилик қуроли ҳисобланади. АҚШ ўз манфаатларини ҳалқаро қонун ва меъёрлар шаклида БМТ ёрдамида жорий қилиш орқали дунё мамлакатларини ўзининг мақсадларига мажбурий бўйсиндиради. Унинг бу мақсадлари дунё бўйлаб ресурс оқимлари, хомашё бозорлари ва молиявий механизмларни ўз манфаатига йўналтириш, ҳарбий устунлик ёрдамида сиёсий ҳукмронликка эришиш, Вашингтонга мойил элитани шакллантириш ва ахборот ҳукмронлиги орқали жамоатчилик фикрини назорат қилишга қаратилган.
Ўзбекистон – энергия йўллари туташувида жойлашган, хомашё ресурсларига бой ва Марказий Осиёда географик ва демографик ўзакка эга давлат сифатида АҚШ учун минтақавий сиёсат юритишда муҳим геостратегик майдондир. Шу боис экологик масалалар ҳам бу ерда сиёсий таъсир ўтказиш қуроли сифатида қўлланади. Бу ўринда, “экологик рейтинглар” ва Жаҳон банки, ХВЖ каби институтлар босим механизми ролини ўйнайди.
Масалан, 20 ноябрда Тошкент IQAir рейтинги бўйича дунёдаги энг ифлосланган шаҳар деб тан олинди. Жаҳон банки докладига кўра: “пойтахтда майда дисперс заррачалар (PM2.5) таъсиридан келиб чиқадиган ўлим ҳолатлари йилига уч мингтадан зиёд муддатидан олдинги ўлимга етади ва саломатликка таъсиридан кўриладиган иқтисодий зарар 488,4 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу рақамлар мавҳум эмас: улар ортида реал касалликлар, ҳаддан ташқари юкланган шифохоналар ва яқинларини йўқотган оилалар турибди”, – дейилади. Бу рейтинг ва ҳисоботлар бир қарашда “инсонпарварлик” бўлиб кўринса-да, аслида экологик муаммоларни очиқлаштириш ортида сиёсий ва иқтисодий таъсир ўтказиш мақсадларига хизмат қилади. Мисол учун, Америка “экологик хавф” баҳонасида Атроф-муҳит бўйича Дастури (UNEP)нинг стандартлари, ҳисоботлари ва тавсиялари орқали ўзга мамлакат экологик сиёсатини бошқариш ва иқтисодиётини назорат қилишга интилади ва “иқлим меъёрлари” деган ниқобда иқтисодий ва қонунчилик йўналишини белгилаб беради. Бу билан ҳақиқий экологик муаммоларни ҳал қилмайди, аксинча, ички саноат, импорт ва экспорт жараёнларини назорат қилади.
Айни пайтда, “экологик муаммо” бир томондан, АҚШга Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказиш учун қулай майдон очиб бераётган бўлса, иккинчи томондан, Мирзиёев ҳукуматининг тадбиркорлар ва аҳоли устидан назоратни янада кучайтиришигa хизмат қилаётган сиёсий воситага айланмоқда.
26-27 ноябр кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи(ЕИ)нинг Global Gateway стратегияси доирасида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва ЕИнинг учинчи иқтисодий форуми ҳамда Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга келиши кутилаётган Европа комиссарлари Йозеф Сикела ва Марта Коснинг ташрифи арафасида, яъни 25 ноябрда Мирзиёев пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу фармоннинг ижроси эндиликда ҳавонинг ифлосланишини нафақат экологик, балки озиқ-овкат хавфсизлиги, иқтисодий ва ижтимоий муаммога айлантириши кутилмоқда. Чунки фармонга кўра, Экология қўмитаси бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиши керак:
1. Майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари носоз ишлаши ёки мавжуд бўлмаганлиги учун маъмурий жарималар миқдорини 3-5 бараварга ошириш;
2. Майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда ёқилғи моддалар, материал ва шина, битум, мазут, ишлатилган автомобил мойи, плёнка, резина, жун толаси каби чиқиндилар ёқилгани аниқланганда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш.
Деҳқон чанг-газ тозалаш ускунасини ўрнатиш учун бир сотихлик иссиқхонанинг йиллик даромадидан яна 6-7 йиллигини сарф қилиши керак бўлади. Яъни фильтрлаш жиҳозларининг нархи деҳқон хўжаликлари иқтисодий салоҳиятидан бир неча баравар юқори.
Газ эса, йўқ ёки босими паст, бори ҳам қиммат. Электр узилиб туради, тарифлар эса, икки-уч баробарга ошган. Натижада, бошқа ёқилғи материалларидан фойдаланишга мажбур бўлаётган деҳқон эндиликда жарима ёки мусодарага учраса, минглаб иссиқхоналарнинг ёпилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса, бозордаги деҳқончилик маҳсулотларининг нархи бир неча баробар ортишига, ўз навбатида, халқнинг кундалик ҳаёти янада оғирлашиб тангликка олиб келади.
Мирзиёев фармонни имзоламасдан бир кун олдин президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳокимлик раҳбарияти ва мутасадди идоралар иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда “экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари” бўйича буйруқ берди. Бунинг ортидан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, ДХХ, ИИББ, Миллий гвардия, ФВБ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳамда қурилиш соҳасида масъул ташкилотлар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Натижада 24 ноябрдан 25 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экологик рейдлар ўтказилди. Рейдлар натижасида 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жами 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонун талабларини бузган 18 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бироқ бу чораларнинг барчаси “аҳоли саломатлиги” учун дейилса-да, аслида Европа комиссарлари ва Американинг “экологик рейтинги” учун қилинганини жараённинг ўзи кўрсатмоқда.
Тошкент ҳавосининг ифлосланиши атрофида айланаётган рейтинг ва чора-тадбирлар бир нарсани, яъни халқнинг эмас, балки ташқи кучларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини англатади.
Бунинг асосий сабаби, Ўзбекистондаги бошқарув ташқаридан импорт қилиб олиб келинган қонунлар ва бошқарувда кўпроқ ташқи кучларга қараб иш кўрадиган ҳукумат билан шаклланганига боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу бошқарув мусулмон халқига бегона, ақидасига зид ва фитратига тескари бўлган қонунлар билан бошқариши билан бирга, ўзига чизиб берилган доирадан четга чиқмайди. Шу туфайли, доимо ташқи кучлар ва ўз шахсий манфаатларини амалга ошириб, халқ манфаатларини эса ортга суриб келади. Алал-оқибат бундай бошқарув ҳеч қачон халқнинг розилигини ва ихтиёрий қўллаб- қувватловини қозона олмайди. Аксинча, зўравонлик ёки қонун қаттиққўллиги билан халқни сукут қилишга мажбурлаш ва мавжуд ҳолатга бўйсундиришга уринади. Шу билан бирга, Американинг очкўзлиги ва ёвуз сиёсати бу бошқарувни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ён босишга мажбурламоқда.
Бироқ бу ён босиш ҳукумат ўз курсиларини сақлаб қолиш ва Трампнинг қўлидан қонунийлик олиш учунгина бўлмоқда. Чунки бу бошқарув юргизаётган сиёсати билан амалда халқ ишончини қозона олмади. Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ فَالْإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ
“Сизларнинг ҳар бирингиз роий-чўпонсиз ва ўз раийятингиз (қўл остингиздагилар) учун масъулсиз. Имом (ҳоким) ҳам чўпондир ва ўз раийяти учун масъулдир”.
Бу ердаги масъулият – Ислом билан ҳукм қилиш, адолат ва раҳмдиллик билан муомала қилиш ҳамда Умматнинг манфаатларини қабул қилишдир. Агар раҳбар давлатни ислом шариатининг ҳукмлари билан бошқариб, адолатни қарор топтирмаса ва Уммат манфаатларини устувор қилмаса, у эгаллаб турган мансабининг ҳаққини бермаган бўлади. Бироқ Мирзиёев ҳукумати на Ислом билан ҳукм юритмоқда, на халққа адолат ва раҳмдиллик билан муомала қилмоқда ва на халқ манфаатларини устувор қўймоқда.
Шундай экан, нафақат “экологик муаммо”нинг, балки бугунги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳар қандай муаммонинг туб ечими – мустамлакачи давлатларнинг мусулмонлар юртларидаги ҳукмронлигига чек қўядиган, сунъий чегараларни олиб ташлаб, мусулмонларни ягона битта Умматга айлантириб ҳимоя қиладиган, ички сиёсатда шариат аҳкомларини татбиқ қилиш орқали муаммоларни узил-кесил ҳал қиладиган, ташқи сиёсатда эса Исломий даъватни бутун оламга олиб чиқадиган Рошид Халифалик давлатини қайта тиклашдир. Бу иш Росулуллоҳ ﷺдан мерос қолган мусулмонлар зиммасидаги масъулиятдир. Аллоҳ таоло айтади:
هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَىٰ وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُشْرِكُونَ
– “У Зот Ўз Росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам, (Исломни) барча динлардан устувор қилиш учун юборган Зотдир”. (Соф:9)
Иззатуллоҳ
29.11.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми