Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (president.uz 27.11.2025й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқининг Халқаро шерикликлар ва Кенгайиш бўйича комиссарлари бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Изоҳ: Учрашувда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) асосидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни чуқурлаштириш, Транскаспий транспорт йўлаги ҳамда критик минераллар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 7 фоизга ўсгани қайд этилди. Бундай юқори даражадаги ташрифлардан кўзланган Европа Иттифоқининг геосиёсий мақсадлари аниқ. Биринчидан, у ўз саноатини стратегик аҳамиятга эга критик минераллар билан хавфсиз ва арзон нархларда таъминлашни кўзлайди. Иккинчидан, Транскаспий йўлагини ривожлантириш орқали Россия ҳудудидан ташқарида Осиё билан савдони амалга оширишга интилади, бу эса Европанинг геосиёсий боғлиқлигини камайтиришга қаратилган стратегиядир. Эътиборли жиҳати шуки, ЕИнинг одатдаги амалиётига қарамасдан, ушбу юқори даражадаги учрашувнинг расмий кун тартибида инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар масаласига алоҳида урғу берилмаган. Бу ЕИнинг ўз қадриятларидан кўра, айни пайтдаги иқтисодий ва геосиёсий хавфсизлик эҳтиёжларини устун қўяётганини кўрсатади. Критик хомашё ва мустақил транспорт йўлакларига бўлган шошилинч талаб, ЕИнинг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан танқидий позициясини вақтинча сусайтирганини англатади. Ўз навбатида, бу келишувлардан энг кўп манфаат кўрувчилар режим тепасидагилар ва уларнинг яқинларидир. Шунингдек, Европадан келадиган йирик молиявий оқимлар коррупцион лойиҳаларга йўналтирилиб, элита вакилларининг манфаатига хизмат қилиши катта эҳтимол. Афсуски, ҳозирда юртимиз мана шундай ёвуз ва очкўз давлатлар сўлаги оқаётган ўлжа бўлиб қолди. Энг ёмони, бунинг хатарли оқибатлари халқимиз бошига янгидан-янги қийинчиликларни солади. Мусулмон халқимиз бундай аҳволдан қутулиш йўли ҳақида жиддий бош қотирмас экан, “ўрмон қонуни” ҳукм сураётган даврда еб-ютиб юбориладиган ўлжа ҳолида қолаверади.
Хабар (kun.uz 29.11.2025й): Мобил операторлар нархларни оширмоқда.
Изоҳ: Хабарга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб мобил операторлар акциз солиғидан бутунлай озод қилинган бўлишига қарамай, ноябр ойи ўрталаридаёқ бир нечта йирик компаниялар 1 декабрдан тарифларни оширишини эълон қилди. Бу қарор жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди, чунки истеъмолчилар нархларнинг кўтарилишига асос қилиб келтирилган “сифатни яхшилаш” ваъдаси амалдаги алоқа сифатига мос келмаслигини таъкидламоқда. Ҳатто Рақобат қўмитаси ҳам компанияларнинг ўзаро келишган ҳолда нарх ошираётгани бўйича текширув бошлаган. Фуқароларнинг асосий талаби – 15-20 минг сўмлик базавий тарифлар бўлиши. Лекин энг арзон таклифлар 35-60 минг сўмдан бошланади, бу эса истеъмолчиларни кераксиз юқори лимитли ва қиммат хизматларга мажбурлаш сифатида баҳоланмоқда. Бундан ташқари, шахснинг розилигисиз пуллик “кўнгилочар” хизматларга улаб қўйиш ҳолатлари ҳам тилга олинган. Бундай носоғлом бозор вазиятининг илдизи Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорининг монополлаштирилганига бориб тақалади. Бозорда асосий тўртта йирик оператор мавжуд: UzMobile, Ucell ва Mobiuz. Улар бевосита ёки билвосита давлат (Ўзбектелеком) назоратида. Тўртинчи оператор – Beeline (Unitel) эса хорижий хусусий капиталга тегишли. Бундай тузилма, давлат ҳукмронлигидаги олигополияни (озчиликнинг ҳукмронлиги) вужудга келтиради. Айнан шу тузилма туфайли солиқ имтиёзлари халққа енгиллик бўлиб хизмат қилмади. Аксинча, операторлар солиқ имтиёзидан олган енгилликни ўзларининг қўшимча фойдасига айлантиришди, буни нархни тушириш орқали истеъмолчиларга ўтказишмади. Бундан кўринадики, ушбу солиқ имтиёзидан кўзланган асосий мақсад ҳам одамларга тўғридан-тўғри енгиллик бериш эмас, балки давлатнинг ўзига тегишли бўлган компаниялар ва хорижий инвесторлар (Beeline/VEON) манфаатини илгари суриш эди. Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорида кузатилаётган сўнгги ҳолатлар ҳам мавжуд чирик капиталистик демократия тузуми қандай ишлашининг ёрқин мисолидир. Бу тузумда қарор ва қонунлар бир ҳовуч бойлар ва ҳокимият эгалари манфаатларига мос равишда ишлаб чиқилади ва ижро этилади. Ислом қонунларини татбиқ қилувчи Халифалик давлати эса, мобил алоқа хизмати каби хизматларни йўлга қўйишда манфаат эмас, балки одамларга енгиллик ва қулайлик эътиборидан ёндашади. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Одамларнинг яхшиси – одамларга манфаати кўпроқ тегадиганидир”.
Хабар (kun.uz 29.11.2025й): Аҳолидан солиқ қарзини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизимидан фойдаланилади.
Изоҳ: Яқинда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда жисмоний шахслардан 1 миллион сўмдан ошган мол-мулк ва ер солиғи қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизимидан фойдаланиш механизми жорий этилмоқда. Мол-мулк ва ер солиғи қарзи 1 миллион сўмдан ошган тақдирда, қарздорнинг электр энергияси учун тўлов қилиши биллинг тизими орқали блокланади ва қарз тўланмагунча электр таъминоти узилмайди, аммо тўлов имконияти чекланади. Яъни у энди электр ҳисобига пул тушира олмайди. Гарчи бу кескин чора ички бюджет эҳтиёжлари билан изоҳланаётган бўлса-да, унинг бир томонлама мажбурлаш хусусияти ҳукумат зиммасидаги жиддий ташқи мажбуриятлар ва халқаро босимлар мавжудлигидан далолат беради. Бундай кескин чораларнинг жорий этилишига Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки каби йирик халқаро молия институтлари томонидан қўйилган талаблар асосий туртки бўлмоқда. Ушбу институтлар кредит ва грантлар ажратишда, мамлакатдан фискал интизомни кучайтириш ва бюджетнинг барқарорлигини таъминлашни қатъий талаб қилади. Солиқ қарзларини ундиришнинг бунчалик кескин механизми жорий этилиши айнан халқаро молия институтлари томонидан қўйилган шу шартларни бажаришга ва солиқ йўқотишларини камайтириш борасидаги жиддий мажбуриятни халқаро ҳамжамиятга намойиш этишга қаратилган бўлиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро кредит рейтингларини оширишга интилмоқда, чунки кредит рейтинг агентликлари мамлакатнинг молиявий барқарорлигини баҳолашда унинг солиқ мажбуриятларининг бажарилиш даражасига қарайди. Солиқ қарздорларига нисбатан қўлланилган янги, қатъий чоралар – халқаро инвесторларга ва рейтинг агентликларига Ўзбекистоннинг солиқ интизоми жиддийлигини кўрсатувчи стратегик сигналдир. Энг муҳими, бу чоранинг электр энергиясига талаб кучли бўладиган қиш мавсуми арафасида жорий этилиши одамларнинг машаққатларини янада кучайтиради холос. Яъни капиталистик демократия тузумини татбиқ қилаётган ўзбек ҳукумати халқнинг иқтисодий имкониятлари ва моддий жиҳатдан оғир аҳволидан кўра, моддий манфаатни устун қўйганини очиқ кўрсатади. Бу каби зулмларга чек қўйиш, зулмнинг зидди бўлган адолатни ўрнатиш билан бўлади. Адолат эса, Ислом тузуми ва уни татбиқ қиладиган Халифалик давлатисиз қарор топмайди.
Хабар (gazeta.uz 30.11.2025й): Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан газ сизиб чиқиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Изоҳ: Энергетика вазирлигининг Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан газ сизиб чиқишини ҳар доимгидек “вазият мутахассислар назоратидаги геологик жараён” дея навбатчи баёнот берди. Бироқ конда юз берган аввалги фожеалар ёпиқлигича қолмоқда. Масалан, конда биринчи ҳалокат юз берганидан бошлаб то шу кунгача бир неча одам ҳалок бўлди, у ердаги ишчиларнинг бир неча ойлик маоши тўланмаётгани маълум бўлди. Маҳаллий аҳоли қанча шикоят қилди, кўп машаққатларга дучор бўлди… Шунча қилғиликни қилган коннинг асосий пудратчилари Enter Engineering ва у билан боғлиқ Eriell компаниялари сувдан қуруқ чиқишди. Эътиборлиси, улар шу пайтгача ҳолат юзасидан ақалли бирор баёнот ҳам эълон қилишмади. Уларга ҳукумат, аниқроғи Энергетика вазирлиги “адвокат”лик қилмоқда. Бу қайси қонун ё қандай тартиботга кўра қилиняпти?! Қандай қилиб хусусий компания ўрнига расмий идоралар жавоб беряпти?! Аслида, кондаги ҳалокатлар бўйича тегишли идоралар тергов ўтказиши керак эмасмиди?! Ахир, у ерда одамлар ўлди, аҳоли ва экологияга зарар етмоқда, хавфсизлик масалалари бўйича ҳар қандай тартиб-қоидалар бузилди! Булар фақат жамоатчиликка маълум бўлганлари холос. Бошқа тарафдан эса, давлат идоралари ҳимоясиз кичик тадбиркорларнинг кичкина хато-камчиликларини кавлаштириб топиб жазолашяпти. Мана шундай икки хил стандартли сиёсат кетмоқда бу юртда. Халқимиз бундай ҳодисалар ҳақида чуқур мулоҳаза юритиб, тўғри хулосаларни чиқариши лозим. Яъни устимизда татбиқ қилинаётган капиталистик тузум фақат кучлиларни, анави Enter Engineering’га ўхшаган корчалонларни ҳимоя қилади. Оддий одамларга келганда эса, қонунлар уларни ҳимоя қилиш учун эмас, фақат жазолаш учун қўлланади. Шундай қилиб, “М-25” конидаги ҳодисалар капиталистик тузумнинг ёвуз башарасини яна бир карра фош қилди. Шунга кўра, мусулмон халқимиз эътиборини баъзи бир шахсларни лавозимидан озод қилиш ёки баъзи қонунларни ўзгартиришга эмас, балки бу тузумдан тўла воз кечиб, Ислом низоми билан бошқарадиган ўзимизнинг ғамхўр давлатимиз – Халифаликка эга бўлишга қаратиши зарур.
Хабар (uzdiplomat 01.12.2025й): Ўзбекистоннинг давлат қарзи бир йилда қарийб 5 млрд долларга кўпайди.
Изоҳ: 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 44 миллиард долларга етди. Ҳар сафар давлат қарзининг шиддат билан ўсиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганда одамлар ҳақли эътирозларини билдиришади. Халқимизнинг ташқи қарзга бундай салбий қараши ўринли, албатта. Жумладан, ушбу хабар остида шарҳ қолдирганлардан бири шундай дейди: “Уйида соғин сигири бўла туриб ўзгалардан қарзга сут олиб ичадиган одамни ким деб аташади?” Ҳа, бундай киноялар остида жуда аччиқ ҳақиқат ётибди. Зеро, татбиқ қилинаётган яроқсиз капиталистик тузум ва ёмон бошқарув оқибатида халқимиз юрт бойликларидан мосуво қилинган. Бунинг ўрнига ҳукумат турли ташқи манбалардан қарз олишдек ўта хатарли йўлга қадам қўйган. Масалан, қарзнинг қарийб ярми – 47 фоизи (17,42 миллиард доллар) бюджет тақчиллигини қоплашга йўналтирилган. Бу кўрсаткич мамлакатнинг ўзини қопламайдиган жорий харажатлар учун қарз олаётганини, яъни “қарз доираси”га (Debt Trap) тушиб қолганини англатади. Бу эса ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш ўрнига, келажакдаги даромадлар ҳисобидан бугунги истеъмолни молиялаштириш демакдир. Қолаверса, қарзнинг асосий қисми халқаро молия ташкилотларидан олингани сабабли, бу маблағлар бозорни либераллаштириш ва импортга тўсиқларни олиб ташлаш каби қатъий шартлар билан бирга келади. Шунингдек, қарз олаётган давлат уни ўзи хоҳлагандек ишлата олмайди, яъни саноатлашган кучли давлат бўлиш учун эмас, балки фақат энергетика, бюджет, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги каби ҳар қанча сарфланса “еб-ютиб” юборадиган ва давлатни кучайтирмайдиган соҳаларга сарфлай олади холос. Хусусан, энергетика ва қишлоқ хўжалигига йўналтирилган катта сарфлар иқтисодиётнинг хомашёга қарамлигини кучайтиришга хизмат қилади. Шунинг учун мусулмон халқимиз қарз юки ошиб бораётганидан хавотирланишга тўла ҳаққи бор, чунки бу юк унинг гарданига тушади. Бунинг азобини у ўз танасида ҳис қиляпти ҳам. Шунга кўра, мусулмонлар ташқи қарз балосига нуқта қўядиган Ислом тузумини татбиқ этувчи Рошид Халифалик давлатини тиклашга эътиборларини қаратмоқлари зарурдир!
Хабар (uzdiplomat 02.12.2025й): Республика бўйича солиқ тўловчилар маълумотлари очиқланди.
Изоҳ: Хабарга кўра, расмий бандлик статистикаси ва ҳақиқий солиқ тўловчилар маълумотлари ўртасида кескин қарама-қаршилик кузатилмоқда. Расмийлар 2025 йилнинг январ-сентябр ойларида хизматлар соҳасида жами 2 миллиондан ортиқ аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинганини иддао қилган бўлса-да, республика бўйича даромад солиғи тўлайдиган жисмоний шахслар сони бир йил ичида бор-йўғи 27 минг нафарга ошган, холос. Бундай улкан фарқ, яратилган миллионлаб иш ўринларининг аксарияти фақат қоғоздалигини ёки уларнинг даромади солиқ тўлаш учун етарлича барқарор ёки юқори эмаслигини тасдиқлайди. Ҳукумат томонидан эълон қилинган иш ўринларининг аксарияти норасмий ёки вақтинчалик бўлиши ҳам мумкин. Яъни улар расмий статистикага киритилган бўлса-да, амалда жуда қисқа муддатли, мавсумий ёки паст даромадли меҳнат бўлиб чиқади. Тадбиркорликка жалб қилинган шахсларнинг даромади солиқ тўлаш чегарасига етмаган ёки улар фақат қатъий белгиланган солиқни тўлашда давом этган. Бундан ташқари, аҳолининг катта қисми кредит ёки субсидияга асосланган бандлик ҳисобига вақтинча банд қилинган, уларнинг фаолияти ҳақиқий солиқ тўлайдиган даромадни ҳосил қилмаган. Қолаверса, бундай сохта маълумотлардан камбағалликни қисқартиришда ҳам фойдаланилганига шубҳа йўқ. Албатта, халқимиз бундай маълумотларга ишониб кетаверадиган гўл эмас. Шунинг учун ҳукумат сохта рақамлар билан халқ кўзини бўяшни бас қилиши лозим. Бу билан у одамлар ишончи ва ҳурматини қозона олмайди, аксинча ишончсизликни янада орттиради ва муваффақиятсиз сиёсатини фош қилади холос. Бунинг ўрнига, ҳукумат ишсизлик муаммосини ҳақиқатда бартараф қиладиган тўғри ечимларни топиш ва татбиқ қилиш устида бош қотириши зарур. Бу эса юртимизни саноатлашган қудратли давлат қилиш билан амалга ошади. Бироқ чирик капиталистик тузум татбиқ қилинар экан, мустамлакачи давлатлар манфаатларига хизмат қилувчи бузуқ халқаро тартибот Ўзбекистондек Исломий юртларга илғор саноатни, айниқса оғир саноатни йўлга қўйишга йўл бермайди. Демакки, бу тузум соясида одамларни ишсизлик ва камбағаллик муаммоси қийнашда давом этаверади. Ягона тўғри йўл – Ислом тузумини ҳокимият эгаси қилишдир. Фақат у ишсизлик ва камбағаллик муаммосини бартараф қила оладиган ягона нажот йўлидир!
Хабар (gazeta.uz 03.12.2025й): Саида Мирзиёева Тошкент вилоятидаги экологик рейдларда иштирок этди.
Изоҳ: Саида Мирзиёеванинг 2 декабр тунида Тошкент вилоятидаги экологик рейдларда шахсан иштирок этгани ҳақидаги хабарлар ва унинг “Бизга одамларнинг соғлиғи жуда муҳим” деган сўзлари жамоатчилик эътиборини тортди. У Қибрай туманидаги кўмир ёқаётган иссиқхона раҳбари билан гаплашиб, муаммони бир ҳафта ичида ҳал қилишга ваъда берди. Бироқ хўжакўрсинга ўтказилаётган бу шахсий назорат остидаги рейдлар ҳукуматнинг ҳаракатлари мақсадга мувофиқ эмаслиги ва иккиёқлама стандартларга асосланганини кўрсатади. Мазкур рейдлар асосан маҳаллий, кичик тадбиркорларга қаратилган, лекин ҳавони жиддий ифлослантирувчи йирик инвесторлар ва ҳукуматга яқин бўлган корхоналар панада қолмоқда. Масалан, Андижонда ҳаво ифлосланишига қарши кураш ниқоби остида сомсахоналардаги тандирларни бузиш каби халққа қарши чоралар кўрилди. Айни пайтда, Ангрендаги Гулбоғ ҳудудида аҳолининг қайта-қайта шикоятларига қарамай, марказда жойлашган иккита йирик кўмир омбори аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказмоқда ва бу борада ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Бундай ҳолатлар рейдларнинг асосий нишони йирик капиталга эга, кўпинча ҳукумат билан алоқадор бўлган ишлаб чиқарувчилар эмас, балки босим ўтказиш осонроқ бўлган кичик тадбиркорлар эканини тасдиқлайди. Аслида, экологик муаммоларнинг илдизи жуда чуқур бўлиб, асосан ҳукуматнинг нотўғри сиёсати ётади. Масалан, рейд ўтказилган иссиқхона эгаларини кўмир ёки бошқа ёқилғи ёқишга мажбур қилган нарса уларнинг газ таъминотидан узилганлигидир. Энди уларни ҳавони ифлослантиряпсан, деб жарима қўллаш ва жазолаш қайси мантиққа тўғри келади?! Хуллас, экологик муаммолар ҳукуматнинг омадсиз энергетик сиёсатидан тортиб умуман экологияга бўлган ёндашувига бориб тақалади. Бу ўринда, аввалдан режалаштириш, муаммонинг олдини олишга ҳаракат қилиш, кўрилган чораларга қарамай барибир муаммо юзага келадиган бўлса, тезкорлик билан аввалдан тайёрлаб қўйилган чора-тадбирларни қўллаш каби тўғри ёндашув талаб қилинади. Бироқ афсуски, ҳукуматда ишга бундай эътибор ва ёндашув кузатилмаяпти. Бунинг жабрини эса яна шу бечора халқимиз тортяпти. Чунки ҳукумат татбиқ қилаётган капиталистик тузумда манфаат биринчи ўринга қўйилади, одамлар манфаати, соғлиги, ҳаёти эмас.
Форуқ
06.12.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми