Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (dunyo.news 24.07.2023й): Украина қуролли кучлари бош штаби кунлик сводкасида илк бор урушга жалб этилган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берилди. Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар қурилиш ишларида қатнашиш учун Украинага келишган, аммо Мариуполда уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва рус қўшинлари сафига сафарбар этилган.
Изоҳ: Россия тарафидан ўзбекистонликлар Украина урушига мажбуран жалб қилинаётгани тўғрисидаги хабарларнинг тарқалиши Ўзбекистон ҳукуматини жиддий хавотирга солади. Бироқ бу ўз фуқаролари тақдиридан хавотир олиш эмас. Чунки рус ҳукумати ўзбекистонлик ишчи мигрантларга сохта айбловлар билан узоқ муддатга қамалиш, ҳатто ўлдириб юборилиш ёки Украинадаги урушга ёлланиш танловини қўяётган бир вазиятда, Мирзиёев ҳукумати бунга кўз юмиш билан Россияга зимдан ёрдам бериб келяпти. Ҳукумат ўзининг бу хиёнатини яшириш мақсадида урушга “ёлланаётган” фуқароларнинг ўзини айблаб, уларни 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутувчи қонунни қабул қилди. Бундан ташқари, Украинада ишлаб келган, кейинчалик у ерларни Россия эгаллагач ғойиб бўлган ўзбекистонликларни қидириб топиш бўйича ота-оналарнинг илтимосларига жавобан ҳукумат “болангизнинг турар жойи номаълум бўлса, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди” деган жавобни бериши билан ўз фуқароларини ҳимоя қилмаслигини исботлади. Бу субутсиз ҳукумат УҚК Бош штабининг юқоридаги маълумоти эълон қилингач, Украина Ташқи ишлар вазирлигига сўровнома юборди. Ваҳоланки, Украина ҳукуматига сўровнома юбориш эмас, балки рус ҳукуматидан Ўзбекистон фуқароларини урушга ёллашни зудлик билан тўхтатишни талаб қилиши зарур эди. Бу ҳодисалар мусулмонларнинг нақадар ҳимоясиз ҳолатда эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун мусулмонлар ўзининг ягона қалқони бўлган Рошид Халифаликни тикламас эканлар, нон топиш дардида юрт кезиш азобидан ҳам, кофирлар қўлида жувонмарг бўлиб кетиш хатаридан ҳам ҳеч қачон нажот тополмайдилар.
Хабар (kun.uz 26.07.2023й): Орган савдоси мавзусидаги бу сафарги кўрсатувимиз қаҳрамонлари буйракларини сотиш орқали муаммоларига ечим топишга уринган, аммо бугунги кунда бу ишларидан минг пушаймон бўлаётган эр-хотинлардир.
Изоҳ: Кун.уз томонидан бериб борилаётган ушбу кўрсатувда эр-хотин қарзга ботиб қолганлиги оқибатида иккиси ҳам буйрагини сотиб, муаммоларини ҳал қилмоқчи бўлгани, бироқ бундан афсусланганлари ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу кўрсатувдан кўзланган асосий мақсад, одамларни тана аъзоларини сотишдан қайтариш эканлиги кўриниб турибди. Тўғри, Ислом одамларни тана аъзоларини сотишни ман қилади, бу жоиз эмас. Бироқ бу муаммонинг кўлами бугунги кунда анча кенг бўлиб, одамларнинг ўз буйраги ё бошқа аъзоларини сотишлари олдини олишга эришилган тақдирда ҳам, у тўла ҳал бўлди, дегани эмас. Негаки, бу муаммонинг пайдо бўлишидаги сабаблардан бири – одамларнинг яшаш даражаси борган сари ёмонлашиб бораётганидир. Акс ҳолда, қайси ақли расо одам ўз танасининг бир бўлагини сотишга рози бўлади?! Бўлиб ҳам бу иш жуда катта риск ва хавф-хатарлар, ҳатто ҳаёт-мамот масаласи даражасидаги иш бўлса. Ҳолат шу даражага бориб етганки, кўрсатувнинг бошқа сонида айтилишича, биргина Тelegram мессенжерида органини сотиш истагидаги одамлар жамланган ўнлаб гуруҳлар мавжуд. Кун.уз улардан бир нечтаси билан суҳбатлашган ва уларнинг деярли барчаси қарз ё кредитни узиш учун тана аъзосини сотмоқчи эканлигини айтган. Бундай аянчли ҳолат, яъни қарзларни узиш учун тана аъзосини сотишгача бориш яқин йилларда пайдо бўлди, деб айтиш мумкин. Илгари бундай ишлар йўқ эди, ҳеч ким бунга ботинмасди. Бу одамларнинг иқтисодий аҳволи нақадар ёмон аҳволга келиб қолганини англатади. Ҳукумат эса, камбағалликни 17% дан 14% га туширдик, дея мақтаниб, фақат статистикани яхшилашга уринишдан бошқасига ярамаяпти. Айтиш жоизки, буларнинг барчаси ботил, яроқсиз демократик тузум, айниқса капиталистик иқтисодий низомни татбиқ қилиши ортидан пайдо бўлмоқда. Чунки капитализмда барча унумдор соҳалар бир ҳовуч кимсалар, яъни сармоядорлар томонидан монополия қилиниб, эгаллаб олинади ҳамда бойлик-сармоя уларнинг қўлида жамланади ва натижада одамларнинг турмуш даражаси оғирлашиб кетади. Шунинг учун улар юқоридаги каби сўнгги чораларни қўллашга мажбур бўлишади ва шундай бўляпти ҳам. Улар бугун Ислом ҳаром қилган ишларга қўл уришяпти. Агар биз мусулмонлар устида адолатли Ислом қонунларини татбиқ қиладиган Халифалик давлатимиз бўлганида эди, ҳеч қайси мусулмонни бундай хорлатиб қўймаган бўларди.
Хабар (uzsuv.uz 26.07.2023й): 1 августдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятида, 20 августдан Тошкент вилоятида ичимлик суви тарифлари оширилади.
Изоҳ: “Ўзсувтаъминот” компанияси эълон қилган расмий баёнотга кўра, сув нархи оширилишига иш ҳақи, электр-энергия, солиқ, хорижий кредитлар тўлови, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишларида сарф-харажатлар талаб этилиши сабаб қилиб келтирилган. Бироқ халқимизга маълумки, ушбу сарф-харажатларнинг катта қисми коррупция ниҳоятда илдиз отгани сабабли, фақат қоғозда бор ва жуда катта маблағлар ўз ўрнига сарфланмай, амалдорлар томонидан “ҳазм” қилиб юборилади. Бу бир томондан, бошқа томондан эса, нархларни оширишдан кўзланаётган мақсад кўпроқ инвестиция жалб қилишдир. Чунки инвесторлар нарх қиммат бўлган жойга интиладилар. Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган ХВЖ директори Кристалина Георгиевани гапларидан шу мақсад кўзланганини тушуниш мумкин. У жумладан шундай деганди: “…Ҳали ҳам сувнинг бозор нархи шаклланмаган, бу олдингизда турган ва амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотдир”. Яъни у сувни ҳам даромад манбаи бўлган товарга айлантиришни назарда тутди. Шундан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев “сув бўйича кескин таклифлар тайёрлаяпмиз” дея эълон қилди. Шуларга кўра, биз сув таъминоти бўйича дастлабки “ислоҳот”ларни кўриб турибмиз ва афтидан ҳали бу бошланиши холос. Халқимизни огоҳлантириб айтамизки, ҳукуматнинг бундай “ислоҳоти” натижасида сув ҳам моддий манфаат объектига айлантирилади ва нархлар ошириб борилади. Ваҳоланки, сув одамларнинг асосий эҳтиёжларидан бири бўлиб, унга фойда олинадиган товар эмас, эҳтиёжларни қондирувчи восита сифатида қараш ва давлат ҳар бир шахснинг бу эҳтиёжини ҳам қондириши шарт. Бундай гўзал таъминот эса, Халифалик давлати қайтиши билангина ҳаётга татбиқ қилинади.
Хабар (fviib 29.07.2023й): Жорий йилнинг 29 июль куни Фарғона вилояти хуқуқ тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, ўзини мустақил блогер деб таништирган фуқаро О.Х. (Олимжон Хайдаров – таҳр.) товламачилик устида қўлга олинди.
Изоҳ: Халқимиз дардига қулоқ солиб, турли даражадаги муаммоларни ёритиб келаётган ва уларнинг ечимини ҳукуматдан талаб қилаётган, баъзи ўринларда ҳукумат бошлиқлари кирдикорларини фош қилаётган мустақил блогерларни таъқиб қилиш, овозини ўчириш, қамоққа ташлаш ишлари давом этяпти. Бу сафарги қурбон таниқли блогерлардан бири Олимжон Хайдаров бўладиганга ўхшайди. У аввал ҳам бир неча бор турли айбловларга кўра маҳкамага тортилган ва охирги марта жарима жазоси билан қутулганди. Шунингдек, у бошқа муаммолар қатори мусулмонларнинг ўз динига амал қилишда ҳукумат томонидан қўйилаётган тўсиқларни ҳам фаол ёритиб келаётган кам сонли брогерлардан саналади. Бундан олдин яна бир таниқли блогер – Абдуқодир Мўминов ҳам блогерлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган қатор айбловлар, жумладан товламачилик ва фирибгарликда айбланиб қамоққа олинганди. Олимжон Хайдаров ҳам товламачиликда айбланиб қўлга олингани айтиляпти. Бироқ халқимиз жуда яхши тушуниб турибди, ҳукумат уларни айнан блогерлик фаолияти учун таъқиб қилмоқда. Юқоридаги айбловлардан кўзланган мақсад эса, ҳақиқий воқеликни яшириш ва жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳукуматини сўз эркинлигини бўғишда айбламаслиги учун ниқоб сифатида фойдаланишдир. Бундан аён бўладики, халқимиз устида ўнлаб йиллардан бери жорий қилиб келинаётган репрессив тизим ҳануз сақланиб қоляпти. Бироқ бу – агар ҳукумат демократияга риоя қилса, ОАВ эркинлиги қарор топади, дегани эмас. Чунки матбуот ҳеч қачон эркин бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бу Ғарб демократияси томонидан одамлар онгига сингдирилган иллюзиядан бошқа нарса эмас. Матбуот ҳар доим қайсидир сиёсий доиралар манфаати учун хизмат қилиб келган. Ислом тузуми татбиқ қилинадиган Халифалик давлатида матбуот ҳақиқатни рўй-рост ёритади ва Исломий даъват ёйилиши учун хизмат қилади. ОАВ уммат манфаати ҳамда Исломий фикр ва тушунчалар ёйилишига хизмат қиладиган омилга айлантирилиши учун, аввало, Исломга устимизда татбиқ қилинадиган ягона қонун сифатида қараб, унга амал қилмоғимиз лозим.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
31.07.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми