Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси: вақтинчалик ечим ва ҳақиқий ечим
Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси: вақтинчалик ечим ва ҳақиқий ечим
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Кейинги вақтларда сиёсий доиралар томонидан ватандошларимизни Россияни оммавий тарзда тарк этишга чорловчи баёнотлар тез-тез янграмоқда. Хусусан, сиёсий партия раҳбарларидан бири Алишер Қодиров ҳамюртларимизни Россиядан қайтишга чақирар экан, бу чақириқлар ортида у ердаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳукуматнинг ожизлиги яққол кўзга ташланди. Бироқ шунчаки “қайт” дейиш ёки ишчи кучини Россиядан бошқа давлатларга (Европа ёки Осиёнинг бой давлатларига) экспорт қилишга уриниш билан ишсизлик муаммоси барҳам топмайди. Ҳукуматнинг асосий ечими юртдошларимизни хорижга юборишдан иборат бўлиб қолаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг ички иқтисодий имкониятларини тўғри баҳолаш ва ундан максимал даражада самарали фойдаланиш масаласи кун тартибига чиқмоқда.
Вақтинчалик ечим
Расмий статистика ишсизлик даражасини 8-9% атрофида кўрсатса-да, ўзбекистонлик миллионлаб мусулмонларнинг мусофирликда юргани ва ҳар йили меҳнат бозорига 600-700 минг ёшлар кириб келаётгани иқтисодиётда кескин ўзгаришлар нақадар зарурлигини исботлайди. Оғир саноатни ривожлантириш йўлидаги халқаро геосиёсий ва мустамлакачилик тўсиқларини инобатга олган ҳолда, мавжуд ички ресурслар – қишлоқ хўжалиги ва енгил саноатдаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарур.
Биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигидаги кластер тизимини қайта кўриб чиқиш лозим. Мавжуд кластер тизими ерни марказлашган ҳолда бошқаради, бу эса оддий деҳқонни ердан маҳрум қилиб, уни “ёлланма ишчи”га айлантирди. Агар ҳукумат ерларни йирик кластерлардан қайтариб олиб, аҳолига 1-2 гектардан узоқ муддатга бўлиб берса ва экин турини танлаш эркинлигини деҳқоннинг ўзида қолдирса, бошқача айтганда деҳқонни ўз ҳолига қўйса, бу бир вақтнинг ўзида миллионлаб одамларни ўзини-ўзи банд қилишига замин яратади.
Масалан, бугунги кунда 100 гектар пахта майдонида кластер тизимида бор-йўғи 5-10 киши мавсумий иш билан банд бўлади. Агар шу 100 гектар ер 50 та оилага 2 гектардан бўлиб берилса ва у ерда пахта ўрнига интенсив боғдорчилик ёки иссиқхона ташкил қилинса, камида 200 киши (ҳар бир оиладан 4 киши) доимий иш ва юқори даромад билан таъминланади. Масалан, 1 гектар ердаги иссиқхонадан олинадиган даромад 1 гектар пахтадан олинадиган фойдадан 10-15 баравар кўпдир. Бу дегани, биргина тумандаги ерларнинг адолатли тақсимланиши минглаб муҳожирларни ватанига қайтара олади.
Иккинчи муҳим йўналиш – енгил саноатдаги сунъий тўсиқларни олиб ташлашдир. Ҳозирда кичик тикувчилик ёки ҳунармандчилик цехлари электр ва газ учун юқори тарифлар ҳамда мураккаб солиқ маъмуриятчилиги сабабли ривожлана олмаяпти. Агар ҳукумат кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун барча солиқларни бекор қилиб, фақат энергия ресурслари учун имтиёзли нархлар белгиласа, бу соҳада кескин ўсиш кузатилади. Корхона эгалари иш ҳақини ошириш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳар қандай ускуна ва хом-ашё импортини 0 фоизлик божхона ставкасига ўтказиш керак. Бу одамларнинг четдан технология олиб келиб, ўз уйида кичик “мини-заводлар” очишига йўл очади. Бунда энг муҳим қадам – технологиялар ва ишлаб чиқариш ускуналари импортини нафақат божхона божидан, балки 12 фоизлик ҚҚС ва бошқа бюрократик йиғимлардан ҳам мутлақо озод қилишдир. Бугунги кунда қоғозда божлар паст бўлса-да, амалдаги ҚҚС ва мураккаб сертификатлаштириш жараёнлари кичик тадбиркорнинг қўл-оёғини боғлаб турибди. Агар ускуна олиб кириш ҳар қандай тўловдан озод қилинса, маҳаллий аҳоли хориждан тайёр маҳсулот эмас, балки дастгоҳ олиб келади ва ўз уйида кичик “мини-заводлар” очиб, бемалол тирикчилигини ўтказса бўлади.
Таълим тизимида ҳам назарий билимлардан воз кечиб, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда қисқа муддатли бепул касб-ҳунар марказларини давлат ҳисобидан молиялаштириш лозим. Моҳиятан, мавжуд шароитда ишсизликни камайтириш учун ҳукумат катта маблағ сарфлаши эмас, балки халққа ишлаш учун шароит яратиши ва иқтисодий эркинлик бериши кифоядир.
Аммо юқоридаги ишларни амалга ошириш учун ўзбек ҳукуматидан сиёсий ирода талаб қилинади. Чунки ҳукумат иқтисодиётимизга қилинаётган ташқи босим ва аралашувларга бўйин эгмаслиги ҳамда ички олигархия манфаатларини бир чеккага суриб қўйиб, халқ манфаатини кўзлаб қарорлар қабул қилишига тўғри келади. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукумат ҳозирги иқтисодий сиёсатида туб бурилиш ясаши зарур. Энг муҳими, “ислоҳот”лар номи остида халқимизни қашшоқлаштираётган капиталистик иқтисодий низомни татбиқ қилиш уринишларидан воз кечиши лозим.
Ҳақиқий ечим
Бироқ бу каби чоралар муаммони вақтинча юмшатса-да, уни тўлиқ муолажа қилиш учун илоҳий адолатга асосланган Исломдаги иқтисодий низомни татбиқ қилиш зарур. Чунки капиталистик тузум ичидаги ҳар қандай ислоҳот “оғриқ қолдирувчи дори” кабидир – у касалликнинг аломатларини вақтинча босади, лекин вирусни, яъни адолатсиз тақсимот ва тизимли қарамликни ўлдирмайди. Ҳақиқий ечим – иқтисодиётнинг юраги бўлган оғир саноатни тиклаш ва бойликни Аллоҳ буюргандек тақсимлашдадир. Зеро, иқтисодий мустақиллик ва ишсизликни батамом тугатишнинг йўли стратегик оғир саноатдан бошланади. Ислом давлати бошқаларга қарам бўлмаслиги, ўз мудофааси ва иқтисодини ўзи таъминлаши шартлиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
وَأَعِدُّوا لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ وَمِن رِّبَاطِ الْخَيْلِ
– “Улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз…”, (Анфол:60) дея марҳамат қилган.
Бу оятдаги “куч” сўзи бугунги кунда ҳарбий техника, қурол-яроғ, самолётсозлик, машинасозлик ва металлургия каби оғир саноат соҳаларини ўз ичига олиб, бу соҳаларнинг йўлга қўйилиши миллионлаб иш ўринлари демакдир. Масалан, битта автомобил ёки самолётсозлик заводи атрофида бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи минглаб кичик корхоналар пайдо бўлади, металлургия ва кимё саноатининг ривожланиши эса, хом-ашёни юртимизда қайта ишлаб, давлатни “ишчи кучи экспорти”дан “юқори технологик маҳсулот экспорти”га олиб чиқади.
Шу билан бирга, Исломда соҳалар бир-бирига занжирдек боғланган бўлиб, оғир саноат ривожи енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган трактор, комбайн ва тўқув дастгоҳларини ишлаб чиқариб беради, бу эса таннархни арзонлаштириб, янги иш ўринларининг табиий кўпайишига олиб келади. Ер масаласида эса Ислом “Ким ўлик ерни тирилтирса, у ўшаникидир” (Бухорий ривояти) тамойилини илгари суради ва давлат ерни ишлатмайдиган йирик эгалардан олиб, ҳақиқий меҳнат қилувчиларга бўлиб беради. Агар киши ерни уч йил давомида ишлатмаса, ундан ер олиб қўйилади.
Исломда давлат бошлиғи халқнинг ризқ топиши учун шароит яратиб беришга бевосита масъулдир ва агар киши ишлашни истаса-ю, аммо имкони бўлмаса, давлат унга шароит ва меҳнат қуролларини қилиб бериши шартлигига Расулуллоҳ ﷺнинг қуйидаги амаллари ёрқин далилдир. Бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб ёрдам сўраганда, Пайғамбаримиз ﷺ унга тиланчилик қилишни эмас, балки ўз қўллари билан болта ва арқон бериб: “Бориб ўтин тер ва сот, сени ўн беш кунгача кўрмайин”, – деб буюрганлар. Эътиборлиси, бу ишни Росул ﷺ Ислом Давлати раиси сифатида қилганлар. Бундан давлат ўз фуқаросини иш билан таъминлаши вожиб эканлиги келиб чиқади. Исломнинг Иқтисодий низомида тадбиркорни бўғадиган ҚҚС, мулк ёки даромад солиғининг йўқлиги, монополия (иҳтикор)нинг ҳаром қилинганлиги ва Байтулмол орқали бериладиган сармоялар ишсизликни илдизи билан йўқ қилади. Аллоҳ таоло айтганидек:
كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنكُمْ
– “Бойлик ораларингиздаги бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юрадиган нарса бўлиб қолмасин!” (Ҳашр:7)
Хулоса қилиб айтганда, ишсизликнинг ҳақиқий ечими – бошқа давлатларга ишчи кучи сотишда эмас, балки Ислом буюргандек оғир саноатни тиклаш, ерни деҳқонга қайтариш ва монополия занжирларини парчалашдадир.
Салоҳиддин
12.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми