Халифаликнинг қулаши ва умматнинг фожиасига милодий ҳисоб билан 102 йил тўлди
Халифаликнинг қулаши ва умматнинг фожиасига милодий ҳисоб билан 102 йил тўлди
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
3 март санаси мусулмон дунёси учун шунчаки тақвимдаги бир рақам эмас, балки умматнинг сиёсий қалқони парчаланиб, халқаро майдонда ҳимоясиз, тарқоқ ва етим қолган фожиали кундир. Милодий ҳисоб билан роппа-роса 102 йил аввал, 1924 йилнинг айнан шу кунида, Ислом оламини бирлаштириб турган сўнгги сиёсий қўрғон – Халифалик расман тугатилди. Ушбу машъум куннинг келишига мустамлакачи Британиянинг узоқни кўзлаб тузилган маккор режалари ҳамда ичкаридан туриб, Ислом душманларининг манфаати йўлида Ислом ва мусулмонларга қарши уларга малайлик қилган Мустафо Камол каби хоинлар сабабчи бўлди. Бу воқеа шунчаки бошқарув тизимининг алмашиши эмас, балки мусулмонларнинг ички ва ташқи муносабатларини илоҳий низом асосида бошқариш имкониятидан маҳрум қилиниши, умматнинг маънавий ва жисмоний жиловланиши эди. Ўша кундан бошлаб, исломий юртларда динни ҳаётдан – динни давлатдан ажратишга асосланган ажнабий сиёсий қарашлар зўрлаб татбиқ этила бошланди. Бу эса Исломнинг нафақат бошқарув тизимини, балки унинг ҳазорати, қонунлари ва қийматларини ҳаёт саҳнасидан бутунлай суриб чиқаришга қаратилган маккорона режанинг ижроси эди.
Бугун дунё харитасига назар солсангиз, Халифаликнинг йўқлиги мусулмонлар учун нақадар қимматга тушганини ҳар бир қадамда кўрасиз. Ягона сиёсий иродадан маҳрум бўлган уммат бугун геосиёсий ўйинлар қурбонига айланган. Мана, неча ўн йиллардирки, Фаластин заминида болалар ва аёллар қони дарё бўлиб оқмоқда, аммо миллионлаб мусулмон қўшинлари ўз казармаларига банд қилиб қўйилган. Яқин Шарқдаги бугунги аянчли манзара – АҚШ ва яҳудий вужудининг ўз стратегик манфаатлари йўлида минтақани олов ичида тутиб туриши, Эронга қарши уруш оловини пуркаб, Форс кўрфазидаги қўшни мусулмон давлатларини унга қарши қайраб, қурол-яроғ бозорини қиздириши – буларнинг барчаси ягона давлатимизнинг йўқлиги оқибатидир. Бу кофир кучлар минтақада сунъий равишда “хавф” манбаларини яратиб, мусулмон ўлкаларининг иқтисодиётини ўзларига қарам қилиб олдилар. Зулм занжири фақат Яқин Шарқ билан чекланиб қолмади, Шарқий Туркистонда миллионлаб мусулмонлар ўз эътиқоди учун концлагерларда қийноққа солинмоқда, Ҳиндистонда мусулмонлар ўз уйларидан ҳайдалиб, оммавий қувғин қилинмоқда, Мьянма ва Африканинг турли нуқталарида эса, уммат вакиллари биргина “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегани учун тириклай ёқиб юборилмоқда. Фитна шу қадар илдиз отдики, ҳатто қон-қардош Покистон ва Афғонистон ўртасида кофирлар чизган сунъий чегаралар ва манфаатлар тўқнашуви туфайли мусулмонлар бир-бирига қурол ўқталиб, қон тўкишмоқда. Бир вақтлар битта давлат байроғи остида турган бу халқлар бугун мустамлакачиларнинг режаси асосида бир-бирини қирғин қилмоқда. Мусулмон юртларининг беҳисоб бойликлари, нефт ва газ заҳиралари кофир мустамлакачиларнинг иқтисодиётини юксалтириш учун сув текинга ташиб кетилмоқда, уммат эса ўз ерида қашшоқлик, сарсонлик ва хорликда яшамоқда.
Бугун мусулмонларнинг аҳволи шундай аянчли нуқтага келдики, тарихда бу қадар тубан аҳволга ҳеч қачон тушмаган эдилар. Дунёнинг исталган бурчагида содир бўлаётган хабарларни оддий бир янгилик сифатида эмас, балки ушбу “сиёсий етимлик” оқибати сифатида таҳлил қилсак, манзара янада тиниқлашади. Мустамлакачиларнинг “инсон ҳуқуқлари” ёки “террорга қарши кураш” деган ниқоблари остида аслида исломий заминларни парчалаш, Уммат фарзандларини бир-бирига душман қилиш ва Исломнинг сиёсий қудрати қайта уйғонишига йўл қўймаслик стратегияси ётганини кўриш мумкин. Бугунги кунда мусулмонларнинг қони, жони-ю моли ва ор-номуси бунчалик арзонлаб кетганининг асл сабаби, уларнинг ишларини ғамхўрлик билан бошқарадиган, кофирларни шайтон васвасасига туширадиган ва умматни битта байроқ остида бирлаштирадиган давлатнинг йўқлигидир.
102 йил аввал Британия ва унинг малайлари томонидан амалга оширилган бу жиноят мусулмонлар учун унутилмас ва оғир сабоқ бўлиши лозим. Бугунги хорлик, тарқоқлик ва ўзаро қирғинлардан чиқиш йўли – бегоналарнинг мафкурасига кўр-кўрона эргашишда эмас, балки ўз асл ақидасига асосланган сиёсий бирликни қайта тиклашдадир. Мустамлакачилар ва уларнинг гумашталари ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳнинг нурини, Унинг адолатли низомини Ер юзидан бутунлай ўчириб ташлай олмайдилар. Динни фақат масжид бурчагига қамаб қўйиш ва уни давлат бошқарувидан, халқаро сиёсатдан ажратишга бўлган уринишлар вақтинчалик мағлубиятдир. Сиёсий онг эгаси бўлган ҳар бир мусулмон англаб етмоқдаки, умматнинг муаммоларини – Фаластиндан тортиб то Афғон-Покистон можароларигача – Ислом мабда-мафкураси асосида ҳал қилиш учун ҳаракат қилиш намоз ва рўза каби шаръий мажбуриятдир. Аллоҳ таоло Ўз динини назорат қилмоқчи бўлганларга ва Унинг нурини маҳлуқлар қўли билан сўндиришга ҳаракат қилаётганларга қарата шундай марҳамат қилади:
يُرِيدُونَ لِيُطْفِئُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ
– “Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан сўндиришни истайдилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Ўз нурини батамом (ҳар тарафга) ёйгувчидир”. (Саф:8)
Ислом Уммати бу кунни тарихдаги энг қақшатқич мағлубият ҳамда барча мусибат ва муаммоларнинг бошланиш нуқтаси сифатида хотирлаш билан бирга, бунга якун ясаб, куч-қудрат ва азизлик даврини бошлаш учун Аллоҳнинг нусрат-ёрдамига қаттиқ ишонган ҳолда яна ўша муборак Халифалик давлатимизни қайтариб олиш йўлида жидду жаҳд билан ҳаракат қилишлари фарзларнинг тожидир!
Салоҳиддин
03.03.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми