Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (president.uz 04.04.2026й): 2026 йилнинг 4 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригида Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари ҳақидаги ҳайратланарли рақамларни очиқлади.
Изоҳ: Табрикда таъкидланишича, юртимизда умумий баҳоси тахминан 3 триллион долларга тенг 2 минг 500 дан ортиқ кон аниқланган. Олтин, кумуш, мис ва уран захиралари кескин ошгани, хусусан, уран захираси 140 минг тоннага етказилгани қайд этилди. Шунингдек, соҳага хорижий сармоядорларни жалб қилиш мақсадида 30,7 миллиард долларлик 90 та лойиҳа амалга оширилаётгани ва 1,5 мингдан ортиқ фойдали қазилма объектлари онлайн аукционлар орқали сотилгани маълум қилинди. Бу рақамлар аслида халқимизни ҳушёр торттириши керак. Чунки Мирзиёевнинг сўзлари 3 триллион долларлик улкан бойликлар халқ манфаати учун сарфланишига эмас, балки маҳаллий сиёсий элита ва корчалонлар ҳамда чет эл компаниялари ўртасида талон-тарож қилинишига далолат қилмоқда. Бунинг яққол далили шуки, капиталистик тузумда битмас-туганмас конлар, энергия манбалари каби юрт бойликларини хусусий компанияларга шахсий мулк сифатида ўтказиб беришга рухсат берилган. Гўё бу компаниялар ушбу бойликларни қазиб олишда ишчи ўрни яратиши, техник-технологик ривожланишга ҳисса қўшиши, давлат бюджетига солиқ тўлаши билан юрт иқтисоди ривожланишига катта туртки берадигандек тақдим қилинади. Бу даъволарнинг барчаси пуч бўлиб, агар масалага чуқурроқ назар солинса, бу каби баландпарвоз гап-сўзлар фақат юрт бойликларини талон-торож қилиш учун ниқоб эканлигини англаш қийин эмас. Агар бу бойликлар ҳақиқатда юрт иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ манфаати учун сарфланганда эди, бугун Ўзбекистон арзон ишчи кучи экспорти билан эмас, балки юқори технологияли маҳсулотлар билан дунёни лол қолдирган бўларди. Бироқ бугунги капиталистик тузумда бойлик фақат бойлар қўлида айланадиган матога айланиб қолган. Исломда эса бунга нуқта қўйилади ва бойлик тақсимоти шаръий ҳукмлар асосида тўғри тартибга солинади. Жумладан, битмас-туганмас конлардан қазиб олинадиган бойликлар умумий мулк бўлиб, у мусулмонлар манфаати учун сарф қилинади. Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилдилар: “Мусулмонлар уч нарсада шерикдирлар: сув, яйлов ва оловда”.
Хабар (qalampir.uz 05.04.2026й): Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижодкорлар ва санъат жамоаларининг барча хизматлари солиқ органларининг “Солиқ” мобил иловасида рўйхатга олиниши мажбурий этиб белгиланди.
Изоҳ: Янги тартибга кўра, ижрочилар 2029 йилгача даромад солиғини “бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида, рейтинги ва ҳудудига қараб БҲМнинг муайян миқдорларида (412 минг сўмдан 1,2 миллион сўмгача) тўлашлари шарт. Бу хабар ортидан санъаткорлар, дея аталадиган тоифанинг норозилик чиқишлари янгради. Аммо бу норозилик ортида адолат излаш эмас, балки шахсий манфаат ва шафқатсиз капиталистик тузумнинг аёвсиз чангалидан норозилик ётибди. Аслида, бу тоифа халқ бошига кетма-кет солиқлар солинаётганда, коммунал тўловлар ва нарх-наво осмонга чиққанда бирон марта халқ томонида туриб фикр билдиришмаган эди. Аксинча, улар йиллар давомида мана шу адолатсиз режимнинг байрамларида ялтироқ либосларда қўшиқ куйлаб, мавжуд сиёсатни олқишлаб, зулм машинасини безаб беришди. Энди эса капитализмнинг “ўлим ва солиқдан қутула олмайсиз” қабилидаги чангали ўз хизматкорларига ҳам етиб келди. Бугунги дод-войлар – йиллар давомида мазлум халқнинг дардига бефарқ бўлиб, фақат ўз ҳашаматини ўйлаганларнинг мавжуд режим ва тузумга қилган хизматларига жавобан олган “раҳмат”ига акс реакциядан бошқа нарса эмас. Бу ҳолат шоу-бизнес ва режим ўртасидаги “манфаатлар никоҳи”га аллақачон дарз кетганини англатади. Чунки давлат бюджетидаги тешикларни ёпиш учун энди нафақат оддий халқ, балки “севимли юлдузлар”нинг ҳам чўнтагига қўл солинмоқда. Шунингдек, хонанда атрофидаги ўнлаб созандалар, шоиру бастакорлар занжири ҳам энди рақамли назорат қопқонида. Бу капитализмнинг асл қиёфаси: у аввал сени машҳур қилади, сени тузумнинг юзига айлантиради ва вақти келганда сени охирги тийининггача шилиб олади. Бу ҳолат ўзбек режими ва капиталистик тузумга хизмат қилаётган барча маддоҳлар ва улардан бошқаларга ибрат бўлиши лозим: адолатсиз тузумга хизмат қилишнинг “мукофоти” доимо мана шундай бўлади. Шунинг учун икки дунё хорлигига олиб борадиган ғайриисломий бошқарув ва тузумга хизмат қилишдан воз кечинглар ҳамда ўзингиз мансуб бўлган мусулмон халқингиз ва динингиз тарафига ўтинглар!
Хабар (daryo.uz 06.04.2026й): 6 апрел куни Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ президенти Дональд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳи ва хусусий резиденциясига ташриф буюрди.
Изоҳ: У ерда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашув ўтказилди. Учрашувда, шунингдек, Трампнинг қизи Тиффани Трамп ва унинг турмуш ўртоғи ҳам иштирок этгани акс этган суратлар тарқалди. Ушбу ташриф оддий дипломатик алоқа эмас, балки дунёда кечаётган глобал ўзгаришлар фонида Ўзбекистоннинг ўз ўрнини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадами сифатида баҳолаш мумкин. Бугунги кунда халқаро майдонда вазият ниҳоятда кескинлашган. Америка ва арзандаси яҳудий вужудининг Эронга қарши уруши Вашингтон эътибори ва ресурсларини Яқин Шарққа қаратмоқда. Бундай шароитда Россия Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтириш учун жадал ҳаракатга тушган. Россиянинг бу босими фонида Ўзбекистон учун Америка билан тўғридан-тўғри ва шахсий алоқа ўрнатиш ҳаётий заруратга айланди. Мар-а-Лаго эса расмий бюрократиядан холи бўлган, Трампнинг энг яқин доираси тўпланадиган маскандир. Шунинг учун у ерда бўлиб ўтган мулоқот Ўзбекистоннинг АҚШ сиёсий элитаси ичида “ўз овозига” эга бўлишга интилаётганини англатади. Бундай “оилавий дипломатия” усули Россия ва бошқа йирик кучларнинг минтақадаги агрессив ҳаракатларига қарши ўзига хос сиёсий қалқон вазифасини ўташи керак. Америка Эрон билан овора бўлган бир пайтда, Ўзбекистон ўзининг стратегик муҳимлигини Вашингтонга эслатиб қўймоқда. Бу нафақат инвестициялар олиб кириш, балки минтақавий хавфсизлик ва мустақилликни сақлаб қолиш учун қилинган юришдир. Икки йирик куч – АҚШ ва Россия ўртасидаги рақобатда ўзбек режими ўз кемасини хавфсиз йўллардан олиб ўтиш учун энг таъсирли доиралар билан тил топишишга уринмоқда. Бугунги кунда Америка дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Яқин Шарқда мусулмонларнинг қони тўкилишида бевосита бошчилик қилаётган, яҳудий режимини қурол-яроқ ва сиёсий мадад билан таъминлаётган асосий кучдир. Ғазодан тортиб бошқа мусулмон ўлкаларигача бўлган қирғинбаротларда Американинг қўли борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бир шароитда, мусулмонларнинг қони ҳали қуримай туриб, ушбу зулм машинасининг раҳбарлари билан учрашув ўтказиш, уларнинг қароргоҳларида меҳмон бўлиш – мазлум диндошларимиз ноласи ва Ислом Уммати дардига беписандликдир.
Хабар (gazeta.uz 06.04.2026й): Gazeta Тошкентдаги айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида бўлди ва аҳолининг янги тартиб юзасидан фикрларига қизиқиб, репортаж тайёрлади.
Изоҳ: Маълумки, Ўзбекистонда 1 апрелдан бир қатор товарлар ва хизматлар учун нақд тўловларни амалга ошириш тақиқланди. Хусусан, коммунал тўловлар, кўчмас мулк ва автомобиллар билан боғлиқ операциялар, шунингдек, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам ушбу тартиб жорий этилди. Нашр томонидан тайёрланган репортажда ҳатто пойтахтда ҳам нақдсиз тўловлар борасида ҳали муаммо кўп экани кўринади. Шундай экан, вилоят, туман ва қишлоқлардаги аҳвол бундан-да ёмон эканлиги ойдек равшан. Ҳукумат жуда кўп пул муомалаларини нақдсиз шаклга ўтказар экан, тизимда ҳали бу борада жуда кўп муаммолар борлигини, бу одамларга жуда катта қийинчилик ва машаққатларни юзага келтиришини ҳисобга олмади. Қолаверса, кўпчилик айтаётганидек, сўм Ўзбекистон валютаси сифатида унинг ичкарисида барча муомалалар учун яроқли эканлиги қонунда кўрсатиб қўйилган. Шунга кўра, ҳукумат ўзи қабул қилган қонунга қарши борди, деб бемалол айтиш мумкин ва ўзини гўё билмагандек, худди нодон кимса ўзини қандай тутса, шундай тутмоқда. Энг ёмони, ҳукумат бу ишларини халқ манфаати учун қилаётганини даъво қилмоқда, аммо аслида бу фақат режим ва унга яқин бўлган корчалонлар манфаатига хизмат қилади. Чунки, биринчидан, давлат бюджети учун кўпроқ солиқ ундирилади, иккинчидан, нақд пулни картага солишда 3%гача бўлган комиссия операторлар чўнтагига бориб тушади. Бундай улкан ва текин даромад орқали ўша йирик монополистлар янада бойийди. Халқимиз эса яна янги муаммоларга қарши ўзи ёлғиз курашишга, шунингдек, ўзи озгина топадиган даромадидан анави юлғичларга “фоиз” кўринишидаги “улуш” беришга мажбур бўлади. Албатта, татбиқ қилинаётган мана бундай зўравон қонунларга, ҳали улар амалга жорий қилинмасидан туриб қаттиқ қарши туришга бўлган халқимизнинг эътиборсизлиги ҳам бор гап. Ҳолбуки, мусулмонлар ҳушёр ва ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган Уммат бўлиши лозим. Яъни мусулмон халқимизга ўзбек режими сиёсатига ўз ақидасидан – Ислом нуқтаи назаридан баҳо бериб, уни ҳисобга тортиши ва тўғри йўлга солиши вожиб ишдир!
Хабар (kun.uz 06.04.2026й): Тошкент шаҳри Олмазор тумани ИИБ амалдори Аброр Худойбердиев профилактика инспекторларига кўчадан “дайди” топиб, маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича топшириқ берди.
Изоҳ: Аудиоёзувда амалдор ходимлардан тезкорлик билан “дайди” топишни ва маъмурий баённомалар сонини 300 тага етказишни талаб қилган. “Ўзларингдан кетиб қолганмисанлар, виждонсиз?! Қани биттанг дайди қилма-чи! Ҳамманг дайди, ўзингни дайди қилиб олиб бориб ёп, қариндошингни олиб бориб ёп дайди қилиб!”, деган у. Инсон ўйлаб топган тузумларда барча соҳада статистикани яхшилаш, “план тўлдириш” асосий ўринга чиқиши табиий ҳол. Чунки бу тузумлар жамиятда адолатни таъминлай олмайди. Шунинг учун ҳукуматлар кўрсаткичларни яхшилаш билан халқ кўзини бўяшга уринади. Ўзбек режими ва унинг хавфсизлик тизими ҳам бундан мустасно эмас, балки “статистикани яхшилаш” касалига мубтало бўлганига анча бўлган. Мазкур ҳолат ҳам унинг бу касалликдан ҳамон азият чекаётганининг яққол намунасидир. Халқимиз ҳам хавфсизлик тизимининг иши “план тўлдириш”дан иборат бўлиб қолганига ҳеч ажабланмай қўйган. Бироқ бунинг ортидан кимларгадир зулм қилиниши, кимлардир ноҳақ жазога тортилиши каби оқибатлар ётибди. Масалан, юртимизда экстремизм ва терроризмга қарши кураш ниқоби остида рейдлар ва бошқа чора-тадбирлар ўтказилиши ҳам айнан статистика учун қилинмоқда. Бу нафақат мусулмон халқни қўрқитиш, балки Америка ва Россия каби кофир мустамлакачи давлатларга Ислом ва мусулмонларга қарши кураш тизимли равишда давом этаётганини кўрсатиш ҳамдир. Бунинг оқибатида эса, кўп одамлар жабр-зулм чекмоқда, ноҳақ қамоққа ташланмоқда, таъқиб ва тазйиқ остида яшамоқда. Умуман олганда, хавфсизлик тизимининг қандай бўлиши қайси тузум ҳукмронлик қилаётгани билан чамбарчас боғлиқдир. Агар инсон ўйлаб топган тузум бўлса, унда бу соҳа мавжуд режимни халқдан ҳимоя қиладиган ва “план тўлдириш”дан бошқа ташвиши бўлмайдиган бир зараркунанда тизимга айланади. Агар Аллоҳ нозил қилган шариат асосидаги тузум бўлса, унда хавфсизлик тизими одамлар учун ишончли, тоғдек мустаҳкам таянчга айланади. Мана шунда одамлар хавфсизлик соҳаси ходимлари ҳаққига фақат яхши дуолар қиладиган, уларни яхши кўриб, фарзандларини ҳам улардек қилишини Аллоҳдан сўрайдиган ижобий муҳит ҳукмронлик қилади.
Хабар (gazeta.uz 06.04.2026й): Ўзбекистонда солиқ тушумларини ошириш мақсадида рақамли таҳлил, сунъий интеллект ва «ақлли» назорат тизимларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ: Бу йил ҳукумат P2P транзаксиялари мониторинги, маркировка ва яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига қўшимча 30 триллион сўм тушум олишни кўзламоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун сунъий интеллект ёрдамида P2P (картадан-картага) ўтказмаларини мониторинг қилиш, 25 миллион сўмдан ортиқ харидлар ҳамда ёнилғи, алкогол ва тамаки маҳсулотлари учун нақд пулсиз тўловни мажбурий этиш, шунингдек, бозорларни тўлиқ рақамлаштириш каби механизмлар жорий этилмоқда. Бу чоралар жуда кўпчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўляпти, чунки амалда бу жараён бирёқлама ва адолатсиз характер касб этмоқда. Биринчидан, ҳукуматнинг “яширин иқтисодиёт” тушунчаси фақат кичик ва ўрта тадбиркорлар қатламига қаратиляпти. Табиий бойликлар ҳисобланган олтин, газ, мис ва уран каби стратегик ресурслар сотувидан тушаётган улкан маблағлар ҳамон ёпиқ эшиклар ортида бошқарилмоқда. Бу ресурслардан келадиган асосий фойдани назорат қилаётган юқори доираларни ҳимоя қилиб, иқтисодий босимни жамиятнинг энг ҳимоясиз бўлган майда тадбиркорлар ва оддий одамларга йўналтиришдир. Иккинчидан, ташқи қарз юкининг тинимсиз ортиб бориши ҳукуматни ички “соғин” манбаларини излашга мажбур қилмоқда. Натижада, рақамли маркировка, қатъий мониторинг ва банк хизматлари учун ҳаддан ортиқ тўловлар мажбурияти маҳсулот таннархига билвосита солиқ бўлиб қўшиляпти. Бу эса инфляциянинг янги тўлқинини ва қимматчиликни келтириб чиқаради. Учинчидан, бозорларни тўлиқ рақамлаштириш ва нақд пулсиз тизимга мажбурий ўтказиш кичик бизнес учун техник ва молиявий қамални англатади. 20 фоизгача етадиган улкан жарималар ва мураккаб ҳисобот тизими оддий сотувчини касодга учратиб, бозорни йирик монопол ритейл тармоқларига бўшатиб беришга хизмат қилади. Бу эса жамиятда мулкнинг бир ҳовуч бойлар қўлида тўпланишига ва ўрта қатламнинг йўқолишига олиб келади. Исломда инсонларнинг меҳнати ёки кундалик харидларидан билвосита солиқлар ундириш таъқиқланади. Ҳақиқий иқтисодий барқарорлик халқни ҳар турли солиқлар билан шилишда эмас, балки табиий бойликларни умматга қайтарадиган ва инсонларни молиявий жиҳатдан бўғмайдиган адолатли илоҳий низом – Халифаликка қайтишдадир!
Хабар (uzdiplomat 07.04.2026й): Гўшт нархи ошмоқда. Мол гўшти импорти мартда февралга нисбатан қисқарган.
Изоҳ: Иқтисодчи Отабек Бакиров тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг март ойида мол гўшти импорти февралга нисбатан кунлик ҳисобда 20 фоиздан кўпроққа камайган. Форс кўрфазида давом этаётган уруш, Россияда қорамол боқиладиган ҳудудларда касаллик тарқалаётгани ҳамда шимолий йўлакдан тирик чорва ва гўшт олиб киришнинг тақиқланиши импорт ҳажми ва нархларга салбий таъсир ўтказа бошлаган. Март ойида жами 84,8 млн долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, шундан 61,1 млн доллари мол гўшти ҳиссасига тўғри келган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, музлатилган импорт гўшти минимал 85 минг сўмдан сотилмоқда, бироқ чакана савдода янги сўйилган мол гўшти нархи айрим жойларда 200 минг сўмгача чиққани ҳақидаги хабарлар аҳоли орасида катта хавотир уйғотмоқда. Бу вазият ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида юритган нотўғри сиёсатини янада очиқроқ кўрсатиб беряпти. Энг асосий муаммо – мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги маҳаллий ишлаб чиқаришга эмас, деярли тўлиқ импортга боғлаб қўйилганидир. Халқаро майдондаги можаролар ёки логистик муаммолар ички бозорда нархларнинг портлашига ва аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон географияси чорвачилик учун қулай шароитга эга бўлишига қарамай, йиллар давомида бу соҳа фақат орқага қараб кетди. Давлатнинг ер сиёсатидаги хатолари, хусусан, яйловларнинг пахта ва ғалла “плани” учун қисқартириб юборилгани, ем-хашакнинг қимматлиги каби омиллар ички маҳсулот таннархини сунъий равишда ошириб юборди. Бундан ташқари, бозордаги монопол тузилмалар ва импортёрлар давлат томонидан берилган божхона имтиёзларини маҳсулотларни арзонлаштиришга эмас, балки ўз фойдаларини максималлаштиришга йўналтирмоқдалар. Бу инқироздан чиқишнинг ягона йўли – Ислом ва унинг Иқтисодий низомини татбиқ қилишдир. Мана шунда ер ҳақиқий эгаларига – чорвадор ва деҳқонларга берилади, улар юқоридан келадиган мажбурий “режа”лардан озод қилинади ва ўз фаолиятини эмин-эркин юритишига кенг шароит яратиб берилади. Чунки ер Аллоҳнинг мулки сифатида ундан унумли фойдаланадиган инсон ихтиёрига берилса, озуқа базаси мустаҳкамланади ва нархлар табиий равишда пасаяди. Ҳақиқий озиқ-овқат мустақиллиги фақат четга қарамликни камайтириш ва ички ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш орқали бўлади.
Форуқ
11.04.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми