ХИТОЙ КУЧ МОНОПОЛИЯСИГА ЧЕК ҚЎЙМОҚЧИМИ?

ХИТОЙ КУЧ МОНОПОЛИЯСИГА ЧЕК ҚЎЙМОҚЧИМИ?
Бугунги кунда урушлар доим ҳам ОАВ минбарларида бонг уриб эълон қилинмайди ёки фақат қирувчи самолётларнинг ваҳимали гувиллаши остида кечмайди. Дунёда мутлақо янгича — жимжит, чегара билмас ва анъанавий жўғрофия қолипларини парчалаб ташловчи низо шакли бўй кўрсатмоқда. Глобал кучлар мувозанати чил-чил бўлиб, йирик давлатларнинг таъсир доиралари тарихнинг аёвсиз синовларидан ўтмоқда.
Мана шу сув тубидаги кўринмас оқимлар ичида Эрон шунчаки санкциялар занжирига солинган ёки ҳарбий таҳдидлар қуршовидаги ожиз давлат эмас, балки маккор ва стратегик ўйинчи сифатида гавдаланмоқда. Теҳрон Пекин билан манфаатларини бир нуқтага жипслаштириб, технологиялар бозоридаги имкониятларни ишга солган ҳолда, «ноанъанавий дарвоза» орқали глобал майдондаги ўз мавқеини тиклашга жон-жаҳди билан интилмоқда.
Вашингтон Теҳрон ва Пекин ўртасидаги бу «ош-қатиқ»ликга катта шубҳа ва ҳадик билан боқмоқда. Зеро, гап шунчаки бир варақ қоғоздаги битим ҳақида эмас, балки анча теранроқ моҳият ҳақида кетмоқда: биз куч монополияси тахтидан қулайдиган янги халқаро низом бўсағасидамизми ёки кучнинг янада чигал ва мураккаб усуллар билан қайта тақсимланишига гувоҳ бўляпмизми?
2016 йилда Теҳрон ва Пекин стратегик шериклик ҳақида сўз очганда, бу алоқалар бунчалик юксалишини кўпчилик тасаввур ҳам қилмаган эди. Бироқ 2021 йилнинг 27 апрелида муҳрланган 25 йиллик «Стратегик ҳамкорлик битими» оддий иқтисодий алоқаларни улкан геосиёсий иттифоқ даражасига олиб чиқди. Бу улкан лойиҳанинг дастлабки ғишти Хитой раҳбари Си Жинпиннинг Теҳрон сафари ва Оятуллоҳ Али Хоманаий билан бўлган юзма-юз мулоқотида қўйилган эди.
Мазкур битим ҳар бир банди оммага ошкор қилинган ҳужжат эмас, балки сирли ва доиравий характерга эга. Унинг парда ортида қолаётгани турли шов-шувларга ва маълумотларнинг «сизиб чиқиши»га йўл очди. Келишувнинг мағзини «инвестиция эвазига нефть» формуласи ташкил қилади: Хитой Эрон нефтини узоқ йиллар давомида арзон ва қатъий нархда ғамлаб олади. Бунинг эвазига Пекин Эроннинг энергия тизими, инфратузилмаси, порт ва темир йўлларига улкан инвестициялар киритади.
Иттифоқ фақат нефть билан чекланмай, хавфсизлик ва юқори технологиялар соҳасини ҳам ўз комига ютади. «Huawei» каби технологик гигантларнинг Эрон бозорида «от суриши» мамлакатда 5G тармоқлари ва рақамли назорат тизимларини гуллатада. Айниқса, 2024 йилда Эроннинг Хитойдан «TEE_01B» сунъий йўлдошини ижарага олгани Ғарбни саросимага солиб қўйди. Зеро, бу «самовий кўз» ҳарбий базаларни кузатиш ва мураккаб амалиётларни бошқаришда беқиёс рол ўйнайди.
Теҳрон бу келишув билан Вашингтон ва Пекин ўртасидаги нозик мувозанатда омон қолишни истайди. Эроннинг асл муддаоси кундай равшан: АҚШ санкцияларининг занжирларини парчалаш, Пекиннинг ҳайбатидан сиёсий қалқон сифатида фойдаланиш ва энергия йўлакларида ҳукмронлик қилиш. Бу эса Ҳурмуз бўғози каби «гирбонидан бўғиш» мумкин бўлган нуқталарда Теҳроннинг тилини узун ва қўлини баланд қилади.
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор — ҳаммаси ҳам силлиқ кечаётгани йўқ. Эроннинг ўз ичида Пекинга берилаётган катта имтиёзлар ва Хитойнинг машҳур «қарз тузоғи»га илиниб қолишдан қўрқувчилар талайгина. Хитой ҳам «етти ўлчаб бир кесмоқда». АҚШнинг аёвсиз санкциялари туфайли ваъда қилинган 400 миллиард долларлик инвестициялар оқими ҳали кўзланган маррага етиб келгани йўқ.
Оқ уйнинг Эронни қисувга олишидан муддао фақат Теҳроннинг жиловини тортиб қўйиш эмас, балки унинг қўлидаги «Хитой картаси»дан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқаришдир. Денгиз йўллари устидан ҳукмронлик қилиш — Вашингтон сиёсатининг қон томири, унинг бош доктринасидир. Ушбу назоратга рахна сола оладиган ҳар қандай минтақавий куч Америка учун тезда жиловланиши шарт бўлган «ашаддий душман» саналади.
Лекин вазият парадоксал характерга эга: босим ошгани сайин Эрон ўз жонини қутқариш учун ноанъанавий йўллар ва замонавий технологияларга янада маҳкамроқ ёпишмоқда. Эндиликда низо жўғрофий ҳудудлар учун эмас, балки халқаро майдонда «ўйин қоидаларини ким белгилайди?» деган савол устида кечмоқда. Бу — дунё тартиботининг янги қиёфасини чизиб берувчи улкан геосиёсий жангнинг бир бўлагидир.
Хулоса шуки, Америкага Эроннинг шунчаки «хўп» дейиши кифоя эмас — у Теҳронни ўз измидаги муте бир вужудга айлантириш пайида. Эрон бўлса Пекиннинг соясидан қалқон ясаб, мустақил сиёсат юритиш илинжида. Агар Вашингтон Эрон Инқилоб Муҳофизлари Корпуси каби баҳайбат тузилмаларнинг белини синдира олса, Теҳронни тўлиқ жиловлаб, ўз мақсадига эришади.
Энг диққатга сазовор нуқта шундаки, бугун дунё гигантлари талашаётган барча стратегик йўлаклар ва ресурслар айнан мусулмон ўлкаларининг бағридадир. Агар Аллоҳнинг изни ила Халифалик қад ростласа, бу жўғрофий устунлик Умматнинг енгилмас куч-қудратига айланади. Аммо бу беқиёс бойликларни шунчаки совурмай, балки адолат ва барқарорлик йўлида хизмат қилдириш учун Пайғамбарлик манҳажи асосидаги сиёсий ирода зарур. Халқаро майдонда яна ўз сўзимизга эга бўлиш — исломий ҳаётни қайта бошлашни ва барча ресурсларимизни ягона рисолат атрофида бирлаштиришни тақозо этади.
Устоз Набил Абдулкарим қаламига мансуб
Роя газетасининг 2026 йил 13 май, чоршанба кунги 599-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми