Кушербаев ҳақмиди? АЁҚШлардаги нақд пулсиз тизим ва 3 фоизлик яширин инфляция хавфи

Кушербаев ҳақмиди? АЁҚШлардаги нақд пулсиз тизим ва 3 фоизлик яширин инфляция хавфи
Дунё шиддат билан ўзгариб бормоқда. «Рақамлаштириш», «инновация», «инсон омилисиз тизим» деган чиройли атамалар ҳаётимизга шу қадар чуқур кириб бормоқдаки, биз уларнинг ортига яширинган аламли ҳақиқатларни кўрмай қоляпмиз. Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаевнинг автоматлаштирилган, Европа стандартидаги АЁҚШ устидан очган суди ва ундаги мағлубияти шунчаки ҳуқуқий баҳс эмас. Бу — янги асрнинг совуқ, ҳиссиз технологияси билан анъанавий, тирикчилик дардидаги оддий инсонлар ўртасидаги тўқнашувдир. Кушербаевнинг миллий валютани ҳимоя қилиш учун халқаро судларгача бориш истаги, балки Ғарб давлатлари аллақачон нақд пулсиз (рақамли технологиялар) муҳитда яшаётгани нуқтаи назаридан қаралса, хомхаёлдек туюлар. Лекин бу интилиш замирида унинг соф инсоний дарди бор эди: зўр бериб кун кечираётган, амал-тақал қилиб тирикчилик қилаётган оддий халқ овозининг акс-садоси бор эди.
Аслида, бу мағлубият — ғалабага баробар. Чунки Расул Кушербаев ўз кучига таяниб, тизимнинг совуқ темирларига қараб: «Ҳой, мана бу ерда одамлар ҳам бор, уларни ҳам ҳисобга олинглар!» дея халқ дардини кўтариб чиқишга ботина олди. Гарчи аввалда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–246-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун тўловлар асосан нақдсиз шаклда амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–100-сон Фармони билан истисно жорий этилди. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб меҳмонхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул қабул қилишига рухсат берилди.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосида баъзи ўринлардаги нақд пул чекловларининг осонгина бекор қилиниши эса бугунги кун талаби деб кўрсатилаётган рақамли технологияларнинг аслида кимга чироқ тутаётганини фош қилиб қўйди. Хўш, агар вақтни ортга қайтарадиган бўлсак, оддий халқ нақд пулдан нима рўшнолик кўраётган эди ўзи, деган савол туғилади. Нақд пул ҳашамат эмас эди, у оддий халқ учун — охирги эркинлик эди. Нақд пул чўнтакда турганда инсон ўзини хотиржам ҳис қилади. 500000 сўм нақд пулни бировга бераётганда, инсон машаққат билан топган неъматининг кетаётганини ўз вужудида ҳис қилади, пулини қадрлайди, эҳтиёт қилиб сарфлашга ҳаракат қилади. Карта тизими эса бундай ҳисни деярли йўққа чиқаради. Терминалга пластик картани босиш ёки телефонда тугмачани шиқиллатиш — шунчаки рақамлар ўйинидек туюладиган ҳолат.
Инсон психологияси мана шундай манипуляция қилингани сабабли, одамлар нақд пулсиз муҳитда 15–20 фоиз кўпроқ пул сарфлаб юборишади. Бу эса сунъий талабни уйғотиб, бозордаги нархларни оширишига ҳамда пул айланишини ҳаддан ташқари тезлаштириб, «иқтисодий кўпик» ҳосил қилишга олиб келади. Натижада одамлар рақамли тизимда ўзлари сезмаган ҳолда янада қашшоқлашади. Энг ачинарлиси, бундай тизим аслида бизни ўз пулимизнинг эгаси эмаслигимиз, шунчаки маълум кредиторлик шартлари асосидаги фойдаланувчига айланиб қолганимизни англатади, холос. Интернет ўчганда ёки банк ҳисоб рақамимизни музлатиб қўйганида, инсон бир сонияда ўз мавқеини йўқотиб, тиланчига айланиши ҳеч гап эмас. Ривожланган Европа давлатларида, хусусан Хитойда айни вақтда рўй бераётган мазкур рақамли технологиялар тизими уни тушуна олмаётган ва ўзлаштира олмаётган кўп сонли кексалар қатламини, карта очишга имкони йўқ қашшоқларни четга суриб, аянчли иқтисодий тенгсизликни келтириб чиқармоқда. Биз каби ривожланаётган юртларда эса кичик деҳқон, мардикор ва мавсумий ишчининг манглай тери билан топган пули карта тизимига кирди дегунча, банкларнинг кредит захирасига айланиб қолмоқда. Ўз навбатида эса, банклар халқнинг мана шу «текин пуллари»ни ўз манфаатлари йўлида 25–30 фоизлик юқори устамалар билан сотиб, миллиардлаб бойлик орттиришда мусобақалашишмоқда.
Улкан айсбергнинг сув юзасида кўриниб турган кичик бир бўлагини эслатувчи 3% лик комиссия ҳақидаги баҳслар — бу шунчаки чалғитувчи мунозаралардир. Сув остида эса халқларнинг эркинлигини жиловлаш ва жамият устидан мутлақ иқтисодий-молиявий назоратни тўлиқ жорий этиш механизми ётибди.
Шу ўринда одамни ўйлантираётган аламли савол битта: нега Кушербаевдек инсофли, шижоатли ва жонкуяр ҳамюртларимиз халқни молиявий қулга айлантирувчи мана шундай тизимларни қонунийлаштириш орқали оддий халқни машаққатлар гирдобига ботираётган, фақат маълум гуруҳларнинггина манфаатларини мунтазам ҳимоя қилиб келаётган яроқсиз тузум ичидан нажот ва ёруғлик излаб, куч ва ғайратларини зое қилмоқдалар? Бундай шафқатсиз, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситадиган, поймол қиладиган тузумга қарши курашиш ўрнига, унга бир амаллаб мослашишга уринмоқдалар? Нега шундай жўшқин ғайратни ушбу сурбет тузумга муқобил бўла оладиган, ҳақиқий маънода инсонларнинг ўзлигини, мулкларини, шаънини, қадр-қийматларини тўла-тўкис ҳимоя қиладиган мукаммал тузумни излаш ва уни татбиқ қилишга эътиборларини қаратмаяптилар? Нима учун инсониятни нафс қопқонларидан, судхўр банкларнинг зуғумидан ва бугунги адолатсизликдан ҳимоя қила оладиган ягона куч — Исломдаги Иқтисод низомидан ечим қидирмаяпмиз? Ахир асл инсоний адолат ва ҳақиқий фароғат дунёвий тузумларнинг чириган қонунларида эмас, илоҳий адолат мезонларида эканлиги кундай равшан-ку!
Муҳиддин
29.06.2026



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ