ИСЛОМ ВА ИСТИЛОҲЛАР (ТЕРМИНОЛОГИЯ) УРУШИ
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
ИСЛОМ ВА ИСТИЛОҲЛАР (ТЕРМИНОЛОГИЯ) УРУШИ
Исломчи тадқиқотчиларнинг айтишларича, «биз билан душманларимиз ўртасидаги урушни фақат жанг майдонларигагина чеклаш хато»дир. Ислом душманлари – динга ва унинг аҳлига қарши уруш бошлаган экан – Ислом ва унинг аҳлига зиён етказиши мумкин бўлган бирор йўл топилди дегунча, албатта ўша йўлдан юради, бирор қулай фурсат топилди дегунча, албатта ундан усталик билан фойдаланади. Нима бўлганда ҳам, шу йўл ва қулай фурсат ҳақиқатни илдизи билан қўпориб ташлаш мақсадида бошлашган урушларида уларга қурол ва таянч бўлиб хизмат қилса бўлгани. Бироқ бунда уларнинг амри маҳол ишга қўл урганлари тўғрисида Аллоҳ Таоло бундай дейди:
يُرِيدُونَ أَن يُطْفِؤُواْ نُورَ اللّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَيَأْبَى اللّهُ إِلاَّ أَن يُتِمَّ نُورَهُ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ
“Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлишади, Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, албатта Ўз нурини тўла ёйишни истайди” (Тавба. 32)
Улар томонидан қўлланадиган ҳамда албатта уларнинг турли хилма-хил уринишлари доирасига кирадиган мана шундай услублардан бирини истилоҳлар уруши, деб аташ мумкин.
Истилоҳлар уруши нимани англатади:
Истилоҳлар уруши Аллоҳнинг душманлари тарафидан Исломдаги муайян ҳақиқий маънолар, очиқ истилоҳлар ва белгиланган номларни зеҳнларда уларнинг ҳақиқий маъносини бузиб кўрсатадиган сохта жирканч номлар билан аташни англатади. Бунинг натижасида бу номлар инсон табиати жирканадиган, қулоққа ёқмайдиган номга айланиб қолади. Шунингдек, улар Аллоҳ қайтарган, нафратлантирган, ҳукмини очиқ баён қилган, огоҳлантирган, зарар ва фасодларини кўрсатиб берган қабоҳатларни ният қилишади-да, уларга кишини ўзига жалб қиладиган чиройли истилоҳлар беради, уларни безаб кўрсатади ва тарғиб қилади, токи, одамлар аста-секин шу истилоҳларга яқинлашсинлар, қалблари уларга ўрганиб, мойил бўлиб қолсин, вақт ўтган сари шу нарсалардаги қабоҳат озайиб-озайиб, йўқ бўлиб кетиб, уларга мослашиш осонлашиб қолсин, уларга нисбатан ҳаражли сезгилар йўқолсин, аксинча, бир кун келиб, бу нарсалар ширин бўлиб қолсин, ўрганиш натижасида қалблар хотиржам бўлсин, бу истилоҳлар билан бўлган муносабат мустаҳкамлашсин.
Истилоҳлар уруши қадимий услуб. Ёлғон истилоҳларга асосланиб, қабиҳни гўзал, гўзални қабиҳ қилиб кўрсатувчи бу услуб жуда хавфлидир. Чунки бу услуб Аллоҳнинг душманларига уларнинг ҳақиқатга қарши узоқ урушларида қўл келган бўлиб, улар бу услубни ҳеч қачон тарк қилишмаган ёки ҳаққа қарши курашувчи бирор тоифа унга эътиборсиз қарамаган.
Истилоҳлар урушининг хавфлилиги!
Агар мусулмонлар истилоҳлар урушига ҳушёр бўлмаса, унинг хавфини ва нима оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етмаса, бу уруш шаръий ҳақиқий маъноларни аввало уларнинг зеҳнида, кейин воқеда бутунлай ўзгартириб юбориши муқаррар. Оқибатда ҳақ ботилга, ботил ҳаққа, маъруф мункарга, мункар маъруфга айланади. Ислоҳ қилувчи бузғунчи, бузғунчи ислоҳ қилувчи бўлиб қолади. Охир бориб, бутун ёвузликларнинг киришига эшиклар ланг очилади, кунлар ўтган сари бу урушнинг зарари кучаяверади, таъсири ёмонлашиб, мураккаблашиб боради, унинг эшикларини ёпиш ва ҳал этиш қийинлашади. Айниқса, Аллоҳ ва Росулига қарши курашаётган турли машҳур ахборот воситалари бундай муҳим вазифани бажаришга сафарбар этилган бу урушни ҳал этиш осон бўлмайди, фақат кучли тўхтовсиз ҳаракат билангина уни ҳал этиш мумкин бўлади.
Истилоҳлар урушига мисоллар!
Бу урушга мисоллар: судхўрлик ва фойда одатга айланди, зино шахсий эркинликка айланди, шармандалик, беҳаёлик, эркак-хотин аралаш юриш тараққиёт ва маданиятга айланди. Замонга мослашиш ҳамда бузуқ-аҳлоқсиз куй-қўшиқлар, рашкни ўлдирувчи, фаҳшга тарғиб қилувчи бемани сериаллар, хоҳ очиқ, хоҳ яширин бўлсин, буларнинг барчаси санъатга, буларнинг эгалари санъаткорлар ва «юлдуз»ларга айланди. Ярим очиқ шармандали кийимлар мода, деган ном олди, турли шакл ва навли хамр-мусалласлар алкогол ёки спиртли ичимлик бўлиб қолди… Дарҳақиқат, Росулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
قال رسول الله (صلى الله عليه وسلم) : ليشربن أناس من أمتي الخمر يسمونها بغير اسمها
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимдан баъзи инсонлар хамр ичади ва унинг номини ўзгартириб олади”. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.
Бу уруш мисолларидан яна бири, исломий шариатни татбиқ қилиш ва Аллоҳнинг аҳкомларини барпо қилиш реакционликка айланди. Худосизлик фикрларини тарғиб қилиш, Аллоҳни, Росулини ва авлиёларини таҳқирлаш фикр эркинлиги бўлиб қолди. Шариат буюрган вазифалардан қочиб қутулиш, унинг илдиз ва шоҳларини юлиб олиб, уни бичиб, тикиш, сўнг ҳозирги замон жисмига лойиқ қилиб кийдириш эса зиёлилик, замонга мослашиш ва кенгбағирликка айланди. Шаръий нусусларга риоя қилиш, уларни маҳкам ушлаш, уларга даъват қилиш ва уларни ҳимоя қилиш қолоқлик, экстремистлик, салафийча фикрлашга айланди. Омма иши тўғрисида рувайбизаларча, динсизларча сўзлаш, омма ишини пайсалга солиш, чўзиб, майдалаш ва бу борада хоҳлаганларича эътирозлар билдириш фикрга, унинг соҳиблари эса муфаккирлар, таҳлилчилар ва зиёлиларга айланди. Сўзларни ўз маъноларидан ажратиб, ўчириш ва бузиш ниятида тескари маъно бериш янгиланиш, дея аталадиган бўлди. Исломга ошкора равишда уруш қилиш, уни маҳкам ушлаганларни таъқиб остига олиб, жазога тортиш, уларни йўқ қилиш ва қувғинга дучор қилиш учун ўзаро битимлар тузиш, уларни таъқиб қилиш йўлида улкан маблағлар сарфлаш терроризм ва экстремизмга қарши курашга, уларнинг хавфидан ватанни ҳимоя қилишга, ёмонликларидан юрт ва халқни асрашга айланди. Ерларни душманларга сотиш, ерлардан воз кечиш, душманлар олдида етти букилиб таъзим қилиш, уларнинг истакларини қондириш йўлида елдек югуриб хизмат қилиш, талабларини ўзаро ким ўзарга бажариш, шармандаларча уларга таслим бўлиш тинчликка ва ҳатто ватан тинчлигига айланди. Босқинчи яҳудийларни Фаластин заминига ҳақдор, дея тан олиб, у ерга давлат барпо этишга ҳуқуқлари бор деб ҳисоблаб, бунинг эвазига эса уларнинг назорати ва ҳукмронлигида бир шапалоқ ерга эга бўлиш кенгқамровли адолатли доимий тинчлик, дея аталадиган бўлиб қолди. Ўз ҳурматини, ерини ва номусини ҳимоя қилган, бу йўлда жону молини фидо қилган, муқаддас нарсаларини асраган шахс тинчлик душманига ва халқаро қонунларни бузувчига айланди. Исломий ерларга насроний халқаро кучларни киритишга замин яратиш учун атайин тартибсизликлар келтириб чиқариш, бу кучлар пиёдаю ҳарбий техникаси билан кириб олиб, юртдаги ер остию ер усти бойликларини сўриб ётишлари, мусулмон халқларни оёқлари билан янчишлари, ҳар куни улар устида ўзларининг янги қуролларини синаб кўришлари, буларнинг ҳаммаси исёнчи итоатсиз душманни қувиб чиқариш учун «тинчликпарвар кучлардан ёрдам сўраш», деган ном остида қилинмоқда. Кофир давлатларнинг халқларни эзиш, хорлаш ва халқаро карвонга уларни эргашишга мажбурлаш, муайян, махсус кимсалар истакларига буйсундириш мақсадида иттифоқлар тузишлари, уюшишлари, ўзаро ёрдамлашишлари, буларнинг барчаси «халқаро қонунчилик» номи остида ҳамда «халқаро ҳамжамият қонунлари доирасида» қилинмоқда.
Жиҳод истилоҳи ҳам шулар жумласидан. Ислом душманлари мусулмонлар қалбидаги «жиҳод»нинг қанчалик аҳамиятга эгалигини кўришгач, тарихга қайта назар солиб, уни ўрганиб чиқишди. Улар Умматнинг шу жиҳод билан тирилишини, ундан воз кечиш билан заифлашишини тажрибаларидан ўтказишди ҳамда то Уммат билан мана шу иборалар ўртасини бутунлай узиб қўйишмагунча, уни йўқ қилолмасликларига, ўз мақсадларига етишолмасликларига тўла ишонч ҳосил қилишди. Бунинг учун мусулмонлар қалбидаги тасаввур қилинадиган ва эътиқод қилинадиган жиҳоддан бошқача «жиҳод»ни пайдо қилмагунча, буни йўқ қилолмасликларига ҳам ишонч ҳосил қилишди. Бироқ душманлар одамларга етказиб, уларни ишонтиришмоқчи бўлаётган бу ёлғон маънолар осонликча қабул бўлиши мумкин эмас. Чунки улар бугун кўплаб исломий халқлар ўз ҳақ-ҳуқуқларига эришиш учун жанг қилаётганларини, кўплаб исломий жамоалар у ер, бу ерда жиҳод байроғини кўтариб чиқаётганини кўришмоқда. Шу жиҳатдан, душманлар ўзларини боши берк кўчага кириб қолганини билиб, ишлар тизгини қўлларидан чиқиб кетганини кўришгач ҳамда Уммат ўзининг йўқотган улуғлигини қайта тиклаш учун жиҳод ибодати билан шуғулланиш сари қадам ташлаётганини гувоҳи бўлишгач, ахборот воситаларини, қитъалараро ташвиқотчи-жарчиларини ишга солишди ва жиҳодни террорчилик, экстремистлик, зўравонлик, дея сифатлай бошлашди. Бу йўлда номини қора қилиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун баъзи қонунбузарликлардан ҳам фойдаланиб, унга содда-гўл одамларни ҳамда ўз кўз остларида тарбия топган ғарбпарастларни илинтиришди. Ва ниҳоят, кўпчилик мусулмонлар зеҳнида, жиҳод ҳам террористлик, экстремистлик ва зўравонликнинг бир тури экан, мужоҳидлар террорист ва экстремистлар экан, деган тасаввур уйғонди. Аллоҳ йўлида жиҳод қиламан, ўз номусимни ва муқаддас қадриятларимни мудофаа қиламан, дея қўлига қурол олган кишиларни одамлар террористлар, экстремистлар, деб биладиган бўлди. Мужоҳидлар ҳал этишга киришган масалалар энг адолатли бўлса ҳам, ҳар бир ақлирасо инсон учун яққол маълум бўлса ҳам, бу сифат-иллатлар мужоҳидлар қаерга борсалар орқаларидан қувийдиган бўлди, масалан, Чеченистон, Фаластин, Кашмир ва бошқа юртларимиздаги мужоҳидлар каби.
Айни услубга мусулмонлар ва етакчиларнинг алданишлари:
Яна бир нарса масалани янада хавфли қилиб, бу услубнинг ўз «мева»сини деярли берганини кўрсатмоқда. Яъни бугун айрим мусулмонлар ва уларнинг етакчилари душманлар томонидан обдан текширилиб, қасддан саралаб олинган кўплаб янги истилоҳларни умуман текширмасдан, ўрганмасданоқ қабул қилиб, шуларга тарғиб қилишмоқда. Ҳатто баъзан бу истилоҳларга қизиқиш уйғотиш учун уларга безаб, қонунийлик тусини ҳам беришмоқда. Натижада одамлар бу истилоҳларга ўрганиб қолдилар, улар кўнгилларига ёқадиган, ақлларини қаноатлантириб, қалбларини хотиржам қиладиган бўлиб қолди. Бунинг оқибати ўлароқ, энди уларни бу сўзларни инкор этилишини истамаётганларини ва алмаштирилишига қарши чиқаётганларини гувоҳи бўлиш ажабланарли ҳол эмас. Шубҳасиз, улар бунга ўхшаш истилоҳларни шошиб-пишиб қабул қилиб, уларга таслим бўлишлари билан, ўзлари билмаган ҳолда ўзларига ҳам, Умматларига ҳам қарши жиноят қилишди, шу ишлари билан душманнинг қачон бирор имкон топилиши биланоқ бу истилоҳлардан фойдаланишларига жуда яхши хизмат қилиб беришди.
Мусулмонлар янги истилоҳларни қабул қилишда жуда эҳтиёт бўлмоқлари зарур:
Мусулмон киши бирор янги истилоҳни қўллаётганда ҳушёр бўлмоғи, шаръий истилоҳларга эса қаттиқ риоя қилмоғи лозим. Чунки шаръий истилоҳларнинг ўзи кифоя қилади, бошқа истилоҳларга эса ҳожат йўқ. Ахборот воситаларида берилаётган истилоҳларни ҳушёрлик билан қўллаш лозим. Чунки кўпинча улар бизга асал, деб тақдим қилган нарса заҳар бўлиб чиқади. Баъзилар унинг ранги ва шаклига алданиб ундан истеъмол қилишади-да, кейин кўзлари очилади, аммо унда кучдан қолиб, ҳолсизланиб, ҳурматлари йўқолган бўлади, кўплаб диний анъаналарини йўқотишган бўлади. Натижада, шундоқ ҳам жароҳатдан тинка мадори қуриб турган Уммат дардига сурункали оғир дардни орттиришади. Буларни муолажа қилишда машаққатлар янада ортади. Агар шунга сабаб бўлган эшиклар ёпилса, олиб борадиган йўллар тўсиб ташланса, бундай машаққатдан фориғ бўлинган бўлар эди.
Д. Аҳмад Иброҳим Хузар
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси Муслим
04.07.2014й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми