Ҳалол қилинган ўйинлар тўғрисидаги саволга жавоб
Ҳалол қилинган ўйинлар тўғрисидаги саволга жавоб
Ижтимоий тармоқлардан бирида Хикматулло исмли мухлисимиздан келган саволга жавоб.
Савол:
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бир биродаримизни айтишича Пайғамбаримиз С.А.В дан шундай ҳадис бор экан.
“Сизларга фақатгина 3та ўйин халол қилинди, камон отиш, от ўйнатиш ва аҳли аёлингиз билан ўйнаш. Қолган хаммаси ботилдир” деган шу мазмундаги хадис бор экан.
Мана шу ҳадис қандай хадис? Ва бундан бошқа ўйин харом бўладими, масалан: шахмат?
Жавоб:
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ
تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ўйинлар тўғрисида аввалда ҳам айтиб ўтганимиздек (онлайн ўйин тўғрисидаги саволга жавоб мақоласида), шаръий ҳужжатларда аниқ номлари билан кўрсатилган ўйинлар ҳаром қилинган, ундан бошқалари эса, мубоҳлигича қолган.
Ўйинлар қандай ўйин бўлишидан қатъий назар, ўртага пул тикиб қимор каби ҳолатда бўладиган бўлса, ёки бирон вожиб амални тарк бўлишига олиб борадиган бўлса, ёки ўйин давомида ҳаромлиги аниқ бўлган бирон амал бор бўлса, масалан, аёл суратини ечинтирадиган компютер ва телефон ўйинлари каби, бундай ўйинларни ўйнаш ҳаром эканига шубҳа йўқ.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ * إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ ۖ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ
“Эй иймон келтирганлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида. 90-91)
Агар ўртага пул тикилмаган ҳолатда ўйналаётган ўйин бўлса, унда аниқ номлари зикр қилиниб, ўйнашдан қайтарилган ўйинларгина ҳаром бўлади.
أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : مَنْ لَعِبَ بِالنَّرْدَشِيرِ فَكَأَنَّمَا صَبَغَ يَدَهُ فِي لَحْمِ خِنْزِيرٍ وَدَمِهِ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким нардашер ўйнаса, у ҳудди қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига қўлини ботирган кабидир”. Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ва Ахмадлар ривояти. Саҳиҳ.
Бу ҳадис очиқ маъноси билан нард ўйнаш (бизда халқ орасида “нарда” дейиладиган ўйин) ҳаром экани билиниб турибди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг “шахмат нардадан кўра ёмонроқдир” деган гаплари, шахматни нарда даражасида ҳаромликка олиб чиқмайди, чунки Ибн Умар розияллоҳу анҳу шахматга нисбатан, одатда унда пул тикиб қимор қилиб ўйналгани учун, шундай деган бўлишлари мумкин. Зотан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нардани зикр қилиб, шахматни зикр қилмаганлар. Баъзи олимлар доминони нарданинг турига киради дейишган. Демак бундан бошқа ҳар қандай ўйин Аллоҳнинг вожибидан тўсса, ёки қимор ҳолати бўлса, ёки ўйиннинг ўзида ношаръий иш топилса бундай ўйинлар ҳаром бўлади, айтилган иллатлар топилмаса мубоҳлигича қолади.
Тўрттала мўътабар мазҳаблардан Ҳанафий, Ҳанбалий ва Моликий мазҳаблари шахмат ўйнашни ҳаром дейишган. Далиллари Али роизяллоҳу анҳунинг шахмат ўйнаётганларга қарата, “Бу бутга ўхшаган ҳайкалларни ўйнашларинг нимаси?! Шахмат ажам аҳлининг (мусулмон эмасларни ажам дейиш одати бўлган) қиморидир” деган гаплари. Шофеъий мазҳаби эса, шахматни ҳам бошқа ўйинлар турига қўшиб, модомики, шахматда пул тикиб қимор қилинмаса, ёки уни ўйнаш Аллоҳнинг вожибларини қилишдан тўсмаса мубоҳ деган ҳукмни айтган.
Бу тўғрида менинг раъйим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нардани ҳаром қилган сўзларида ушбу ўйинни ҳаром қилинишга бирон боис-иллат айтмаганлар, шу ишни қилиш ҳаром деган маънони айтганлар холос. Юқорида келтирилган оятга кўра, ҳар қандай ўйинларни ҳаром бўлишида иллат, ушбу ўйинни қимор ҳолатида бўлиши, ёки Аллоҳнинг зикридан қайтаришидир. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қандай бўлишидан қатъий назар, ўйинларда қиморлик, ёки Аллоҳнинг зикридан, вожиблардан тўсиш аломати топилмаса, мубоҳлигича қолади. Ҳазрат Али роизяллоҳу анҳунинг гапларини эса, шахматни одатда қимор қилиб ўйнаганларига буриш мумкин. Ва бундан ташқари, Ҳазрат Алининг бу гаплари Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳадис эканини ҳам ифодаламайди. Чунки бу ерда фақатгина Пайғамбарнинг ҳуқуқида бўлган охират ишларидан хабар бериш, ҳалол ёки ҳаром қилиш амали бўлаётгани йўқ, фақатгина Али розияллоҳу анҳу бир амалга нисбатан нафрати бор эканини айтяпти. Агар, бу ўйинни ўйнаганга охиратда мана бундай азоб бор, каби маънодаги гапни гапирганида, бундай ҳолатда бу гап Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитилган ҳадис деб эътибор қилинар эди. Ҳазрат Алин роизяллоҳу анҳунинг бу гапи ижмони ҳам ифодалмайди, чунки ижмо бўлиши учун, бошқа саҳобалар Али роизяллоҳу анҳунинг ушбу гапига иттифоқ келганларини хабари бизга келиши керак, ёки шунга бирон ишора бўлувчи хабар бўлса ҳам. Демак бу Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўзини гапи бўлади ва уни шаръий далил сифатида олиш ўринли бўлмайди. Зеро шаръий далиллар тўрттадир, улар Қуръон, суннат, саҳобалар ижмоси ва қиёс.
Энди саволдаги ҳадисга келсак, “Сизларга фақатгина 3та ўйин халол қилинди, камон отиш, от ўйнатиш ва аҳли аёлингиз билан ўйнаш. Қолган хаммаси ботилдир”. Бу маънодаги ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ёки заиф ҳадислар эмас, ҳатто мавзуъ (тўқима, ёлғон) ҳадислар тўпламларидан ҳам топишни имкони бўлмади ва ҳатто халқлар орасида “ҳадис” деган ном билан тарқалиб кетган гаплар орасидан ҳам топа олмадим. Ушбу гапларни гапирган ўша биродар гапига бирон манба кўрсатса яхши бўлар эди. Биз ҳам фойдаланиб қолар эдик.
Аммо саволда келган гапга ўхшаш кўринишда бошқа ҳадис келган, у қуйидагича:
قوله صلى الله عليه وآله وسلم : لا سبق إلا في خفٍ أو حافرٍ أو نصلٍ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Туя, от ёки камон отишдан бошқада мусобақалашиш йўқ”. Абу Довуд ривояти. Саҳиҳ.
Бу ҳадисдаги “мусобақалашиш” сўзидан мурод, мусобақа ўтказиш, яъни пойгалар тўғрисида айтилган ҳадис. Хозирги вақтда эса, шу туя, от ёки камон отишларнинг маъносидаги бошқа нарсаларни ушбу ҳадисдаги ҳукмга тўғри келади дейиш ўринли бўлади, масалан, машиналар пойгаси, ёки тўппонча, милтиқларда отиш бўйича мусобқалар кабилар. Лекин бу ерда фақат шулар ҳалол қилинди, бошқалари ботил деган маънони олиш тўғри бўлмайди, чунки бунга далолат қиладиган сўзнинг ўзи йўқ. Шундай экан, номи ҳадисда зикр қилинган нардашер (нарда) ўйини ҳаром бўлади, қолганлари эса, модомики, қимор кўринишда ўртага пул тикилмаса, ёки Аллоҳнинг фарз вожибларидан қайтармаса, ёки ўйиннинг ўзида ҳаром иш топилмаса мубоҳлигича қолади. Валлоҳу аълам.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси Муслим
08.08.2016й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми