Исломдаги ширкат
بِسْـــمِ اللهِ الرَّحْمٰـــنِ الرَّحِيـــم
Исломдаги ширкат
Ширкатнинг луғавий маъноси икки ёки ундан ортиқ улушнинг бир-биридан ажралмайдиган даражада аралашувидир. Шаръий маъноси эса икки ёки ундан ортиқ шахснинг фойда кўриш мақсадида бирон-бир молиявий ишни қилишга келишиб, тузган битимларидир. Бошқа битимлар каби ширкат битими ҳам таклиф ва қабулни тақозо қилади. Яъни, бир тараф, фалон ишда сиз билан шерик бўлдим, деса, иккинчи тараф, қабул қилдим, розиман, дейди. Айнан шу лафз айтилиши шарт эмас. Гап — маънода. Яъни, таклиф ва қабул бир тарафнинг нариги тарафга оғзаки ёки ёзма тарзда маълум бир нарсада шерик бўлишни таклиф қилиши, иккинчи тарафнинг эса шу таклифни қабул қилиши билан амалга ошади. Фақат шерик бўлишга келишишнинг ёки шерикчилик учун мол беришга келишишнинг ўзи ҳали битим ҳисобланмайди. Битим бир нарсада шерик бўлишнинг маъносини ўз ичига олиши шарт. Ширкат битимининг тўғри бўлиши учун битим тузилаётган нарса тасарруф бўлиши ва бу тасарруф ваколатни қабул қиладиган бўлиши шарт, токи тасарруфдан олинган фойда улар ўртасида муштарак бўлсин. Ширкат жоиз амалдир. Чунки Пайғамбар САВ пайғамбар бўлиб юборилган пайтларида одамлар шу иш билан шуғулланардилар. У киши эътироз билдирмадилар. Эътироз билдирмаганлари, яъни тасдиқлаганлари ширкатнинг жоизлигига шаръий далилдир.
Бухорий Сулаймон ибн Абу Муслимдан ривоят қилади: «Абу Минҳолдан қўлма-қўл (нақд) пул алмаштириш хусусида сўраган эдим, у шундай деди: Мен бир шеригим билан бир нарсани қўлма-қўл (нақд) ва насияга сотиб олдим. Шу пайт Барро ибн Озиб келиб қолди. Ундан бу ҳақда сўраган эдик, у мен ҳам шеригим Зайд ибн Арқам билан шундай иш қилиб, Пайғамбар САВдан у ҳақда сўраганимизда,
«مَا كَان يَدًا بِيَدٍ فَخُذُوهُ وَمَا كَانَ نَسِيئَةً فَرُدُّوهُ»
«қўлма-қўл (нақд)ини олинглар, насиясини қайтаринглар», деган эдилар, деди». Бу ҳадис мусулмонларнинг ширкат билан шуғулланганларини, Пайғамбар САВнинг эса бунга эътироз билдирмаганларининг, тасдиқлаганларини кўрсатиб турибди. Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилишича, Пайғамбар САВ шундай дедилар:
«إِنَّ اللهَ يَقُولُ أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَيْنِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَيْنِهِمَا»
«Аллоҳ, модомики икки шерикнинг бири иккинчисига хиёнат қилмас экан, Мен уларнинг учинчисиман, агар хиёнат қилса, уларнинг орасидан чиқаман, дейди», дедилар.
Мусулмон мусулмон билан ҳам, зиммий зиммий билан ҳам, мусулмон зиммий, яъни насроний, мажусий ва бошқалар билан ҳам ширкат тузиши мумкин. Муслим Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади:
«عَامَلَ رَسُولُ اللهِ أَهْلَ خَيْبَرَ — وَهُمْ يَهُودٌ — بِشَطْرِ مَا يَخْرُجُ مِنْهَا مِنْ ثَمَرٍ أَوْ زَرْعٍ»
«Пайғамбар САВ Ҳайбар аҳли билан (ҳолбуки улар яҳудийлар эди) у ерлардан чиқадиган мева ёки экиннинг ярмига келишдилар».
«اِشْتَرَى رَسُولُ اللهِ مِنْ يَهُودِىٍّ طَعَامًا وَرَهَنَهُ دِرْعَهُ»
«Пайғамбар САВ бир яҳудийдан қалқонларини гаровга қўйиб, таом сотиб олганлар». Бу ҳадисни Бухорий Оиша РАдан ривоят қилган. Термизий ибн Аббосдан ривоят қилади:
«تُوُفِّىَ النَّبِىُّ وَدِرْعُهُ مَرْهُونَةٌ بِعِشْرِينَ صَاعًا مِنْ طَعَامٍ أَخَذَهُ لِأَهْلِهِ»
«Пайғамбар САВ вафот қилганларида қалқонлари оилаларига олган йигирма соълик таом учун гаровда бўлган». Термизий Оиша РАдан ривоят қилади:
«أَنَّ رَسُولُ اللهِ أَرْسَلَ إِلَى يَهُودِىٍّ يَطْلُبُ مِنْهُ ثَوْبَيْنِ إِلَى الْمَيْسَرَةَ»
«Пайғамбар САВ бир яҳудийга одам юбориб, тўлашга қурби етганда бериш шарти билан ундан икки кўйлак сўратганлар». Шунга кўра, яҳудий, насроний каби зиммийлар билан ширкат тузиш жоиз. Чунки улар билан савдо қилишга рухсат этилган. Фақат зиммийлар мусулмон билан шериклик қилганларида ароқ, чўчқа каби ҳаром нарсаларни сотишлари жоиз эмас. Шериклик қилишларидан аввалги ароқ, чўчқа савдосидан олган даромадлари ширкат учун ҳалол бўлаверади. Тасарруфи жоиз бўлган нарсалардагина ширкат тузиш мумкин. Чунки у молнинг тасарруфи учун тузилади. Тақиқланган нарсаларда ҳам, тасарруф қилиши мумкин бўлмаган кимса билан ҳам ширкат тузиб бўлмайди.
Ширкат икки хил бўлади: Мулк ширкати. Битим ширкати. Мулк ширкати — нарсанинг ўзига шерикчилик қилиш. Масалан, бир нарса икки кишига мерос қўйилади, сотилади ёки ҳадя қилинади. Улар шу нарсада шерикдирлар. Битим ширкати мулкни кўпайтириш борасидаги баҳс мавзуси ҳисобланади. Исломдаги битим ширкатларини чуқур ўрганиб, уларга алоқадор шаръий ҳукмлар ва улар хусусида ворид бўлган шаръий далиллар яхшилаб кузатилганда, уларнинг беш хил экани аён бўлади. Улар қуйидагилардир: 1. Инон ширкати. 2. Тан ширкати. 3. Музораба ширкати. 4. Вужуҳ ширкати. 5. Муфоваза (топшириш) ширкати. Энди уларнинг ҳукмларини қисқача баён этамиз:
Инон ширкати
Инон (тизгин) ширкатида икки шахс молларини ўртага қўйиб, фойда кўриш учун ҳар иккаласи биргаликда ҳаракат қилади. Икки отлиқ кетаётганида отларнинг тизгини баб-баробар бўлганидек, тасарруфда уларнинг ҳар иккиси баб-баробар бўлади. Шунинг учун ҳам у инон ширкати деб номланган. Бу ширкат суннат ва саҳобалар ижмоси билан жоиздир. Одамлар Пайғамбар САВ ва саҳобалар замонларидан бери у билан шуғулланиб келадилар. Ширкатнинг бу турида дастмоя пулга айлантирилади. Чунки мол ва товарларнинг қиймати пул билан ўлчанади. Нарсаларда эса баҳоси белгиланиб, пулга чақилганидан кейингина ширкат тузиш мумкин бўлади. Дастмоянинг ўша заҳоти тасарруф қилиниши мумкин бўлган аниқ миқдорда бўлиши шарт қилинади. Ноаниқ дастмояга ҳам, йўқ молга ҳам, қарзга ҳам ширкат тузиб бўлмайди. Чунки ажрим пайтида дастмоя керак бўлади. Қарзни ўша заҳоти тасарруф қилиб бўлмайди. Ҳолбуки, ширкатдан мақсад тасарруфдир. Ҳар икки молнинг миқдори ҳам, нави ҳам бир хил бўлиши шарт эмас. Фақат ҳар иккаласи ҳам бир хил ўлчов билан ўлчаниши керак. Токи битта молга айлансинлар. Миср пуллари билан ҳам, Сурия пуллари билан ҳам ширкат тузиш мумкин. Фақат ҳар иккиси ҳам бир хил пулга чақилиб, ўртадаги фарқ йўқолиши ва ҳар иккиси битта нарсага айланиши лозим. Чунки ширкат дастмояси бир шерикнинг моли иккинчисидан фарқ қилмайдиган даражада барчага баб-баробар битта мол бўлиши шарт. Мол ҳар икки шерикнинг ҳам қўлида бўлиши шарт. Инон ширкати ваколат ва омонат устига қурилади. Чунки улардан бирининг шеригига мол бериши унга омонат қўйиши ва тасарруф этишга ваколат беришидир. Ширкат тузилгач, мол битта нарсага айланиб, шерикларнинг бевосита ўзлари ишлашлари вожиб бўлади. Негаки ширкат уларнинг танлари гарданига тушяпти. Шунга кўра улардан бири ўзининг ўрнига шикатдаги тасарруф учун бошқа бировни вакил қилиши дуруст эмас. Бутун бошли, яхлит ширкат эса хоҳлаган одамини ижарага олишга ҳам, хоҳлаган танни ижарачи қилиб ишлатишга ҳам ҳаққи бор. Ёлланган ижарачи шериклардан бири учун эмас, ширкат учун ишлайди. Шерикларнинг ҳар бири ширкат учун фойдали, деб билган олди-сотдисини қилиш, пул ва сотилган товарни ушлаб туриш, қарзни талаб қилиш ва унга даoвогар бўлиш, пул жўнатиш ва жўнатилган пулни қабул қилиш, айбли товарни қайтариш, ширкат дастмоясидан ижарага олиш ва ижарага бериш ҳуқуқларига эга. Чунки манфаатлар нарсалар мақомида бўлиб, олди-сотдига ўхшаш ишга айланади. Масалан, машинани (товарни) сотишга ҳам, сотилади деган товар сифатида ижарага беришга ҳам ҳаққи бор. Кўриб турибсизки, ширкатда унинг фойдаси унинг ўзи мақомида турибди. Ҳар икки шерикнинг моли бир хил бўлиши шарт эмас. Тасарруф баробар бўлиши шарт. Мол эса тенг бўлиши ҳам, оз, кўп бўлиши ҳам мумкин. Фойда эса келишилган шартга қараб бўлади. Фойдани тенг бўлишга ҳам, оз-кўп қилиб бўлишга ҳам шартлашиш жоиз. Али РА бу борада «Фойда – келишилган шартга қараб бўлади», дер эди. Бу гапни Абдурраззоқ «Жомеъ»да ривоят қилган. Инон ширкатида зиён фақат молнинг миқдорига қараб бўлади. Агар моллар тенг бўлса, зиён ҳам тенг бўлади. Уч киши учдан бири қилиб мол қўйган бўлса, зиён ҳам учдан бир бўлади. Агар бундан бошқачасига шартлашишган бўлса, у инобатга олинмайди. Зиён ҳақидаги ҳукмгина ижро қилинади. У зиённинг молга қараб тақсимланишидир. Чунки тан молини йўқотмайди, қилган меҳнатини йўқотади, холос. Зиён эса молнинг гарданида қолиб, шерикларнинг қўйган улушларига қараб тақсимланади. Негаки ширкат ваколатдир. Ваколатнинг ҳукми шуки, вакил кафилликни бўйнига олмайди. Зиён вакил қилувчининг молига тушади. Абдурраззоқ «Жомеъ»да ривоят қилишича, Али РА: «Зиён молга, фойда эса келишилган шартга қараб бўлади», деган.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми