Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uzdiplomat 11.01.2025й): Ўзбекистон аэропортида қўлга олинган рекорд миқдордаги “8,5 тонна наркотик” тақдири нима бўлди?
Изоҳ: Uzdiplomat сайти ўзининг Телеграм саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қўлга олинган 8,5 тонна наркотик моддаси борасида расмий жавоб кутишини ёзади. Гап шундаки, 2023 йил сентябрь ойида божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланган эди. Воқеа ҳақида хабар берган давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Бироқ орадан 1 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, тегишли идоралар 8,5 тонна наркотик иши бўйича суд ишлари натижаларини очиқламаган. Дарахтларни кесилиши ҳам жазосиз қолмаётган бир вақтда, бир йилдан бери бу қадар йирик миқдордаги наркотик масаласи очиқланмай келиши жуда ғалати ва ўта шубҳалидир. Гўёки кимлардир бу ишни ёпди-ёпди бўлишини хоҳламоқда. Хўш, булар ким бўлиши мумкин?! Бундай ишни бемалол амалга ошириб, сувдан қуруқ чиқишига ишонганлар қилиши мумкин холос. Бинобарин, президентнинг яқин одамларидан бошқаси бунга қўл уришга ботинолмаслиги аниқроқ. Шу ерда яна бошқа бир савол ҳам туғилади, агар чиндан ҳам воқелик шундай бўлса, нима учун бу иш ошкор бўлиб қолди? Бу катта эҳтимол билан президент атрофидагилар ўртасида қандайдир зиддиятлар бўлиши мумкинлигидан далолат қилмоқда. Бу ишлар шуни тасдиқлайдики, инсон ўйлаб топган тузумларда қонунлар ҳеч қачон “каттакон”лар, яъни ўша қонун эгалари учун ишламайди, балки фақат оддий халққа келгандагина ишга тушади холос. Исломда эса бошлиқдан тортиб бутун халқ шариат билан чегараланади. Пайғамбаримиз ﷺ бу борада шундай деганлар: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам қўлини кесган бўлардим!”
Хабар (kun.uz 12.01.2025й): Салим Абдувалиев саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққан, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси. У 12 январ куни жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, Салим Абдувалиев хасталиги туфайли 2025 йил 12 январ куни ЖКнинг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган. “Салимбой” номи билан танилган жиноят олами “авторитети”га нисбатан бундай юмшоқлик билан муомала қилингани аввалда айтилган таҳлилларимизни тасдиқламоқда. Яъни “кўча” жиноятчилари устидан ўтказилган ваҳимали рейдлар, шов-шувли воқеалар хўжакўрсинга, муайян сиёсий мақсадларни кўзлаб ўтказилгани бугун ўз исботини топмоқда, десак адашмаймиз. Тахминларга кўра, судланган ва ҳозирда суди бўлаётган жиноят оламининг бошқа вакилларига нисбатан ҳам енгиллик берилиши эҳтимоли йўқ эмас. Шундай қилиб, хавфсизлик идоралари тарафидан ўтказилган “кўча”ни тозалаш амалиёти ҳақиқатда жиноятчилик илдизига болта уришга қаратилмаганлиги ўз тасдиғини топмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон қамоқларида Каримов давридан, яъни чорак асрдан буён ҳатто соғлиги жазони ўташга яроқсиз маҳкумлар борки, улар ўзбек режимининг парвойига ҳам келмаяпти. Чунки улар коррупция, зино, ўғрилик, қароқчилик, қотиллик каби жиноятларни содир этмаганлар. Уларнинг ягона “айби” роббим Аллоҳ дегани бўлиб, жамиятда Исломни низом сифатида татбиқ қилиниши учун ҳаракат қилганларидир. Ўзбек ҳукумати улар ҳақида қайғуриш тугул, чамаси 20 йиллардан сўнг озодликка чиққанларини ҳам узоқ йилларга қайта қамоққа ташламоқда. Наҳотки, ўзбек ҳукумати Аллоҳдан қўрқмаса ва ўз халқининг нафратига учраб эртасини барбод қилаётганини ўйлаб ҳам кўрмаётган бўлса?! Аллоҳ дейди:
وَٱلَّذِينَ يُؤۡذُونَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِ بِغَيۡرِ مَا ٱكۡتَسَبُواْ فَقَدِ ٱحۡتَمَلُواْ بُهۡتَٰنٗا وَإِثۡمٗا مُّبِينٗا
– “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар”. (Азҳоб:58)
Хабар (gazeta.uz 14.01.2025й): Депутатлар Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Депутат Илҳом Абдуллаев қимор ўйинларини реклама қилиш бўйича чекловлар белгиланмагунча букмекерлар фаолиятига рухсат бермаслик кераклигини таъкидлади.
Изоҳ: Қимор ўйинларига қонунан рухсат берилишига ўзбек ҳукумати қимор ўйинларидан одамларни қайтарувчи тақиқлар амалда ишламаётганини, шунингдек, йилига 350 млн.дан 1 млрд. долларгача маблағлар четга чиқиб кетаётганини асосий сабаб сифатида кўрсатган эди. Депутат Илҳом Абдуллаевнинг сўзларидан англашиладики, энди қимор ўйинларини реклама қилишга ҳам ҳеч қандай тақиқ қўйилмайди. Сўнгги вақтларда, айниқса, ёшлар орасида қиморбозликка берилиш кучайиб бораётгани кўпчиликни хавотирга соляпти. Бу борада матбуот ҳам, фаоллар ҳам гапириб келади. Бироқ ҳукумат бу иллатга қарши ёшларда иммунитетни ҳосил қиладиган Ислом таълимотига таяниб иш кўриш ва ушбу иллатни жамиятдан узоқ қилиш ўрнига, унга рухсат бериш билан ечим беряпти. Ва бу ўринда ҳам асосий мақсад четга чиқиб кетаётган миллионлаган долларни олиб қолиш билан бюджетга тушумларни кўпайтириш бўляпти. Гарчи қиморни Аллоҳ ҳаром қилганлиги очиқ-ойдин бўлса-да, ўзини дунёвий давлат деб атайдиган ҳукумат илоҳий қонунга қарши журъат қиляпти. Бу билан у Аллоҳнинг қонунларини менсимаяпти ва ўз ҳукмини Яратувчи ҳукми устидан ҳукмрон қилмоқчи бўляпти. Ваҳоланки, халқимиз мусулмон бўлиб, қимордек жирканч иллатга қонунан рухсат берилишига асло рози бўлмайди. Бироқ бу каби масалаларда халқимиз эътиқоди қачон ҳисобга олинганки, энди ҳисобга олинсин. Манфаатдорликка асосланган демократик дунёвий давлат мана шундай бўлади ҳамда бундай тузум остида яшаётган мусулмонларнинг фикр ва туйғулари умуман эътиборга олинмайди. Мусулмон халқимиз бундай бузуқ ва яроқсиз тузумдан воз кечиб, Исломий бошқарувни ҳаётга олиб келишга бор эътиборини қаратиши лозим.
Хабар (azon.global 14.01.2025й): Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди 6 йил муқаддам икки танишига диний мазмундаги овозли хабар жўнатган фуқарони беш йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, фуқаро 2019 йил июл ойида “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали ўзининг икки нафар танишига мамлакатдаги қонунлар шариатга тўғри келмаслиги, қонун чиқарувчи Сенатда мусулмон бўлмаганлар ҳам борлиги тўғрисида овозли хабар юборган. Эҳтимол, бу йигитни бошқа “айб”лари учун қамашгандир. Бирор сабаб тополмай, охири “телефонидан экстремистик материал топилди” деган важ билан қамоққа ташлаш йўлини топишгандир. Чунки шундай айблов билан ҳар қандай одамни қамаш Ўзбекистонда жуда осон бўлиб қолган. Энди ишнинг ўзига келадиган бўлсак, тергов ўтказган хавфсизлик органлари ва ҳукм ўқиган суд навбатдаги абсурд ҳукмни чиқариб бутун дунёга шарманда бўлишганини тушунишдимикин?! Чунки бу ишда мантиққа тўғри келадиган бирор нарсанинг ўзи йўқ. Қаранг, бу йигит “мамлакатдаги қонунлар шариатга тўғри келмайди” деган бўлса, бунинг нимаси нотўғри ва бу гап қайси қонунга зид келади? Ахир, қатор расмийлар “биз дунёвий-секуляр, яъни дин давлатдан ажратилган давлатмиз, диний давлат эмасмиз” деб неча марта гапиришган! Ўзбекистон конституциясининг 1-моддаси ҳам худди шу маънони ифодалайди. Қонунлар шариатга тўғри келмайди, дейиш билан дунёвий давлатмиз, дейишнинг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақат битта маъно турлича ифодаланяпти холос. Демакки, агар қонунлар шариатга тўғри келмайди, дейиш жиноят бўладиган бўлса, унда бутун бошли ҳукуматни жиноятчига чиқариш керак эмасмиди! Ваҳоланки, кимдир Ўзбекистондаги қонунлар шаръий бўлиши лозим, деса ҳам қамалади. Ҳа, Ўзбекистонда бугун мана шундай телба-тескарилик чўққисига чиқди. Бунинг сабаби, ўзбек режими Россия каби кофир мустамлакачи давлатларни рози қилиш учун Исломий даъватга қарши курашни телбаларча давом эттираётганидир.
Хабар (president.uz 14.01.2025й): Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади. «Бугунги кунда барчамиз – қайси соҳа, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда», дейилади табрикда.
Изоҳ: Ушбу байрам арафасида Нукус шаҳридаги ФВВга қарашли ҳарбий қисмда бир йиллик хизматни ўтаётган 19 ёшли аскар 5 кишини пичоқлагани ҳақида хабарлар тарқалди. У маст ҳолатда уюштирган ҳужум оқибатида 5 киши тан жароҳати олиб, улардан бири вафот этган. Шунингдек, чегара қўшинларининг чегарадан кириб-чиқаётган аҳолига нисбатан жуда қўпол муомала қилиши ҳам ҳаммага маълум. Булардан Ўзбекистон қуролли кучларидаги аскарларнинг мафкуравий жиҳатдан жуда заиф эканликлари кўриниб турибди. Ваҳоланки, урушда фақат куч-қувват ва қурол-яроқни ўзи билан ғолиб келишни деярли иложи йўқ. Жанг майдонида мафкуранинг ўрни беқиёс. Дунёнинг турли ерларидаги урушларни бунга яққол мисол сифатида келтириш мумкин. Масалан, Россия-Украина урушига чақирилишдан қўрқиб, юз минглаган руслар қочиб кетишди. Дунёнинг энг қудратли иккинчи армияси бўлмиш Россия армияси ночорликдан Шимолий Кореядан аскарлар борасида ёрдам сўрашдек хор аҳволга тушди. Ёки Фаластинни олайлик. У ерда қурол ва сон жиҳатидан анча заиф бўлган мужоҳидлар яҳудларни жуда қийин аҳволга солиб қўйишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, Афғонистон ва Суриядаги мужоҳидлар ҳам куфр кучларидан анчагина кучсиз бўлишларига қарамай, босқинчи ва золимларга мағлубият аламини тоттириб қўйишди. Албатта, бундай ғалаба ва муваффақиятлар ортида тўғри ва кучли мафкура бўлмиш Ислом ақидаси турганлигида шубҳа йўқ. Ўзбек ҳукумати эса мусулмон армиямизнинг жанговарлик қобилиятини ватанпарварлик каби заиф ва муваққат робиталар билан яроқсиз ҳолга келтириш ўрнига, мусулмонлар юрти сарҳадларини босқинчи кофирлардан ҳимоя қилиш нақадар шарафли иш эканлигини уқтирувчи Исломий мафкура ососида шакллантирса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Ислом мафкураси билан суғорилган армиягина давлат ва фуқароларни ишончли ҳимоя қилади ҳамда тарихга татигулик фатҳларни амалга оширади.
Хабар (uza.uz 15.01.2025й): 15 январ куни Абу-Даби шаҳридаги “Қаср аш-Шати” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар.
Изоҳ: Томонлар 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни асосий вазифа этиб белгилади. Айни шу БАА давлати яқинда яҳудий раввин ўлимида айблаб уч ўзбек фуқаросини қўлга олди ва шу воқеадан сўнг Ўзбекистондан келган ўнлаб эркакларни асоссиз мамлакатга қўймай қайтариб юборди. Ўзбек ҳукумати эса ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилгани борасида бирор чора кўришга ожизлик қилди. БААдаги Ўзбекистон элчихонасининг ҳам қўлидан бирор иш келмади. Бу алоқаларнинг биргина яҳуд қони тўкилиши фонида қанчалик мўрт эканлиги аён бўлди. Бироқ президент Мирзиёев гўёки ҳеч нима бўлмагандек БААга ташриф буюрди. Агар у ўз фуқароларига ҳақиқий ғамхўр раҳбар бўлса, бу масалани лоақал БАА президенти билан учрашувда кўтармасмиди? Шунингдек, уни ҳали текширилмаган ноаниқ нарсага асосланиб мусулмонларга зулм қилишдан огоҳлантириши ҳам керак эмасмиди? Демак, айтиш мумкинки, президент БААга асосан маблағ ундириш учун борди ва шу сабабли ҳам буларга кўз юмилди. Аксинча, Мирзиёев режимининг кучи ўз фуқароларига етади холос. Энди Ўзбекистон-БАА алоқаларига келсак, БАА Ғарбнинг малайларидан бири. Шунга кўра, Ўзбекистон-БАА алоқалари Ўзбекистонда кўпроқ Ғарб таъсири кучайишига хизмат қилади, десак тўғрироқ бўлади. Бундан келиб чиқадики, ушбу ташриф ва алоқалардан манфаатдор томон асосан мустамлакачи Ғарб ҳамда ўзбек режими тепасидаги амалдор қатлам бўлади. Оддий мусулмонларга эса бундан бирор наф бўлиши амримаҳол.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
20.01.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми