Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар: Самарқанд вилоятида бир қанча масжидлар олдида қуролли ҳарбийлар ва хавфсизлик идоралари ходимлари таровеҳ намозига келаётганларни тинтув қилмоқда.
Изоҳ: Ишончли манбалардан келган хабарларда айтилишича, Рамазон ойи бошланиши билан Самарқанд вилоятидаги бир нечта масжидлар олдида ҳарбий техника, қуролланган ҳарбийлар ва хавфсизлик ходимлари пайдо бўлиб қолган. Гувоҳларнинг айтишича, улар таровеҳга келаётган ҳар бир одамни чўнтакларигача кавлаб, тинтув қилмоқда. Агар ёш болалар катталар билан ҳамроҳликда келишмаса, масжидга қўйилмаяпти. Масжид ичида ҳам имомлар ёш болаларни ташқарига ҳайдаб чиқаришаётгани айтилмоқда. Шунингдек, таровеҳ намози бир соатча кечроқ ўқилаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Албатта, ҳукумат буни хавфсизлик чоралари сифатида талқин қилиши аниқ. Бироқ бундай ваҳимали ва ноўрин тадбирлар тагида ҳукуматнинг муборак Рамазон ойида “исломий фон”ни пасайтириш мақсади ётганини англаш қийин эмас. Самарқанд вилоятидаги масжид мисолида айтсак, гувоҳлар Рамазоннинг илк кунларида масжид тўлиб-тошиб кетгани, бироқ ҳозирга келиб унинг ҳатто ичи ҳам тўлмаётганини айтишди. Яъни асосан таровеҳ намозига келаётган ёшлар сони камайиб кетган. Мана шу ҳолатнинг ўзи юқоридаги фикримизни тўла тасдиқлайди. Ҳукумат одамлар, айниқса, ёшларни қуролли ҳарбийлар ва текшир-текширлар билан қўрқитиб, масжиддан бездиришни кўзлаб шундай ишга қўл урмоқда. Чунки ҳукумат ёшларни ҳатто ибодат қилишларига ҳам Исломга бўлган муҳаббат, қизиқиш ва интилишни кучайтирадиган “хавф” сифатида қарайди. Бу режимга ўз ақидасини тушунган ва унга онгли равишда итоатда бўлиб, ўз ҳаётига татбиқ қилишга интиладиган уйғоқ мусулмонлар керак эмас. Балки бу ҳаётда енгил-елпилик, бузуқликка муккасидан кетган, айш-ишратга берилган, онгсиз ва фикрламайдиган муте қуллар керак. Мана шунда бу режимга ўз халқи устидан хоҳлаганича ҳукмронлик қилиши осонлашади, бойликларни талон-тарож қилиб, кофир мустамлакачи давлатлар манфаатига хизмат қилиши енгиллашади. Мусулмон халқимиз ўзбек ҳукуматининг мана бундай жирканч ва Исломга тоқатсиз сиёсатига қаттиқ қарши турмоғи вожибдир! Зеро, ҳар сафарги ён беришлар бизни тобора хорлик ва қолоқлик гирдобига тортиб бораверади, аҳволимиз оғирлашса оғирлашадики, асло ўнгланмайди. Биз учун фақат Исломнинг ҳақ ва адолатни рўёбга чиқарувчи низомигина ягона нажот йўлидир!
Хабар (tyuzbek 19.02.2026й): Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва кўплаб мусулмонларнинг кескин эътирозига учраган видеолавҳа тарқалди.
Изоҳ: Унда диний идора вакилининг жамиятдаги диний ҳаёт, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги диний контент назорати, ишхоналардаги ибодат ва ҳатто жума табриклари борасидаги баёнотлари ўрин олган. Диний идора вакили ўз чиқишида ижтимоий тармоқларда диний қўмита хулосасисиз ҳеч қандай маълумот тарқатмасликни, иш вақтида ибодат қилиш вожиб амал эмас, балки иш берувчидан сўраладиган “илтимос” эканини таъкидлади. Бу чиқиш нафақат баҳс-мунозараларга, балки мусулмонларнинг ҳақли ғазабига сабаб бўлди. Албатта, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган юртда бундай юзсизлик ва ғазаб билан анави сохта қонунларга бўйин эгиш талаби фақат биргина вакилнинг сўзлари эмас, балки унда ўзбек режимининг Ислом динига нисбатан асл муносабати ва жирканч режаси яққол намоён бўлади. Ҳукуматнинг ҳатто Исломда фарз бўлган Жума намози каби амалларни бажаришни ҳам “қонунчилик” ниқоби остида тақиқлашга уриниши, унинг Ислом ва унинг аҳкомларига қанчалик тоқатсизлигини кўрсатади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Ислом эътиқодига мутлақо зид ва Аллоҳнинг каломидан инсон каломини устун қўйиш бўлиб, ўта оғир жиноятдир. Албатта, бундай сиёсат ортида кимлар тургани ва кимларнинг манфаатлари кўзланаётгани ҳам сир эмас. Зеро, жамиятдаги Исломий уйғонишдан хавотирга тушаётган Америка ва Россия каби душманларимизнинг кўнглини олиш учун ҳукумат ўз халқининг эътиқодини жиловлашга ҳаракат қилмоқда. Энг ачинарлиси, мусулмон халқимизни ҳақ йўлга бошлаши керак бўлган, ўзларини “дин пешволари” дея даъво қиладиган муфтий бошлиқ диний идоранинг бу жараёнда “мафкуравий воситачи” бўлиб хизмат қилаётганидир. Хулоса қилиб айтганда, ҳукуматнинг йиллар давомида жар солаётган “диний эркинлик” каби демократик иборалари аслида мусулмонларни алдаш ва уларни ҳақиқий Исломдан узоқлаштириш учун ишлатадиган ниқоб экани янада фош бўлди. Ўзбек режимининг кураши фақат сиёсий ислом билан чекланмаганлигини, балки Ислом ва унинг аҳкомларини жамиятимиздан сиқиб чиқариб, ўрнига Ғарбнинг бузуқ демократик дунёқараши ва қонунларини сингдириш эканлигини мусулмон халқимиз англаб етиши зарурдир.
Хабар (uzdiplomat 20.02.2026й): Амалдорларнинг яширин бойлигини аниқлашга ёрдам берувчи қонун 10 йилдан бери пайсалга солинмоқда.
Изоҳ: Хабарга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов ушбу қонун лойиҳаси Адлия вазирлигида эканини айтган бўлса-да, Адлия вазири Акбар Тошқулов вазирликка бундай ҳужжат келиб тушмаганини билдирди. Шу билан бирга, Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбари Абдулла Абдуқодиров давлат хизматчилари учун декларация қанчалик кераклигини шубҳа остига олди. Бундай зиддиятли баёнотлар ва қонуннинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан “тушиб қолгани”нинг сабаби бюрократик тўсиқлар эмас, балки амалдаги сиёсий тузум ва бошқарувнинг иккиюзламачилигини яна бир карра фош қилмоқда. Чунки ҳукумат халқимизнинг ҳар бир тийинини санаб, даромадларини очиқлашни талаб қилаётган бир пайтда, энди гап ўз даромадларини очиқлашга келганда ишни пайсалга соляпти. Жуда қизиқ ҳолат: халқ даромади ҳисобланиши шарт экану, амалдорларники шарт эмас экан-да?! Бироқ инсон ақли маҳсули бўлган капиталистик тузумда даромадларни декларациялаш қонуни қабул қилинган тақдирда ҳам ҳаммаси жойига тушиб, адолат таъминланиб қолмайди. Чунки бу тузумда ҳар доим қонунни айланиб ўтиш ва танлаб татбиқ қилиниши оддий ҳол бўлиб, айниқса, Ўзбекистондек қонунсизлик авж олган юртларда айтарли фойдаси бўлмайди. Исломда эса давлат раҳбари ва унинг амалдорлари ўзларини нафақат мусулмонлар, балки Аллоҳ олдида ҳам масъул, деб биладилар. Халифалик бошқарувида “Бу сенга қаердан келди?” тамойили жорий этилган бўлиб, бунда адолат аввало раҳбарнинг ўзидан бошланади. Масалан, Умар ибн Хаттоб Халифалиги даврида волийлар (вилоят ҳокимлари) тайинланаётганда уларнинг мол-мулки ҳисоблаб қўйилган. Амалдан кетганидан сўнг эса, агар бойлиги асоссиз кўпайган бўлса, у Байтулмолга мусодара қилинган. Бунда ҳеч кимнинг мартабаси ёки кимнингдир қариндошлиги умуман эътиборга олинмаган, қонун ҳаммага баробар қўлланган. Исломда раҳбар ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб бойиши “ғулл” (хиёнат орқали ундириш) ҳисобланиб, бундай йўл билан топилган ҳар бир дирҳам давлат хазинасига қайтарилиши шартдир. Қолаверса, Ислом тузумида лавозим бугунгидек бойиш воситасига айланиб, тизимли тус оладиган иллат даражасига чиқиб кетмайди. Балки баъзи тақвоси заифроқ амалдорларда учраб турадиган жузъий ҳолат бўлиб, булар ўз вақтида тузатиб қўйиладиган хато-камчилик бўлади холос.
Хабар (uzdiplomat 21.02.2026й): “Uzdiplomat” YouTube-каналида исломшунос олим ва собиқ давлат мулозими Нуриймон Абулҳасан билан диққатга сазовор суҳбат бўлиб ўтди.
Изоҳ: Кўрсатув давомида бошловчи томонидан йиллар давомида жамиятни қийнаб келган энг оғриқли саволлар ўртага ташланди: “Имомлар ДХХ назоратидан эркинми?”, “Нега намозхонлар ҳамон хавф сифатида кўрилади?”, “Диний таълимдаги чекловлар кимга керак?”… Таъкидлаш жоизки, бундай қалтис саволлар ўрин олган мазкур интервью жуда камёб ҳолат. Нуриймон Абулҳасан бу саволларга жавоб берар экан, тузумнинг ўтмишдаги хатоларини, яъни соқол ва ҳижобга қарши курашнинг бефойдалигини, диний қатламни асоссиз таъқиб қилиш салбий оқибатларга олиб келганини очиқ тан олди. Шунингдек, у имомларнинг фаолияти юқоридан бериладиган маълум “тезис”лар асосида ташкил этилишини, бу эса хавфсизликни таъминлаш учун зарурлигини таъкидлаб ўтди. Буни имомлар давлат хавфсизлик идораларининг қаттиқ назорати остида эканлигининг аниқ исботи ўлароқ қабул қилиш мумкин. Умуман олганда эса, суҳбатнинг асл моҳияти – жамиятда кучайиб бораётган сиёсий Ислом кайфиятига қарши “илмий қалқон” яратишдан иборат эканлиги яққол кўзга ташланади. Эксперт тузумнинг репрессив методидан воз кечиб, “юмшоқ назорат” моделига ўтишни таклиф қилмоқда. Унинг мантиғига кўра, агар давлат имомларга маълум бир чегараланган эркинлик берса ва диний таълимни ўз назоратига олса, сиёсий Исломнинг илдизини қирқиш осонроқ бўлади. Абулҳасан Исломни фақат ахлоқ ва шахсий тақво доирасида сақлаб қолиш тарафдори сифатида намоён бўлмоқда. У коррупцияга қарши исломий қадриятлар билан курашиш кераклигини айтса-да, лекин диннинг сиёсий бошқарувга ёки давлат қарорларига таъсир этишини кескин рад этади. Абулҳасан томонидан илгари сурилган “сифатли мусулмон” образи – бу давлатнинг дунёвий тузумига мутлақо содиқ қолган ҳолда, фақат маънавий масалалар билан шуғулланувчи, сиёсий даъволардан холи бўлган шахсдир. Хуллас, ушбу интервью диндор қатламни тузумга мослаштириш ва сиёсий Исломнинг ҳар қандай кўринишини “экстремизм” тамғаси остида мафкуравий жиҳатдан зарарсизлантиришга қаратилган қадамдир. Биз ўзбек ҳукумати ва унинг намоёндаларига эслатиб қўймоқчимиз: ким ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳолида Ислом давлат ишлари ва сиёсатга аралашмайди, деган эътиқодда бўлса, у диндан чиқади. Ким бунга эътиқод қилмаган ҳолда эргашса, у гуноҳкор бўлади. Зеро, Ислом давлат бошқаруви учун олиниши шарт бўлган Аллоҳ нозил қилган дастури амал эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!
Хабар (daryo.uz 22.02.2026й): Давлат қарзи 47 млрд долларга етди. Кредитлар нималарга сарфланган?
Изоҳ: Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2025 йил якунида жами қарз миқдори 46,85 миллиард доллардан ошиб кетди. Ваҳоланки, 2024 йилнинг шу даврида бу рақам 40,2 миллиард долларни ташкил этарди. Бу улкан маблағ мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб учдан бир қисмига (31,9%) тенг демакдир. Ташқи қарзнинг халқимиз ва иқтисодимиз бошига битган бало эканлигини қисқача шундай тушунтириш мумкин: биринчидан, булар риболи қарзлар бўлиб, уни Аллоҳ ҳаром қилган. Иккинчидан, агар маблағлар тийин-тийинигача ўрнига сарфланган, деб фараз қилсак ҳам, булар қарз олишни оқлашга ҳеч ҳам ярамайди. Чунки қарзлар ҳақиқатда саноатлашган кучли давлат даражасига чиқиш мақсадида олингани йўқ. Албатта, хоҳ халқаро молиявий ташкилотлар бўлсин, хоҳ чет давлатлар банклари бўлсин, заиф давлатларни кучайишига хизмат қиладиган лойиҳаларга пул ажратмайдилар. Учинчидан, қарз берган Жаҳон банки ва унинг ортида турган Америка каби мустамлакачи давлатларга Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига таъсир ўтказиш имконияти қўш-қўллаб топшириб қўйилади. Бунинг ҳалокатли оқибатини халқимиз ўз танасида ҳис қилиб турибди. Мана, жорий йилда бюджетдан қарзнинг фоиз тўловлари учун 24 триллион сўм (камида 2 миллиард доллар атрофида) ажратилиши ҳам буни тасдиқлаб турибди. Эътибор беринг, бу фақат фоиз тўловлари учун холос! Қарзнинг ўзи учун ҳам миллиардлаган маблағлар ажратилиши кундек равшан. Ҳукуматнинг қарз олиш сиёсати қарзларни бекор қилиш ёки озайтиришга олиб бормаслиги тайин. Бу яна қайта қарзлар жадвалини давом этишига, яъни қарзнинг тўлаш муддатини узайтириб, шу орқали қарздорликни янада кўпайтириш ҳамда янги қарзлар бериб, қарздорлик даражасини кучайтиришга олиб боради холос. Фоизлар, деган нарсани тўлаш – қарздорлик инқирозини ҳал қилишни мақбул йўли эмас, чунки бу рибодир. Қарзларни эса, ўша қарз олинаётган пайтда ҳокимият бошқарувига шерик бўлган раҳбарлар ўзларининг ортиқча молларидан тўлайдилар ҳамда ҳеч қачон қарз олинмайди. Бундан ташқари, айни инқирозни қишлоқ хўжалиги, саноат, савдо ва юртнинг табиий бойликларидан оқилона фойдаланиш сиёсатини ишлаб чиқиш билан ҳам ҳал этилади. Бу эса Ислом ва унинг иқтисодий низомини татбиқ қилиш билан бўлади.
Хабар (daryo.uz 23.02.2026й): Наркожиноятчиларга қайси мансабдорлар ҳомийлик қилмоқда? Расмийлар изоҳ берди.
Изоҳ: Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори Равшан Маматов наркотикларнинг ноқонуний муомаласига давлат идораларида ишлаётган айрим мансабдорлар ҳомийлик қилаётгани, ҳатто айримларининг фарзандлари айни шу иш билан шуғулланаётганини маълум қилганди. “Бундай ҳолатлар, ишонинглар, жуда кўп” дея қайд этганди Маматов. У ушбу масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2025 йилнинг 17 декабрь куни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётган вақтда тўхталиб ўтганди. Агентлик матбуот хизмати эса, 2026 йил январида лавозимидан озод этилган раҳбарининг ўтган йилги баёноти нотўғри талқин қилинганини қайд этди. Агентлик матбуот котиби Мафтуна Ёдгорованинг тушунтириш беришича, 2025 йилда наркотикларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун давлат идораларининг 17 нафар ходими жавобгарликка тортилган. Уларнинг орасида наркожиноятларга ҳомийлик (раҳнамолик) қилганлари мавжуд эмас, деди агентлик расмийси. Булардан қизиқ бир ҳолат юзага келмоқда. Афтидан, агентлик собиқ раҳбарининг парламентда наркожиноятчилар орасида давлат идоралари ходимлари ҳам талайгина эканлиги ҳақидаги баёноти сиёсий элитага ёқмаган кўринади. Катта эҳтимолга кўра, унинг орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ишдан олинганига ҳам ана шу баёноти сабаб бўлган. Қолаверса, бугунга келиб собиқ раҳбарнинг баёнотлари нотўғри талқин қилинганлиги ҳақидаги агентлик тушунтириши ҳам шунга далолат қилиб турибди. Демак, Маматовнинг баёноти сиёсий элита “фильтри”дан ўтмасдан жамоатчиликка чиқиб кетган ва бу уни жуда ноқулай аҳволга солган. Чунки наркотиклар айланмасида давлат идоралари ходимларининг қўли борлиги расман тасдиқланиши ҳукумат обрўсига жуда салбий таъсир қилиши кундек равшан. Энди эса ўзбек режими бу хатосини хаспўшлаб, ямоқ солишга уринмоқда. Бироқ Аллоҳ таолонинг иродаси билан золим режимларнинг кирдикорлари ва бузуқ ишлари одамлар кўз ўнгида фош бўлиб бормоқда. Шундай экан, мусулмон халқимиз бундан ибрат олиб, ҳозирги яроқсиз бошқарув ва чирик тузумдан бирор яхшилик чиқишини кутишни бас қилиши ҳамда ўз эътиқодига биноан Ислом низомини ҳокимият тепасига олиб келиш учун бор имкониятини ишга солиши вожиб ишдир!
Хабар (kun.uz 23.02.2026й): Президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекнефтгаз" АЖ фаолиятини трансформация қилиш ва янги конларни қидириш борасидаги режалар тақдимот қилинди.
Изоҳ: Расмий хабарларга кўра, компанияда харажатларни мақбуллаштириш, ташкилий тузилмани қайта кўриб чиқиш ва 2026-2027 йилларда янги майдонларда геология-қидирув ишларини кучайтириш вазифаси юклатилган бўлиб, ҳатто йил бошида иккита янги кон очилгани ҳақида хушхабарлар берилди. Бироқ бу ҳисоботлар ортида соҳадаги тизимли таназзул ва жамоатчиликдан яширилаётган аччиқ рақамлар ётибди. Ҳукумат ва “Ўзбекнефтгаз” мутасаддилари ҳар гал қазиб олиш кўпайиши ҳақида баландпарвоз ваъдалар беришса-да, реал статистика мутлақо бошқа манзарани кўрсатмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз таҳлилларида фош қилганидек, ҳукумат “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги газ қазиб олиш бўйича башоратларини жимгина пасайтириб таҳрирлади. Аввалги режаларда кўрсатилган юқори кўрсаткичлар бажарилмагач, муваффақиятсизликни тан олиш ўрнига, стратегиядаги рақамларни пасайтириш орқали кўзбўямачилик қилинмоқда. Бу очиқчасига жамоатчиликни чалғитиш ва рақамлар билан манипуляция қилишдир. Ҳисоботларда янги конларни қидириш ва геология ишлари учун триллионлаб маблағлар сарфланаётгани айтилса-да, агар шунча маблағ натижа бераётган бўлса, нега умумий қазиб олиш ҳажми рекорд даражада пасайиб бормоқда, деган ҳақли саволга ҳукумат шу пайтгача жўяли изоҳ берган эмас. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда газ қазиб олиш сўнгги йиллардаги энг паст нуқтага тушган ва бу жараён Россиядан газ импорти бошлангани билан бир вақтга тўғри келмоқда. Бу шуни кўрсатадики, “Газпром” билан шартномалар имзоланиб, шимолдан газ кириб келиши жадаллашгани сари, маҳаллий конларни ривожлантириш ва ички қазиб олиш жараёни қасддан сусайтириляпти. Албатта, бу тасодиф эмас, балки Ўзбекистонни энергетик жиҳатдан Кремлга тўлиқ қарам қилиш бўйича ўйланган режанинг оқибатларидир. Буни президент Мирзиёевнинг нега қазиб олиш қисқараётгани ва рақамлардаги бундай номутаносиблик юз бераётгани борасида соҳа расмийларини сўроққа тутмагани ҳам тасдиқлаб турибди. Президентнинг ўзи буни эътиборсиз қолдираётган экан, демак, айб фақат соҳа расмийларида эмас, балки ҳукуматнинг ўзидадир. Хуллас, “Ўзбекнефтгаз”нинг тақдимотлари, “янги майдонлар” ҳақидаги эртаклари ўзбек режимининг халқ кўзини бўяшдан тўхтамаслигига ҳамда Ўзбекистон энергетик жиҳатдан боши берк кўчага ва тўлиқ қарамликка шўнғишда давом этишига далолат қилади.
Форуқ
28.02.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми